Таълим тизими: Янгиланишлар самара бермоқда
Бугун замонавий ҳаётимизни илм-маърифат ва таълимнинг ривожисиз тасаввур қилиш қийин. Қайси бир соҳани олсак ҳам, унинг юксалиши учун, энг аввало, таълим соҳаси ривожланган бўлиши керак. Яъни инсон капиталига, унинг қобилиятига эътибор бермай туриб, натижага эришиб бўлмайди.
Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбиaя соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.
Биз таълим соҳасидаги янгиланишлар хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири
Гулистан КОЖАБАEВА билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ишларимиз билан суҳбатимизни бошласак, нима дейсиз?
— Жуда яхши-да. Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш давр талабига айланди. Шу талабдан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади таълим соҳасини тартибга солишдан иборат. Ушбу қонунга асосан, таълим соҳасидаги асосий тамойиллар, таълим тизими, турлари ва шакллари аниқ белгилаб олинди. Унда белгиланган онлайн таълим тўғрисидаги қоидалар ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда олишга қаратилган. Шунингдек, қонунга мувофиқ, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки ҳукумат қарорлари билан ташкил этиладиган бўлди. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
“Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси”нинг қабул қилиниши соҳадаги ўзгаришларни амалга оширишда ҳуқуқий асос яратди. Мактабгача таълимни ривожлантиришда ҳудудлар, шаҳар ва овуллар ўртасидаги тафовутни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатнинг соҳага давлат-ҳуқуқий шериклик асосида хусусий капитални жалб қилишни қўллаб-қувватлаш сиёсати имкониятларни кенгайтирмоқда.
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган қисқа даврда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлди. Айниқса, “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Эътибор берсангиз, бундан олти-етти йил олдин мактаб таълими инқирозга учрашига сал қолган эди. Таълим муассасаларида ёшларнинг сифатли таълим олиши учун етарли шароитлар йўқ эди. Синфлар қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Айрим мактабларимизда ҳатто спорт заллари ҳам йўқ эди.
Сўнгги йилларда юртимизнинг аксарият жойларида янги замонавий мактаблар барпо этилди. Кўпчилиги қайта таъмирланиб, тубдан янгиланди. Бунда ўқувчиларга яратилган шароитлар алоҳида ғурур ва ифтихорга сазовор бўлди. Уларни кўриб, бир неча йил аввал амалга ошмаган ишларга қиёслаб, ихтиёрсиз равишда “мана, қисқа фурсатда ишга солиш мумкин экан”, дейишингиз табиий.
Агар рақамларни келтирадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 757 та таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 722 та мактаб (улар орасида 4 та махсус мактаб-интернат, 1 та санаторий типидаги мактаб-интернат ҳам бор), 1 та Президент мактаби, 1 та Ибройим Юсупов номидаги ижодий мактаб-интернати, 16 та ихтисослаштирилган мактаб ва 18 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Мактаб таълими бўйича асосий кўрсаткичларга тўхталадиган бўлсак, 2023-2024 ўқув йилида 356516 нафар ўқувчи таълим олди. Шундан 1-синфларда 37 153 нафар, 2-4-синфларда 108 368 нафар, 5-11-синфларда эса 217 057 нафар ўқувчи ўқишни муваффақиятли якунлади.
Умумтаълим мактабларимизда ўқиш 5 тилда, яъни қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, рус ва туркман тилларида олиб борилмоқда.
— Таълим соҳасида “Ҳар бир кун — бу имконият, ҳар бир кун — бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб ўтсангиз.
— Мамлакатнинг эртанги куни ёшларнинг қай даражада билимли экани билан бевосита боғлиқ. Шу боис таълим тизимини ривожлантириш масаласига ҳукумат даражасида эътибор қаратиш ҳар бир мамлакатнинг энг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган шароитлар, имкониятлар туфайли истиқболимиз эгалари ҳар томонлама етук бўлиб камолга етмоқда. Ўтган 2023 йилда 20 633 нафар битирувчидан 11 229 нафари (54,8%) олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Яъни мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини таҳлил қиладиган бўлсак, 12 фоиздан 54 фоизгача кўтарилганини фахр билан айта оламиз.
2023-2024 ўқув йилида 22 849 нафар мактаб битирувчиларидан 267 нафари Ўзбекистон Республикаси ва хориждаги олий таълим муассасаларига муддатидан олдин кириш бахтига муяссар бўлди.
Даврнинг янгиланиши билан янги замонга мос илғор технологиялар ҳам кириб келмоқда. Соҳадаги 722 та умумтаълим муассасаси интернет тармоғига чиқиш имкониятига эга бўлиб, шундан 719 та мактабда юқори тезликдаги оптик толали алоқа линиялари орқали “Education” тарифи бўйича интернетга уланган, электр ва алоқа тармоқлари етиб бормаган, олис ҳудудда жойлашган Тахтакўпир туманидаги 23-сонли ва Элликқалъа туманидаги 33-сонли 2 та мактабда эса қуёш панеллари ёрдамида электр таъминоти йўлга қўйилиб, ернинг сунъий йўлдоши орқали, шунингдек, соҳадаги 448 та мактабгача таълим ташкилотлари юқори тезликдаги оптик толали алоқа линиялари орқали Интернет тармоғига уланган.
Жорий йилнинг биринчи чораги давомида “Wi-Fi” зоналари 162 та мактабнинг, асосан, STEM фанлари ўқитиладиган синфлари ва мактаб кутубхоналари яқинида жойлаштирилди. Шунингдек, бугунги кунда барча мактабларда “Электрон кундалик”, ЯЭТ-ЭРП автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва “Smart Land” таълим платформаси билан бирга “kitob.uz”, “edukids”, “maktab.uz”, “educare.uzedu.uz”, “idea.uzedu.uz”, “VR-360 sayohat” ва “artshop.uzedu.uz” каби махсус интернет ресурслари, шунингдек, “YouTube” платформасида жойлашган “Миллий таълим ресурслари” жорий этилди.
Бундан ташқари, барча мактабларда тажриба-синов тарзида, фанлар кесимида медиа-контентлар (видеороликлар, анимациялар, виртуал лабораториялар ва шунга ўхшаш кўргазмали тасвирлар кўрсатиладиган файллар) мактаб дастури доирасида ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган “talim.uz” ва “talim-twig.uz” платформалари ҳам ишга тушди.
Мазкур платформалар контентини қорақалпоқ тилига таржима қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, вазирлик марказий аппарати ҳамда барча туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида “edo.ijro.uz”, “e-huquqshunos” ва “e-xat” электрон ҳужжат алмашиш тизими йўлга қўйилган, шунингдек, “e-huquqshunos” ва “edo.ijro.uz” тизими барча умумтаълим муассасаларида ҳам ишлаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги қарорига асосан, республика бюджети маблағлари ҳисобидан 55 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 86 та, жами 141 та мактабга замонавий компьютер тўплами олиб берилди.
Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги 241-сон қарори асосида 2023-2024 йиллар давомида республикамиздаги жами 180 та мактабдаги носоз компьютер техникасини янгисига алмаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан смета-лойиҳалари ишлаб чиқилди.
2023 йил январь ҳолатига кўра юқори тоифадаги педагоглар 2022 йилга нисбатан 6,6 (2 477) фоиздан 9,9 (3 705) фоизга, яъни, +3,3 фоизга, биринчи тоифадагилар 17,4 (6 482) фоиздан 21,1 (7 865) фоизга, яъни +3,7 фоизга, иккинчи тоифадагилар 29,6 (11 040) фоиздан 29,8 (11 124) фоизга, яъни, +0,2 фоизга ошган бўлса, тоифага эга бўлмаган педагоглар 40,0 (14 905) фоиздан 10,3 фоизга, яъни 30 фоизга пасайишига эришилди.
Умумтаълим мактабларида 3 124 нафар педагогнинг хорижий фанлар бўйича халқаро ва унга тенглаштирилган миллий сертификатга эга педагоглар улуши 49,1 (1533) фоиздан 56,0 (1752) фоизга ошди.
Мактаб битирувчиларидан 717 нафар ўқувчи халқаро ва унга тенглаштирилган миллий сертификат олиш учун ариза бериб, шундан 702 нафар (97,9%) ўқувчи сертификат олишга эришди.
2022-2023 ўқув йили давомида умумтаълим мактабларидаги 115 нафар тажрибали педагогларимиз Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири жамғармасидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг 5,5 баравари, яъни апрель-декабрь ойлари оралиғида 5 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама олиш ҳуқуқига эга бўлди.
— Қорақалпоғистон Республикасида таълим-тарбияни янада ривожлантириш, мактаб ва мактабгача таълим хизматлари бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурлар бўйича қандай янгиликларни айтган бўлардингиз?
— Хабарингиз бор, мамлакатимизда мактабгача таълим доимо эътиборда бўлиб келмоқда. Мактабгача таълимга талаб ортмоқда. 3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтиришга янги муассасаларни қуриш ва эскиларини қайта таъмирлаш (қўшимча болалар ўринларини жорий этиш) ҳисобига, ота-оналар ўртасида мактабгача таълимнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, кам таъминланган оилалар фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисобига ҳам эришилди.
Натижада бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 1839 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, улардан 478 таси давлат, 9 таси хусусий, 104 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 1248 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Республикамиз бўйича 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 150 913 нафарни ташкил этиб, шундан 121 529 нафар бола (80,5%) мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар сони кам бўлган ҳудудларда ҳам мактабгача таълимнинг муқобил турлари жорий этилди. Хусусан, Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний, Кегейли, Шуманай туманларининг энг чекка ҳудудларидан 11 тадан 3-7 ёшли болалар учун мобиль гуруҳлар ташкил этилди ва 5 та жиҳозланган автобус билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мактабгача таълим ташкилотларининг бўш хоналаридан, Мактабгача таълим таркибидаги педагогика коллежлари базасида ва мактабларнинг бўш хоналарида жами 292 та бепул мажбурий мактабга тайёрлаш гуруҳлари ташкил этилиб, уларга мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган 6 ёшли 7 мингга яқин болалар олинган.
Ушбу гуруҳлар мебель ва жиҳозлар, методик қўлланмалар, дидактик материаллар билан бепул таъминланди. Шу билан бирга, Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда имконияти чекланган ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3909-сонли қарорига асосан, Нукус шаҳридаги “Нур” маҳалла фуқаролар йиғинида 120 ўринга мўлжалланган “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилоти 2019 йил 4 апрелдан бошлаб ишга туширилиб, у ерда бугунги кунда 120 дан ортиқ мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбия олмоқда ва соғломлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги раҳбарининг (эслатиб ўтамиз, Президент Фармонига кўра, 2024 йил 2 июль куни Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилди ҳамда Агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди) 2024 йил 14 майдаги “Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали”ни ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан жорий йилнинг 24 июнь куни “Шахмат фестивали” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди. Унда ўғил болалар ўртасида Хўжайли тумани 7-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси М.Қидирбаев, қизлар ўртасида Тахиатош тумани 9-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси З.Ларина 1-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси миқёсида 2024 йил 4 июль куни ўтказилган мусобақада Тахиатош тумани 9-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси З.Ларина 1-ўринга сазовор бўлди.
Тегишли ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 8-12 июнь кунлари “Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2024” касб танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилиб, унда 6 та йўналиш бўйича Р.Сатимуратова, Г.Жаббарбергенова, Г.Қазақбаева, Э.Жуманиязова, А.Аралбаева, А.Режеповалар ғолиб бўлиб, июль ойида бўлиб ўтаётган республика босқичига йўлланма олди.
— Таълим тизимида Янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар нималарда ўз ифодасини топмоқда?
— Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддаси иккинчи қисмида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйилди. Чунки таълим сифатини замонавий билимларга эга малакали ўқитувчилар ёрдамисиз таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун ўқитувчининг ижтимоий ва моддий таъминланиши ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳурматини жойига қўйиш талаб этилади.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, ўқитувчи мақомининг Конституция даражасида белгиланиши илм-фан, маърифат ва таълим бўйича туб ислоҳотларни амалга оширишга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатади. Бу қоида эса устоз ва мураббийларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати муносиб ҳимоя қилинишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Албатта, мамлакатимизда таълим соҳасига шунчалик эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўналиши. Демак, ҳар гал мактабларда ўқитувчилар билан тез-тез учрашиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш, уларнинг таълим сифатини яхшилаш бўйича ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш бизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, — деган сўзлари, албатта, таълим, фан ва инновацияларнинг янада адолатли ва барқарор ривожланишига интилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Юқорида келтирилган ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш ва давомийлигини таъминлаш, қонунчиликда ёшларнинг узлуксиз таълим олишга бўлган имкониятларини янада мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.
— Жорий йилги Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали ижроси хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Таълимнинг кўрсаткичи — кадрлар салоҳиятида. Соҳада ҳозирги кунда 37 297 нафар ўқитувчи-педагоглар фаолият юритаётган бўлса, шундан, аёллар 27 602 нафар (74,0%) бўлиб, олий маълумотли ўқитувчи-педагоглар 34 904 нафар (94,0 фоиз), тугалланмаган олий маълумотлилар 819 нафар (2,2 фоиз), ўрта махсус маълумотлилар 1 574 нафарни (2,4 фоиз) ташкил этади.
Таълим соҳасида давлатнинг алоҳида мажбуриятлари сифатида имконияти чекланган болаларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган аниқ механизмлар белгиланган бўлиб, таълим ташкилотларида алоҳида таълим олиш эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив билим ва тарбия таъминланиши тўғрисида ижтимоий қоида киритилмоқда.
Соҳадаги қурилишлар, яратилган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтиш ўринли бўлади. Соҳага ўтган 2023 йил Инвестиция дастури асосида 78,6 млрд сўм маблағ ажратилиб, 3 та мактаб янгидан қурилиб, 9 та мактабда қайта таъмирлаш-қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2023 йил 22 июндаги Президиум қарори асосида жами 3 та, яъни Кегейли туманидаги 10-сонли мактаб, Тахтакўпир туманидаги 2-сонли мактаб ва Амударё туманидаги 45-сонли мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 14,4 млрд сўм маблағ ажратилди.
Олис ҳудудларда педагоглар қамровига келсак, соҳадаги ҳеч бир масала Юртбошимизнинг эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Республикамиздаги олис ҳудуд аҳолисининг ҳам мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёнидан хабардор бўлиб туришини таъминлаш бўйича бир қанча вазифалар белгиланганини келтириб ўтишимиз лозим. Бу борада муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4940-сон қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тегишли тартибда тақдимнома асосида Нукус шаҳри, Тахтакўпир, Бўзатов, Қўнғирот, Мўйноқ, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида 2022-2023 ўқув йилида фаолият юритган 19 нафар педагогга қўшимча иш ҳақи тўланди.
Жорий 2024 йилда таълим муассасалари жами 346 номдаги 2 786 389 дона дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланди. 2024 йилда ўқиш ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман тилларида олиб бориладиган умумтаълим мактабларининг 1-синфлари учун 645 107, 2-синфлар учун 602 722, 3-синфлар учун 569 152, 4-синфлар учун 527 800, 5-синфлар учун 54 373, 6-синфлар учун 52 511, 7-синфлар учун 52 813, 8-синфлар учун 70 083, 9-синфлар учун 52 670, 10-синфлар учун 89 186, 11-синфлар учун 62 835 дона дарслик ва машқ дафтарлари, махсус китоб ва мактаб-интернатлар учун 3 651 дона дарслик, мактаб ўқитувчилари учун 3 486 дона методик қўлланма, жами 346 номдаги 2 786 389 дона дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар умумтаълим мактабларининг кутубхона фонди учун олинди.
— Республикамизда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” бўйича қабул қилинган давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистонда нималарга эътибор қаратилмоқда?
— Юртимизда навқирон авлодга Янги Ўзбекистоннинг келажаги сифатида алоҳида эътибор қаратилаётгани, ёшлар билан ишлаш бўйича ноёб тизим яратилгани натижасида уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юртимизда шаклланган самарали ва таъсирчан тизим мазмун-моҳиятини очиб бериш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Фан олимпиадаси — билимдонлар синови ҳисобланади. Жорий йил 24-27 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўтказилган асосий олимпиадада қорақалпоғистонлик 3 нафар ўқувчи 1-ўрин, 3 нафар ўқувчи 2-ўрин ва 2 нафар ўқувчи 3-ўрин, жами 8 та ўқувчи совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.
— Қорақалпоғистон Республикасида таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш йўлида эришилаётган натижалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
— Бажонидил. Шу ўринда бир ҳаётий мисолни келтириб ўтсак. Яқин йилларгача педагоглар ва мактаб ўқувчилари қарийб тўрт ой давомида пахта терими ва бошқа дала ишларига банд бўлардилар. Бунинг устига, ойлик иш ҳақи камлиги сабабли аксарият эркаклар ўқитувчилик касбини ташлаб, ишлаш учун чет элларга кетиб қолишди.
Сўнгги етти йилда мамлакатимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, билимли кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, маблағ ажратилди. Айниқса, ўқитувчилар, устоз-педагогларга бўлган муносабат ўзгарди. Уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва яшаш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга алоҳида аҳамият қаратилди.
2020 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг бу борадаги мақсадларини яққол кўрсатиб берди. Ушбу ҳужжатда таълим соҳасидаги асосий тамойиллар, таълим тизими ва шакллари аниқ белгилаб қўйилди.
Мазкур ҳужжат баркамол авлоднинг замонавий билим, касб-ҳунар эгаллаши ва сифатли таълим олишининг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим аҳамият касб этиб, таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, уни тубдан такомиллаштиришга, таълим сифатини яхшилашга ва уни халқаро ҳамкорлик билан уйғун ҳолда олиб боришга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларда ҳам таълим соҳасига кенг ўрин берилган. Яъни, иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақини билим даражасига қараб нисбий ошириб бориш, ўқитувчиларга билим тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ва билимни баҳолаш методикаси асосида адолатли ва холис тизим жорий этиш кўзда тутилган.
Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, бугун мамлакатимизда ўқитувчиларга эътибор, муносабат бутунлай ўзгарди. Ҳозир ҳамманинг нигоҳи педагогда. Уларнинг ойлик иш ҳақи изчил ошириб борилмоқда. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитлари бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган олий маълумотли педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилди. Бундай имкониятлар орқали таълим соҳаси вакилларининг жамиятдаги ўрни ва мақоми янада юксалди. Ҳозир уларнинг фаолиятига, ҳаётига муносабати бутунлай ўзгариб, доимо изланиб, янгиликларга интилиб яшамоқда.
Манзилли методик хизматлар борасида сўз юритадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 722 та умумтаълим мактабларида 2023-2024 ўқув йилида 1-11-синфларда таҳсил олган жами 362,5 минг нафар ўқувчи ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман тилларидаги дарсликлар билан 99,9 фоиз таъминланди.
Нукус шаҳридаги Президент мактабининг хориждан келган фан ўқитувчилари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва тажрибали фан методистлари иштирокида таълим сифати паст бўлган Амударё, Беруний, Бўзатов, Қўнғирот туманларидаги тегишли умумтаълим мактабларига манзилли методик хизмат кўрсатиш бўйича “Методик-тур” ишлари олиб борилди. Бу жараённи барча туман ва шаҳарларда давом эттириш кўзда тутилмоқда. 2023-2024 ўқув йилида 33 та мактаб қамраб олиниб, шундан, 33 та (100 фоиз) мактаб ҳисобдан чиқарилиб, юқори даражада услубий ёрдам кўрсатилди.
Умуман 3 та ўқув йили давомидаги кўрсаткичларни таҳлил қилиб кўрганимизда, қуйидаги натижаларга эришилди:
Жами 78 та умумтаълим мактабларида “Услубий тур” лойиҳаси амалга оширилиб, шундан, олий тоифали ўқитувчилар сони 95 тадан 149 тага, яъни 2 баробарга ошди.
Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 46 тадан 108 тага, яъни 2,3 баробарга ошишига, фанлар олимпиадасида совринли ўринларни эгаллаш 5 тадан 19 тага, яъни 4 баробарга, турли танловларда совринли ўринларни эгаллашда 49 тадан 161 тага, яъни 3,3 баробарга, ўқувчилардан олинган тест натижаларига кўра ўртача 33,3 баллдан 60 баллга ошишига, фан ўқитувчиларининг миллий ва халқаро сертификатлар олиши 62 тадан 182 тага, яъни 3 баробарга, ўқувчиларнинг миллий ва халқаро сертификатлар олиши эса 11 тадан 48 тага, яъни 4,4 баробарга ошишига эришилди.
“Kundalik.сom” платформасида 2023-2024 ўқув йили натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Қашқадарё вилоятидан кейин Ўзбекистон бўйича 2-ўринга кўтарилди.
Шунингдек, “Қувноқлар ва зукколар” ҳамда “Турон” мактаб театри танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичида Нукус шаҳридаги 31-сонли мактаб жамоаси муносиб иштирок этиб, 3-ўринни, ўқувчи ёшларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ҳарбий-спорт мусобақалари — “Ватанпарварлар” мусобақасида Қонликўл туманидаги 2-сонли мактаб жамоаси 1-ўринни, “Ёш қутқарувчи” мусобақасида Нукус шаҳридаги 31-сонли мактаб жамоаси 1-ўринни, “Ёш гвардиячилар” мусобақасида Тўрткўл туманидаги 18-сонли мактаб жамоаси 3-ўринни эгаллаб, республикамизга қувонч бағишлади.
Ўз навбатида юқоридаги янгиликлар бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган 37 297 нафар ўқитувчи-педагогнинг ижтимоий нуфузини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва касбий ўсишини таъминлаш имконини бериши шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, таълим соҳасидаги янгиланишлар бугунги кунда ўзининг долзарблиги ва амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан ҳеч қолишмайди. Чунки бу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Перизат УРАЗАЛИЕВА суҳбатлашди.