Антониу Гутерриш: БМТ Ўзбекистон билан тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади
БМТ Бош котиби Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди.
Маълумки, шу йилнинг 30 июнь –1 июль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизда бўлди. Расмий ташриф арафасида олий мартабали меҳмон “Дунё” ахборот агентлигига эксклюзив интервью бериб, ҳамкорликнинг ривожланиши ва истиқболларига оид саволларга жавоб берди ҳамда мамлакатимизнинг замонавий тараққиётига оид қарашлари билан ўртоқлашди:
— Жаноб Гутерриш, дастлабки саволни мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, биринчи навбатда, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, хусусан, камбағалликка қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, гендер тенглиги ва таълим олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикрларингиздан бошласак…
— Ўзбекистон 2030 йилгача бўлган кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларига қатъий содиқлигини намойиш этмоқда.
Мамлакатнинг “Ўзбекистон–2030” тараққиёт стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, “яшил” ривожланиш, коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлигини таъминлашни устувор вазифага қўяди. Трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш, шунингдек, мамлакат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор Ўзбекистон ва унинг қўшни мамлакатлар ўртасидаги хавфсизлик, барқарорлик ва яқин муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев иш ўринлари имкониятларини кенгайтириш, жумладан, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси орқали янада барқарор ҳамжамият ва жамиятлар яратишга кўмаклашиш тарафдори эканини таъкидлагани муҳимдир.
— Сўнгги йилларда мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасида маълум муваффақиятларга эришди: болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, оммавий ахборот воситалари эркинлаштирилди, мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган муҳим органлари фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Мазкур йўналишдаги жараёнлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз.
— Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида ютуқларга эришмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ўтган йили мамлакатингизга ташрифи ҳам бунинг яққол ифодасидир ва умид қиламанки, ушбу муҳим йўналишдаги ҳамкорлигимиз давом этади. Пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш, аёллар ва болаларни Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан қайтариш ва реинтеграция қилиш – бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган яхшиланиш ва намунадир. Мен Ўзбекистонни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик, балки зўравонлик ва гендер камситиш муаммоларига ечим топишда давом этишга, фаол фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга чақираман.
— Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг глобал кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қатор резолюциялари қабул қилинди, мамлакатимиз Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва ЭКОСОСга сайланди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолияти тўғрисидаги фикрларингиз ҳам биз учун жуда муҳим.
— Ўзбекистон БМТ ва унинг органлари билан кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорлик қилади. 2017 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан тўққизта, жумладан, 2024 йилда учта резолюция қабул қилди.
“Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” ва “Марказий Осиёнинг наркотиклар билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича бирлашган мажбурияти ва ҳамкорлиги” шулар жумласидандир. Ўзбекистоннинг БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ЭКОСОС)даги аъзолиги жаҳон миқёсида ўз ҳиссасини қўшиш учун яна бир имконият яратади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган Келажак саммити БМТ Хавфсизлик Кенгашидан тортиб халқаро молиявий архитектурагача бўлган кўп томонлама тузилмалардаги ислоҳотларни кўриб чиқиш учун асосий имконият бўлади. Бунда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон муҳим роль ўйнайди. Саммитда ва ундан кейин ҳам БМТ тинчлик ва хавфсизлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади.
— Бундан 7 йил аввал Ўзбекистонга ташрифингиз чоғида Орол денгизидаги экологик ҳалокатнинг аянчли оқибатларини кўрдингиз. Ўзбекистоннинг минтақа аҳолисини қўллаб-қувватлаш бўйича ўшандан бери амалга оширилаётган халқаро ташаббуслари самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
— 2017 йилда Орол денгизига борганимда қандай ҳайратда қолганимни эслайман. Унинг йўқ бўлиб кетиши бизнинг давримизнинг энг катта экологик офатларидан биридир. Инқирознинг оқибатлари атроф-муҳит, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги ва инсон саломатлиги учун ҳалокатли бўлди.
Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати, БМТ ва бошқа халқаро ҳамкорлар минтақа аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун ҳамкорлик қилди. БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст жамғармаси 16,2 миллион доллар маблағ йиғиб, бир қатор бошқа ҳукумат ва ташкилотлар кўмагида 13,5 миллион долларлик 7 та қўшма лойиҳани амалга оширди. Жамғарма аллақачон 300 мингга яқин одамнинг ҳаётини яхшилаган. У 2030 йилгача барқарор ва иқлимга чидамли ривожланишга эътибор қаратишда давом этишни режалаштирмоқда, бу эса Оролбўйи минтақасини келажак авлодлар учун иқлим ўзгариши инновациялари марказига айлантиришдир.
— Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдормиз ва Ўзбекистонга ташрифингиз самарали ўтишини тилаймиз.
— Раҳмат.
“Дунё” АА.