Журналистлар учун муҳим қўлланма

Янги Ўзбекистон шароитида суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги ўзаро муносабат қай даражада? Суд транспарентлигининг моҳияти нимадан иборат? Ёки сиёсий партияларнинг фаолиятини тарғиб этишда Жамоатчилик билан алоқалар хизмати мавжудлигидан хабарингиз борми? Парламент журналистикаси қоидаларидан-чи? Биласиз, ҳуқуқий масалалар ўта нозик. Шу масалаларни ёритишда касб этикасига риоя қилиш жуда зарур. Хўш, бу борада билим ва тажриба қай даража муҳим? Суд ҳали ҳукм чиқармасдан, журналист суд жараёни ҳақида мақола ёзиши мумкинми? Шу ва бошқа саволларнинг аниқ ва муфассал, мисоллар билан жавоблари, албатта, ҳар бир журналист учун аҳамиятлидир. Чунки соҳага оид қонунлар ва бошқа ҳуқуқий меъёрларни билмасдан, айниқса, ҳуқуқ мавзуига оид қалам тебратишнинг иложи йўқ. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Бизга бу борада журналистика ва ҳуқуқ йўналишидаги китоблар, дарсликлар, қўлланмалар роса асқотади.

Хайриятки, сўнгги йилларда шундай китоблар, қўлланмалар чоп этилмоқда.

Жумладан, яқинда кўпчиликнинг қизиқишини уйғотган “Оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмаси бу борада бизга, айниқса, журналистика маслагини танлаган ёшларга ҳам назария, ҳам амалиёт жиҳатидан кўмакдош бўлишига шубҳа йўқ. Унинг муаллифи — филология фанлари номзоди, доцент Олимжон Ўсаров мамлакатимиз журналистикасининг билимдонларидан бири. У ҳам Тошкент давлат университети (бугунги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини, ҳам Тошкент давлат юридик университетини битирган. Эътиборлиси, журналистиканинг барча йўналишларида: телевидение, газета-журнал, интернет, айниқса, ахборот хизматларида ишлаб, катта тажриба орттирган етук мутахассис. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (II чақириқ) сифатида фаолият юритиш асносида ОАВ соҳасига оид бир неча қонун ҳужжатларини тайёрлашда ҳам фаол иштирок этган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ахборот хизматининг раҳбари лавозимида ҳам самарали ишлаганди. Яъни у соҳа бўйича катта тажриба ва мактабни ўтаган мутахассис ва ижодкор ҳисобланади.

Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган мақол бор. Олимжон Ўсаровнинг тадқиқотлари бундан олдин ҳам китоб шаклида кенг аудиторияга тақдим этилганидан журналистларимизнинг хабарлари бўлса керак. Масалан, 2012 йилда “Паб­лик рилейшн”, кейинроқ “Оммавий ахборот воситалари ва суд ҳокимияти муносабатлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, “Ўзбекистонда сиё­сий партияларнинг жамоатчилик билан алоқалари” каби монографиялари чоп этилган эди.

“Оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари: назария ва амалиёт” қўлланмаси эса, муаллиф ва тадқиқотчининг сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда юзага келган реал ҳолат, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳанинг истиқболини инобатга олган ҳолда тайёрланган мукаммал ишдир.

Ўқув қўлланма кириш, тўрт бўлим ва 11 та бобдан иборат. Ва ҳар бир боб қонунчилик ҳамда масс-медиага оид бугунги кунда ўта долзарб масалаларга айланган, жумладан, судларда очиқлик ва шаффоф­ликни таъминлашда масс-медианинг ўрни ва роли, сиёсий партияларнинг жамоатчилик билан алоқалари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида журналистларни аккредитация қилиш тартиб ва қоидалари, ҳозирги замонда демократик жараёнларни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим омиллардан бири: жамоатчилик билан алоқаларнинг самарали воситалари каби мавзуларни ичига олган. Барча мазкур мавзуларни ёритишда Президентимизнинг “Халқ билан мулоқот” тамойилига изчил риоя этилган. Унинг асносида сўнгги йилларда тўпланган бой ҳаётий тажриба ҳамда дунёнинг ривожланган мамлакатларида мазкур масалалар қай даражада ҳаё­тий тус ва мазмун олгани содда услубда баён этилган. Талқин қилинган мавзуларга тарихий нуқтаи назар билан ёндашувлар ҳам кузатилади. Масалан, Шарқда қадим ва ўрта асрларда жазолаш жараёни қандай амалга оширилганига оид мисоллар келтирилган. Инсон ҳуқуқлари ва суд шаффофлиги хусусида сўз юритилганда Шавкат Мирзиёевнинг “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекис­тонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” мазмунидаги сўзлари асосий қоида сифатида талқин қилинган.

Тўғри, суд тизими Ўзбекистонда йил сайин такомиллашиб, демократлашиб бормоқда. Ушбу ҳаётий жараёнлар давомида журналистлар зиммасига жиддий фуқаролик масъулияти, профессионализм, масалага ҳуқуқий мос равишда ёндашуви ўта муҳим эканлигини китоб мутолаасидан сўнг англайсиз.

Муаллифнинг ҳар бир масала бўйича статистик маълумотлардан кенг фойдалангани баён этилган ҳар бир талаб, қонун-қоиданинг таъсирини оширган, ишончли чиққан. Шу тариқа, суд қарорларини ОАВга жойлаштириш шаклларининг қоидалари ҳам ифода топган.

Нима учун фуқаролар ҳуқуқи бузилганда кўп ҳолатларда судларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига эмас, ОАВга, журналистларга мурожаат қилишади? Бу ҳам алоҳида бир мавзу, масала. Китобда ушбу ҳолат сабаблари ҳам изоҳлаб берилган. Лекин, афсуски, аксар журналистларимиз ҳуқуқий билимлари етишмаётганлиги, шунингдек, касб этикасини унутиш ҳолатлари туфайли жамоатчиликка нотўғри маълумотларни етказади. Бундай хатоларнинг олдини олиш учун мазкур қўлланма билан муфассал танишиб олиш журналистларнинг профессионал даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

Бинобарин, сўнгги пайтларда журналистларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор берилаётгани айни муддаодир. Айтишларича, бугунги кунда биргина ЎзЖОКУда журналистиканинг 15дан ортиқ йўналиши бўйича журналист-мутахассислар тайёрланмоқда.

Яна бир муҳим масала. Турли давлат ва нодав­лат ташкилотлар, идораларнинг матбуот конференцияларида қатнашамиз. Албатта, бундай тадбирларни ташкил этиш борасида сўнгги пайтларда деярли барча даражадаги вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотларида фаолият бошлаган ахборот хизматлари ёки матбуот котибларининг ўрни беқиёс. Аммо гоҳида матбуот конференцияси учун тайёрланган “пресс-релиз” мукаммал тақдим этилмайди. Бироқ,  ушбу қўлланма бу борада кўмак беради. Унда пресс-релизнинг тушунчаси ва таснифидан ташқари, уни тайёрлаш усуллари ҳам баён этилган. Ўйлаймизки, пресс-релизга оид қўлланманинг якуний қисмидан жой олган маълумотлар ахборот хизматларидан тортиб, мавзуни ёритишга азм қилган журналистларгача — барча касбдошларимиз учун аҳамиятли.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистон — демократик қонунлар, юксак ҳуқуқий маданиятга эга фуқаролар мамлакати” экан, журналистлар соҳага оид адабиётлар, бу каби қўлланмаларни ўқиб, ҳам назарий, ҳам амалий билимларини бойитиб, барча мавзуларга профессионал ёндашишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар. Хусусан, мазкур қўлланма ва бошқа юридик адабиётлар бизга кўмакдош ва дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − two =