“Хоразм жадидчилик ҳаракати энциклопедияси” нашрдан чиқди

Маълумки, энциклопедия муайян тизимга солинган кенг қамровли билимлар тўплами, илмий ёки илмий-оммабоп нашрдир. Энциклопедия мақолалари алифбо тартибида жойлаштирилиб, мақолаларда сўзларнинг этимологияси, транскрипцияси муайян тартиб билан берилади. Ёритилаётган тушунча ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун муҳим адабиётлар рўйхати (библиография) кўрсатиб ўтилади.
Агар дунё тажрибасига эътибор қаратсак, XIX аср ва XX асрнинг биринчи ярмида Франция, Россия, АҚШ, Германия, Италия, Испания, Туркия ва бошқа мамлакатларда ҳам универсал ва соҳа энциклопедиялари нашр этилган. Халқаро доираларда ҳозир ҳам Буюк Британиянинг “Британника” (“Британия энциклопедияси”), Франциянинг “Катта Ларусс”, Германиянинг “Катта Брокгауз” универсал энциклопедиялари эътироф этилади. Ўзбекистонда ҳам 1971-80 йилларда 14 жилдлик “Ўзбек совет энциклопедияси” (ЎзСЭ) нашр қилинган эди.
Дунё давлатларида инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган Данте, Шекспир, Гёте, Бетховен, Диккенс, Бёрнс сингари адабиёт ва санъатнинг буюк дарғаларига бағишланган энциклопедиялар аллақачон ўз мухлисларини топиб улгурди, илму фанда эътироф қилинди.
Ёки Беларусда Янка Купала, Россияда Достоевский, Лермонтов, Украинада Тарас Шевченко, Қирғизистонда “Манас”, Озарбайжонда “Дада Қўрқут”га бағишланган энциклопедиялар яратилганини ҳам олқишлаш, эътироф этиш керак.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасида “Тошкент” энциклопедияси, 1 жилдлик Болалар энциклопедияси, Хотин-қизлар энциклопедияси ва 12 жилдлик “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” чоп этилганини мамнуният билан айтиш мумкин.
Айниқса, Бобур номидаги халқаро фонднинг ташаббуси натижасида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” яратилганини халқимизга қилинган маънавий туҳфа бўлди десак бўлади.
Табиийки, энциклопедия яратиш заҳматли илмий меҳнатни, вақтни талаб қилади ва бунга кўплаб интеллектуал илмий ходимлар жалб қилиниб, уларнинг ишлари умумлаштириб борилсагина етук илмий нашр юзага келади.
Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, туркий мусулмон халқлар ҳаётидаги феномен, Миллий уйғониш ҳаракати бўлган жадидчилик ҳаракати, хусусан, Хоразм жадидлари ҳаракатига оид тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Умид Бекмуҳаммад томонидан яратилган “Хоразм жадидчилик ҳаракати энциклопедияси”ни заҳматли меҳнат, изланишларнинг ўзига хос натижаси, муҳим ютуғи дея эътироф этиш мумкин.
Умид Бекмуҳаммад ҳали талабалик давридан Хоразм жадидлари ҳаёти, фаолияти билан қизиқиб, улар тўғрисида изланишлар олиб боради. Хусусан, 1995 йил март ойида вилоят матбуотида унинг бир босма табоқли Исломхўжага бағишланган очерки чоп этилганди. Муаллиф Бобоохун Салимов, Худойберган Девонов, Полвонниёз Юсупов, Бекжон Раҳмон, Хоразм Халқ Республикасининг биринчи раҳбари Жуманиёз Султонмуродов ва унинг қизи, жадидлар издоши Марям Султонмуродова ва бошқа намояндаларнинг фаолияти тўғрисида матбуотда, китобларида, интернет сайтларида 100 га яқин мақолалар нашр қилдирди.
Натижада ўтган давр мобайнида тарихчи томонидан Хоразм жадидлари, жадидчилик ҳаракати, уларнинг мақсад, вазифалари бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб бораётгани учун, унда ўша йиллардаги жараёнлар, намояндалар фаолияти, умуман, давр манзараси тўғрисида таассурот, илмий салоҳият шаклланганди. Шу боис ҳозиргача яратган мақолалари, китобларидаги маълумотларни бошқа манбаларга қиёсан таққослаган, янгиликларни қўшган ҳолда ушбу энциклопедияни яратишга жазм қилди. Энциклопедияда фақат Хоразм жадидларигина эмас, улар билан боғлиқ мактаб, педагоглар ва уларнинг битирувчиларига, матбуот, драматургия, ислоҳотлар, хонлик ва республика давридаги ҳамкорлик қилган шахсларга ҳам тўхталиб ўтилган ҳамда шу орқали давр манзарасини яратишга, ўқувчи кўз ўнгида намоён қилишга ҳаракат қилинган.
Эътиборлиси, энциклопедияда Хоразмда ташкил этилган жадид мактаблари, уларнинг қайси ҳудудларда фаолият кўрсатгани, ташкилотчилари, педагоглари, ўқувчилари, ўтказилган ислоҳотлар, жадидлар билан боғлиқ шу даврдаги жараёнлар, хуллас, ўша давр манзараси қамраб олинган.
Айрим мисоллар:
Абдураҳмон АФАНДИ (? — 1907) — Хоразмдаги жадид мактабларида ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатган татар маърифатпарвари. 1898 йилда Оренбургдан Хивага таклиф қилинган. Дастлаб Хивадаги, сўнгра Янги Урганч шаҳридаги жадид мактабида ўқитувчилик қилган. 1907 йил Янги Урганчда вафот этган.
Ад.: “Таржимон” газетаси, 1908 йил 18 январь.
АҲМАД НУРИДДИН — Хивадаги жадид мактабида фаолият кўрсатган педагог. Бош вазир Исломхўжа томонидан ташкил этилган Хивадаги жадид мактабида ўқитувчилик қилган. Ушбу таълим маскани “Мактаби Рушдия” (ўрта мактаб) дея номланган. 1907 йил 28 май куни валиаҳд Асфандиёр ва бош вазир Исломхўжа, 31 май куни Қозикалон Салимохун ва бошқа охун, мударрислар мактаб ўқувчиларини имтиҳондан ўтказишади. Натижада Аҳмад Нуриддиннинг хоразмлик ўқувчиларга бераётган таълими юқори баҳоланади. Аҳмад Нуриддиннинг ҳаёти ва Хоразмдаги педагогика тараққиётига қўшган фаолияти тарих фанида тадқиқ қилинмаган.
Ад.: “Таржимон” газетаси, 1908 йил 18 январь.
ЮСУФ АФАНДИ АҲМАД ЎҒЛИ — Хоразмдаги жадид мактабида фаолият олиб борган педагог. 1907 йилда Хива хони Ферузхон томонидан Қозон шаҳридан Ҳусайн афанди билан бирга таклиф қилинган ва Хивадаги жадид мактабида ўқитувчилик қилган. Юсуф афанди ишлаган мактаб тезда ўқувчилар, ота-оналар эътиборини тортиб, таълим сифати бўйича Хоразмдаги рус-тузем, жадид ва анъанавий эски мактаблар ўртасидаги рақобатда олдинги даражага чиққан. Юсуф афандининг ҳаёти ва Хоразмдаги таълим тараққиётига қўшган ҳиссаси тарих фанида тадқиқ қилинмаган.
Ад.: “Таржимон” газетаси, 1908 йил 4 апрель.
МАМАТ (МУҲАММАД) МАҲРАМ — Хива хонлигида Ферузхон даврида маҳрам лавозимида фаолият кўрсатган ва ўз уйида жадид мактаби ташкил қилган шахс. Ўша даврда хонликда иккита шу номдаги маҳрам бўлган: биринчисини катта Мамат маҳрам, иккинчисини кичик Мамат маҳрам дея аташган. Жадид мактаби очган ва меъморий обидалар — мадраса, масжид ва минора барпо эттирган катта Мамат (Муҳаммад) маҳрам бўлган. Кичик Мамат маҳрам Ферузхон ва Асфандиёрхон даврларида саройдаги энг ишончли амалдор даражасига эришган ва 1912 йилда Асфандиёрхон бошлиқ делегация таркибида Санкт-Петербург шаҳрига борган.
Катта Мамат Маҳрам тараққийпарвар шахс сифатида “Таржимон” (Қрим), “Тараққий” (Тошкент) ва бошқа газеталарга обуна бўлган. Рамазон Сайдашев, Аҳмад Агиев сингари татар ўқитувчилар билан маслакдошликда Хоразмда жадид мактаблари очилиши учун саъй-ҳаракат олиб борган. 1903 йилда Дешон қалъанинг жануби-ғарбий қисмидаги Калтаминор маҳалласида масжид, мадраса, минора ҳам барпо эттирган.
Сарой амалдорларига ибрат тарзида ўз уйида жадид мактабини ҳам 1905 йилда ташкил этган ва унда Қозон шаҳридан келган татар ўқитувчилари таълим беришган. Мамат (Муҳаммад) маҳрам 1909 йилда вафот этган.
Ад.: “Таржимон” газетасининг
1900-1910 йиллардаги сонлари.
МУҲАММАД РИФО КАРВОНБОШИ — XIX аср охири ва XX аср бошларида Хоразмда яшаб ўтган ва жадид мактабларини қўллаб-қувватлаган тараққийпарвар шахс. Эрон, Россия ҳудудларига савдогарларнинг юкларини ташийдиган карвонга ва Оренбург, Қозон, Машҳад, Хива, Янги Урганчдаги савдо дўконларига эгалик қилган. Дунё тараққиётини бевосита кўриб кузатган ва Хоразмни ҳам ривожлантириш истагида ўз даври учун замонавий дўконлар ташкил қилган. Даромадидан жадид мактабларини таъминлаб турган. 1898 йил Оренбург, 1907 йили Қозон шаҳарларидан Хоразмдаги жадид мактаблари учун ўқитувчиларни олиб келишга бошчилик қилган.
Ад.: “Таржимон” газетасининг 1884-1916 йил сонлари.
Хоразмдан Қримдаги Исмоил Гаспралининг “Таржимон” газетасига мақолалар юбориб, воҳадаги жараёнларни ёритиб борган журналистлар фаолиятига ҳам энциклопедияда тўхталиб ўтилган:
САЙДАШЕВ РАМАЗОН — XIX аср охири ва XX аср бошларида Хоразмда фаолият кўрсатган педагог ва журналист. Рамазон Сайдашев Хивадаги дастлаб рус-тузем, кейинчалик Мамат маҳрамнинг жадид мактабида фаолият кўрсатган. Рамазон Сайдашевнинг мактабдаги педагогликдан ҳам аҳамиятли томони Хоразмдан Қримга — “Таржимон” газетаси бош муҳаррири Исмоилбек Гаспралига мақолалар ёзиб турганидир. Исмоилбек Гаспрали хоразмлик Рамазондан келган ҳар бир хабарни газетада “Хивадан мактуб” рукнида чоп этиб турган. “Мулла Рамазон”, “Рамазон Сайдашев”, “Р.Сайдашев” номлари остида воҳада кечаётган ҳар бир жараён, воқеликлар газетада нашр қилиниб турилган. Олдинлари Россия, Кавказ, Туркистондаги газеталар ва мухбирлар орқали ёритиб борилган Хоразм билан боғлиқ жараёнлар бевосита Рамазон Сайдашевнинг журналистлик фаолияти орқали Қримда нашр этилиб, минглаб мухлислар ва турли ҳудудларга етиб борди. (Р.Сайдашев мақолалари сарлавҳалари ва санаси иловада берилди). Рамазон Сайдашевнинг педагоглик ва журналистик фаолияти тарих фанида умуман тадқиқ қилинмаган.
Ад.: “Таржимон” газетасининг 1884-1916 йил сонлари.
Воҳадаги жадидлар билан боғлиқ ташкилотлар ҳам муаллиф эътиборидан четда қолмаган:
ТАЪСИСОТИ ХАЙРИЯ — Хоразм жадидларининг таълим, маърифатпарварлик ғояларини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган ташкилоти номи. 1912 йилда Хивада ташкил этилган. Бош вазир Исломхўжа ташаббуси билан ташкил қилинган. Исмоилбек Гаспралининг 1912 йил 24 февралда “Таржимон” газетасида ёзилишича, “Исломхўжа Хивада таъсисоти хайрия вужудга келтириш учун ўзидан 100 минг рубль иона етган”, Бошқа жадид мулкдорлари ҳам ташкилотни қўллаб хайрия ишларини олиб боришган.
Ад.: “Таржимон” газетасининг 1912-1916 йил сонлари.
ХАЛҚ УНИВЕРСИТЕТИ — 1921 йилда Хоразм жадидлари томонидан Хивада ташкил қилинган олий ўқув юрти. Университетнинг ташкилотчиси ва ректори Бекжон Раҳмон бўлган. Ўз даври учун энг замонавий ўқув-услубий дастурлар, адабиётлар билан таъминланган. 1922 йилда олий ўқув юрти фаолияти тугатилган.
Ад.: Олланазар Собиров. “Қурбон Берегин”, “Хоразм” нашриёти. Урганч — 1996 й.
ЯНГИ УРГАНЧ САВОДХОНЛИГИ ЖАМИЯТИ — Хива хонлигида 1913 йилда жадидлар томонидан ташкил этилган жамият. Исломхўжанинг 9 августдаги ўлимидан сўнг унинг тараққийпарварлик иши кўламини кенгайтириш, жадид мактаблари сонини кўпайтириш, уларга ўқитувчилар таклиф қилиш, дарслик ва қўлланмаларни яратиш, мактаб битирувчиларини хорижга юборишни мақсад қилиб олишган. Бу мақсад йўлида 1914 йилда Янги Урганчдаги замонавий бинода Қозон шаҳридан келган ўқитувчилар иккинчи жадид мактабини ташкил қилишади. Бироқ 1916 йил қўзғолонлари ва 1917 йилдан кейинги тазйиқлар сабаб Чоржўй шаҳрига кетиб, фаолиятини давом эттиришади. Жамият ҳам 1917 йил кузида ўз фаолиятини тўхтатади.
Хуллас, энциклопедиядан шу сингари муаллифнинг йиллар давомида архив ҳужжатлари, илмий нашрлар, матбуот нашрлари, қолаверса, “Таржимон” газетасининг 1883-1916 йиллардаги сонларидан тўплаган маълумотлари асосидаги мақолалари ўрин олган.
Табиийки, бу тадқиқотга ўтган давр ичидаги Умид Бекмуҳаммаднинг изланишлари сабаб яратилган энциклопедиянинг дастлабки варианти деб қарамоқ лозим. Энциклопедияда қандайдир академик илмий услуб акс этмай қолган фикрлар, гоҳида публицистикага хос сўзлар ва яна эътиборимиздан четда қолган жузъий камчиликлар бордир, эҳтимол. Негаки, тарихий даврга оид қомусни тайёрлаш катта бир илмий интеллектуал гуруҳнинг бирлашган, улар ишини умумлаштирган тарздаги заҳматли меҳнатини талаб қилади. Табиийки, бирлашиб ишлаш учун мавзуимиз бўлган жадидларга хос матонатли, фидойи бўлиш шахс сийратида бўлмоғи лозим. Ушбу нашр эса бор-йўғи Умид Бекмуҳаммаднинг тайёрлаган материалларидан иборат.
Урганч шаҳридаги “Milleniumus print” нашриётида чоп этилган 340 саҳифалик ушбу китобда илова сифатида Хоразм жадид ижодкорларининг шеърлари, намояндалар фаолиятига оид ноёб расмлар, ҳужжатлар, жадид мактабларидаги дарслик, қўлланмаларнинг айримлари илова қилинган.
Муаллифни заҳматли меҳнати, интилишлари натижаси билан қутлаган ҳолда, шу мавзуга оид янги асарларини кутиб қоламиз.
Исҳоқжон ИСМОИЛОВ,
филология фанлари номзоди,
доцент.