Ширинсуханлар гурунги

Газетамизнинг фаол муаллифларидан бири Ҳамидулла Акбаровнинг янги “Мароқли фасллар, эъзозли мусоҳиблар” китоби “Адабиёт” нашриётида чоп этилди. Қуйида ушбу китобнинг мухтасар бир қисмини сиз муштарийлар эътиборига ҳавола қилдик. Кўп йиллик ҳаёт, қизғин фаолият босқичлари, ота улфатлари, она дугоналари, шунингдек, муаллифнинг замондошлари билан бўлган мусоҳаба, сўзлашув иштирокчиларининг портретларига оид – сўз ила ифода этилган чизгилар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Шундай лавҳалардан бирида академик Юнус Ражабийнинг мусиқашунос Илёс Акбаров ҳамда композитор, этнограф Ҳафия Муҳамедова хонадонида бўлган мулоқоти қаламга олинган.

…Юнус Ражабий “Оқ мачит” маҳалласидаги уйимизга очиқ чеҳра билан “Илёс ака!”, деб кириб келардилар. Отамиз “Мени “ака” деманг, ўн икки ёш кичикман сиздан”, дейишларига қарамай, “Сизни “Илёс” деб чақиролмайман. Шунга кўникинг” деб айтардилар. Кунлардан бир куни кула-кула эшикдан кириб келдилар:

– Илёс ака, келинни – Ҳафияхонни чақиринг, гапим бор, – деб ҳовлидаги супада ҳикояларини бошладилар. – Кечки пайт уйга қайтиб, калитим билан эшикни очсам, димоғимга шароб ҳиди урди. Кимнингдир хурраги эшитилиб турибди. Ҳайрон бўлдим. Уйимизда бундай алпозда ухлайдиганлар йўқ эди-ку! Меҳмонхона бўш, ётоқхона ҳам. Ошхонага кирсам музлатгичнинг эшиги очиқ, чироғи ёниқ, столда эса совутгичдан олинган мусаллас, “закуска”нинг қолдиғи. Кимдир каттароқ ўриндиққа ўтириб олиб, бошини столга қўйганча, бемалол ухлаб ётибди. “Кимсиз? Тонг отди…” деб уйғотмоқчи бўлган эдим, кўзим стол тагидаги бўғчаларга тушиб қолди. Очиб қарасам, кеннойингизнинг бисоти бирин-кетин чиқиб келяпти… Демак, ўмарган… Чой қўйдим. Дастурхон ёздим. Хуррак эса тинмайди. Келин­ойингиз келди. Ҳаракатимни кўриб, “Ким у? Нима ҳаракат?” деб деразаларни оча бош­лади. Қўявер, бироз тин олсин, улфатим, деб қўя қолдим. Хуллас, кайфини буз­дим, шекилли, секин-аста уйғонди. Кўзини очиши билан тугунларга ёпишиб, “урра” қочмоқчи. “Шу бўғчалар сизга керакми? Шошманг, олиб кетарсиз. Алмисоқдан қолган лозим бор, киярсиз. Дока рўмол бор, ўрарсиз. Ғирчиллама, амиркон маҳси бор, калиши бўлмаса ҳам киярсиз, деб “меҳмон”ни ўтказдим. “Мендан ёшроқ кўринасиз, чойдан қуйинг”, деб дамланган чойни олдига суриб қўйдим. Койимадим. Насиҳат ҳам қилмадим. Фақат таажжубланганимни айтдим. “Ўмаришмиди ниятингиз? Ўмариб кетавермайсизми? Нега бировнинг уйида, ошхонасида ичасиз? Хуррак отиб ухлайсиз, хонадонимизнинг ҳавоси билан шаънингизни ҳам булғашни ўзингизга лойиқ топибсиз, баракалла”, – дедим. Фотиҳа ўқишим билан эшик қолиб, кириб келган тешиги томон кетяпти. Йўл буёқда, дедиму, қўлига бўғчаларни тутдим. “Олмайман”, деб эшик томон отилган эди, дўқ қилдим – “Олмасанг миршаб чақираман!” Тўхтади. Топганингизни олиб кетинг, деб қўлига тугунларни тутқаздим. Келинойингиз “Берманг, нима қилади уни”, деганича қолди.

Ҳикоя давомида икки бор чой дамлаб келдим. Юнус ака мириқиб сўзлар, кутилмаган меҳмоннинг хатти-ҳаракатини, гоҳ ҳайрон бўлгани, гоҳ қўрқув аралаш дудуғланиб нималарнидир айтишга уринганини, айниқса, йўғон хурракни “ижро” билан кўрсатиб, талаффуз этиб йиғилганларни кулдирган, ўзлари ҳам мириқиб хохолаган эдилар.

– Қайтиб келмадими “меҳмонингиз?” – сўрадилар отам.

– Меҳмон кунда келса қадрини йўқотади, – Юнус аканинг жавоблари ҳар галгидек тайёр эди. – Кечагина ташриф буюриб, уйимизда ўзини-ўзи меҳмон қилса, икки тугун совға-саломлар билан уйига кетса-ю, яна меҳмонга отланса, инсофдан бўлмас.

– Инсофлилари ҳам бўларкан, Юнус ака. Миртемир домлани тунашганини эшитмаганмидингиз? Ярим кечада ширакайф шоир уйига келаётса, икки томонидан икки барзанги чиқиб, йўлни тўсибди. Домла писанд қилмай тураверибдилар. Чўнтаклари бўм-бўш экан-да. Ҳеч вақо тополмай, бир-бирига қараб турган туновчиларни ҳайрон қолдириб, таклиф киритибдилар:

– Сизлар ҳам не ниятлар билан кўчага чиққансизлар. Тағин ярим кечада! Тунаган одаминглардан ҳеч нарса унмади. Юринг­лар уйга. Ақчадан қолган бўлса, бош устига. Қайтармаслик шарти билан бераман.

Бевақт келган меҳмонларни уйдагилар танимаса-да, илиқ кутиб олишибди. Домланинг буюртмалари билан картошка, гўшт қовурилибди. Меҳмонлар зўр иштаҳа билан танавул қилиб, шоирдан, уй бекасидан кўзларини яширмоқчи бўлиб бироз ўтиргач, қўзғалибдилар. Шунда Миртемир рафиқасига: “Тахмондаги атлас кўрпанинг тагида пул қолганди, олиб чиқинг” деб қолибдилар. Хуллас, уйдаги бор маблағни тунги меҳмонларга бериб, хайрлашибдилар. Бу воқеага чамаси икки-уч йил бўлган.

Яқинда шоир худди ўша аҳволда уйлари томон кетаётсалар, ланг очиқ эшик олдида икки бақувват йигит нималардир солинган қоп, темир банка, бўйрага ўралган яна бир нималарни галма-галдан ташиб, ўзаро маслаҳатлашиб турганини кўриб, бирпас кузатгач:

– Нима гап? Кўчиб келаяпсизларми бизни уйга? Ёки биз кўчиб кетаяпмизми? – деб сўраганларида, улар:

– Домла бормисиз! Танимадингиз бизни. Ёдингизда бўлса, сизни тунамоқчи бўлгандик. Меҳмон қилиб, қўлимизга пул бериб уялтирган эдингиз. Ўша кундан кейин иккимиз ҳам бу ишни ташладик. Йўлимизни топиб олдик. Қарзимизни оз бўлса-да, узайлик деб келдик, – дейишибди.

Бу сўзларни тинглаб турган шоир йигитларни эслай олмабдилар. Уйга олиб кириб китобларидан ҳадя қилибдилар.

– Қизиқ бўлган экан. Миртемирни кўриб тураман. Бир оғиз айтмайди-я. Тафсилотларини сўраб оламан. Ҳафияхон, рафиқасини қаранг вақт ярим кечадан ўтган бўлса-да, маззали таом келтирса. Жиз-биз устига пул билан ҳам сийласа. Дарвоқе, яқинда ўчоқ ёқиб ўтирмаймиз, шекилли. Газ келармиш.

– Ўзингиз кўрдингизми?

– Эшитдим. Электр плитага ўхшаган, ундан анча каттароқ, стол-курсидек мослама бўларкан. Қулоғини бурашингиз билан гугуртни ёқиб тутатишингиз керак экан. Дарҳол ёқмасангиз портлаб кетармиш.

Отамиз хавфсираб:

– Балки газни олмай турармиз, – деб қолди.

Юнус ака:

– Зўр ёнади дейишади. Ўтин, керосин ҳам керакмас. Тутун ҳам чиқмас экан.

– Бошқа шаҳарларга ҳам борармикан? – Гапга аралашди онамиз. – Анча бўлди, андижонлик, марғилонлик аёллардан халқ қўшиқларини ёзиб олмоқчи бўлиб борганимизда хотин-қизлар ўчоқ бошидан чиқмай, ўтин, ғўзапоя, похол, таппи ёқиб тирикчилик қилишларини, қозон қайнатиш­ларини кўриб кўп ачингандим.

– Тошкентда ҳам аҳвол шу-ку! – эътироз билдирди Юнус ака.

– Бизда ҳар қалай кўмир бор, электр қуввати бисёр, дўкондан навбат кутиб бўлса ҳам керосин олса бўлади, – деб қисқагина жавоб билан чекланмоқчи бўлган композитор-этнограф Ҳафияхон Муҳамедовадан Юнус ака маълумот олмоқчи бўлдилар:

– Ашулани қандай ёзиб олдинглар? Ҳамроҳингиз Романовская ўзбек тилини билармиди?

– Тилни тўла ўзлаштирмаган, лекин маданиятимизни ўрганган, таомилимизни билган, унга амал қилган аёл эди. Муқаддас Қуръонни биларди. Ўзбек куйларини севиб хиргойи қилиб юрарди.

– Рус аёли-я! Қайси куйларни севарди?

– Кўп қўшиқларни ёддан биларди – сўзини ҳам, оҳангини ҳам. Айниқса, “Ёр-ёр”ни берилиб айтарди.

– Ўша жараён қандай кечган? Шу ҳақда кўп ўйлайман. Балки ёзиб олинган қўшиқларни жамлаб, китоб ҳолида нашр қилиш керакдир.

– Лутфихоним Саримсоқованинг Андижондаги уйида бўлганимизни кўп эслайман. Хонанданинг ҳаракатлари, сўзлари ҳозир ҳам кулги уйғотади. Шокилали зирак таққан, ироқи дўппи кийган, узун, тим қора сочларини орқага ташлаб олган Лутфихоним аввалида бироз таажжубланди. Мени эслагандек бўлди. Чунки, кўришгандик. Лекин пешонасига тўр дуррачани танғиб олган рус аёлини кўриб, ҳайратомуз тикилиб қолди. Салом-алиқдан кейин нима важдан келганимизни тушунтирдим:

– Қўшиқларингизни нотага олишга келдик. Ҳамроҳим Елена Евгеньевна Романовская. Петербург консерваториясини битирган. Ҳозир Тошкентда истиқомат қилади. Куйларимизни ёқтириб қолган. Қуръонни билади. Ҳозир водийда аёллар айтадиган қўшиқларни ёзиш билан бандмиз.

– Осон бўлмаётгандир. Аёлларимиз жуда тортинчоқ-да, – мезбон ичкарига таклиф этганча, тинимсиз савол бераверди. – Тўй-ҳашам, қизлар даврасида тенгдошларимни, ёш қизларни ўртага тортмоқчи бўламан. Ҳеч унашмайди. Қандай кўндираяпсизлар?

– Қайси хонадонга бормайлик, бажонидил сўрашиб, дастурхон ёзиб, чой узатишади. Лекин “Бир жуфт ашула айтиб беринг, дугоналарингиз сизни тавсия этишди”, деб илтимос қилсак, дуррачалари билан юзларини беркитиб “Во-ой, ким айтди? Ашулани, ўйинни билмайман. Артистлар бор-ку, ўшаларга айтинг. Қойил қилиб айтиб беришади”, деб ҳеч кўнмайдилар.

Лутфихоним:

– Сиз билан бир марта учрашганимдан кейин улар дарҳол ўртага тушиб, ўйнаб, хиргойи қилиб, катта ашулаларни баралла айтиб бериши амри маҳол. Яна ёнингизда ўрис аёл бор. Ўша хотин-қизлар сиз кетганингиздан кейин эшикни тамбалаб лапар ҳам айтишади, дугоналари билан аския ҳам айтишади. Шўх водийнинг қизлари. Фарғонача рақс тушишини айтмайсизми?

Бундай тавсия ва изоҳдан кейин Лутфихон ая деворга осиғлиқ дуторни олиб, уни шунақанги сайратдики, биз опа билан (Елена Евгеньевнага шу тарзда мурожаат этардим) шошиб қолдик. Чамадондан мет­рономни олиб ишга солишга уриндик. Оҳангнинг янграш суръатини белгилайдиган учбурчак шаклидаги бу асбоб – мет­рономни кўриб, ҳайрон бўлиб ижрони тўхтатдилар. Билмас эканлар. Тебрангич турли ритмда тебранишини, куй маромига мослана олишини тушунтирдик. Нота тагига кичикроқ патнис қўйиб, янграётган товушларни махсус белгилар билан қоғозга тушира бошладик. Қўшиқлар кетма-кет айтилди. Шоша-пиша биримиз ашуланинг сўзини, биримиз эса оҳангини илғаб олиб, нотага муҳрлаш билан банд бўлдик.

Ҳафияхон Муҳамедова шу ерда ҳикоясини тўхтатиб, атрофдагиларга мурожаат этди. Узр сўрагандек бўлдилар:

– Зериктириб қўймадимми? Баъзи тафсилотларни эслаш ортиқча кўринар. Юнус ака нима дейсиз?

– Сиз айтаётган тафсилотларни барча бастакор ҳам, мусиқашунос ҳам, қолаверса, тингловчи ҳам билиши керак. Ҳамза билан бирга бўлган, унга шогирд тушган Лутфихоним Саримсоқова билан ўтган кунларнинг ҳар бир дақиқасини тиклаш, қоғозга тушириш зарур, деб ўйлайман. Илтимос, ҳикоянгизни давом эттиринг. Ҳеч қисқартирмай айтинг. Иложи бўлса, тилга олган куйларингизни ҳам эслатинг.

– Бўлмаса, суҳбатни ичкарида – пианино ёнида давом эттирсак, – деб онамиз ҳаммамизни унча катта бўлмаган хонага бошлади.

Икки тахмон, бир чўян печка, катта кароват, қадимги китоб жавони. Қоғоз ва китоблар, қалам, пероли ручкаларга тўла ёзув столи – шулар орасида қопқоғи очиқ, қоп-қора пианино савлат тўкиб турарди. Онамнинг нозик бармоқлари эски, лекин жарангдор овозини йўқотмаган пианинонинг клавишларига текканида шинамгина хонага яна файз киргандек бўлди. “Омон ёр”, “Қилпиллама ёр”, “Барно йигит”, “Фаб­риканинг йўлида рўмолча топиб олдим” қўшиқларининг оҳанги янгради. Ижро давомида изоҳлар берилди.

– Лутфихон қўшиқларни айтиб бўлгач, ёнимизга келди. Нотани қўлларига олиб ҳайрон бўлдилар: “Шу нуқталар билан ашулаларимни ёзиб олдингизми?” – деб қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Чамаси, “ҳаракатингиз беҳуда” демоқчи бўларди.

– Бизга ишонмаяпсиз, шекилли – шубҳа билан қараяпсиз ёзувимизга. Оҳанг ҳам, айтилиш ритми, сўзларига урғу бериб талаффуз этилишигача ёзиб олинди.

– Йўғ-е.. Айтиб бера оласизми? Ижрода, куйда ҳеч янглишмайсизми?

– Сизникидек янгроқ овозим йўқ. Лекин шубҳангизни тарқатиш учун уннаб кўраман – дедим-да, аянинг қўлидаги дуторга ишора қилиб, – дуторингизни ишонасизми? – деб сўрадим.

Мезбон бизни фақат ёзувчи, шарҳловчи, мусиқа тўпловчи сифатида қабул қилган экан, шекилли, таажжубини яширмай, созини узатди. Дуторни қўлга олиб қайта созладим. Бизга тикилиб турган мезбонга водийда ёзиб олинган “Ёр-ёр”ни турли оҳангда, ранг-баранг сўзлар билан айтилишини эслатдим. Хонанда ва созанда бағримга босиб олган дутор косасида ҳаракат қилаётган бармоқларимга қараб кўзларига ишонмай ўтирди. “Ёр-ёр”нинг эркакларга хос йўллари бошланиб, мен сунъий равишда баритон овози билан айт­моқчи бўлганимда, мезбон “Кўп яшанг! Бормисиз!” деди-ю, ўзи ҳам қўшилиб эркак­лар айтадиган “Ёр-ёр”ни баланд овоз билан ижро эта бошлади. Бизга таниш бўлган куй ўзгача сўз билан айтилди. Биз Романовская билан бир-биримизга ишора қилдик-да, Л.Саримсоқова ижросидаги “Ёр-ёр”нинг яна бир нусхасини ҳам ёзиб олдик. Фурсат ўтмай ҳозиргина нотага олинган куй-қўшиқларни попурри шаклида кетма-кет чалиб, ашуласини ҳам айтдик. Шунда ая ўрнидан туриб, юзини-юзимга қўйиб:

– Айланай сиздан! Шундай иш билан бандмисиз. Авлодларимизга етиб борадими биз айтиб юрган ашулалар? – деди-ю, гоҳ дуторни, гоҳ эса оддий ликопчани чертиб кетма-кет халқ қўшиқларини шунақанги берилиб, эҳтирос ва назокат билан айта бошладики, биз Елена опа билан товушни нотага олиш, шеърий мисраларнинг ўзига хос талаффузини – транскрипциясини қоғозга муҳрлашни унута ёзибмиз.

* * *

Саратоннинг жазирама иссиқ кунлари отам билан Юнус Ражабий узоқ сафарга отланиб қолишарди. Ёз чилласини Кисловодск ёки Ялтадаги “Ўзбекистон” санаторийсида ўтказишни афзал кўриб, бир неча ҳафта тараддуд кўришарди. Халқ мусиқасига оид маълумотлар, бир ашуланинг нотадаги, ижродаги турли кўринишларини тасдиқловчи манбалар, кўп йиллардан бери таъқиб этиб келинган Фитратнинг мусиқа ҳақидаги китобчаси, “Хоразм танбур чизиғи”га оид ноёб тадқиқотнинг қўл­ёзма нусхаси, шунингдек, нота ва оддий оқ қоғозлар боғлами билан бирга девзира гуруч, зира, янчилган райҳон онамиз тайёрлаган халтачаларга солинарди. Юнус ака, айниқса, “Жамбил эсдан чиқмасин, шўрва, хўрдага маза киритадиган жамбил бўлади” деб, бу хушбўй ўсимликни кўтариб келганларида ҳайрон бўлардик: дам олишга кетишяптими булар ёки ишлашгами, ижод қилиш ниятидами ёки пазандалик санъатини намойиш этиш режаси борми? Катта чамадонлардан бири бўш кетарди. Серфарзанд, сернабира Юнус ака тааж­жубланганимизни кўриб:

– Қайтганимизда хонадонимизга яқинларим ҳол-аҳвол сўраб келишади. Қўлимга қарашади. Болаларим, уларнинг болалари, Худога шукур, кўп эмасми, рўмолнинг ўзидан камида 20 та олишим керак. Бу ёғини ўзингиз ҳисоблайверинг, ўша куни катта қозонда камида ўн кило гуруч дамланади, деб фарзандлари, набиралари, келин ва куёвларини тилга олар эдилар.

Шундай тараддуд кетаётган кунларнинг бирида Юнус ака чорак литрлик ароқни кўтариб келдилар. Шиша идишдаги суюқликни чайқаб:

– Мана бу қурғурни холодильникка қў­йинг, бундан кўпроқ ичсак ишлай олмаймиз, – деб кичкинагина, пастқам ошхонада савлат тўкиб турган катта, оппоқ совуткични олдига бориб, эшигини очиб-ёпиб қўйдилар. – Маҳалламизда ҳам бир-икки хонадонда бор бу ускуна. Қўни-қўшни гўшт, сут-қатиқни иссиқда сақлай олмай, бизникига олиб чиқадиган бўлишибди. Холодильникни эшигини очганимда ўйлаб қоламан: қайсиниси бизники-ю, қайси бири қўшниларники, кўпинча ажрата олмайман.

Юнус ака лағмонни ёқтиришларини билиб онамиз дарҳол опалари Вочкияхонга мени жўнатардилар. Отам эшик тагига бир-икки ҳовуч сув сепардилар-да: “Шалаббо қилиб сув сепдим, у қуриб қолмагунича қайтиб келасан” дердилар. Қанчалик тез югурмай, уйга қайтганимда сув қуриб қолган бўларди. “Оқ мачит” билан “Баланд мачит”нинг ораси анчагина масофа эди-да.

Ўша куни лаззатли таомдан кейин шақиллаб қайнаб турган самовар хонтахтадан ўрин олди. Онамиз грузин чойини дамлаб, катта пиёлаларда узатаётганларида Юнус ака мушоҳада қилдилар:

– Бизда куй, оҳанг, катта ашулалар нотасиз ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаверган. Европада нота, бизда танбур чизиғи пайдо бўлиб, маълум ва машҳур куйлар қоғозга тушириладиган бўлди. Комил Хоразмийга қойил қоламан: анча мураккаб “Рост” мақомини ўзи ихтиро қилган усулда муҳрлаб қолдирган-а?! Ишини охиригача етказмаган бўлса-да, йўл кўрсатилган…

– Ўзингиз яхши билган Виктор Успенс­кий Фитратнинг таклифи билан Бухорога бориб, мақомни нота белгилари билан ёзиб олган. 1925 йили уни Москвада нашр ҳам қилган. Ҳиндистонда рақамли система қўлланилишини биламан. Лекин бизда нота ёзувини жорий этиш осон бўлмаяпти. Мусиқадан саводи чиқмаганлар кўпчиликни ташкил этади. Созанда, хонандалар ҳам нота махсус белгиларининг қўлланилишини, ноталар гуруҳланишини билмайдилар, умуман, мусиқани график белгилар билан ифодалашдан бехабарлар кўплигини ўзингиз ҳам биласиз, Юнус ака. Ҳатто бироз кулги уйғотадиган воқеалар ҳам рўй беряпти…

Уйимизга келган меҳмонларнинг аксарияти мусиқага у ёки бу даражада алоқадор эди. Улар воқеликни, муҳитни, ижод дамларини, мушоҳада дақиқаларини, ҳатто, кундалик ҳаётда рўй бериб турадиган воқеаларни визуал тарзда, яъни кўриш қобилиятлари билан ёхуд вербал воситаларда, яъни айтиладиган сўз орқали қабул қилиш билан чекланмасдилар. Улар бир ритмда янграб турадиган доира зарб­лари ёки патнисга, ликопчага, хонтахтага бир маромда урилаётган кафт таратадиган жарангсиз товушнинг бир маромда эшитилиб туриши, ҳатто, бўш пиёла завқ билан чертилиши рақсга, ашулага, мусиқа чалишга ундабгина қолмай, ҳикояга жўр бўлишини истардилар. Балетмейстер, халқ артисти Исохор Оқилов бундай ритм­­га чидаб тура олмас, кичкинагина ҳовлимизда шунақанги рақс тушар эдики, йиғилганлар ўринларидан туриб кетар, кимдир қарсак чалиб, бошқалар ўртага тушиб уста раққосга шерик бўларди… Бастакор, созанда Набижон Ҳасанов келганида эса кўпроқ сукут сақлаб, ўзлари жажжи темир қафасда олиб келган саъвани бизнинг уйимиздаги қушчалар билан бўладиган чақиришмасини, бир-бирларига товуш беришини тинглаб ўтирардилар. Кетаётганларида арзанда қушчаларини бизнинг сайроқилар катагига қўйиб юборар ёки у ердан бир жуфтини олиб кетардилар…

Ўша “мусиқали соатлар”нинг олий мақсади бўлган экан. Ҳаётий ижро, унга жўр бўладиган жисмоний ҳаракат баландпарвоз сўзларга, бақирув-чақирувга, нигоҳлар кескин равишда ўзгариб туришига, бўрттирилган имо-ишорага муҳтож эмас экан.

Онамиз Сора Эшонтўраевани драматик театр актрисаси сифатида қадрлаш билан бирга бу мусиқа шайдоси куйдан озиқ олишини билар, бинобарин, бундай арбобларнинг ижодига турли санъатлар нуқтаи назаридан қараш лозимлигини айт­моқчи бўлардилар…

Ўз-ўзи билан бўлиб, олтмиш ёшига қадар уйланмай ижод нашидасидан маст бўлиб юраверган Манас Левиев ҳамкасб дўстлари: Мутал Бурхонов, Сулаймон Юдаковни турмуш қуришга даъват этар, “икки нозанинни топиб қўйдим, бир кунда тўй қилиб икки композиторнинг бошини иккита, кечирасиз, тўртта қилиб қўямиз” деб “Тўйлар муборак”ни айтар, маликалар таърифини келтирар, ўзи ҳам “Сабъаи сайёр” достонида таърифланган Меҳридек оқила қизни излаб юрганини айтарди. Кейин жиддий оҳангда “Икром кўп ёзади, Мутаваккил ҳеч ёзмайди” деб И.Акбаров ҳамда М.Бурхоновни танқид қилгандек бўлганида, кулги кўтариларди. Чунки уларнинг биринчиси баъзан бўш пьесаларга ҳам мусиқа ёзар, иккинчиси эса йиллар давомида маҳсулот бермас, “Навоий” операси устида ўн йиллар давомида ишлаётганини назарда тутиб ҳақ гапни айтарди. Шунда “Ўзингиз-чи, ўзингиз кўп ёзасизми?” деган савол тушганида, Манас ака “Мен Мавлоно Алишер Навоий олдидаги қарзимни узиб олай, кейин саволингизга жавоб бераман” деганди.

Ижод аҳли ҳазил-мутойибага ҳамиша ўрин топган. Вақтини ҳам аямаган. Дўс­тининг кўнглини овлаб, жажжи саҳналар, эпизодлар яратган. Уларнинг айримларини қаламга олганимда, забардаст замондошларимизнинг улуғ­ворлиги билан бирга ёш болалардек соддалиги, оқ кўнгиллиги, бетакаллуфлиги йирик асарларидагина эмас, ҳазилкаш дўстларига бўлган муносабатларида ҳам кўзга ташланар экан, деб мулоҳаза қилдим.

Ҳамидулла АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =