Буюк аждодлар мероси

Ўзбекистонда номоддий маданий мерос билан боғлиқ масалаларга давлат даражасида катта эътибор қаратилган ва бу соҳадаги муносабатлар бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб қўйилган мақсадлар орасида номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш борасида алоҳида вазифалар белгиланган.
Жумладан, мақом, бахшичилик, рақс ва театр йўналишларида камида 10 та халқаро фестиваль ва анжуманлар ўтказиш, камида 3 та ноёб номоддий маданий мерос намунасини ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатларига киритишга эришиш, 30 тадан ортиқ номоддий маданий мерос элементини чуқур илмий тадқиқ этиш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-114 сонли Фармонига мувофиқ Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази тугатилиб, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 405-сон Қарорида эса институтнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Хусусан, қарорда институт тизимида унинг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларида илғор илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини ўтказиш учун Этнофольклор лабораториясини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида институтда Этнофольклор лабораторияси ташкил этилиб, номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи материаллар, ахборот ташувчи воситалар, этнофольклор экспедицияларида тўпланган материалларни замонавий форматга ўтказиб бориш ҳамда аудиовизуаллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, 2024-2026 йилларда номоддий маданий меросни илмий ўрганиш бўйича маҳаллий ва хорижий этнофольклор экспедицияларини ташкил этиш режасига мувофиқ Тошкент шаҳри, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Андижон вилоятларига маҳаллий этнофольклор экспедициялар уюштирилди ҳамда номоддий маданий мерос элементлари тадқиқ этилди. Мазкур экспедициялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 февралдаги “Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 47-сон қарорининг 1-иловасида белгиланган “Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш тўғрисидаги Низом”га мувофиқ амалга оширилмоқда.
2024 йил 25 апрель куни Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан “Ўзбекистонда номоддий маданий мерос муҳофазаси ва тарғиботи” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Мазкур конференцияда таниқли олимлар тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, жамиятнинг маданий-эстетик эҳтиёжларини таъминлаш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, халқ ижодиёти, бадиий ҳунармандчилик, амалий санъат турлари ҳамда халқ ўйинларини илмий ўрганиш ва уларни илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, бадиий ижод, маданиятшунослик ҳамда номоддий маданий мерос соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, этнофольклор экспедициялар уюштириш, соҳада инновацион технологияларни кенг қўллаш каби масалаларни муҳокама этдилар.
Шу йилнинг 22-24 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ЮНЕСКОнинг “Номоддий маданий мерос бўйича даврий ҳисоботлар тайёрлаш Марказий Осиё семинари” бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан экспертлар ва координаторлар иштирок этишди. Мазкур семинарда институт ходимлари ҳам бевосита иштирок этиб, ЮНЕСКО томонидан 2003 йил қабул қилинган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро Конвенциясига оид ҳисоботни тайёрлаш борасида малака ва кўникмаларини орттириб қайтдилар.
2024 йилнинг 3-4 июль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзусидаги Ўзбекистон олимлари форумида институт жамоаси фаол иштирок этиб, марказда ташкил этилаётган музей контентини такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
Яқинда, аниқроғи, 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 368-сонли қарори қабул қилинди. Бу хукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор намунасидир.
Институтнинг “ichLinks” халқаро дастури бўйича олиб бораётган фаолиятини алоҳида эътироф этиш зарур. Дастурнинг асосий моҳияти онлайн платформага номоддий маданий мерос бўйича кенг қамровли маълумотларни жойлаш ва уни юритиб боришдан иборат. Бу анчагина салмоқли ва чинакамига давлатлараро дастур бўлиб, ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос бўйича Осиё-Тинч океани минтақаси халқаро ахборот ва тармоқлашув маркази раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Мазкур дастур Камбоджа, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Мўғулистон, Сингапур, Тожикистон, Вьетнам, Ўзбекистон каби давлатларда фаолият олиб борадиган маслакдош ҳамкасбларни бирлаштирадиган ажойиб ўзига хос бир тармоққа айланмоқда.
Хуллас, институт томонидан номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш, рақамлаштириш, тарғиб қилиш ва сақлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жасурбек АҲМЕДОВ,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти Этнофольклор лаборатория
бўлими мудири, т.ф.ф.д. (PhD), доцент.