“Уйдаги гап кўчада” саҳна орқали

Инсоният моддий бойлик йиғишга муккасидан кетиб, маънавий таназзулга юз бурмоқда: таълим-тарбия, ахлоқ-одоб, ҳурмат-иззат, ожизларга раҳмдиллик, инсоний дўстлик каби аъло инсоний фазилатлар йўқолиб бораётгандек гўё. Бунинг оқибати эса инсониятни жар ёқасига етаклайди.

Маънавий дунёси ўлик инсондан яхшилик чиқмайди: унинг фикру хаёли бойлик орттириш, ўзини бошқалардан устун қўйиш билан банд бўлади, феъл-атворида манманлик илдиз отади. Бу йўлда у ҳар қандай ёвузликдан, ифлосликдан, номардликдан ҳам қайтмайди. Жамиятни соғлом сақлаш учун, биринчи навбатда, инсонларнинг руҳий дунёсини бойитишимиз лозим.

Савол туғилади: руҳий бойликни қаердан оламиз? Руҳий бойликнинг асосий манбаи, бу — адабиёт, маданият ва инсонийлик билан суғорилган миллий руҳий қадриятларимиздир.

Замонавий ўзбек адабиётининг кўзга кўринган ёзувчиларидан бири Қўчқор Норқобил ҳисобланади. Ёзувчи прозанинг кичик жанри — ҳикоянинг асл устаси. Қўчқор Норқобилнинг жуда меҳнаткаш, самарали ижод қилаётганини ҳар бир адабиёт муҳиби кўриб турибди. Шу ўринда уни истеъдодли ва тажрибали драматург сифатида ҳам яхши биламиз. Унинг кўп сонли пьесалари нафақат ўзбек, балки чет эл театрларида ҳам саҳналаштирилиб, донг таратмоқда.

Қорақалпоқ театрлари ҳам Қўчқор Норқобилни ўз драматурги деб билади ва ҳар бир пьесасини саҳналаштиришга ҳаракат қилмоқда. Қорақалпоқ тилида унинг камида 5-6 та пьесаси саҳна юзини кўрган.

Яқинда драматургнинг қаламига мансуб навбатдаги асари — “Уйдаги гап кўчада” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бугунги кунда истеъдодли ва тажрибали актёр-актрисаларга эга Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри ўз вазифасидан келиб чиқиб, ёшлар тарбиясига бағишланган бу асарни саҳналаштириш учун танлагани жуда қувонарли.

Пьесанинг тўлиқ мазмунини сақлаб, муаллифнинг ғоясини юзага чиқариб, томошабинларга етказишда бош режиссёрдан катта ижодий изланиш, меҳнат талаб қилинади. Бу борада спектаклни театрнинг бош режиссёри Ўмирбек Бектурғанов, режиссёр ассистенти Лиза Халқназарова, рассом Тўлибай Шардеметов ва мусиқани танлашда ёрдамлашган А.Палимбетовлар билан қайноқ ижодий меҳнат қилганлигига ишончимиз комил бўлди.

Спектакль — комедия жанрида бўлиб, лекин у оддий кулгидан иборат ижод намунаси эмас, тагида оғриқли маъно бор, салмоқли, аччиқ ҳақиқатни ўз ичига олган комедия-трагедия эканлигининг гувоҳи бўлдик. Бунга кулиш эмас, йиғлаш керак. Юзни кулдиради, кўнгилни эса йиғлатади. Асарнинг маъно-моҳиятига тушунган инсон кулиш ўрнига, жамиятнинг шу даражада онгсизланиб, одамларнинг ақл-идрокида инсоний фазилатларнинг йўқолиб кетаётганидан, имкон бўлса дарров хиёнат қилишдан ҳазар қилмаслигидан хафа бўлади ва тушкунликка тушади.

Саҳна очилиши биланоқ биз қўл телефонига муккасидан кетган ота Тоҳир акани (актёр Саламат Арзиев), она — Саида опани (актриса, Қорақалпоғис­тон Республикасида хизмат кўрсатган актриса Клара Шамуратова) ва ўғли — Эрка (актёр Беглан Қайипназаров)ни кўриб, бир оиладаги отанинг ҳам, онанинг ҳам, фарзанднинг ҳам телефон билан банд бўлиб ўтиргани, шунинг қулига айланганини кўриб, баъзи оилаларда ҳолат шу даражага бориб қолганига ачинасан киши (албатта, ўринли фойдаланилса, биз интернетнинг фойдали эканлигини инкор қилиб бўлмайди. А.А.). Лекин ҳақиқат шундай. Бу оилада ота-онанинг нафақат ўғли, балки бир-бири билан гаплашишга “вақти йўқ”. Оқибатда фарзанди Эрка исмига мос равишда эрка, тартибсиз, фақат ўзини ўйлайдиган, бузуқлик, жиноятга юз буриб кетаётгани баён қилинади. Буни биз содда, очиқкўнгил, ўз ишига фидойи, виждонли, ўқувчисининг, фақат ўқувчисининг эмас, буткул қишлоқнинг каттасидан кичигигача яхши, эл-юртига нафи тегадиган, азамат шахслар, илмли, тарбияли одамлар бўлишига жон куйдирадиган, шунинг учун тер тўкадиган Лазиз (актёр Нажиматдин Нуратдинов) деган мактаб ўқитувчисидан эшитамиз.

Ҳақиқатни айтиш керак (Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Алишер Навоий, Абай, Махтумқули, Тўқтағул, Бердақ, Ажиниёзларнинг меҳнатлари билан бир қаторда, ўтган асрлардаги кўп сонли масжид-мадрасаларда диний саводхонлик, (оммавий ўқитишни айтмасак), саводхонлик, оммавий китоб ўқиш, янгича билимга талпиниш — халқни оммавий ўқитишга ўз ҳиссасини қўшган, илм­­га талпинтирган, бундан 1,5-2 аср аввалги жадидчиларнинг хизматини камситмаган ҳолда айтадиган бўлсак, биз қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, қирғизларда бундан бир аср аввал бошланган, десак, муболаға бўлмайди.

Ўйлаб кўринг, ўша даврдаги илк муаллимлар болаларнинг ортидан қувиб юриб мактабга жалб қилишгани ёлғонми? Бу тарихий воқеаларни ёдимизга тушириш, кўз олдимизга келтириш учун такрор Чингиз Айтматовнинг “Илк муаллим”, Тўлепберген Қа­йипбергеновнинг “Муаллимга раҳмат” қиссаларини ўқиб чиқишимиз керак.

Юқорида айтилган бир аср аввалгидай, бугунги кунда ҳам болаларда ўқишдан (китобдан) қочиш, маънавиятнинг манбаи бўлган бадиий китобларни қўлга олмаслик одатлари пайдо бўлмоқда. Китоб ўқийдиган ёш авлод озчиликни ташкил қилади. Бу эса келажакда жамиятнинг саломатлигини бузиши аниқ. Шунинг учун ҳам Президентимиздан тортиб, кўзи очиқ, зиёли қатлам вакиллари ҳам фарзандларимиз келажагидан хавотирга тушмоқда, қайғурмоқда, фалокатнинг олдини олиш, яхшилик қилиш учун ҳар хил чораларни қўлламоқда. Китоб ўқувчилар учун танлов эълон қилиб, бош соврин учун автомашиналаргача қўйилмоқда. Китоблар тарқатилаётир. Қўчқор Норқобил асари қаҳрамони — Лазиз шу бугунги ҳаётимиздагидек, ўзининг ўқувчиси Эркани яхши йўлдан юришга ундайди, Тоҳир ака, Саида опа, Ҳамид ака, Али ака, Зуҳра опа ва бошқаларни телефон қуллигидан қутқаришга ҳаракат қилади. Китоб ўқисангиз совға берилади деб спектакль давомида аста-секин уларнинг китоб ўқишига эришади.

Лазиз ўз олдига қўйган мақсадидан қайтмасдан, жамиятга яхшилик уруғини сепишдан ҳеч чарчамайди. Натижада ичкилик қарамлигига берилиб, одамийликдан чиқа бошлаган, ёмонлик, хиёнат йўлига туша бошлаган Тоҳир, Ҳамид акалар, интернетдаги пулли ўйинларга қўшилиб, кўп пулидан айрилган Али ва бошқалар асл инсонийлик фазилатларига қайта бошлайди. Бундан ҳам қувончлиси, Эрка ҳам китоб ўқиш орқали фикрлаши ўсиб, туғилган жойга, Ватанга муҳаббати уйғона бошлайди. Улуғ, истеъдодли ёзувчи-шоирлар Тоғай Мурод, Усмон Азимлар ижодига, умуман, адабиётга қизиқиб, ихлосланиб, тушуниб фикрлай бошлайди. Бу келажагимиз яна ўз йўлига тушганини англатади, келажакни қўрадиган ёшларимиз маънавий дунёси бой, илм ўрганишга иштиёқманд, миллий қадриятларни асраб-авайлайдиган, боболаримиз йўлига садоқат билан тўғри йўлдан бораяпти, деганни англатади.

Бу саҳна асарида драматургнинг маҳорат билан дунёвий, умуминсоний муаммони кўтарган юки оғир ғояси тўлиқ очилганини кўрдик. Бунда саҳналаштирувчи жамоа билан биргаликда ўзларига берилган образ, персонажни усталик билан ўйновчи актёр-актрисалар ансамблининг ҳам салмоқли ўрни бор эканлигини айтиб ўтишни истардик.

Алланазар АБДИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

халқ ёзувчиси,

“Қарақалпақстан спорты”

газетаси муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 12 =