Янги Ўзбекистон бунёдкори ва фахр ҳисси

(Озарбайжонга сафар таассуротлари)

Фахр ва ғурур туйғуси ҳақида кўп гапириш мумкин. Ватан, Она, Истиқлол, миллат байроғи, Конституция, юртимизни жаҳонга танитаётган билимдон ёшларимиз, моҳир спортчиларимиз. Буларнинг бари бизга фахр-ифтихор туйғусини беради. Лекин Миллат Сардори, Юрт Етакчиси билан фахрланиш ҳисси ҳам борки, бу туйғу Ватанини севадиган, халқини яхши кўрадиган ҳар қандай одамга қандайдир ўзгача кўтаринкилик бахш этиб, мотивация-куч-ғайрат беради, илҳомлантиради, кўнгилларни равшанлаштириб юборади. Негаки, мамлакат раҳбари, Юрт Сардори жамики ютуқларнинг, муваффақиятларнинг гарови, тимсоли десак асло хато бўлмас. Шу маънода ҳар қандай уйғоқ қалбли инсон Юртбошимиздан фахрланиши, ғурурланиши табиий бўлса керак.

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида шиддат билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнларини, самараларини ўз кўзи билан кўраётган шу юртнинг оддий бир фарзанди сифатида буни хорижда ўтган катта бир тадбирда ҳис қилиш янада ҳаяжонли кечганини фахр билан айта оламан.

Айни кечинмалар Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” китоблари асосида озарбайжонлик ижодкор-таржимонлар – ёзувчи ва шоир, “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” шеъри билан ҳам машҳур Акиф Бағиров ҳамда адабиётшунос олим, таржимон  Яшар Қосим томонидан тайёрлаган “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимотида айниқса, қалбимда жўш урди.

Ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтган тақдимотда Озарбайжон парламенти вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати ва юртимиз делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимот бошланиши аввалида бир қатор озарбайжонлик машҳур сиёсатчи ва зиёлилар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдик. Улар ушбу китоблар тақдимотининг Бокуда ўтказилаётгани ўзбек-озарбайжон халқларининг бир-бирига яқинлиги, ўзаро дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бораётгандан далолат эканини алоҳида таъкидладилар.

— Озарбайжондаги “Таҳсил” ноширлик уйи томонидан чоп этилган “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби  жуда катта масъулият билан таржима қилинди, бу жараёнда ҳар бир сўз бўйича маслаҳатлашдик, фикр алмашдик, – деди таниқли ижодкор, таржимон Яшар Қосим. — Бизга Қудратилла Рафиқовнинг китобларининг тили ва услуби ёқди. Таржима жараёнида ана шу жиҳатларни ушлаш, сақлаш, озарбайжон тилида чиройли жаранглайдиган сўзларни топиш ва қўллашга ҳаракат қилдик. Одамга кўп нарса берадиган мазкур китобни ўқиб, Янги Ўзбекистонни янада яқинроқ билиш, унинг асосчиси шахсияти, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ва Миллат истиқболи, шони учун амалга ошираётган ишлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлиш мумкин. Китобда жонли, ҳаётий мисоллар, халқона ибора ва мақоллар жуда юксак маҳорат билан қўлланилгани эътиборга молик.

Таржимон сифатида ўзбек мақолларининг озарбайжон тилидаги муқобилларини қўллашга интилар эканман, халқларимизнинг яшаш тарзи, фикрлаши ва фалсафаси ҳам нақадар муштараклигини ҳис этдим.

Тақдимотни Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межид олиб борди. Тадбирда Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода, Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси Анор Ризоев, Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари Маҳмуд Тоир, Ҳусан Эрматов, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, Озарбайжон Миллий илмлар академияси президенти Иса Ҳабиббейли, ижодкор-таржимонлар Акиф Бағиров ҳамда Яшар Қосим,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби мазмун-моҳияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сўзга чиққанлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари икки давлат етакчилари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг сиёсий иродаси туфайли янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Маҳорат билан озарбайжон тилига таржима қилинган ушбу китоб озарбайжонлик сиёсатчи ва зиёлилар, умуман, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қарши олингани эътироф этилди. Янги Ўзбекистон бунёдкори ислоҳотларига беэътибор бўлмаган ҳар бир инсон учун зарур маълумот ва таҳлиллар ифодаси бўлган ушбу асарда давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, аҳолига яратилаётган қулайлик ва имкониятлар, жумладан, иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, ижтимоий соҳани яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш каби масалалар ёритилгани қайд этилди.

Китобда Ўзбекистон ўз мавқеини халқаро майдонда таборо мустаҳкамлаётгани, қўшни мамлакатлар билан яқин қўшничилик сиёсати ва конструктив мулоқот амалга оширилаётгани олқишланиб, давлатимиз раҳбарининг лидерлик фаолияти, уникал бошқарув услубига алоҳида эътибор қаратилгани айтилди.

Озарбайжонлик олимлар, шоир ва ёзувчилар, сиёсий ва жамоат арбобларининг шу каби фикр-мулоҳаза ва эътирофлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятига нафақат мамлакатимизда, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам қизиқиш катта эканидан далолат беради.

Тақдимотда бир зум хаёл сурар эканман, йилдан-йилга чирой очиб бораётган шаҳар ва туманларимизда, чекка қишлоқ ва овулларимизда аҳолига яратилаётган қулайликлар, имконият ва имтиёзлар, одамларнинг яхши яшаши, соҳа ва тармоқлар равнақи, тинчлик ва фаровонликни, тўкинликни  таъминлаш йўлида рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли  ишлар, бунёдкорликлар кўз олдимдан ўтди. Қалбимни фахр-ифтихор, шукроналик туйғулари эгаллади.

Тадбир якунида “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби таржимонлари Акиф Бағиров ҳамда Яшар Қосимга Ўзбекистон томони вакилларининг совғалари туҳфа этилди. Уларга икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий  алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари учун миннатдорлик билдирилди.

Тақдимот иштирокчилари Озарбайжон Миллий кутубхонасида ташкил этилган Ўзбекистон бурчагидаги мавжуд адабиётлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

* * *

Барча соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда Уюшмамиз томонидан хориж давлатлари медиа ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бир қатор хорижий юртлардаги журналистлар ташкилоти, жумладан, Озарбайжон Матбуот кенгаши билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ана шу меморандум ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида озарбайжонлик медиа соҳа вакилларининг Ўзбекистонга, юртимиз оммавий ахборот воситалари етакчи ва ёш журналистларини ушбу мамлакатга ижодий сафарлари ташкил этилди.

Хусусан, Уюшмамизга жорий йилнинг 12 декабрь куни келган Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межиднинг таклиф хатига асосан 15-19 декабрь кунлари мазкур мамлакатга навбатдаги ижодий сафар ташкил этилди.

Сафар доирасида Озарбайжон Ёзарлар бирлигида ҳам бўлинди. Туркий дунё адабиётининг таниқли намояндаларидан бири бўлган  Анор муаллим билан учрашиб, мамлакатларимиз ҳамкорлик алоқалари, хусусан, ўзбек ва Озарбайжон адабиёти, таржимачилик бўйича суҳбатлашиш имконига ҳам эга бўлдик. Қизғин суҳбат якунида унга Уюшмамиз совғасини топширилди.

Кейинги кун Боку шаҳридаги  Озарбайжон Матбуот кенгаши биносида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгаши ташаббуси билан озарбайжонлик ёш журналистлар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Тадбирда таниқли журналист, моҳир ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Адабиёт зиёси” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Тоир ҳам иштирок этди.

Ўзаро мулоқотда икки мамлакат журналистикасининг бугунги куни, информацион хуружлар шароитида фейк хабарлар ва дезинформацияга қарши курашиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Устоз ижодкорлар ўз тажрибалари асосида ёш журналистларга тавсиялар берди.

Мавзу юзасидан муҳокамаларда Озарбайжон Матбуот кенгаши бошқаруви аъзоси Хажибей Ҳайдарли, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги журналисти Азиза Алимова, Матбуот кенгаши масъул котиби Аваз Рустамов, “Ислоҳотчи ёшлар” НТМ раҳбари Фарид Шаҳбазли, “Mening yurtim” телеканали журналисти Муҳаммадамир Ҳаётзода,  “Azxabar.com” веб-сайти раҳбари Афселеддин Агаларов ва бошқа қаламкашлар ўз таклиф ва тавсиялари, фикрлари билан ўртоқлашди.

Тадбирда икки мамлакат медиа тузилмалари, хусусан, ёш журналистлари иштирокида 2025 йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар ва тадбирлар, ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Учрашув сўнгида иштирокчилар бундай форматдаги мулоқотлар ёш журналистлар учун маҳорат сабоғи вазифасини бажариб, ҳар томонлама фойдали бўлишини қайд этишди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва юртимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари Озарбайжонга сафари давомида “Yeni Çağ” (“Yangi asr”) медиа-гуруҳи хусусий таҳририятида ҳам бўлиб, ушбу жамоа ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, таҳририят медиа студияси техник имкониятлари билан яқиндан танишди. Учрашувда “Yeni Çağ” (“Yangi asr”) медиа-гуруҳи билан Ўзбекистондаги интернет нашрлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги ғоя ва ташаббуслар бўйича сўз юритилди. Маълумот учун, ушбу таҳририят Озарбайжондаги фаол нодавлат ахборот ресурсларидан бири ҳисобланади. Бу ерда йигирма нафарга яқин ижодкор фаолият олиб боради, материаллар бир неча тилларда тайёрланади.

Қувончлиси, Озарбайжонга сафаримиз ҳар жиҳатдан фойдали, айни кунги турк дунёси ва халқаро медиа майдонидаги ҳолат, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, галдаги ҳамкорлик  бўйича мулоқот ва фикр алмашишларга бой бўлди. Икки мамлакат журналистларининг ўқуви ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.

Тошкент–Боку–Тошкент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 15 =