“Излам” жамлаган ёш ижодкорлар

Юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган, адабиёт майдонида ўз ўрнини эгаллашга интилаётган, адабий жамоатчилик эътиборига тушиб, китобхонлар аудиториясини кенгайтириб бораётган ёш ижодкорлар талайгина. Лекин адабиётни ўз тақдири деб билган, уни умр мазмунига айлантирган, муқаддас деб биладиганлар у қадар кўп эмас.

Мамлакатимиздаги нуфузли нашриётлардан бири ҳисобланган “Akademnashr” томонидан кейинги йилларда адабиётнинг турли жанрларида қалам тебратаётган истеъдодли, теран фикрли ёшлар ижоди “Излам” лойиҳаси доирасида китоб ҳолида чоп этилмоқда.

Жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қошидаги Маънавият ва маърифат марказида “Akademnashr” нашриёти томонидан чиқарилган “Излам-2” туркумидаги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда кенг адабий жамоатчилик вакиллари, таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, қайноқ юракли, заковатли ёшлар иштирок этди.

Тақдимот ўзига хос ва бетакрор тарзда бошланди: дастлаб “Излам-2” тўпламидан жой олган ижодкорларнинг асарларидан парчалар театрлаштирилган саҳна кўринишида намойиш этилди. Аҳамиятли томони, бу томошада муаллифларнинг ўзлари роль ижро этиб, ўз ижодидан парчалар, шеърлар ўқиб бердилар. Саҳна намойишининг моҳиятида “адабиёт дунёсида ўқ эмас, сўз учади, ғолиб бўлади” деган ғоя илгари сурилди. Томоша шоирга қарата ўқланган милтиқ учига 15-16 ёшлардаги ўспириннинг гул жойлаши билан тугади ва йиғилганларнинг юрагини ларзага келтирди. Дарҳақиқат, дунёга тинчлик керак. Бу ишни фақат адабиёт уддалаши мумкин.

Маълумки, 2023 йилда “Излам” лойиҳасида 9 нафар ижодкорнинг китоби чоп этилган бўлса, бу гал 15 нафар ёш адибнинг янги асарлари нашрдан чиқди. Нашриёт мутахассислари берган маълумотларга кўра, китобларни нашр этишда ижодкорларнинг ёшлари инобатга олинган. Масалан, бу галги китоблар 1991 йилдан 2000 йилгача бўлган авлод вакилларининг ижод намуналарини қамраб олган.

“Излам” лойиҳасида бу гал Шаҳриёр Шавкатнинг “Ҳам”, Нозима Ҳабибуллаеванинг “Нафас”, Мансур Жумаевнинг “Биз кутган фасл”, Нажмиддин Эрматовнинг “Турон соғинчи”, Суҳроб Зиёнинг “Дарё”, Раҳмат Бобожоннинг “Рўбарў”, Жалолиддин Саййиднинг “Ҳуққабоз”, Гулҳаё Анорованинг “Аврон” каби шеърий асарлари, Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя”, Муҳаммадхон Юсуфхоннинг “Дераза ортида”, Байрам Алининг “Босириқ”, Моҳира Эшпўлатованинг “Қирқ биринчи кун”, Жуманазар Йўлдошнинг “Сир”, Севара Алижонованинг “Маҳкум саёҳати” сингари насрий асарлари, Гулранг Убаеванинг “Гулқайчи” мақолалар тўплами чоп этилган.

— “Излам” рукнининг иккинчи фаслида ҳар бир китоб 1,5 минг нусхадан чоп этилган. Ушбу лойиҳа соф адабий лойиҳа дея олмаймиз. Бу рукнда нашр этилган китоблар ижтимоий психоаналитик, қайсидир маънода тарихий, сиёсий, мафкуравий соҳа вакиллари учун ёрдам беради. Лойиҳа кейинги авлод вакиллари билан давом этади. Ҳали биз билмаган, эшитмаган ижодкорлар бор. Биз, албатта, уларни топамиз ва кашф қиламиз деган умиддамиз”, — деди “Akademnashr” нашриёти раҳбари Санжар Назар.

Тақдимотнинг иккинчи қисмида меҳмонлар китоб муаллифларидан китобларига дастхат олишди ва суҳбатлашишди.

— “Akademnashr” нашриётининг “Излам-2” лойиҳасидаги ижодкорлар қаторида бўлиш биз учун жуда катта ишонч, масъулият юклайди. Бу баракали ижод қилишга, сўзга эътиборли бўлишга ундайди, – дейди ёш ижодкор Муҳаммад Юсуфхон.

Гули ИКРОМ қизи,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 20 =