Маҳорат мактабига кириш

Бугунги глобаллашув замонида тезкор ва аниқ ахборотларни халқимизга тўғри етказиш, маълум воқеликка нисбатан таҳлилий ва танқидий ёндашиш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва давлат билан жамият ўртасида кўприк бўлишдек масъулиятли вазифани бажараётган журналистика соҳаси вакилларининг масъулияти жуда катта.

Ўз навбатида ана шундай масъулият ва заҳмат билан битиладиган журналистик материаллар, айтайлик, турли нашрларда эълон қилингач, улар нашрларнинг сарғайган саҳифаларида қолиб кетмаслиги, доимий ўқилиши, айниқса, бўлажак ижодкорлар учун маҳорат манбаси сифатида хизмат қилиши жуда муҳим масала. Шу ўринда айнан ана шу мақсадда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Oltin qalamli jurnalistlar” номли китобнинг нашр этилиши катта воқеа бўлди.

Ушбу китобдан журналистиканинг турли жанрларида битилган энг сара материаллар ўрин олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки бугунги кунда очерк, эссе, фельетон, суҳбат ва лавҳалар ёхуд “журналистик суриштирув” рукнидаги долзарб мақолаларни ҳар куни ҳам матбуот нашрларида учратмаслигимиз мумкин.

Хулласи калом, жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ана шу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ушбу китоб давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида минг нусхада чоп этилди.

Мазкур китобда нафақат пойтахтда яшаб ижод қилаётган, балки узоқ йиллардан буён юртимизнинг турли ҳудудларида журналистика соҳасида фаолият олиб бораётган 50 нафарга яқин маҳоратли журналистларнинг энг сара публицистик материаллари жамланди.

Тақдимотда медиа соҳа вакиллари, оммавий ахборот воситалари раҳбар-ходимлари, фотожурналистлар, жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

“Oltin qalamli jurnalistlar” китобида таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Уч фараз”, устоз журналистлар Ўткир Раҳматнинг “Бирлаштирувчи куч”, Карим Баҳриевнинг “Мен нега Шавкат Мирзиёевга овоз бераман?” деб номланган публицистик мақолалари, бундан ташқари, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Биринчи сабоқ”, Фармон Тошевнинг “Шамси Назаров ким бўлган эди?”, Маматқул Ҳазратқуловнинг “Бокудан Бокуга” деб аталган очерклари, Абдусаид Кўчимов, Сафар Остонов, Қулман Очил, Аҳрор Аҳмедов, Эшқобил Шукур, Ҳусан Эрматов қаламига мансуб эсселар, Муҳаммаджон Обидов, Исмат Хушев, Ҳалим Саид сингари элимиз яхши биладиган ижодкорларнинг журналистик суриштирув йўналишидаги мақолалари ўрин олган. Ушбу салмоқли тўпламдан Одил Ёқубов, Эркин Аъзам, Анвар Жўрабоев, Анвар Абдувалиев, Норқобил Жалил, Нуриллоҳ Остон каби адибларнинг энг ўқишли суҳбат, памфлет ва лавҳалари ҳам жой олган.

Фотожурналистика бўйича тажрибали фотомухбирлар – Абдуғани  Жума, Алимурод Мадаминов, Ҳусниддин Ато  ва бошқаларнинг  турли ракурслардан олинган 70 га яқин суратлари ҳам жой олганлиги эътиборли.

Китоб тақдимотини Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов олиб борди. Тақдимотда бир қанча устоз журналистлар сўзга чиқди.

Салим ДОНИЁРОВ — “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири:

— Ушбу китоб тақдимоти журналистикамиз фаолиятида алоҳида ўрин тутадиган воқеа, десак, адашмаймиз. Унинг чоп этилиши ва тақдим этилишини ҳеч иккиланмасдан маҳорат мактабига кириш дейиш мумкин. Чунки ундан ўрин олган мақолалар, очерк ва эсселар, умуман ҳар бир материал, айниқса, ёшлар учун катта маҳорат дарси бўлишига шубҳа йўқ. Китобни кенгроқ тарғиб қилиш ва уни кўпроқ одамларнинг мутолаа қилишига кўмаклашиш мақсадида электрон шакли ҳам ҳавола этилса, яхши бўлар эди.

 Ҳусан ЭРМАТОВ — “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари

бош муҳаррири, сенатор:

— Ушбу китоб бугунги кунда босма нашр журналистикаси учун ойна вазифасини бажаради. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари саҳифаларида, хусусан, босма нашрларда чоп этилаётган мақолаларга нисбатан кўпинча турли эътирозлар билдирилмоқда. Аслида ҳам газеталаримизда бир пайтлардагидек ўткир фельетонлар, очерклар, “журналистик суриштирув”лар камайиб кетган. Аммо журналистиканинг барча жанрларида ўзига хос мактаблар яратиб кетган устозларимиз бор. Уларнинг асарларидан ҳам намуналар китобнинг кейинги нашрларида ўрин олиши керак. Қолаверса, бу китобни нафақат журналистика соҳасига дахлдор инсонлар, балки турли касб эгалари, зиёлилар ўқиши керак.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД — ёзувчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Қаердаки журналистика борасида энг оддий гап айтилса ҳам, мақсад битта бўлиши керак: бу — журналистиканинг обрўсини, қадрини кўтариш. Ушбу “Oltin qalamli jurnalistlar” китобидан кутганимиз ҳам журналистиканинг нуфузини, аҳамиятини янада оширишга қаратилган ишлардан бири, десак бўлади. Китоб мундарижасини кўрган одам: “Ие, шунча журналистларимиз, қалами олтин фидойиларимиз бор экан-ку!” дейиши шубҳасиз. Ана шу жиҳатдан мазкур китобни ҳеч иккиланмай “дунёда ягона тўплам!” дейиш мумкин. Унга ўзимнинг ҳам мақолам киритилган. Устозларда бир гап бор: “Газетада мақоланг чиқдими, икки марта ўқи” деган. Ҳозиргилар ўқийдими, йўқми, мен ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Мақолалар кимгадир далда, туртки бўлармикин, фикрлашга, ўйлашга ундармикин деб ўйлаб қолдим. Мен Уюшма фаолиятига омад тилайман. Олтин қаламли журналистлар кўпаяверсин! Бу китоб жавонларда қолиб кетмасин.

Тадбир давомида Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бир қатор ижодкорларга журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари топширилди. Тадбир сўнгида эса иштирокчиларга “Oltin qalamli jurnalistlar” китоби улашилди.

Дарвоқе, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ушбу хайрли лойиҳа асосида ҳар йили “Oltin qalamli jurnalistlar” сериясида ана шундай китоблар нашр этилиши маълум қилинди.

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =