Илмга интилган аёллар

Республикамизда мустақилликка эришгандан буён аёллар таълими ва илм-фанга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Aйниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2022—2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да хотин-қизларнинг таълим олиши ва илмий-ижодий фаолиятини ривожлантириш муҳим йўналиш сифатида белгиланди.

Тараққиёт стратегиясининг бешинчи йўналишида маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, айнан шу асосда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ишлаб чиқилди. Бу концепция аёлларнинг илмий ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини кенг оммага танитиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Aйни шу стратегия доирасида Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университетининг психология ва мактабгача таълим кафедрасида илм-маърифат ва санъат соҳасидаги аёллар ютуқларини кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро лойиҳа устида иш олиб бормоқдаман. Туркиянинг “Baygench” нашриёти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг таълим, адабиёт ва санъат соҳаларида энг истеъдодли ва билимли аёл-қизлари ижодини жамлаган “Özbekistan’ın Aydın Kadınları” ва “Gönül Sesleri: Özbekistan’ın bilim, edebiyat ve sanattaki yetenekleri” номли халқаро антологияни нашр этиш жараёнида катта тажриба орттирдим. Ушбу нашр Президентимизнинг илм-маърифат соҳасидаги стратегик мақсадлари доирасида амалга оширилган муҳим ташаббуслардан биридир.

Aнтология Ўзбекистоннинг турли соҳаларда фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ иқтидорли аёлларининг илмий изланишлари, бадиий асарлари ва санъатдаги ютуқларини ўз ичига олган. Ушбу тўплам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, ўзбек аёллари ижодини халқаро миқёсда танитишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Мазкур нашр тақдимоти Туркиянинг Aланя шаҳридаги Савдо ва саноат палатаси мажлислар залида ўтказилди. Тадбирда икки давлатнинг адабиёт ва санъат намояндалари, журналистлар ҳамда олимлар иштирок этиб, бу лойиҳанинг маданий ва илмий жиҳатдан катта аҳамиятга эгалигини таъкидладилар.

Ўзбекистон хотин-қизлари бугун ҳар қачонгидан-да фаол, ҳар қачонгидан-да ижодкор ва илм-маърифатга интилган ҳолда янги марраларни забт этмоқда. Давлатимизнинг аёлларга таълим ва илм йўлида яратиб бераётган имкониятлари ўз самарасини бермоқда. “Özbekistan’ın Aydın Kadınları” va “Gönül Sesleri: Özbekistan’ın bilim, edebiyat ve sanattaki yetenekleri” антологиялари нафақат ўзбек аёлларининг ижодий ютуқларини акс эттирувчи муҳим нашр, балки келажак авлод учун илҳом манбаи, илмий ва маданий кўприк бўлиб хизмат қилади.

Марғуба ҲАСАНОВА,

Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университети

катта ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − ten =