Манглайни қуёшга куйдириб

(Атоқли қозоқ шоири Қазибек Иса ижоди ҳақида мухтасар сўз)
Қозоқ халқининг ХХ аср бошида яшаб, ижод қилган атоқли шоири ва давлат арбоби Сакен Сейфуллин ўз даврининг катта адиби, маърифатпарвар олими Ахмет Байтурсуновга “ўз миллатини чин севадиган, ҳақиқий миллатпарвар”, дея таъриф берган эди. Ва баъзи зиёли замондошлари фақат шахсий манфаатини кўзлаб, ор–номусини, ҳатто иймонини сотган бир пайтда, унинг ўз халқи ор–номусини ҳимоя қилишга, шу иш учун ўз жонини ҳам тикишга тайёрлигини айтади. Чиндан ҳам бундай миллатпарварлик, халқпарварлик эътироф ва ифтихорга арзигулик сифат бўлиб, бугунги замондошларимиз орасида ҳам бундай фазилатларга эга инсонлар борки, шулардан бири атоқли қозоқ шоири Қазибек Исадир.
“Гармсел”, “Қизил юлғин”, “Тотли чанқоқ”, “Сиримни айтдим далага” — буларнинг ҳаммаси таниқли қозоқ шоири, моҳир публицист, жамоат арбоби Қазибек Исанинг қаламига мансуб бўлган шеърий тўпламларнинг номлари. 1962 йилнинг 23 апрелида Қозоғистоннинг ҳозирги Туркистон вилояти Еттисой туманида жойлашган Биринчи мамир овулида, жўғрофий термин билан айтганда, юртининг энг жанубидаги иссиқ минтақада, Қизилқўм чўли этагида туғилган шоирнинг шеърий тўпламлари шундай номланиши ҳам табиийдир.
Кўпчилик учун чўл табиатининг тасвири рангсиз, мудроқ ва зерикарли бўлиб туюлиши мумкин. Лекин болалиги ушбу қайноқ маконда ўтган шоир ўзининг “Қизил юлғин гули” шеърида чўл табиатини тасвирлаганда камалакнинг деярли етти рангига хам мурожаат қилади:
Таъриф қила олмай рангингни, юлғун,
Йилдан-йилга ўртар кўнглимни бир мунг.
Қизғишми, бўзмиди ё бинафша ранг,
Товланиб кўрганни этдинг ҳангу манг.
Қизилқум — бир гўзал, атроф теварак,
Бизни алвон юлғин чорлайди, юрак…
Шоирнинг шеърида чўл рангларининг бу қадар товланиши бекорга эмас. Чунки бўлажак ижодкорнинг болаликдаги орзуси журналист ёки рассом бўлиш эди. Ушбу орзуси уни Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Алмати шаҳрига етаклаб келди. Абай номидаги педагогика институтининг тасвирий санъат ва графика факультетида таҳсил олди. Лекин ижодкорнинг ўз интервьюларидан бирида айтганидек, у Алматига рассом бўлиб келиб, овулига шоир бўлиб қайтди. Шу боис ўзи ўқиган мактабда тасвирий санъат билан бирга тил ва адабиёт фанларидан ҳам дарс бера бошлади. Рассомлик ва шоирликнинг қай бирини танлашда анча қийналганлиги унинг “Номаълум рассом” шеърида ҳам сезилади:
Тузалмас бир дардга даво топгандай,
Бўёқлар сирини дилда тутдим пок.
Ижодкорга насиб шўру талх манглай,
Гоҳ сўзга кўнглимни бераман, Ван Гог.
Ана шундай иккиланишлар орасида юрар экан, қўшни ва қардош эллардаги каби Қозоғистонда ҳам истиқлолнинг илиқ шамоли эса бошлади. Она юртидаги ушбу улуғвор ўзгаришлардан қанчалик ифтихор туйғусини сезганлигини “Мустақиллик” шеъридан билиб оламиз:
Мана Мустақиллик — отди тонгимиз!
Шу бизнинг бахтимиз,
қутлуғ бонгимиз!
Вужудида иқтидор ва ёшлик ғайрати жўшиб турган Қазибек Иса яна Алмати шаҳрига талпина бошлади. Энди бу шаҳар бир пайтлар марказга бўйсунувчи ўлканинг эмас, Қозоғистон Республикаси деб номланган мустақил давлатнинг пойтахтига айланган эди. Қазибек Иса Алмати шаҳридаги илк демократик нашр “Жас қазақ” газетасида ўзининг журналистик фаолиятини бошлади. Дастлаб “Ўркен” газетасида ишлади. Шу соҳада деярли ўн йиллик тажриба тўплагандан сўнг ўзининг “Жас қазақ уни” (“Ёш қозоқ овози”) газетасини очди. Бугунги кунда бу газета “Қазақ уни” (“Қозоқ овози”) номи билан ўз ўқирманларига эга бўлиб келмоқда. Қазибек Исанинг ўзи эса ҳозирда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлисининг депутати. Унинг бугунги касбий ва сиёсий фаолияти эса “Мурод” сарлавҳали шеъридан олинган мана бу мисраларда тўлақонли намоён бўлгандек:
Манглайни қуёшга куйдириб,
Товонимни тошга тилдириб,
Шу қозоқ халқининг ҳаққини
Қайтариш учун юрибман.
Ҳа, ҳозирча айтганларимиз Қазибек Исанинг ижодига унинг ҳаётидаги муҳим босқичларга ҳамоҳанг тарзда назар ташлаб ўтиш эди, холос. Ана энди адиб шеъриятининг теран қатламларига кириб боришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Шоир ижодида яққол кўзга ташланадиган жиҳатлардан бири — унинг шеърларида инсондаги табиийлик билан ижтимоийликнинг тўқнаш келишидир. Масалан, шоир “Туя излаган бола” шеърида шаҳарга яқин ерда яшайдиган ва йўқолган туясини излаб шаҳарга келган болани куюниб тасвирлайди.
Айланайин, оппоқ экан кўнгли, шаъни,
Алдамаган, алдамаган ҳеч кимсани.
Кўтарганча юрайинми кўчаларда,
Кўринг, дея энг буюк бир мўъжизани.
…Бола кўнгил не дейишин биламан мен,
Типирчилар, тиним билмас юрагим.
Паст-баланди кўп бўлган бу шаҳардан,
Туясини тез топсин, шу тилагим.
Ватанининг бепоён далаларида қад кўтарган қадим обидалар, азиз-авлиёларнинг мақбаралари, она юрт ўтмишида теран из қолдирган тарихий шахслар сиймоси ҳам шоир шеърларида ўз ифодасини топган. Қозоғистондаги Қаратау тоғининг кунгай бетида, Туркистон шаҳридан 35-40 км шимол томонда жойлашган Уккоша ота қудуғи ҳақидаги шеърида ушбу авлиё номи билан аталадиган қудуққа уч бора челак ташлаб, сўнгги учинчи уринишда сув чиқара олганлигини ўзига хос маҳорат билан тасвирлайди.
Иш бўлди бу қоладиган кўп эсда,
Уч интилдим, чиқмади у бирпасда.
Қудуқдан бир тотли сувни кўтарган
Қора челак хосиятсиз эмас-да.
Буюргани билмам энди қандай таъм,
Шўр пешона ювилгандир шу билан.
Танбеҳ бериб олгандан сўнг онам ҳам
Сийпар эди ўғлининг манглайидан.
Ҳаёт йўли доим чақир-сўқмоқли,
Яратгандан бошқа йўқдир яқини.
Аллоҳ севган бандасига айланиб,
Тавба қилиб… қайтди қозоқ оқини!..
Мустақилликка эришган қўшни ва қардош давлатлар қаторида, Қозоғистонда ҳам тил масаласи эътиборталаб масалалардан биридир. Қазибек Иса касбий фаолиятида ҳам, ижодий фаолиятида ҳам тил масаласини назаридан четда қолдирмай келмоқда. Шу ўринда қозоқ халқининг атоқли шоири Мухтар Шахановнинг: “Ҳақиқий шоирлар ҳамма замонда ўзини улушдан тортди, маънавий манфаат чўққиси — ҳақиқат учун курашди”, — деган сўзлари ёдга келади. Ҳеч муболағасиз айта оламиз, Қазибек Иса — ҳақиқий шоир. Чунки у ўз халқининг манфаати, тили ва қадриятларининг софлиги учун, керак бўлса, юрт тинчлигига рахна солмоқчи бўлган ташқи таъсирларга ҳам қарши кураша олди. Адабиёт майдонида ҳам, бошқа майдонларда ҳам аччиқ ҳақиқатни айта олди.
Садқаи жон, дер майдонга чиқса ким,
Асра, отамерос ахир бу тилим.
Тил дегани юрак бўлар, уриб турган,
Юрагингни йўқотмагин, она элим.
Ҳа, бир мақола кўламида муайян бир шоирнинг ижодини тўлалигича тавсифлаб чиқиш қийин. Ўзи аслида бунинг ҳожати ҳам йўқ. Шунинг учун сўзимизни шоир шеъридан олинган мана бу мисралар билан хулосалашни маъқул кўрдик:
Барини айтишга борми зарурат,
Эрта сараланар бари муқаррар,
Сен шоир ҳақида биласан фақат,
Унинг шеърини ҳис этсанг агар…
Турсунали АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.