Қозоғистоннинг азму қарори

Сўнгги ҳафталарда Қозоғистон жамоатчилиги атом электр станцияси қурилиши масаласини қизғин муҳокама қилмоқда. Бу, таъбир жоиз бўлса, “ё нажот, ё ҳалокат” масаласига айланган. Зеро, мамлакатнинг энергетика жабҳасида ошиб бораётган эҳтиёжини қоплаш кўп жиҳатдан АЭСга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Танганинг иккинчи томони бўлганидек, АЭС қурилиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам мавжуд. Шу боис Қозоғистон раҳбарияти бу масалани умумхалқ муҳокамасига қўйишни маъқул деб топди.

Энг узоқ давом этган кампания

6 октябрь, якшанба куни Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтди. Мамлакат халқи “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимиз?” деган саволга жавоб берди.

Ушбу референдумга тайёргарлик мамлакат сиёсий тарихидаги энг узоқ давом этган кампания деб баҳоланмоқда. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2023 йил 1 сентябрдаги мурожаатномасида референдум ўтказиш ғоясини илгари сурган эди.

Мамлакат масъулларига кўра, референдумга ҳозирлик ишлари ўшандаёқ бошланди. Ўтган бир йил мобайнида ҳудудларда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди, экспертлар, жамоат фаоллари ва зиёлилар атрофлича фикр алмашди.

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) овоз бериш учун 12 миллион 284 минг 487 нафар фуқарони рўйхатга олди.

Референдум участкаларининг умумий сони 10323 тани ташкил этди. Ушбу муҳим сиёсий тадбирда қонунчиликка риоя этилишини 30 давлатдан келган 177 нафар кузатувчи ўрганиб борди.

Дастлабки маълумотларга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга 7 миллион 820 минг 204 нафар қозоғистонлик (электоратнинг 63,66 фоизи) конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди. Уларнинг 5 миллион 561 минг 937 нафари (71,12 фоизи) АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаган бўлса, 2 миллион 45 минг 271 киши қарши овоз берди. МСК якуний қарорни тегишли муддатда эълон қилади.

Дунё давлатларидан борган кўплаб журналистлар қатори биз ҳам Остона шаҳридаги бир неча овоз бериш участкаларида бўлиб, жараённи бевосита кузатдик. Овоз бериш ҳуқуқига эга аҳоли эрта тонгдан ўзи рўйхатдан ўтган участкага келаётганини кўриш мумкин.

Ногиронлиги мавжуд сайловчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани сезилади. Хусусан, участкаларда қулайлик яратиш учун пандуслар, тактил белгилари, брайл алифбоси билан жиҳозланган кабиналар, махсус қулоқчинлар ва компьютерлар ўрнатилган.

Етти ўлчаб бир кесиш зарурати

Президент Қ.Тоқаев жорий йил 2 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма йиғилишида глобал энергия танқислиги кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, ишончли ва экологик тоза энергия манбалари, хусусан, атом энергетикасини ривожлантириш зарурлигини урғулаган эди.

“Бугунги кунда 30 та ривожланган ва ривожланаётган давлатда 200 га яқин АЭС фаолият кўрсатмоқда. Биз ҳам мамлакатимизнинг узоқ муддатли миллий манфаатлари ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда келажак ҳақида ўйлашимиз керак”, — деган эди Қ.Тоқаев.

Қозоғистон АЭС қуришга азму қарор қилгани бежиз эмас. Мамлакатда 2023 йилда электр энергияси истеъмоли ҳажми 115 миллиард кВт/соатга етган. Ишлаб чиқариш 112,8 миллиард кВт/соат, қўшни давлатлардан импорт ҳажми 3,4 миллиард киловатт/соат, экспорт 1,4 миллиард кВт/соатни ташкил этган. Тўғри, бир қарашда ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасида тафовут у қадар катта эмас. Бинобарин, ишлаб чиқаришни бироз оширган ҳолда эҳтиёжни қоплаш мумкиндек. Аммо муаммо шундаки, Қозоғистонда электр энергиясининг асосий қисми (70 фоизи) кўмирни ёқиш орқали олинади. Кўмир эса атроф-муҳит, ҳаво ифлосланишининг асосий манбаларидан экани сир эмас. Боз устига, мамлакатдаги электр энергияси ишлаб чиқарадиган ускуналарнинг 70 фоиздан ортиғи эскирган.

Қозоғистон уран захираси бўйича дунёда иккинчи ўринда, уни қазиб олиш бўйича эса биринчи ўринда туради. Курраи арз бўйлаб аниқланган умумий захиранинг 14 фоизи қозоқ заминида жамланган. Мамлакатда ураннинг тасдиқланган захираси 900 минг тоннадан зиёдни ташкил этади.

“Биз уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўриндамиз. Ушбу ноёб энергетик хомашёни руда ёки бирламчи маҳсулот шаклида хорижга сотиш билан чекланмай, уни Қозоғистон халқи келажаги учун, саноат тараққиёти учун сарфлашимиз керак эмасми?” — деди Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ОАВ вакиллари билан суҳбатда.

Мамлакатда АЭС қурилиши, биринчи навбатда, хомашё мўл-кўллиги ва беминнатлиги билан асосланмоқда. Шу билан бирга, энергия балансини диверсификация қилиш анъанавий углеводородларга қарамликни камайтириши, янада барқарор энергия тизимига ўтишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

“Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси бошқарувчи директори Жақип Хайрушев мамлакатда АЭС барпо этилиши энергия хавфсизлигини таъминлаш ва тақчилликни камайтириш учун зарур, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу турдаги иншоотларни қуришнинг дастлабки харажати катта бўлишига қарамай, истиқболда энергия ишлаб чиқаришнинг арзонлиги ва реакторларнинг узоқ муддат хизмат қилиши туфайли АЭСлар иқтисодий жиҳатдан фойдали саналади.

Мусбат ва манфий қутблар

АЭС қуриш хамирдан қил суғургандек осон кечадиган юмуш эмас, албатта. Иш рисоладагидек ташкил этилмаса, авариялар, ҳалокатлар рўй бериши мумкин. Қозоғистон жамоатчилигини ҳам масаланинг айни шу жиҳати хавотирга солмоқда. Энергетика масъуллари эса АЭС замонавий технологиялар асосида, хавфсизликнинг юқори стандартлари асосида барпо этилиши, хатарларнинг олди олинишига ишонтирмоқда.

Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда дунёдаги айрим давлатлар ривожланаётган мамлакатларни технологиялар орқали ўзига қарам қилишга уринаётганини инкор этиб бўлмайди. Сираси, атом энергетикасига оид йирик лойиҳаларда тарозининг бир палласида энергетик фаровонлик турса, иккинчисида иқтисодий суверенитет туради. Бу жиҳатдан ҳақли савол туғилади: Қозоғистон АЭС қурувчи давлатларга технологик жиҳатдан қарам бўлиб қолмайдими?

Расмий Остона АЭС қурилишида пудратчилар наинки иқтисодий омиллар, технологик ишончлилик нуқтаи назаридан ҳам сараланиши керак деган позицияда.

Қозоғистон тўрт давлатнинг катта қувватли реактор технологияларини кўриб чиқмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун “CNNC” (Хитой), “KHNP” (Жанубий Корея), “Росатом” (Россия) ёки “EDF” (Франция) компанияси пудратчи сифатида танланиши мумкин.

Президент Қ.Тоқаев 6 октябрь куни овоз бериш участкасида журналистлар билан мулоқотда АЭС қурилиши учун бир давлат ширкатини эмас, балки илғор технологияларга эга компанияларнинг халқаро консорциумини танлаган маъқул эканини таъкидлади.

Дастлабки хулосага кўра, АЭС учун Олмаота вилоятининг Балхаш кўли қирғоғидаги Улкен қишлоғи танланган. Маълумот ўрнида, бу ҳудуд Тошкент шаҳридан қарийб 800 км масофада жойлашган. Энергетика вазирлиги жойни танлаш бўйича тадқиқотлар МАГАТЭ тавсияларига мувофиқ амалга оширилганини маълум қилган.

Лойиҳани молиялаштиришнинг турли йўллари мавжуд. Бу борада хусусий сармоя, халқаро молия ташкилотлари кредитлари, давлат ғазнаси ва давлат-хусусий шериклик вариантлари кўриб чиқилмоқда.

Жаҳон амалиётига кўра, АЭСда бир неча минг кишилик мутахассислар фаолият юритади. Демак, юксак малакали кадрларни тайёрлаш ҳам кун тартибидаги асосий масала саналади.

Қозоғистон тақдируламал аҳамиятга эга масалада танлов қилмоқда. АЭС қурилиши каби улкан лойиҳалар давлат билан раият ялакат мағиздек жипс бўлишини талаб этади.

Собир САЛИМ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =