Қўшним – жигарим

Хоразмликлар Шуманай туманига мададга келишди
“Қўшнинг тинч — сен тинч” мақоли замирида катта маъно борлигини англаш қийин эмас. Қўшнимизнинг уйидаги фаровонлик, тўкинлик, ҳамжиҳатлик бизга ҳам ҳаловат бағишлайди. Мабодо қўшнининг хонадонида келишмовчилик бошланса, биз ҳам тинчимизни йўқотамиз. Шунинг учун қўшниларимиз билан аҳил, иноқ бўлиб борди-келди қилиш, ширинроқ таом пиширсак, қўшнига ҳам илиниш азалий удумларимиздан саналади.
Хоразмликлар Қорақалпоғистоннинг чексиз ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли билан яқин қариндошдек, оға-ини-ю, опа-сингилдек бир-бирларига иззат-ҳурмат кўрсатишади. Бу бежиз эмас. Чунки яқин қўшничилик улуғ неъмат.
Яқинда хоразмлик бир гуруҳ қурувчилар ва турли касб эгалари бунёдкорлик жабҳаларида қатнашиш учун Шуманай туманига йўл олишди. Мақсад — қўшниларнинг яшаш шароитидан хабар олиш, муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, янгидан иморатларни тиклашдан иборат эди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 1 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган, яшаш шароити оғир бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган эди. Шу асосда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида вазифалар белгилаб берилди. Ана шунга асосан республикамиздаги вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туманларига бириктирилди.
— Хоразмликлар Шуманай туманидаги овулларни тараққий эттириш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, янгидан уй-жойлар қуриш ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида бунёдкорлик ишларини бошлаб юборишди, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Назира Матёқубова.
Энг қувонарлиси, туманнинг “Бирлашик” овули фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда 50 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилди. Хоразм вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан қад ростлаган мазкур бинода эндиликда овулнинг мактабгача ёшдаги болалари тарбияланмоқда.
Бундан ташқари, уй-жойи эскирган аҳолига янгидан турар жойлар қуриб берилиб, фойдаланишга топширилди. Баъзи уйлар томи шифер қилиб берилди. Бундан ташқари, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Шуманай туманида 349 та оиланинг турар жойида таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги боис, уйлар янгича қиёфа касб этиб, кўзларни қувонтирди. 20 нафар фуқаронинг эскирган уйлари ўрнида янгидан замонавий иморатлар бунёд этилди. Мазкур янгиланишлар учун вилоят бюджетидан 5,5 млрд сўмлик маблағ ажратилган.
3 млрд сўмлик лойиҳа асосида янгидан яна бир мактабгача таълим ташкилоти қурилаётганлиги ота-оналарга чексиз қувонч бағишламоқда. Тумандаги бир қанча овуллардаги ўнқир-чўнқир йўллар асфальт қилиниб, пиёдалар йўлакчалари ташкил этилди.
Шуманайлик аҳоли хоразмликларнинг беғараз кўмакларидан беҳад мамнун бўлишмоқда. Эндиликда Шуманай тумани ҳам ижтимоий-иқтисодий томондан ривожланиб, овулларнинг инфратузилмаси янада яхшиланмоқда.
Қўшниларнинг қалбида яралган дўстлик кўприклари ҳеч қачон завол топмагай!
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА