Шеър, куйдан афзалдир дил сўзлар
Хуллас… биз, аёллар тўю маросимларга борадиган бўлсак, бозордаги пишириқлардан тугун қилиб олишга ўрганганимиздек; кўйлак этаги ёки шимнинг почасини қайириб тикиш керак бўлса, тикув цехига олиб бориб чок бостириб келадиганлар кун сайин кўпайиб бораётганидек; марказий шаҳарларда ошхонамиздаги қозонда “жиз-биз” қилишдан кўра кўчадан овқат олиб келишга буюртма беришимиз оддий ҳолатга айланиб қолаётганидек; боғча боламизни байрам тадбирига тайёрлашда унинг сочини ўзимиз ювиб, тараб, чиройли ўриб қўйиш ўрнига, тўрт-беш ёшли қизалоғимизниям сартарошхонага олиб бориб, ўша ерда жингалагу чамбарак қилдиришимиз урфга кираётганидек; уйимизда соғу дуркун қизларимиз, келинларимиз бўла туриб, хизматчи ёллаб уй-жойларимизни тозалатиб, кир-чирларимизни ювдириб олишимиз янгилик бўлмай қолганидек; дил қўмсаганда, вақти-вақти билан яқин қадрдонлар билан кўнгил кўнгилдан сув ичмоғини ният қилиб бир-биримизникида бир пиёла чой устида дийдорлашмоқ ўрнига кафелар, ресторанларда ясан-тусанимизни намойиш этиб, кайфиятимизни чоғлаб ўтиришни ёқтирганимиздек… (санайверсам, асосий гапга ўтишим узоқлашиб кетади-ёв!) ҳар куни юзма-юз келишнинг имкони бўлмаган ҚАДРДОНЛАРИМИЗГА, АЙНИҚСА, ЭНГ АЗИЗУ ҒАНИМАТ ЗОТЛАР — ОТА-ОНАЛАРИМИЗГА меҳру муҳаббатимиз, соғинчимиз, тилакларимизни баён этишда ҳам тайёр воситачилар, беминнат ёрдамчилар топиб олаяпмиз.
Яъни, ота-оналарнинг ёки ён-атрофларидаги одамларнинг телефони орқали ота-она, уларнинг улуғлиги, дуоларининг бебаҳолиги, қалбларининг офтобу сўзларининг малҳамлиги ҳақида сўз устаси ўқиган шеър ёки машҳурми (ҳаваскорми) санъаткор ижро этган қўшиқни кетма-кет йўллаймиз. Ва бу билан кечасию кундузи бир оғиз самимий сўзимиз, йўқловимиз, юз-кўзимизни бир кўришга интизор бўлган ғаниматларимиз олдидаги вазифамизни бажариб қўйгандек ҳис қиламиз ўзимизни.
Тўғри, халқ оғзаки ижодию терма қўшиқларида ҳам, машҳур ва тетапоя шоирлар ижодида, санъаткорлар репертуарида она, отани улуғловчи етук шеърлар, қўшиқлар жуда кўп. Улар жамиятда ота-она қадр-қимматини англатиш, юксалтириш, қалбларга улар муҳаббатини чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Лекин… келинг, икки ҳолатни хаёлан тасаввур этиб, улар юзасидан мулоҳаза юритиб, хулоса чиқарайлик: фарзандини соғинган, бир кўришга зор бўлиб дақиқалар санаётган волидаи мушфиқага она ҳақидаги энг олижаноб, таъсирли, гўзал фикрларни ўзида жамлаган шеър ёки қўшиқ азизми ёки дилбандининг соддаю самимий: “Она, онажон, яхшимисиз? Мен сизни яхши кўраман. Сизни соғиндим” дегани афзалми? Менинг жавобим — иккинчи ҳолатни тасаввур этишнинг ўзида кўзларимга дувиллаб тўлган ёшларим. Зеро, беихтиёр оққан ёшларда алдов, риё йўқ.
…Бундан ўттиз йиллар олдин Тошкентдан Марғилонга борадиган бўлсам, олдиндан огоҳлантирмай, уйимизга кутилмаганда кириб боришни одат қилдим. Чунки келишимизни аввалдан билсалар, тўқсонни қоралаб бораётган онажонимнинг тайёргарчилик ташвишига тушиб қолишларини билардим. Кўпинча Фарғонага самолётда учиб, бир соатлардан кейин ҳовлимизга кириб борсам, онаизорим ўзларини йўқотиб қўярдилар:
— Вой, бугун қандай яхши кун экан! Қандоғам ажойиб кун экан! Эрталабки поезд ўтиб кетганига неччи соат бўлди? Қандай келдинг, қайси томондан келдинг, болам?
— Осмондан тушдим, она, осмондан, — дердим томоғимга тиқилиб келган титроқли туйғуларимни яширишга уриниб.
— Ҳа… бир соатча олдин Фарғона томонга самолёт учиб ўтганди…
Ичимдан зил кетардим: “Эй нодон, сен токи йўлга чиққунча неча марта режангни ўзгартирдинг? Бу ерда онанг ҳар куни Фарғона томонга учиб ўтган ҳар битта самолётни умид билан кутиб, кузатиб ўтирибди…”
Оналарнинг бағри кенг. Болаларига нисбатан битта жони қирқтага айланиб, ҳаётнинг ўтидан кириб сувидан чиқади. Она қалбининг яна бир кашфиёти десакми, улуғворлиги десакми — ўз боласининг битта совғасини қирқ ва ундан ортиқроқ инъомлар ўрнида қабул қилади, ўз жигарбандининг битта меҳрли сўзидан шеърий достону китоблар ўқигандан ҳам кўпроқ қувониши, бахтиёр бўлиши мумкин. Шуни унутмайлик, майли, жимжимадор, жарангдор бўлмасин. Онамизни ўз дил сўзимиз, меҳру ҳурматимиз ифодаси бўлган соддаю самимий сўзлар билан йўқлайлик, аҳволини сўрайлик. Қўнғизки боласини “оппоғим”, типратикан “юмшоғим” дер экан… фарзанднинг “Она! Онам!” деган сўзи мунису мушфиқалар учун энг дилобар куйдан ҳам дилбарроқ, малҳамдан ҳам малҳамроқ эмасми? Керагу нокерак ўринларда ниманингдир илинжида бийрону сўзамол бўлиб гуноҳга ботгандан кўра, отамизни, онамизни ва жамики яқинларимизни, дуогўйларимизни “Ассалому алайкум” билан йўқлайлик, овозини эшитайлик. Бу ғанимат имкониятнинг савоби ҳам оналар мартабаси каби улуғ бўлса, ажабмас.
Сўзлари саралаб танланган,
Оҳанглар сайқаллаб янграган,
Энг номдор шоирлар тўқиган
Ҳам машҳур нотиқлар ўқиган,
Овози булбуллар куйлаган,
Нафаси малҳамлар сўйлаган —
Шеър, қўшиқ, сўзларни кўчириб,
Қушлардек пешма-пеш учириб,
Ҳар куни йўллайсан номимга…
Шукрлар, шукрлар борингга.
Лек қалбда бир тилак, жон болам,
Мен учун тенги йўқ хон болам,
Дардларим малҳами — овозинг,
Шеър, куйдан афзалдир дил сўзинг.
Соғиндим, қалбимга шифо бер,
“Она-а”, — де, “Онам!” — деб садо бер.
Дунёни унутиб гоҳ ёд қил,
Вайронман, “Онам!” — деб обод қил.
Муҳтарама УЛУҒОВА