Дедушка хрюша
Ўктам МИРЗАЁР
Муаллиф ҳақида:
Ўктам Мирзаёр — 1956 йили Нарпай тумани, Оқтош шаҳрида таваллуд топган. 1974-1982 йилларда ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (ТошДУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Огоҳ кўнгил” (1992), “Яхши кунлар қувончи” (1998), “Соғинч дафтари” (2019), “Сўз ишқи” шеърий тўпламлари (2019) ҳамда “Тупроқ ҳиди” (2012), “Амакимнинг касали” (2015) насрий тўпламлари муаллифи.
Ўктам Мирзаёр адабий сценарийлари асосида “Ўзбекистон байроғи”, “Қадр” ҳужжатли фильмлари суратга олинган. “Боғ”, “Бобойлар” радиопостановкалари тингловчилар эътиборига ҳавола этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.
Ҳикоя
Октябрь тоға МЭЛС фирқанинг ўғли. Мэлс фирқа ўз даврида қип-қизил коммунист бўлган. Ўзининг исми Маркс, Энгельс, Ленин, Сталин деган фирқалар даҳолари исмининг бош ҳарфларидан олинганига қараганда, шу исмни қўйган бобоси ҳам анойи одам бўлмаган кўринади. Бунинг устига, фирқа ўғлининг исмини ҳам Октябрь инқилоби шарафига қўйган. Садоқат дегани ҳам шунча бўлар-да! Худди “Ўртоқ Бойкенжаев” фильмидагидек. Партия “ўл” деса, ўлишга ҳам тайёр одамлар…
Уларнинг ҳаммаси ўтиб кетган. Ўтганларнинг ортидан гапириш айб. Аммо Мэлс фирқа ашаддий коммунист эди. Колхозда парторглик қилган, атеист бўлган. Бир оташин нутқи бор эди, айниқса, Худо ҳақида гапирганда кўзлари ёниб кетарди, муштини боши узра кўтариб ҳайқирарди.
Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! Унинг айтганларини ёзишга ҳам қўлинг бормайди. Хуллас, шунақа одам эди. Шундайлигича ўтиб кетди шўрлик. Аммо барибир элчилик-да, у ишдан кетиб, ҳеч кимга кераги бўлмай қолганидан кейин ҳам маҳалла-кўйга қўшилмай юрган бўлса-да, қазоси етиб бу оламдан ўтганида, қавму қариндошларининг ҳурмати учун эл қатори жаноза ўқилди. У ёғи бизга қоронғи.
Октябрь тоға ота таълимини олган эмасми, мустақилликкача падари изидан бориб, отасича бўлмаса-да, берироқ лавозимларда ишлаб, қариди. Ўғлидан невараларини ленинчасига ўқитишни қатъий туриб талаб қилди. Октябрь тоға исмига шу қадар садоқатли эди. Кўнглидагини очиқ айтмаса-да: “Юрадими элнинг кейинги оёғи бўлиб?” деб туриб олди. Ўғли ҳам кўнди. Мана, ўша невараси ҳозир ўн беш ёшдан ошяпти. Гап-сўзлари тўқмоқдай. Тоға шу неварасида Мэлс бобосининг келбатини кўради, ҳаракатчан, дадил, юзингда кўзинг борми демай, бор гапни айтади-қўяди. Бу ёғи ленинчилик.
Аммо уч кундирки, Октябрь тоғанинг кайфияти йўқ. Ўғли тишини даволатиш учун дўхтирга олиб борувди. Дўхтир раҳмсиз экан: касал, жонсиз тишларни бирпасда суғуриб ташлади. Бу ёғига иш чўзилиб кетди. Мана, бир ҳафтадан бери оғзи ўрадай бўлиб юрибди. Лаблари ҳам жонсиз, худди қари байталнинг лабидай осилиб қолган. Бирор нарсани эплаб оғзига сололмайди, на ош-овқат ейди, на тамшана олади. Шўрлик дастурхон бўйида мўлтираб ўтиради. Унинг билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Охири хотинига зарда қилди:
— Очимдан ўлиб бўлдим-ку, энағар, бундай ҳолимдан хабар олай ҳам демайсан, ивитилган нонга куним қолди-ку, – дея йиғлагудай бўлиб иҳради.
— Вой ўлай, – деди хотини Хачча муаллим. — Шунча кундан бери айтмайсизми, бугуноқ сиз учун алоҳида қозон осаман, — деб кечқурунга атала пишириб берди.
Ана шу атала ҳам бўғзига тошдай тиқилди. У оқшом, дастурхон бўйида хотини тутқазган косани шошиқиб қўлига олганча хўриллатиб бир кўтарувди, ёш ленинчи невараси (ўзи уни шундай эркаларди)нинг юзи буришиб кетди, сингилларига қараб:
— Смотри, смотри, дедушка как хрюша кушают! – деб юборди.
Октябрь тоғанинг эсига тушди. Невараларини болалигида ҳайвонот боғига олиб борганида тўнғиз болалари овқатланаётганини кўришганда невараси шундай ирганиб кетувди. Шунда бобоси билағонлик қилиб, тўнғиз боласини эркалаб “хрюша” деганди. Улар овқатни шунақа ейишини айтиб берганди. Мана, олдидан чиқиб турибди-да!
Дастурхон бўйидагилар баралла кулиб юборди. Ўғли ҳам болаларига қўшилиб кулди-ю, отасининг ўксик нигоҳини кўриб, ўғлини тергаган бўлди. Невара оғзи-бурнини артиб, тўнғиллаганча:
— Пусть тогда он отдельно кушают, – деди-да, ўрнидан туриб кетди.
Қолган невара қизлар ҳам бараварига “Дедушка хрюша!”, “Дедушка хрюша!” деб қийқиришарди.
Октябрь бобо эса ўрадай оғзини юмолмай, атрофидагиларга мўлтираб қараб турарди.