Бадарға

Илҳом АҲРОР

(Воқеий ҳикоя)

1

Ука мамлакат театрларида қўйилган саҳна асарлари билан эл орасида ном қозонган аканинг уйи­­га келди. Ака — Музаффар Тўқсонов нуфузли бир театрда адабий эмакдош вазифасида ишлар, қиш­лоққа жуда кам борар, борганда ҳам қайсидир бир таниқли санъаткорни бошлаб борар, барчага: “Кўрдингизми, бу сафар ким билан келдим?” дегандай бўларди. Содда қариндошлар “меҳмон” талашиб қолардилар. Ўша пайт кимдир тўй қилса ва уларни таклиф этишса, албатта, боришарди. Лекин адабий эмакдошнинг тадбири билан тўй бошланиб, одамлар йиғилиб бўлгандан кейин даврага кириб борардилар. Ҳар куни телевизорда кўрадиган санъаткорни кўриб, одамлар уларни қарсак билан кутиб олишарди. Қадрли меҳмонга сўз беришганда, МузаффарТўқсонов у билан бирга чиқар, давра бош­ловчисининг мақтовларига қаноат қилмай, ўзини меҳмондан ҳам жиддий тутиб, икковларига дахлдор шарафли сўзларни қалаштириб ташларди. Улар даврада узоқ ўтиришмасди, тўй ярмига етмай қўзғалишар, сабабини сўраганларга: “Борадиган жойимиз бор”, дейишарди. Аслида, улар Музаффар Тўқсоновнинг ота ҳовлисига келишар, зиёфатни ўша ерда яширин тарзда давом эттиришарди.

— Ҳафта охири — якшанба куни тўй қилаяпман, сизни айтгани келдим, — деди ука.

— Қўнғироқ қилсанг бўлди эди, келиб овора бўлибсан-да! — шунчаки кўнгил учун сўзлаётгани билинди Музаффарнинг.

— Мурод акам, бориб айтмасанг у келмайди, дедилар. Шунга…

— Мурод акам бошқа, сен бошқасан. Улар тўй қилганда ижодий сафарда эдим.

— Менинг тўйим куни ҳам “ижодий сафарингиз” чиқиб қолмайдими?

— Аҳаджон, айтаяпман-ку сенга, акам бошқа, сен бошқасан. Тўйдан олдин бориб, тўёналарини бериб келдим, янганг билан жиянларингни юбордим. Барибир, ортимдан гап-сўз қилганлари-қилган.

— Халқ артисти Суҳроб Жияновни тўйга олиб кел, деган эканлар, ғалати гаплар қилибсиз.

— Тўғрисини айтдим-да! У инсоннинг тўйга бориб ўтиришининг ўзи икки юз-уч юз доллар, тилак айтиб, бир монолог айтса, нарх беш юзга чиқади. Давра бошқариши минг доллардан кам эмас. Ие, нега лабингни чўччайтирасан? Менинг ҳам тўйга бориб ўтиришим, сўзлаб монолог айтишимнинг баҳолари бор. Ука, эл орасида обрў қозонишнинг ўзи бўлмайди. Ҳурмат қозондингми, уни сақлаш керак. У жияним, бу тоғам, амаким дея тўйларга шунчаки бораверсанг, қадрсизланасан. Ҳеч ким тўйига айт­май қўяди. Одамларда баъзан “иши кўплигидан, фалончи қариндошининг тўйига келолмади, у келганида тўй жуда файзли ўтарди”, деган тасаввур уйғониши керак. Ўшанда сени излашга тушадилар, тўйларига қўярда-қўймай олиб кетишади. Бўлар-бўлмас тўйларда иштирок этмаслик бизга ўхшаганларга даромадли тўйлар олиб келади билсанг!

— Умид қиламанки, айтган гапларингиз менга, бўлажак тўйимга тааллуқли эмас, — деб ўрнидан қўзғалди ука ва эшик томон йўналди. — Ўқитувчиман, тўйга, албатта, барча касбдошлар келади. Улар орасида сизни ўқитган устозлар ҳам бор. Бормасангиз, уялиб қоламан. Бирор таниқли актёрни олиб боришингиз шарт эмас. Қишлоқда улардан кўра сизнинг ҳурматингиз зўр. Улар актёр бўлсалар, сиз драматургсиз.

— Нима бўлди, нега бирдан ўрнингдан турдинг? Бугун ётиб қолмайсанми? Ҳа, тўйга тайёргарлик де. Ҳозир… мени бир оз кутиб тур, — деди Музаффар Тўқсонов ва ётоқхонасига кириб кетди, бир муддатдан сўнг қанчадир пул олиб чиқиб, укасига узатди. — Мендан тўёна!

Аҳад акасининг қўлидаги пулга бир зум тикилиб, уни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай қолди. Чунки бирор қариндошга тўй олди тўёна бердими, унинг тўйига бормаслигини биларди. Аммо беихтиёр қўл чўзди. Қайтаркан, ўйлади: “Тўйга бормайдилар”.

2

Икки боланинг қўлига бир хил ўйинчоқ беринг, ҳар бири ўзиники билан машғул бўлади. Қайси бирининг ота-онаси олиб бермаган бўлсин, орага бош­­қа бир ўйинчоқ қўшилса, уни талашадилар. Бу болаларча самимият. Катталар ҳам, аслида, шундай. Улар ўзлариники бўлмаган учинчи “ўйинчоқ”ни талашишади. Фақат нафс назари билан. Баъзилар очиқ, айримлар яширин.

Музаффар Тўқсонов пенсияга чиққач, ўз уйида хор бўлиб қолди. Бунинг устига, кўзлари олдин хиралашди, кейин бутунлай кўрмай қолди. Ўзи қиш­лоқдан уйланиб шаҳарга олиб борган хотини унинг ниҳоятда инжиқлигини пеш қилиб, унга қўл учида хизмат қиладиган бўлиб қолди. Қизлар турмушга чиқиб кетган, иккинчи бор уйланган ёлғиз ўғил отага тамомила бепарво эди. Хотинининг гапидан чиқмас, қайнотаси қизи яшайдиган ҳовлини ўзиникидай билар, келганида қудасини кириб кўриш хаёлига келмасди. Уларга тўшалган тўкин дастурхондан Музаффар бенасиб эди; уни чақиришмас, қилинган овқатдан бир коса киритиб юборишарди. Шундай ҳолларда Музаффарнинг сўқир кўзларидан ёш оқарди: “Буларга мен нима ёмонлик қилдим? Ижарама-ижара судрамай деб уйланишим билан икки хона ва айвончаси бўлган ҳовли сотиб олдим, унинг шу ҳолга келишига қанча заҳмат чекдим. Энди ўз уйим­­га бегонаман, бегона!” Бу алам ҳар меҳмон келганида ва уйдагилари ўғилнинг машинасида қудасиникига боришганида ўй-хаёлидан тўлғониб тилига чиқар, ҳар сафар бақирганча: “Бўлди, сизларга керак бўлмасам, укаларимга керакман, улар мени бу аҳволга солмайдилар, эртагаёқ қишлоққа кетаман. Менга тегишли нарсаларни тўплаб қўйинглар ва менга бир юк машинаси топинг. Эртага пенсиям чиқади, нархини ўзим тўлайман”, дерди.

Бу гаплардан хотинининг унга нисбатан муомаласи ўзгаргандир, деб ўйларсиз. Бошида шунчаки айтаяпти, бу аҳволда қаерга ҳам борарди, деб ўйлаб юрди. Аммо бир куни ўзи бош бўлиб, Музаффарнинг ота-онаси тўйларигача олиб берган эски сандиқни унинг кийим-кечаклари билан тўлдирди, онаси тиккан кўрпа-кўрпачаларни боғлаб, унинг устига қўйдиртириб, “кетсанг, ана катта кўча” дегандай иш тутди.

3

Ота ҳовли Мурод акаси ва кенжаси ўртасида анчагача талаш бўлиб юрди. Мурод ота ҳовлида менинг ҳам ҳақим бор, деса, Аҳад ота ҳовлининг кенжага қолиши ота-боболарнинг ёзилмаган қонуни деб туриб олди. Акаси ўзи солган иморат ва отаси унга бағишлаган бир уй ва даҳлизни йиқиб кетгач, уйнинг бир томони очилиб қолди. Аҳад ҳам шундай қилди. Мурод акам кетган бўлса, Музаффари келади, деб ўзига тегишли иморатни йиқиб, ўзига бошқа жойдан манзил қилди. Лекин ота-онаси қарилик даврларида яшаган иморатга тегмади. Акаси билан ернинг бир қисмини сотиб, пулини бўлиб олдилар. Бу машмашадан Музаффарнинг хабари бор эди, албатта. Ҳатто кўзи очиқлик пайтида ҳам ота ҳовлида менинг ҳам улушим бор деб ҳисоблар, ташландиқ аҳволда ётган ота ҳовлига иморат солиш, хотини билан қариликда яшашни мўлжаллаган, бу ҳақда укаси Аҳадга бир неча бор айтган ҳам эди.

Музаффар қишлоққа келиши билан Аҳад уни ота ҳовлига жойлаштирди. Кунда ундан хабар оладиган бўлди. Бир-икки кун келмай қолса, акасининг инжиқлиги тутиб, олиб келган овқатни унинг олдига суриб, “буни ўзинг е” деб аччиқланарди. Аҳад бундан ранжиб анчагача келмас, Музаффар айб ўзида эканлигини ўйламай, ўзини кўргани келган қариндошларига укасини ёмонларди: “Ўн-ўн беш кунларда бир кўринади”. Бу гап Аҳадга етгач, у бир куни жаҳл билан кириб келди.

— Яшашга қўясизми мени? — хаста бир товушда дилидагини яшириб ўтирмади Аҳад. — Мурод акам ҳам, сиз ҳам шаҳардалик пайтингизда мени ўйладингизми? Иккингиз ҳам ўша ерларда уй-жой қилдингиз, болаларингиз маза қилиб яшашаяпти. Мурод акам мени бошқа жойга кўчишимга мажбур қилдилар. Энди сиз шу аҳволда келиб, эл-улус олдида маломатга қолдираяпсиз мени.

— Нима қилдим сени маломатга қолдириб?

— Одамларнинг, кўзи ожиз акасини ёлғиз ташлаб қўйибди, уни уйига олиб борса бўлмайдими, деган гапи маломат эмасми? Нима қилай, хотиним бетоб — ҳар замон ҳушидан кетиб қолади. Келинга келсак, ўзингиз келин ҳеч қачон фарзандингиздай бўлмаслигини кўриб-билдингиз-ку ахир! Кейин янгам билан гаплашдим, у кишини ҳеч ким ҳайдагани йўқ, дедилар.

— Эрни уйдан кеткизиш учун, итни қувгандай, унга кет дейиш шарт эмас.

— Ака, тушунсангиз-чи, олдинда қиш. Инсон икки маҳал овқат ейиши керак. Уйингизга ҳар куни икки бор келиш биз учун осонми?

— Келмасанг келма, ўзим амаллайман.

— Ана, яна ранжишга ўтаяпсиз! Уч ой бўлибдики, бирор марта пенсия пулингиздан бериб, менга бозорлик қилиб кел, дедингизми? Яхшигина пенсия оласиз. Ахир мен ҳам одамларнинг уйида қора ишлар қилиб пул топаман. Россияда ишлаб юрганимда, аҳволимиз бироз тузук эди. Энди у ерга бориб бўлмай қолди. Ўғлим — жиянингиз ҳам мен каби уста, гоҳ иши бор, гоҳ йўқ. Хўп, шу уйда турар экансиз, нега янгамни олиб келмайсиз? Қизларни узатгансизлар, ўғлингизнинг икки фарзанди бор.

— У ҳам қишлоқда газ йўқлиги, чироқ ўчишини баҳона қилади.

— Ўзингиз-чи? Нега шуни ҳисобга олмайсиз? Ака, эгилган бошни қилич кесмайди, дейдилар. Уйингизга қайтинг.

— Бундан кўра, “кетинг, уй менга қолсин” демайсанми?

— Мана, гап қаерда? Ҳамма айб ўзингизда экан.

— Сен ҳам, Мурод акам ҳам оладиганингизни олдингиз. Энди бу ёғига ишингиз бўлмасин. Менинг ўлигим шу уйдан чиқади.

— Ака, шу уй сизники. Ўғлингизга айтинг, уйни ўзиники қилиб олсин. Фақат ҳозир уйингизга қайтинг.

— Сен дунёдаги энг худбин одамсан, — ўдағайлади Музаффар. — Мана, Шамсиддин шаҳардан уйланди — ичкуёв бўлди. Қариганда менга ўхшаб хотини билан келишмай, қишлоққа қайтибди. Ҳозир ота уйида яшаяпти-ку!

— Унинг акаси, укалари турли сабаблар билан дунёдан ўтдилар. Кенжа укасининг хотини бир ой ўтмай, бу уйда яшаши нотўғрилиги, одамлар орасида гап-сўзга қолишларини айтганда, у тушунди. Ҳозир туман марказида ижарада яшаяпти. Энди у билан сизнинг фарқингиз бор — ўзини ўзи эплай олади. Кимгадир қайта уйланиши ҳам мумкин. Кўзингиз бу аҳволда бўлса, бирор бевага уйланолмасангиз. Бунақада хароб бўласиз, ака!

— Хўп, майли. Лекин зерикканда ўз уйига келиб турадими, ота ҳовлидаги бир уй ва даҳлизга кўч-кўронини кўтариб келганми? Яна нима дейсан? Жаббор-чи? У ҳам шундай. У ўн йиллар олдин қиш­лоққа келган.

— Сиз Жаббор акадай бўлолмадингиз, бўлолмайсиз ҳам, — очиғини айтди Аҳад, — Болаларининг ҳар бирини шаҳарда уйли-жойли қилган. Кейин у қишлоққа ота ҳовлига дахли бўлмаган жойга иморат солди, боғ қилди.

— Сен билан Мурод акам ота ҳовлини шу аҳволга келтириб қўйдинглар, мен уни тикламоқчиман, — гапни бурди Музаффар.

— Айтаяпман-ку, хотинингиз, ўғлингизга айтинг, келиб уйни номингизга хатлаб беришсин, — тутоқди Аҳад, — Сизга бир гапни айтайми, янгам Шамсиддин, ҳатто Жаббор аканинг хотинларидан ҳам яхши. Сиз уларга нисбатан ниҳоятда инжиқлик қилгансиз. Кимдир уйига қўнғироқ қилиб, эрини сўраса, Шамсиддин мудирнинг аёли: “У ўлган, бошқа қўнғироқ қилманг”, дер экан. Жаббор ака тиклаётган иморатга унинг хотини бир бор келмаган. Янгам қишлоқ маъракаларига келиб турар, сизнинг йўқлигингизни билдирмасдилар. Ҳозир ҳам: “Музаффар акани юборинг, қишда нима қиладилар у ерда? Бу менинг шаънимга ҳам яхши эмас. Одамлар нима дейди? Неваралар ҳам боболарини соғинишган”, деяптилар. Сизга яна нима керак, ака?

— Тушунсанг-чи, у сизларга ўзини яхши кўрсатиш учун шундай дейди, — кўзларига ёш илинди аканинг, — аслида, суриштирсанг, Шамсиддиннинг ҳам, Жабборнинг хотини ҳам шундай. Кимдир қариганда қишлоғига ёлғиз ўзи келдими, демак, шунга мажбур бўлган. Ундайларнинг хотини илгари ҳам эрнинг авлодига паст назар билан қарашган, аммо ўз ота-оналари, қариндошлари эрнинг уйида ҳамиша ҳурмат кўришган. Бундай аёлларни чала келинлар деб биламан. Агар сенинг ҳам хотининг шаҳар кўрганида қишлоққа қайтиб келмасди. Ҳозир ҳам у бошқачароқ йўл тутади, сени шаҳарга, чет элга боришга мажбур қилади. Ишлаб, пул топишингни исташади. Аслида, сенинг ҳам мендан фарқинг йўқ.

Ажабо, одам боласининг ақли “улғайиш”да, ҳеч бўлмаса, ўз жисмидан ортда қолмасин экан. Бундайлар жамоат қўйган талабларга жавоб беролмай, ўз оилаларини бошқаролмай қоладилар ёки ўз жигаргўшаларининг юкига айланишади.

Ёмғир томсувоқ томларни ейди. Икки-уч йил ичида “озиғи” камайиши билан одамлар яна томга сомон қориштирилган лой чиқаришади. Ёмғирга хуш ёқсин, янада чиройлисидан “тановул” қилсин, дея унга андавада пардоз берадилар. Тўғри, ёмғирнинг “иштаҳасини” бўғадиганлар ҳам топилади. Томни шифер ёки тунука билан ёпишади. Акс ҳолда, шаффоф кўринган ёмғир томчилари сабрингиз истилосига ўтади. Селга дўнса борми? Ўша томнинг боши маломатдан чиқмайди. Савалангани-саваланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − seven =