Газетасиз халқ тилсиз одам кабидир

(“Овози тожик” нашри 100 ёшга тўлди)

Яратганга шукрки, нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бой-бадавлат халқмиз. Дунёда илк бор газета қачон чиққан бўлса, юртимизда ҳам китоб, журнал, газета ўша замонлардан буён нашр этилиб келинади.

Не ажабки, бугун не бир замонки, айримларга газета унча ёқмай қолғон бўлса-да, барибир юрт раҳнамосининг қўллаб-қувватлови, юксак эътибори туфайли газета-журналлар тўхтаб қолгани йўқ, чиқиб турибди.

Хусусан, бир неча тилларда нашр этилаётган газеталарнинг ҳам чоп этилаётгани ёруғ ишдир. Шу жумладан, тожикзабон муштарийларнинг нашри “Овози тожик” ҳукуматимиз муассислигида нашр этиладиган зиё минбарларидан бири ҳисобланади.

Шу кунларда ушбу нашр чиқа бошлаганига бир аср бўлди, 100 ёшга тўлди. Газета ўтган асрнинг 20-йилларида сиёсий-ижтимоий воқеа ўлароқ саҳнага чиқди.

1924 йилнинг 25 августида “Овози тожики камбағал” газетасининг биринчи сонида Садриддин Айнийнинг “Сод-Айн” имзоси билан чоп этилган мақоласида “Газетаси бўлмаган ҳар миллатнинг гўёки тили йўқдир. Яъни, газетасиз халқ тилсиз одам кабидир”, дейилади.

Жамият ҳамда зиё ва адаб аҳли ўртасидаги бир восита сифатида газетанинг нашр этилиши қанчалик фавқулодда муҳим, ҳатто айтиш мумкинки, миллат учун бир маёқ бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Устоз Айний ва газетанинг биринчи бош муҳаррири Абдулқаюм Қурбий (Ҳамроев) газета орқали жамиятга зиё олиб киради.

Абдулқаюм Қурбий газета ишини юритиш йўлида жадидчилик ҳаракати вакили, маърифатпарвар истеъдод соҳибларидан эди. У йигирманчи йилларда бир нечта тожикча нашрларга нафақат асос солган, балки уларда масъул муҳаррир сифатида ҳам фаолият юритган. “Овози тожик” газетаси таъсис этилиб, унга Қурбий бош муҳаррир бўлгунига қадар Тошкент ва Самарқандда бир неча нашрлар чоп этилар ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, турли ижтимоий сабаблар туфайли ёпиларди. Қурбий ҳар сафар бундан таъсирланар ва янги газетани ташкил қилиш пайида бўларди. Жумладан, “Шуълаи инқилоб” ҳафтаномасини чоп қилиш тўхтатилгандан сўнг Қурбий хонадонида Ализода, Жавдат ва Рожий каби ижодкорлар иштирокида бўлиб ўтган йиғинда янги газетани таъсис этиш ғояси юзага келади. “Овози тожик” ана шу йиғилиш ва кенгашнинг маҳсули бўлди. Кейинчалик ўша замоннинг таниқли адиб ва ижодкорлари Пайрав Сулаймоний, Ҳожи Муин, Тўрақул Зеҳний, Раҳим Ҳошим ва Нисор Муҳаммад газета билан ҳамкорлик қила бошладилар. Қурбий ҳокимият вакили сифатида Шарқий Бухоро, Хўжанд, Ўратепа, Помир ва Фалғар томонларга хизмат сафарлари чоғида жойлардаги зиё аҳлини газета ташкил қилишга ундарди. Жумладан, у “Бедории тожик” газетасини таъсис этганлардан бири ҳисобланади.

Ўша даврдаги қийинчилик сабабли раҳбарлик қилиш ва газетани чоп этиш жараёни анча мушкул эди. Жумладан, газетчиликдан хабардор бўлган Раҳим Ҳошим ўз хотираларида шундай ёзади: “Қоғоз ҳамма вақт ҳам топилавермасди. Қурбий ва Ализода газетани вақтида чоп қилиш учун савдогарлардан насияга қоғоз олган кунларни биламан”.

Газетанинг биринчи масъул муҳаррири Абдулқаюм Қурбий ҳақида “Овози тожик” билан боғлиқ 50-йиллардаги ва ундан кейинги солномаларда маълумот учрамайди. Қурбийнинг номи оқлангандан кейингина манбаларда унинг таржимаи ҳоли, ҳукумат ва матбуотдаги фаолиятини ўрганиш бошланди. Бу номнинг тилга олинмаганига сабаб — у 1937 йили “инқилобга қарши” деган айблов билан 10 йил муддатга қамалади ва ўша йили узоқ юртда вафот этади. 1986 йили Самарқанд вилоят суди ўз ҳукми билан “Овози тожик”нинг биринчи бош муҳаррири Абдулқаюм Қурбийнинг пок номини оқлайди. Ҳозир Самарқанд шаҳрида Қурбий номи билан аталадиган кўча бошида унга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

Кейинчалик газетага Муҳаммаджон Ҳасанов, Шаҳобиддин Садруллин бош муҳаррир бўлган.

Газета 1938 йилда вақтинча ўз фаолиятини тўхтатади. Сўнгра “Ҳақиқати Ўзбекистон”, 1950 йилдан бошлаб “Ўзбекистони сурх” номи билан чоп этилади. Шундан буён газета танаффуссиз, фақат бир неча марта номи ўзгариб нашр қилинмоқда.

Бошқа барча даврий нашрлар сингари “Овози тожик” ҳам ҳокимият фикри ва ғоясини акс эттирувчи газета эди. Ўша пайтдаги тизим ва сиёсий ўзгаришларга боғлиқ равишда ҳаётнинг суръатини жамиятдаги кайфият йўналишига кўра ёритарди. Аммо газета нашр қилинган барча даврларда ўзбек ва тожик халқлари, ҳатто Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, биродарликни тарғиб этиш асосий изчил йўналишлардан эди. Шубҳасизки, совет давридаги салкам етмиш йиллик тарихида газета турли эврилишларни бошдан кечирди. Дастлаб кичик ҳажмдаги бир саҳифада босилган бўлса, 80-йиллар охирларига келиб, ҳафтада беш маротаба чоп этиладиган, адади ҳам баъзи йиллари 35 минг нусхага етадиган катта газетага айланди.

Ҳозир газета мамлакат Янги Ўзбекистон номини касб этган бир замонда ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Газета Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси нашри ҳисобланади. Жамият ҳаётининг янги даври ва республика раҳбариятининг сиёсати халқнинг кайфиятига шундай ўзгариш олиб кирдики, буни сўз билан ифодалаш мушкул. Табиийки, халқнинг кайфияти ва ҳолати газета-журналлар саҳифаларига кўчади ва биргаликда жамият ҳаётининг суратини акс эттиради.

Айни шу гапни “Овози тожик” ҳақида ҳам айтиш мумкин. Буларнинг барчаси нашрнинг келгусидаги мавжудлигига ишонч ва илҳом белгисидир. Республикада яшаётган турли халқлар ва элатлар учун яратилган қулай муҳит ва муносиб шароит “Овози тожик” саҳифаларида ҳам кенг ёритилади. Зеро, газета муштарийлари ва ўқувчилари ҳам уларнинг бир қисми бўлиб, бу муҳитни ўз жону танлари билан ҳис қилади.

Республикамиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ичида ва қўшни мамлакатларда миллатлараро тотувликни таъминлашга доир узоқни кўзлаган ва оқилона сиёсати бунга замин яратган.

Айтиш керакки, “Овози тожик” чиқа бошлаганидан токи шу кунгача тарихий-маданий ва миллий муштараклик нуқтаи назаридан қўшни ва дўст Тожикистон билан жуда мустаҳкам ва яқин алоқаларга эга. Бизни ягона маданий-адабий муҳит ва бошқа кўплаб муҳим қадриятлар ўзаро боғлаб туради. Ўтган юз йил давомида газета саҳифаларида биродар Тожикистондан мақола ва расмлар доимо бериб борилган ва ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган. Бугун ҳам икки республика муносабатлари, икки етакчи — Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси билан юксак ва беқиёс иттифоқчилик, дўстлик даражасига кўтарилди.

Шу кунларда “Овози тожик” ўзининг 25 кишилик ижодий жамоаси, 4 мингдан ортиқ адади билан ҳар бир муштарий ва мухлислар қалбига маърифат, маданият, билим ва заковат нурини таратиб, бир асрга тенг тўйини келажакка ишонч билан нишонламоқда.

Бу қутлуғ сана барчамизга муборак бўлсин!

Тожибой ИКРОМОВ,

“Овози тожик” газетаси

бош муҳаррири ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =