Қишлоқ осмонидаги юлдузлар
Жомбойнинг маҳобатли Ғўбдинтоғ яққол кўриниб турадиган тарафида Сарқипчоқ деган қишлоқ бор. Юз йилларки, ҳаволари соз, ён-атрофи дарахтзор, даштларидан доим турфа гулу гиёҳлар иси анқиб турадиган бу хуштабиат гўша киндик қоним тўкилган жой. Ҳар гал борганимда ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оламан, майин шабадаларидан жоним яйрайди, ҳовлилардаги райҳонлар ҳиди димоғимга хуш ёқади. Айниқса, қишлоқнинг оқшомлари янада гўзал, йирик-йирик юлдузлар шундоққина тепамда чарақлаб туради. Худдики қора бахмал устига беҳисоб тилларанг чучмомалар сочилиб кетгандай! Бу манзара шундайки, бир бор кўрсанг яна соғинасан, ўз таровати билан узоқ вақтгача кўз ўнгингдан кетмай тураверади…
Гоҳо ўйлаб қоламан. Нега шаҳар осмонида юлдузлар ярқираб кўринмайди? Тикилиб қарасанг, гўёки жуда хира нур сочаётгандай туюлади. Олимларнинг тадқиқот натижаларини ўқигач, шу саволимга жавоб топгандек бўламан. “Катта кўчаларда тинимсиз қатнаб турган транспорт воситаларидан ажралаётган заҳарли чиқиндилар туфайли биз нафас олаётган атмосфера ҳавоси анорганик моддалар (яъни мис, рух, вольфрам, маргимуш, симоб) билан тобора ифлосланмоқда”.
Дарҳақиқат, экологик бузилишлар ҳақида қайта-қайта гапирилади. Бироқ ён-атрофга биз томонимиздан етказилаётган озорлар саломатлигимиз ёмонлашаётганига сабаб бўлмаётганмикин, аслида? Қаранг-а, биз она деб билгувчи табиатнинг ўз ички дунёси, нозик қонуниятлари бор…
Масалан, балиқкўз деган ўт ҳақида кўпчилик эшитмаган. Ўзи ёмғирлар четлаб ўтадиган саҳрода ўсади. Лекин гулбарглари ва поясига шунчалик кўп сув йиғар эканки, уни қаердан олганига ажабланасиз. Саксовулларга яширинган мўъжизани ҳам айтай. Улар эрта кўкламда гуллаб уруғ йиғади, сўнг жазирама иссиқда уруғлари нобуд бўлмаслиги учун гулкосаларини юмиб оларкан. Саратондан ўтиб олгач, яна очилиб уруғларини вояга етказиб, шу йўл билан ўз наслини давом эттирар экан.
Ривоят қилишларича, қадимда Луқмони ҳаким ўсимликлар тилини яхши тушунаркан. Унинг йўлида учраган гиёҳ борки, ҳаммаси улуғ ҳакимга ўзининг шифо хусусиятларини бирма-бир сўзлаб бераркан. Бугунги кунда атрофимизни ўраб турган яшиллик олами ҳам бизга нималарнидир айтмоқчи бўлаётгандир, балки…
ДАРАХТ БИЗНИ “ТИНГЛАЙДИ”
Олимлар фикрича, яшиллик дунёсида ҳам асаб тизими мавжуд. “Дарахтларнинг танаси — орқа мия, бутоқлари — етмиш икки минг асаб торлари, барглари — ўпкасидир”, дейди мутахассислар. Айниқса, дарахт билан инсон ўртасида узвий алоқа борлигини эшитмагандирсиз? Боғ ичидаги дарахтлар одамнинг ички ҳолатини ҳис этишини-чи?
Киши ҳорғин ва маъюс қолганида бир зум дарахтга суяниб турса, чарчоғи кетиб, вужуди кучга тўлади. Дарахт қанчалик йўғон ва бақувват бўлса, унинг қувват манбаи ҳам шунча кучаяверади.
Дарахт экиш ҳамма замонларда ҳам хайрли иш ҳисобланган. “Бобурнома”да ёзилишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек улуғ ҳукмдор ўзи қароргоҳ этган жойларда дарахтзор бунёд қилиб, сув йўлларини ўтказиш режаларини тузган экан!
Боғ ва ишкомлар ичини оралаганда ғарқ пишган турфа меваларни кўриб, табиатнинг ажабтовур мўъжизасидан бениҳоя ҳайратга тушади, киши. Олма ва шафтолилар қирмизи, анорлар қип-қизил, ҳусайнилар сап-сариқ, анжирлар тилларанг… Олхўри ва кишмишлар худди сиёҳга ботириб олингандек! Асосийси, бу мевалар таркибидаги турли витаминлар ва кўплаб фойдали моддалар организмимиз қувватини тиклашда энг камёб дорилардан кўра кучлироқ таъсир кўрсатади.
“Бир туп дарахт эксанг, юз йил мева терасан”, деганлар. Ривоятда келтирилишича, бир киши йўлдан ўтиб бораётса, мункиллаб қолган кекса отахон ниҳоллар экаётган экан. Йўловчи саломлашиб, унинг ишлари билан қизиқибди. “Мен шу жойни мевазор қилмоқчиман”, дебди отахон.
— Ёшингиз анчага бориб қолибди, қилаётган бу ишингиз нимаси? Ахир бу ниҳоллар ўсиб мевага киргунича сиз бу дунёда бормисиз, йўқмисиз…
— Бу ишни ўзим учун қилаётганим йўқ. Биздан кейинги авлод шу дарахтзор соясида ўтириб дам олса, ғарқ пишган меваларидан узиб еса, тани-жони яйраса, менга шу кифоя, — дебди отахон.
Ҳалиги йўловчи кекса одамнинг гапларидан ажабланиб, елкасини қисганича йўлида давом этибди. Орадан йиллар ўтиб, ўша йўловчи яна шу томонларга келиб қолибди. Не кўз билан кўрсаки, бу ерда улкан боғ барпо бўлибди, серсоя дарахтлар тагида ёш-яланглар қизғин суҳбат қуриб ўтиришибди. Турли мевалар ғарқ пишган, боғ ичидан асал ҳиди келади. Йўловчи бир пайтлар бу жойга ниҳоллар экаётган нуроний отахонни эслабди, ич-ичидан унинг доно гапларига тан берибди. “Бундай ишда ҳикмат кўп экан, шуни ҳар биримиз ўрганишимиз лозим”, дебди ўз-ўзига.
Дарахтлар ёзда соя-салқинлиги, кузда мева беришидан ташқари, йил бўйи бизни чанг-ғуборлардан ҳимоя қилади. Олимларнинг фикрича, бир туп дарахт 24 соат ичида уч киши учун зарур бўлган кислородни қайтариб бераркан. Бир гектардаги дарахтзор эса бир сутка давомида 230 килограммгача ҳажмдаги карбонат ангидридни ўзига ютиб, 200 килограмм кислород ажратади. Бир гектардаги игна баргли дарахт бир йилда 40 тоннага яқин, япалоқ баргли дарахтлар эса 100 тоннага яқин ҳаво чангини ушлаб қолади. Теракзорлар ҳам 300 килограммгача бўлган ҳажмдаги чангни ўзига ютади.
Мутахассислар фикрича, бир туп сада (гужум) дарахтининг салқинлиги ўнта совиткич қувватига тенг экан. Халқимиз ёнғоқни “Луқмон дарахти” деб ҳам атаган. Олимлар эса уни “ҳаво фабрикаси” дейишади. Негаки ёнғоқ нураш (эрозия)нинг олдини олади, микроиқлимни яхшилаб, турфа микробларга қирон келтиради. Бу жиҳатдан арчаларнинг ҳам фойдаси катта. Тоғликлар фикрича, ҳар бир арча битта қудуқ билан тенг, у қишда қорни, ёзда намни яхши сақлайди.
Дарахтларнинг шовқин-суронни камайтириш ва атмосферага кўтарилаётган зарарли моддаларга тўсқинлик қилишдаги ўрни ҳам беқиёс.
ЗИЛОЛ СУВЛАРНИ СОҒИНИБ…
Бурунги замонларда сув оловдан ҳам кўпроқ эъзозланган. Ахир сув танқис бўлса, тупроқда ҳеч нарса унмайди, ҳаёт сўна бошлайди.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Англия қироличаси Елизавета XIV асрдаёқ сувни чучуклаштирувчи энг арзон ва қулай усулни топган фуқарога жуда катта мукофот ваъда қилади. Орадан неча-неча асрлар ўтиб, фан-техника юксалишига қарамасдан, бу мукофот ҳалигача ўз эгасини топмади…
Маълумки, она сайёрамизнинг 70 фоизи сувдан иборат бўлиб, 1,4 миллиард квадрат километр сувнинг 97,5 фоизи шўр ва умумий сув ҳажмининг атиги 2,5 фоизини чучук сув (дарё, сой, кўл ва ботқоқликлар), ташкил этади. Аммо 2,5 фоиз чучук сувнинг ҳаммасиям ичишга яроқли дегани эмас. Тахминан 1 фоизи ичишга яроқли.
Олимларнинг бугунги кундаги тадқиқотлари натижасига кўра, ер юзида яшовчи бир миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик сув билан таъминланмагани туфайли оғир хасталикларга дучор бўлишмоқда.
Эрталаб уйдан чиқаётганда чироқни ўчиришни эсдан чиқармаймиз, лекин баъзан водопровод жўмрагини яхшилаб беркитишни унутамиз. Гугурт чўпидек қувурдан томчилаётган сув кун давомида бир неча ўн литрни ташкил этиб, бекордан-бекорга оқавага кетади.
Дунёдаги жуда кўп бой мамлакатлар табиий ресурслари танқислиги боис, аксарият ҳолларда тоза ичимлик сувини четдан келтиришади. Шу боис улар чинакам маънода ўзларини тўла фаровон ҳис этолмайди….
Машҳур океанолог Жак Кусто: “Ер ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса унинг қон томиридир”, деган экан.
Оқар сувларга чиқинди ташлаш ҳолатлари тез-тез учраётгани маълум. Бу ҳол ҳаммани сергак торттириши керак, аслида. Чунки инсон саломатлигига салбий таъсир этаётган зарарли омилларнинг 35-40 фоизи сув таркибининг бузилиши билан боғлиқ эканлиги аллақачон аниқланган. Шифокор олимлар айтишларича, таркибида нитратлари (заҳарли моддалари) кўп ичимлик суви қонимиздаги эритроцитларда кислородга бўлган талабни етарлича қондиролмайди!..
Ичимлик сувининг тоза ёки ҳар хил кераксиз моддалар билан қай даражада ифлосланганлигини аниқлашнинг энг осон ва ишонарли усули илк бор ибн Сино томонидан таклиф этилган. Бунинг учун бир хил идишдаги сувларга алоҳида-алоҳида тоза пахта бўлаги ташланади. Кейин улардаги сув бир хил меъёрдаги куч таъсирида сиқиб ташланиб, яна ўлчанади. Қайси идишдан олинган пахта оғирлашганлигига қараб айнан шу сув таркибида ёт моддалар кўплиги ва унинг иккинчисига нисбатан истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.
Ҳар бир киши кун давомида ичимлик сувининг ақалли бир литрини тежаса ва беҳуда оқиб кетишига йўл қўймаса, ушбу саъй-ҳаракат туфайли мамлакатимиз бўйича неча-неча тонналаб тоза сув исроф бўлмасдан сақлаб қолинар эди.
ОЛТИНКЎЗ ВА ТИЛЛА ҚЎНҒИЗЛАР…
Олтинкўз, хонқизи, тилла қўнғиз каби митти жониворларнинг бугунги кунда камайиб кетаётганлигига олимлар тупроқнинг кимёвий ўғитлар билан зарарланишини сабаб қилиб кўрсатишмоқда.
Қанотчаларини ёйганича учиб-қўнадиган хонқизини биламиз. Яқинда шу хонқизи қўнғизларига оид қизиқ бир маълумотни эшитиб қолдим. Ҳаво совиб, изғиринли кунлар бошланиши билан хонқизилар гала-гала бўлиб узоқ адирликка учиб боришаркан ва бир-бирларига ёпишиб шу кўйи музлашар экан. Қиш адоғига етиб, офтобли кунлар келгач, каттакон муз бўлаги эриб, хонқизилар битта-битта учиб чиқишаркан!
Эндиликда фойда келтирувчи хонқизилар билан биргаликда даладаги зараркунандаларга қирон келтирадиган айрим қушлар ҳам камайиб бормоқда экан. Қаранг, бойқуш ёзги мавсумда мингтадан кўп дала сичқонини тутиб ейиши натижасида бир тоннадан ошиқ буғдой сақлаб қолинаркан. Қизилиштон эса дарахтларни кемирувчи қуртлар билан озиқлангани боис юзлаб дарахтлар касалликка чалинмай навқиронлигича қолади.
Баъзи давлатларда фойдали жониворларга зиён етказадиганларга махсус жазо турлари бор. Масалан, Японияда кимдир оддий чувалчангни шахсий мақсадда (айтайлик, балиқ тутишда қармоққа илиш учун) тупроқдан ажратиб олса, унга “тупроқнинг табиий ҳолатига зарар етказди” деган айб қўйилиб, катта жарима тўлашга мажбур қилинаркан. Ёхуд бирорта кўп йиллик гиёҳни таг-томири билан юлиб олган кишига худди шундай гиёҳдан яна эллик туп экиб кўпайтириб бериш мажбурияти юкланади.
Минг-минг йиллар аввал яратилган асарларда ҳам табиатдаги мавжудотларни асраб-авайлашга ундовчи кўплаб воқеалар бор. “Авесто” асарида келтирилишича, қадимда ерни ифлос қилган ва унга зиён етказган кишиларга 400 қамчи уриш жазоси белгиланган.
Ўсимликларни пайҳон қилган одамларга қадимда айбларини ювиш учун 10 минг туп хушбўй гиёҳ экиш, минглаб зарарли ҳашаротларни ўлдириш буюрилган.
Қўнғизлар ва қушларнинг, аслида, ўз вазифалари бор. Уларнинг аксарияти касаллик тарқатувчи пашшаларни қиради ёки даладаги экинларни еб битирадиган зараркунандаларни тутади, шу жиҳатдан қишлоқ хўжалигига катта наф келтиради.
ЮЗ ЙИЛДА ҲАМ ЙЎҚОЛМАЙДИГАН ПЛАСТИК
Қизиқ тадқиқот…
Олимларнинг таъкидлашича, ахлат қутисига ташланаётган пластик идишлар (асосан, баклажкалар) офтоб нури ва бактериялар таъсирида деярли парчаланмайди.
Энг ёмони шундаки, пластик идишлар ахлат қутисида ётганда улардаги хлор бирикмалари буғланиб атмосферага чиқади, қуёш нурлари теккач, ундан хлор атомлари ажралади. Хлор эса азон қатламини емирувчи кимёвий моддалардан бири.
Ер юзи аҳолиси йил давомида миллиардлаб дона полиэтилен пакетдан фойдаланар экан. Полиэтилен ва пластик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга чиқариб ташланиши оқибатида ҳар йили миллионлаб қушлар, денгиз сутэмизувчилари ва балиқлар нобуд бўлаётганини мутахассис олимлар таъкидлашади.
Ривоятларга кўра, бир мамлакат подшоси оғир дардга чалинади. Турли жойлардан келган машҳур табиблар ҳам унинг касалига даво топа олишмайди. Шунда подшо ғазабланиб, кимки уни тузата олмаса, жамики табибларни қаттиқ жазолашини айтади. Табиблар даво истаб бош қотирадилар, табибликдан хабари бор барча одамларни бир жойга йиғишади. Тоғу тошларда қўй боқиб юрадиган бир чўпон подшонинг синиққан юзига синчиклаб қараб: “Мен сизни даволашга уриниб кўрмоқчиман”, дейди ва бунинг учун қирқ кун муҳлат сўрайди. Чўпон подшони табиат қўйнида кўпроқ сайр қилишга, шифобахш гиёҳлар қўшилган чўпонлар таомидан еб, тоғдаги булоқлар сувидан тўйиб-тўйиб ичишга кўндиради. Бу ҳол подшо учун ҳар кунги одатга айланади. Қирқинчи кунга келиб подшо ўзини соғлом ҳис этаётганини айтади. Унинг юзлари тиниқ, гавдаси ҳам тетик эди. Подшо саломатлиги яхшиланганининг сабабини билишга қизиқади. Шунда чўпон: “Сиз ҳамиша саройда ташвишлар ичида яшаб, табиатдан узоқлашгансиз, мен сизни табиатга яқинлаштирдим, у сизни даволаб тузатди”, деди.
Аслида, табиат биз учун ҳамма шарт-шароитни яратиб қўйган. Унинг бағрида ўзимизни соғлом ва хотиржам ҳис қиламиз, худди онамиз қучоғида яйраган каби ором оламиз, завқланамиз.
Лекин бизнинг ҳам мажбуриятларимиз бор. Яъни, она табиатни севиб-ардоқлашга, гулу гиёҳдан тортиб митти жониворларгача — ҳамма-ҳаммасига шафқат ва меҳр кўрсатишга ҳамиша бурчлимиз. Шуни унутмасак бўлгани.
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.