Ўзбекистонлик талаба — халқаро танлов ғолиби!

Шу йилнинг 8 сентябрь куни Жанубий Корея пойтахтида анъанавий “Quiz on Korea 2024” корейс тили ва маданияти халқаро танловининг финал босқичи ўтказилди.

Танлов Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва “KBS” марказий телевидениеси ҳамкорлигида ҳар йили мунтазам равишда ташкил этилади.

Эътиборлиси, Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тадбирнинг финал босқичида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Моҳира Эргашева биринчи ўринни қўлга киритди.

Жорий йилги “Quiz on Korea” танловида 21 давлатдан энг иқтидорли талабалар қатнашиб, улар Жанубий Корея тарихи, иқтисодиёти, жамияти, тили ва маданияти ҳақидаги билимларини синовдан ўтказдилар.

Ўн учинчи маротаба ўтказилган мазкур халқаро танлов, бутун дунё халқлари ўртасида дўстлик руҳини тарғиб қилиш ва Жанубий Корея, унинг тили ва маданиятига қизиқишни оширишга қаратилган.

Қайд этиш керакки, эндиликда ушбу совринни қўлга киритган Ўзбекистон талабалари сони 3 нафарга етди. Бундан аввал, яъни 2012 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси Ҳулкар Эрданова ва 2022 йилда Корея Фонди стипендияси дастури бўйича лойиҳа координатори Саъдулла Ибрагимов танлов бош мукофотини қўлга киритган эди.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 3 =