Маънавият негизида ватанпарварлик мужассам

унинг асоси оилада шаклланади

Инсоннинг етук камол топишида маънавиятнинг ўрни беқиёс. Билим ва ақл унинг олтин калити десак арзийди. Чунки тафаккур ва маърифатсиз инсондан ўзликни англаш — Ватанга садоқат, миллатпарварлик, миллий қадрият, юксак ахлоқий сифатлар, фидойилик каби эзгу туйғулар талаб этиш қумга сув қуйгандек изсиз кетиши аниқ.

Маънавият, аввало, оилада шаклланади, оилада илдиз отади. Ўғил-қизларга беш ёшгача берилган тарбия умрининг сўнгига қадар таъсир этади дейишади. Ота-она назоратида бўлган бир ёшли болакайга эътибор беринг. Нутқи шаклланмаган бўлса-да, катталарга салом бериш ёки хайрлашиш ҳақида сўз кетганда, қўлчаларини беихтиёр кўксига қўяди, қўлчаларини силтаб хайрлашади. Дастурхон атрофида ўтирганингизда “тегма”, деган буйруғингиз қайта-қайта такрорлангач, дастурхондаги нарсаларга имкон қадар қўл чўзмасликка ҳаракат қилади. Бу билан боланинг сабр-қаноати, диққати, иссиқ-совуқни, яхши-ёмон нарсаларни ажрата олиши, ота-она сўзига қулоқ тутиши, бир сўз-ла айтганда, оила тартибига риоя этиши шаклланади.

Бироқ: “Бола подшоҳ, қўявер, истаганини қилсин, катта бўлса йўлингга солиб оласан”, дегувчилар керагидан ортиқ топилади, десак, янглишмаймиз. Ривоятларда келтирилган тарбиявий аҳамиятга эга ўгит деярли барчамизга таниш. Яъни туғилганига бир ой бўлган чақалоқни ота-онаси донишманд ҳузурига олиб борибди. “Боламиз етук инсон бўлиши учун қандай тарбия беришимиз керак, маслаҳат берсангиз”, деб сўраганларида, донишманд: “Тарбия беришга бир ой кечикибсизлар”, деган экан. Бу бежизга эмас, албатта.

Фарзандлар улғайиб боргани сари уларга бериладиган тарбия кўникмалари ҳам кенгайиб боради. Шубҳасизки, ўз навбатида ўғил-қизлар талаби ҳам ортади. Миллий тарбиямизга кўра эрта тонгдан юзини ювиб ўзидан катталарга салом бериш, дастурхон неъматларига катталардан аввал қўл узатмаслик, пала-партиш овқатланмаслик, шошилиб турган бўлса-да, катталардан рухсат олиб ўрнидан қўзғалиш каби бир қатор оила даврасидаги қоидалар борки, бу ўзлигимизга хос қадриятдир. Мазкур сўзлар айни фурсатда кимгадир эриш туюлиши мумкин. Бироқ бу қонун-қоидаларнинг барчасида катталарга ҳурмат, овқатланиш маданияти, ўзини тутиш одоби мужассам. Бу ҳам маънавий тарбиянинг илк босқичларидан биридир.

Айтишларича, буюк шоҳ ва саркарда Амир Темур бобомизнинг бир одати бор экан. Яъни, у қайси бир хонадонда меҳмон бўлса, имкон топиб ўша хонадоннинг оила аъзолари, фарзандлари олдига ёзилажак дастурхонга эътибор қаратар, фарзандларнинг ўзини тутиши, муомаласига қараб ўша оилага баҳо берар экан. Демакки, оиладаги дастурхон тартиби, бекаларимизнинг бу борадаги дид ва пазандалиги, ўғил-қизларнинг дастурхон одобига риоя қилиши оиланинг маънавиятини белгилайди.

Ўғил-қизингиз илк бора мактабга йўл оляпти. Бу қувонч ва ҳаяжон хотирангизга муҳрланиб қолиши тайин. Шу ондан эътиборан фарзандингизнинг муаллим-устозларга нисбатан ҳурматда, синфдош дўстлари билан аҳил-иноқликда, китоб ва ўқув қуролларига эътиборли бўлишида, мактабига интилиб туришида сизнинг ўрнингиз беқиёс. Бу болангизнинг меҳр ила илм олиши, масъулиятни ҳис қилиши, маънавий камолида салмоқли ўрин тутади. Бола илм даргоҳига меҳр қўйдими, улғайгани сари фанларни қунт ва иштиёқ билан ўзлаштириб боради. Устозлари ва албатта, сизнинг саъй-ҳаракатингиз ила она замини тарихига бўлган қизиқиши, она тилига бўлган муҳаббати, дунёни англаш учун хориж тилларини эгаллаш кўникмаси маънавиятининг кенгайишига замин яратади.

Бу борада Туркистон жадидчилик ҳаракатининг улкан намояндаларидан бири Абдурауф Фитратнинг доно фикрини келтириш жуда ўринлидир: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

Дарҳақиқат, болаликда олинган маънавий ва маърифий тарбия: яхши хулқ, тўғрисўзлик, ор-номус, ватанпарварлик, садоқат, интилувчанлик, китобга меҳр, покизалик, хушмуомалалик каби бир қатор эзгу туйғу ва эзгу амаллар тошга битилгандек гап, яъни ҳаёт тўфонларида ювилиб, йўқ бўлиб кетмайди. Шубҳасизки, бу инсоний фазилатлар фарзандларимизда шаклланиши, мустаҳкамланиб бориши учун, аввало, биз катталар ушбу талабларга риоя қилишимиз, бу борада уларга ўрнак бўлишимиз керак.

Мана шу гўзал кўникмаларнинг барчаси китоблардан жой олганини яхши биламиз. Шу сабаб, бола телефонга тобе бўлиб қолмасидан аввал китобга меҳр қўйдириш лозим. Бунинг учун оиладаги катталар вақт ажратиши шарт. Улар ҳали ҳарф танимай туриб, қизиқарли шеър ва эртакларни ифодали ва таъсирли қилиб ўқиб бериш орқали ўғил-қизларнинг китобга эрта боғланишига, китобсевар бўлишига замин яратади. Бу эзгу амалларда нафақат ота-оналар, балки бобо-бувиларнинг ҳам ўрни беқиёс.

Аммо афсуски, кўп оилаларда бунинг аксини кўриш мумкин. Оналар ишчи-хизматчи бўладими ёки уй бекасими, боласи хархаша қилмаслиги учун унинг қўлига хориж қўшиқлари ва мультфильмлари киритилган телефон тутқазиб қўяди. Бу ғафлат юки оналарнинг ўз қўли билан боласи саломатлигига путур етиши, фикран заиф бўлиши ва оммавий маданиятга қул бўлишига йўл очиб беради. Ранг-баранг ва шовқин-суронли, маънавиятдан йироқ бу қўшиқ ва мультфильмларга ўрганган ўғил-қиз борки, китобга меҳр қўйиш тугул, билим олишга бўлган иштиёқи пасаяди. Ўз навбатида, бу талотўпда суяги қотган ёшлар хорижда яшашни истайди, ота-она ва туғилиб ўсган Ватани олдидаги бурчини унутади, миллий қадриятларимизга беэътибор ва нописанд бўлади.

Ўғил-қизлар тарбияси ҳақида сўз кетганда, уларни беэътибор қолдирмаслик, телефон зараридан узоқлаштириш, фойдали машғулотлар билан банд қилиш ҳақида кўп гапирамиз. Болалар улғайиб боргани сари қизиқишига қараб спорт ва турли тўгаракларга, тил курсларига беришни ота-оналар афзал билишади. Бу ўғил-қизларнинг соғлом улғайиши, тафаккури кенгайиши ва билимли бўлиши учун зарур, албатта.

Мана шу эзгу амаллар қаторида уларнинг табиатга меҳр қўйишлари ҳам фойдали машғулотлардан бири деб ўйлайман. Яъни ўғил-қизларимиз она замини ободлигига улуш қўшиш — гуллар экиш, кўчатлар ўтқазиш қай даражада ёқимли, қизиқарли ва савобли амаллардан бири эканини теран англашлари лозим. Ҳовли ичига ёки ташқарисига, яъни кўчалар бўйига, кўп қаватли уйлар олдига боланинг ўз қўли билан эккан турли хил гуллар ва дарахт кўчатларини ўзи парвариш қилишини зиммасига юклаш катта аҳамият касб этади. Бу масъулият уларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлайди, табиатга меҳр қўяди, ободликка улуш қўшганидан қалбида ғурур туяди. Бу ҳам маънавий улғайиш хамда она юрти олдидаги бурчини ҳис қилишнинг бир кўринишидир.

Маънавий камолотни ахлоқий тарбиясиз тасаввур этиш мушкул. Айниқса, Шарқ алломалари бунга катта аҳамият қаратган. Шунингдек, мутафаккирларнинг фикрига кўра, инсоннинг одоби ва хулқи унинг маърифати, билимдонлиги билан узвий боғлиқ. Фарзандларимизни тарбиялашда уларнинг ўгитларига риоя қилиш қайси бир даврда бўлмасин, катта аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганларидек: “Ёш авлодни тарбиялаш вазифаларини амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз”.

Инсонийликни мадҳ этган мутафаккирлардан бири Саъдий Шерозий ўз асарларида ахлоқий тарбияни биринчи ўринга қўяди. Фарзандларга ёшликдан одоб-ахлоқдан тарбия бериш жоизлигини таъкидлайди. Унинг ушбу сатрлари фикримиз далилидир:

 

Кимгаки ёшликдан берилмас одоб,

Улғайгач бўлади бахтсиз, дили ғаш.

Ҳўл новда эгилар, қай хилда эгсанг,

Қуруқни тўғрилар фақат ўт-оташ.

 

Жадидчилик ҳаракатининг илғор вакилларидан бўлган маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний мамлакат тараққиёти, давлатнинг қудратли бўлиши ёш авлод тарбиясига ҳар жиҳатдан боғлиқ деб ҳисоблаган. “Юрт равнақи, аввало, унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига боғлиқ. Илм ва эзгу ғоя руҳида тарбияланган кишидагина Ватан туйғуси шаклланади, она юрти ва она тилига муҳаббат уйғонади, садоқат қарор топади. Бу фазилатларсиз комил инсонни тасаввур этиб бўлмайди”, деган фикрни илгари суради.

Маънавий комилликка эришиш ҳақида узоқ сўз юритиш, алломаларимизнинг фикрини кўплаб келтиришимиз мумкин. Сўзимизни мухтасар қилиб, яна миллатпарвар олим Абдурауф Фитратнинг доно сўзларига юзланамиз. Аллома “Раҳбари нажот” асарида ёш авлодни тарбиялаш тўғрисида қуйидаги фикрларни билдирган: “Дунё курашнинг умумий майдонига ўхшайди ва бу майдоннинг бузрук паҳлавонлари инсонлардир. Бу курашда ғолиб чиқиш учун уч хил қуролга эга бўлиши керак. Биринчиси “Саломатлик”, иккинчиси “Соғлом фикр”, учинчиси “Ахлоқи сано” (олий ахлоқийлик). Болаларни баркамол қилиб вояга етказиш учун унинг тарбиясига фақат оилагина жавобгар бўлмасдан, бутун миллат аҳли жавобгардир”.

Дарҳақиқат, истиқболимиз эгаларининг маънавий камол топишига барчамиз масъулмиз. Ғафлатдан йироқ миллатпарвар инсон борки, келажак авлод истиқболига бел боғлаши шарт. Зеро, бу Ватанимиз тақдири, мамлакатимиз тараққиёти, миллий қадриятларимиз устуворлиги йўлида фидойи бўлмоқ шарафидир.

Зулфия ЮНУСОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =