Қадр топган қадрлиларим…

“Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги”

Ҳар йилнинг 31 август санаси — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиб келинарди. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларига ҳурмат бажо келтириб, мазкур маросимда эндиликда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш ҳақида маълум қилди.

Мазкур жараёнда Президентимиз юртимиз истиқлоли учун қатағон қилинганлар хотираси ҳақида шундай фикрларни қайд этди:

— Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон — азиз, хотира — муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда.  Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик.

Бу нимани англатади? Бу — адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Нима учун бу вақт танланди? Чунки 1938 йил 4-16 октябрь кунлари 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Энг етакчи шахслар қатл этилган. Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлилар, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони — улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5 октябрда чиқарилган.

— Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак, — дея таъкидлади Президент.

Хўш, қатағон қурбонларини ёд этиш, ҳурматини жойига қўйиш каби амаллар жойларда қандай амалга оширилмоқда?

Яқинда, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида хоразмлик бир гуруҳ журналист ва ёзувчилар Урганч давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюришди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда воҳанинг таниқли ижодкорлари қатағон қурбонларига бағишланган китобларини музей фондига туҳфа этди.

Музей хоналарини айланарканмиз, ўтмишдан ҳикоя қилувчи осори атиқалар, уй-рўзғор буюмлари, қатағон қилинган шахслар ҳақида маълумотлар, ҳужжатлар, юртимизнинг асл фарзандларини олиб кетган машъум юк машинасининг сурати диққатни тортади.

— Ўша машъум йилларда бу машинани ерлик аҳоли “қора қузғун”, “қора қарға”, “ажал арава” деб айтишган экан. Ахир машинанинг ғилдиракларини қаранг, қип-қизил қонга бўялган, — деди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Гавҳаржон Ибодуллаева. — Ўша машинага минган одам борки, омон қолмаган, уйига қайтиб келмаган. Менинг бобом ҳам қатағонга учраган эканлар…

Шоирамизнинг маъноли кўзларида ғам ёшлари айланади…

Ёшгина ўғлонларни, Ватаннинг асл фарзандларини олиб кетган машинага нафрат билан боқамиз. Юрагимиз ўртанади. Президентимиз айтган фикрлар қулоқларимизда айланади, бегуноҳ боболаримизнинг оҳлари ўтмиш қаъридан эшитилгандек бўлади…

Музейда жуда кўп маълумотларга эга бўласиз. Машъум кунларнинг гуноҳлари, бегуноҳларнинг фарёдлари ўтмишнинг қора кунларини эслатади…

Музей раҳбари, тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим, Урганч давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Юлдузхон Раҳмонова билан қисқача суҳбатлашдик.

— Юлдузхон, қатағон қурбонлари хотираси учун ташкил қилинган музей ҳақида қандай фикрларни билдирасиз? Фаолиятингизни билишни истардик…

— Ушбу музейимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ўз фаолиятини бошлаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил ноябрдаги 936-сонли қарори бор. Ушбу қарор Тошкент шаҳрида жойлашган қатағон қурбонлари хотираси музейи фаолиятини такомиллаштириш ва ҳудудий музейларни ташкил қилишдан иборат эди. Президентимиз қатағон қурбонлари хотира музейига борганларида: “Бу музей музейларнинг музейи бўлибди. Нега бу музей фақат биргина бўлиши керак? Музей барча вилоятларда бўлиши, вилоят аҳли, ёшлар Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган шахслар ҳақида тўлиқ маълумотларга ва билимларга эга бўлишлари керак, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш лозим”, деган фикрларни билдирган эди.

Қарорга кўра музейлар олий таълим тузилмаларида ташкил этилиши лозим эди. Хоразм вилоятида бу вазифа Урганч давлат университети зиммасига юклатилди ва менга топширилди. Ўша пайтда мен Урганч давлат университетининг докторантурасида таҳсил олаётгандим. Музейни ташкил қилиш вазифаси топширилганидан жуда мамнун бўлдим. Чунки Хоразм Маъмун академияси музей экспозициясини ташкил қилишда ҳамда Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий ва Ал-Беруний ёдгорлик мажмуалари тематик экспозицион режаларини тузишда иштирок этганман. Бу соҳада озгина тажрибам бўлганлиги учунми, менга ишонишди.

Шу кундан бошлаб ҳаловатим йўқолди. Чунки музей учун бинони вилоят бўйлаб излаганмиз. Қайси ҳудудда, қайси бинода музей ташкил қилиш кераклиги бўйича топшириқ олганмиз ва вилоятдаги кўпгина биноларни бориб кўрдик. Кўп ўтмай, ҳокимликларга Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи келди ва вилоят ҳокимлиги ушбу бинони музей учун ажратиб беришди. Бу ҳашаматли, пишган ғиштдан бунёд этилган иморат қадимда катта савдогар бўлган ака-ука Салимжоновларнинг уйи бўлган экан. Биз келган пайтимизда бино янгигина таъмирдан чиқарилган эди. Тўрт деворни қабул қилиб олдик. Аммо музей учун ҳеч нима йўқ, зеро, фаолиятимиз давомида экспозиция ташкил қилишимиз керак эди.

Қаергаки машъум давр қурбонлари ҳаётини ўрганиш учун борган бўлсак, биз борган хонадондагилар музей учун экспонатларни топишга ёрдам беришган, ўтмишнинг буюмларини ҳадя қилганлар. Гурлан, Урганч, Хива, Ҳазорасп, Хонқа туманларидан экспонатларни йиғиб тўплаганмиз. Ўзим узоқ йиллар давомида архив тадқиқотларини олиб борганлигим сабабли мазкур ҳужжатлар орасида ҳам қатағонга оид маълумотларни ажратиб топишга муваффақ бўлганман.

Фаолиятимиз давомида архив тадқиқотларини ҳам давом эттирдик. Ўзбекистон миллий архиви, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи архиви, Хоразм вилоят давлат архиви ҳамда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги девонхона бўлимининг Хоразм вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси архивларида тадқиқот ишлари олиб борилди.

Ниҳоят, 2018 йилнинг 31 август санаси — Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида музейни очишга муваффақ бўлдик. Музейимиз ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам, бугунги кунда 5300 дан ортиқ экспонатлар, ҳужжатлар жамланган. Ушбу ҳужжатларда хоразмлик юртдошларимизнинг 2 империя — Россия империяси ва совет империяси даврида ноҳақ қатағон бўлганликлари ҳамда озодлик йўлида курашган ватандошларимизнинг тарихи акс этади.

1937-1953 йилларда Ўзбекистондан 100 минг киши қатағон қилинган бўлиб, улардан 13 минг нафари отиб ташланган. Лекин ушбу рақамлар янада кенгайиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 100 минг кишининг барчасининг исм-шарифларини аниқлаш бўйича топшириқ берганлар. Ушбу топшириқ бўйича муҳим бўлган фармойиш 2020 йил 8 октябрда эълон қилинди ва ишчи гуруҳ тузилди. Мана шу ишчи гуруҳдаман. Тадқиқотларимиз натижасида Хоразм вилоятининг “Хотира китоби” яратилди. Бу китобга 3 минг нафарга яқин бўлган хоразмликларнинг исми-шарифлари киритилди. Уларнинг барчасининг шахслари ҳақидаги маълумотлар архив ҳужжатларига асослаган. Лекин 6 мингга яқин шахс ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаган бўлсак ҳам, 4 минг нафарининг маълумотлари аниқ деб айта оламиз.

Музейнинг экспозициясини ташкил қилишда мен қатағон қурбонларини излаб уларнинг уйларига бордим. Марям Султонмуродова Урганч туманининг “Чондирқиёт” қишлоғида истиқомат қилган. Ҳозир ҳам у яшаган хонадон мавжуд. Марям Султонмуродованинг келини Ширин опа билан суҳбат қилдик. Ширин опа Марям опага оид бўлган барча шахсий архив ҳужжатларини, альбомларини, суратларини тақдим қилдилар. Айтиш жоизки, музейда энг катта ва бой маълумотлар Марям Султонмуродовага тегишли.

Бугунги кунга қадар Марям опага доир ҳужжатларни тўплаган олимлар — Наим Каримов, Шерали Турдиев, Баҳром Ирзаев ва бошқалар тадқиқ қилганлар. Биз ҳам шу улуғлар қаторида Марям опанинг ижодий меросини ўргандик. Бу борада ҳужжатли фильмлар ҳам ишланган. Қатағон қурбони бўлган хоразмликларга бағишланган 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди. Уларни яратишда иштирок қилганлигимдан мамнунман.

Музейимиз қисқа муддат ичида гавжум зиёратгоҳлардан бирига айланди. Бу даргоҳда мактаб ўқувчилари, талабалар, фахрийлар, зиёлилар, ҳарбийларни учратасиз.

Ҳарбий мактабларда болаларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда музей экспозициясидан кенг фойдаланиб, айрим дарслар музейда ўтилади. Умумтаълим мактабларининг тарих фани ўқитувчилари ҳам очиқ дарсларни бу ерда ўтадилар. Талабалар амалиётларини ўтайдилар. Шу жараёнда қатағон қурбонлари бўлган хоразмликлар хусусида билимларини янада бойитиб, шулар ҳақида турли тилларда видеороликлар ишлаб, ижтимоий тармоқларда тарғиб қиладилар. Бу ютуқли жиҳатлардан биридир.

Бугунги кунда қатағон қурбонларига бағишланган илмий изланишлар самарали олиб борилмоқда. Азамат Нуруллаев исмли шогирдим Хоразм вилояти мисолида совет даврида қатағон қилинган шахсларни, архив ҳужжатлари асосида аҳолининг турли қатламларининг ноҳақ жабрланганликларини ўрганаяпти. Азамат Ички ишлар вазирлигида масъул лавозимда хизмат қилади. У Ички ишлар вазирлиги архивини ўрганиб чиқди. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилган лойиҳада ҳам муваффақиятли иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 40-сонли фармойиши асосида прокуратура тизимидан қатағон бўлган шахсларнинг тақдирини, ёпиқ, махфий ҳужжатларни ўрганди. Натижада “Тарихий хотира беқиёс” деб номланган 2 жилдлик китоб нашрдан чиқди. Мана шу 1- ва 2-жилдларни тайёрлашда ҳам қатнашдим. Бу жуда мураккаб жараён бўлди. Хоразмдаги архивларнинг барча ҳужжатларини бирма-бир варақлаб ўрганиб чиқиб, уларнинг ичидан қатағон бўлган прокурорларни изладик. Айниқса, Қорақапоғистон Республикаси ҳудудида ҳуқуқ тизимига оид бўлган жуда кўп шахслар аниқланди. Улар орасида хоразмликлар ҳам бор экан.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам бу мавзуда китоб чоп этилди. “Тарихий сабоқлар ва хулосалар” деб номланган китобнинг илк нусхаси кеча нашрдан чиққанлиги ҳақидаги хабар жуда қувонтирди мени. Ушбу китобда ички ишлар тизимидан совет даврида қатағон бўлган шахслар ҳақида ҳамда Хоразм Республикасининг ташкил топиши, милиция тизимининг фаолият юритиши ва воҳада қатағон қилинганлар ҳақида ёзилади. Вилоятимиздан Машариф Қориев, Хоразмда хизмат қилган Минглихўжа Иниалиев, Назар Шоликоровларнинг қисмати ҳақида маълумотларга эга бўласиз.

Музейларда олиб борилган илмий тадқиқотлар аниқ ҳужжатларга асосланади. Биз оғзаки тарих материалларини йиғиш билан хам шуғулланамиз. Аҳолидан “Сизнинг бобонгиз қатағон бўлганми?” деган сўровнома ўтказамиз. Яқинда Хива шаҳридаги “Каптархона” маҳалласида илмий экспедиция ишларини амалга оширдик. Бу ерда Хоразм Халқ Совет Республикаси Адлия вазири лавозимида ишлаган, Урганч муҳофаза бўлими бошлиғи бўлган, “Ичонқалъа” музей қўриқхонаси раҳбари, Қуръонни ёддан билган қори Султон Жуманиёзовнинг қатағон бўлганлиги бўйича махфий ҳужжатларни ўрганишга муваффақ бўлдим. Унинг оиласини излаб топдим. Уч нафар оға-ини бир кўчада, “Каптархона” маҳалласида яшаганлар. Унинг ўғли Комилнинг фарзандлари билан суҳбатлашдик. Бу ерда номлари ҳали маълум бўлмаган шахслар ҳақида фактларни йиғишда давом этдик.

Биз ҳар йили ўзимизнинг тадқиқотларимизни нашр қилиб борамиз. Музей ташкил қилинганидан буён музейимиз номидан 7 та китоб нашр этилди. Биринчи китобим — “Хива шаҳри тарихи: анъана ва ўзгаришлар. ХVI-XX аср бошлари” деб аталади. Ушбу китобимда ҳам XX аср бошида Хоразмдаги ўзгаришларни ва “Ёш хиваликлар” ҳаракати, Жадидчилик ҳаракати фаолларининг давлат бошқаруви хусусидаги фикр-мулоҳазаларини, Хоразм жадидларини ёритиб берганман. Шу асарнинг рус тилидаги нусхаси ҳам чоп этилди. Учинчи китоб “Хива тарихидан лавҳалар” деб номланди. Ушбу асарда ҳам қатағон тарихига оид материаллар ўрин олган. “Карвак хотираси китоби” нашрдан чиқди. Ҳазорасп туманида жойлашган Карвак элати — улуғ уламолар қишлоғи бўлган. Ушбу китобни журналист Каримбой Оллақулиев билан бирга яратдик. У киши музейимизга ташриф буюрганларида: “Бизнинг ҳудуддан ҳам бир қишлоқ аҳли қатағон бўлган”, деди. Менинг ўзим ҳам Ҳазораспга бориб илмий экспедицияларда иштирок этдим. “Карвак хотира китоби”ни Ҳазорасп туманидан қатағон бўлганларга бағишланган хотира китоби дейиш мумкин. Хоразм вилоятининг суд тарихига оид “Кеча. Бугун” деб аталувчи китоб чоп этишга берилди. Бу китоб ёзилишида туркум материаллар билан бир қаторда қатағон бўлган судьялар, адолат посбонлари ҳақидаги материалларим билан иштирок этдим. Суд тизимининг ҳозирги даврдаги тарихи ёритилди. Бу бизнинг илмий тадқиқотларимизнинг бир парчаси ҳисобланади. Ҳар куни архив ҳужжатларини йиғиб олиб келаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 270-сонли қарори сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга бағишланган. Ушбу қарор бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди ва бу ишчи гуруҳга раҳбарлик қилиш Мудофаа вазирлигига юклатилди. Бизнинг музейга ҳам Мудофаа вазирлиги ходимларидан 2 нафари келиб, архив материалларининг нусхаларини олишда ёрдамлашяптилар. Шу фактлар асосида илмий тадқиқотларни амалга оширяпман.

Музейнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда тинимсиз изланишлар олиб боряпмиз. Туркиянинг ТИКА ташкилотига грант лойиҳаси чиқардим. Ушбу лойиҳа “Урганч давлат университети тузилмасидаги қатағон қурбонлари хотираси музейининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш” деб аталади. Шу лойиҳа фонд томонидан маъқуллангач, Туркиянинг Тошкентдаги ваколатхонаси Анқарага бу материалларни жўнатди. Уларга ҳам бу лойиҳа маъқул тушди ва бизнинг музейимизга шу фонддан беғараз ёрдам кўрсатилди. Бизга 7 та замонавий компьютер, 6 та лазерли принтер, 2 та рангли принтер, 5 та “Smart”-телевизор, катта “Smart”-доска ва 10 та катта инфокиоск ва яна битта катта инфокиоск, сенсорли стол, фотоаппарат, мебель тўпламлари, микрофон ва бошқа техник жиҳозлар тақдим этилди. Бу орқали биз ташрифчиларимиз учун қизиқарли маълумотлар тайёрладик ва ахборот технологиялари воситасида халқимизга қатағон қурбонларининг даҳшатли мусибатлари хусусида материалларни беришда давом этмоқдамиз.

Музейимизга нафақат ички сайёҳлар, балки дунёнинг турли минтақаларидан меҳмонлар, саёҳатчилар Хитой, Туркия, Россия, Финландия, Испания, Италия, Индонезия ва бошқа давлатлардан ташриф буюришади. Улар гоҳида расмий делегациялар таркибида келишса, баъзида сайёҳ бўлиб Хоразмга келиб, виртуал карта орқали музей жойлашган ҳудудни билиб, эшикдан кириб келадилар.

Эндиликда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Музейимиз тарихидаги материалларни ижтимоий тармоқларда ёритиб борамиз. Музей телеграм гуруҳи фаолият юритмоқда. Бу ерда обуначиларга муқаддас даргоҳимиздаги янгиликлар ва қатағон бўлган шахсларнинг фожиали тақдирлари ва уларнинг авлодлари хусусидаги материалларни ҳамда “Ўзбекистон тарихи” каналида Ватанимиз тарихига оид бўлган воқеаларни кенг ёйишда фаол иштирок этамиз. Мунтазам равишда ОАВ, республика ва хориж конференцияларида маърузаларим билан қатнашаман.

Мақсадимиз — музейда кутубхона ташкил этиш. XIX аср Россия империяси босқини давридан бошланади. Лекин, аслида, В.Черкасский экспедицияси 1717 йилдан бошланади. Ўша даврга оид Хоразм хонлигига доир бўлган ноёб осори атиқалар ҳам бизнинг музейимизда жойлашишини истайман. Чунки музейимиз Хоразмда фаолият юритмоқда. Вилоятимиз қадимий буюмларга ниҳоятда бой бўлган. Бизнинг қўлёзма китобларимиз, тошбосма китобларимиз ҳамда аҳолининг қўлида нодир экспонатлар бор. Уларни олиб келиб музейларга жойлаштириш керак. Музейга ташриф буюрганлар ҳар бир экспонатга қараб олам-олам маъноларни, тарихини ўрганадилар ва бу сиёсий қатағонлар даври билан боғлиқ бўлган экспозицияни бойитишга руҳан ҳис қилишга ёрдам беради. Махфий архивларда сақланаётган ҳужжатларнинг тезроқ очилишини ва бизга тақдим қилинишини, мен у ердан жадидларимизнинг суратларини олиб чиқишни, уларни экспозицияга жойлаштиришни ва қатағон қурбонларининг тўлиқ расмларини ҳам шакллантиришни ният қилганман.

Яқинда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Хоразмда яшаган буюк аёллар тимсолларини яратиш ҳақида топшириқ бердилар. Президентимиз ташрифи арафасида Хоразм тарихида муҳим из қолдирган аёллар, уларнинг суратлари ва маълумотларини тақдим қилдик. Бу ўрнак бўладиган аёллар умумтаълим мактабларига қўйилиши режалаштирилган.

Ота-онам ўқитувчи бўлишган. Мен китоблар дунёсида яшаганман. Журналист бўлишни орзу қилганман. Мактабда ўқиган пайтимда газеталарга мақолалар жўнатганман. Хива педагогика билим юртига ўқишга кириб, қизил дипломга битказиб, Урганч давлат университети тарих факультетига ўқишга кирганман. 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти ҳузуридаги ихтисослашган Кенгашда “XVI-XX аср бошларида Хива шаҳрининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти: анъана ва ўзгаришлар” мавзусидаги диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Катта илмий ходим унвонини олдим. Халқаро Амир Темур жамоат фонди кўкрак нишони билан тақдирландим.

— Суҳбатингиз учун катта раҳмат.

 

Қатағон қурбонлари тарихини ўрганиш, ўтганларнинг улуғ ишларини рўёбга чиқаришда фидойилик билан фаолият олиб бораётган Юлдузхон Раҳмонованинг муборак ниятлари ушалишига тилак билдирдик.

Илоҳим, ўтганларнинг руҳлари қўлласин!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =