45 йилдан сўнг…
11 август куни Минскда Тошкентнинг машҳур “Пахтакор” клуби футболчилари хотирасига бағишланган 1979 йилдаги “Ўтказилмаган ўйин” бўлиб ўтади
11 август куни Днепродзержинск осмонида иккита Ту-134 самолёти тўқнашиб кетиши натижасида бортдаги барча 178 йўловчи, жумладан, Минскда “Динамо” жамоаси билан футбол бўйича собиқ иттифоқ чемпионатининг навбатдаги тур ўйинини ўтказиш учун бораётган Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клубининг 17 нафар футболчиси ҳамда мураббийлар штаби аъзолари вафот этган авиаҳалокатга 45 йил тўлади.
1979 йил 11 август куни содир бўлган мазкур мудҳиш ҳалокат оқибатида Равил Агишев, Михаил Ан, Олим Аширов, Сирожиддин Бозоров, Константин Баканов, Юрий Загуменних, Шуҳрат Эшбўтаев, Александр Корчёнов, Николай Куликов, Владимир Макаров, Сергей Покатилов, Владимир Фёдоров, Владимир Собиров, Виктор Чуркин, Идгай Тазетдинов, Мансур Толибжонов, Владимир Чумаков вафот этди.
Беларусь Футбол федерацияси портали маълумотига кўра, 45 йилдан кейин Минскда “ўтказилмаган ўйин” давом этади. 2024 йилнинг 11 август куни “Динамо-Юни” стадионида “Пахтакор” фахрийлари, жумладан, 1979 йилги таркиб билан Беларусь пойтахтига учмаган футболчилар ва “Динамо” Минск фахрийлари ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этилади.
Ўша давр муҳитини яратиш учун ташкилотчилар ҳар икки жамоа футболчилари ва ўйинни бошқариб борадиган ҳакамлар учун ретро либосларни тақдим этишни режалаштирмоқда.
Тадбир доирасида “Пахтакор” футбол клуби фахрийлари билан телекўприк уюштириш ва клублар раҳбарларининг чиқишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари кўмагида бўлиб ўтадиган ўртоқлиқ ўйини “Хотира учрашуви – тинчлик ўйини” бош ғояси остида ташкил этилади.
Учрашувда “Пахтакор” жамоаси фахрийларидан Аҳмад Убайдуллаев, Рустам Мирсодиқов, Геннадий Денисов, Марат Кабаев, Игорь Шквирин, Фарҳод Магомедов, Анатолий Соловьёв, Александр Журавлев, Эркин Воҳидов, Игорь Поваляев, Ринат Файрузов, Олег Синелобов, Олег Сабиров иштирок этади.
Минскнинг “Динамо” клуби шарафини эса 1979 йилги таркиб аъзолари – Эдуард Малофеев, Вениамин Арзамасцев, Анатолий Байдачный, Сергей Боровский, Игорь Гуринович, Юрий Трухан, Игорь Белов, Юрий Курбыко, Виктор Шишкин, Валерий Шавейко, Владимир Курнев, Георгий Кондратьев, Валерий Мельников, Александр Алексейчиков, Леонид Василевский, Анатолий Усенко ҳимоя қилади.
“Дунё” АА,
Минск шаҳри