“Ўқитувчи — фидойи инсон дегани…”
1 Октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни
86 ёшли кекса педагог, ҳозирда меҳнат фахрийси Шарифжон Қўзибоев Самарқанд вилояти, Пайариқ туманидаги хушманзара масканлардан бири — “Ўймовут” маҳалла фуқаролар йиғини Жўрабой қишлоғида яшайди. Умрининг қарийб ярмини ўқитувчиликка бағишлаган устознинг таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар, ўқитувчи маънавияти, ёшлар тарбияси ҳақида ўз нуқтаи назари, қарашлари бор.
Инсонни меҳнат тарбиялайди
“Ўймовут” маҳалласи туман марказидан қарийб 10 чақирим келадиган масофада жойлашган. Бу ерда одамлар, асосан, майиз етиштириш, деҳқончилик ва чорвачилик, тадбиркорлик билан шуғулланади. Шариф бобони ҳам биз ҳовлисидаги гуллар, токларга ишлов бераётган пайтда учратдик.
— Деҳқончилик бизга ота мерос, чунки қишлоқда яшаймиз, — деди у киши салом-аликдан сўнг. — Яна бир жиҳати — инсонни меҳнат, синовлар, қийинчиликлар тарбиялайди.
Бола тарбияси, унинг кўнгилдагидек билим олиши, менинг назаримда, уларни меҳнат қилишга ўргатишга ҳам боғлиқ. “Меҳнат инсонни улуғлайди” деб бежиз айтишмаган ахир.
Отахон педагог билан суҳбатимиз ёшлар тарбияси борасидаги айрим муаммоларга, ҳозирги баъзи ўқитувчиларнинг савияси, дарс бериш услуби, китоб ўқиш маданиятига бориб тақалди.
У кишининг айтишича, мажбурий обунага барҳам берилгандан кейин ўқитувчилар нафақат даврий нашрлар, балки бадиий адабиётларни ҳам ўқимай қўйишган. Мактабни битираётган айрим ёшларнинг чаласаводлиги, маданиятсизлиги илдизларини шундай ўқитувчиларнинг ўз устида мунтазам ишламаётганидан излаш керак.
“Чаласавод бригадир ҳам ўқитувчига хўжайин эди…”
Суҳбатимиз асносида устоз ўзининг ёшлик йилларидаги иш фаолияти собиқ шўролар тузумига тўғри келганини, у пайтда ўқитувчи меҳнатининг жуда қадрсизланиб қолганини афсус билан таъкидлади.
— Иш шу даражага бориб етгандики, пахта терими даврида саккизинчи синфни зўрға битирган оддий бригадир ҳам олий маълумотли ўқитувчига хўжайинлик қиларди, — дея давом этади устоз. — Бир куни битта ўқувчим бетоблиги сабаб даладан уйига сал эртароқ кетиб қолгани учун бригадир менинг устимдан туман пахта штаби бошлиғига рапорт ёзиб ишдан ҳайдатмоқчи ҳам бўлган… Яхшиямки, ўша пайтдаги халқ таълими бўлими бошлиғи жонимга ора кириб, жанжални бартараф қилганди. Эҳ, у даврлар жуда оғир йиллар эди… Баҳорда чигит экилганидан то кеч кузгача болалар далада, “пахтакорларга ҳамдаму ҳамқадам” эди. Май ойидаги айрим имтиҳонларда ўқувчидан олган билими даражаси учун эмас, нечта жўякни ўтдан тозалагани, ягана қилганига қараб баҳо қўйиларди. Агар шундай қилмасак, катталардан балога қолардик. Жисмоний тарбия, меҳнат фанлари ўқитувчиларини-ку, айтмай қўя қолай. Бечоралар иш вақтини далада ўтказишарди. Яна: “Болалар нимага саводсиз, нимага яхши ўқитмайсизлар?” деб бизларни уришардилар. Бирор-бир мард чиқиб: “Туну кун далада меҳнат қилган болада қанақа билим бўлади?” деб айтолмасди. 10-синфни шу тарзда битирган ўқувчилар олий ўқув юртларига кириш учун бор таниш-билишларини ишга солиб “танка” излардилар. Мана, энди қаранг, вазият қанақа ўзгариб кетди. Мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Ёшлар учун ҳамма шароит яратилган, барча йўллар очилган. Фақат яхши ўқиш, ҳаракат қилиш керак, холос. Афсуски, ёшлигим қайтиб келганида борми…
Қуш уясида кўрганини қилади
Шарифжон отанинг фикрича, ҳозирги айрим ёшларнинг миллий урф-одатлар, қадриятлардан узоқроқ юришининг, маънавий саёзлигининг замирида ҳам, аввало, оилада олган тарбияси ётади. Агар оилада ота-она китобхон бўлса, ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳам шунга монанд яхши камол топади. Ахир қуш уясида кўрганини қилади-да.
Яна бир муҳим жиҳат. Сўнгги йилларда аксарият битирувчи синф ўқувчилари ота-оналарнинг хоҳишига кўра, мактаб бағридан олиниб, ойига фалон сўм пул тўлаб репетиторларга бораяпти. Хўш, репетитор ким, аслида? У ҳам оддий ўқитувчи. Фақат мактабда ишлайдиган ўқитувчига нисбатан фанларни ўқитишнинг мукаммалроқ дастурини, тест синовлари бўйича чиқаётган савол-жавобларни пухтароқ ўзлаштирган, холос.
Репетиторларнинг меҳнатига шубҳа йўқ. Аммо бу ерда масаланинг яна бир нозик жиҳати бор. Репетиторга бориб олий ўқув юртига тайёрланаётган ёшларнинг аксарияти тўтиқушга ўхшаб матнни ёки жавобларни қуруқ ёдлашга ўрганиб қолишяпти. Ваҳоланки, у мустақил фикрлаши, мулоҳаза юритиши, ҳар бир масала бўйича ўз нуқтаи назарига эга бўлиши лозим. Бунинг устига, баъзи мутахассисларнинг айтишича, репетиторда тайёрланиб ўқишга кирган ёшларнинг билим савияси биринчи сессияданоқ билиниб қоляпти. Шунинг учун мактабларда ўқитиш тизимини яхшилашни, янги услублар жорий этилишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
“Устоз кўрибсан — пирга йўлиқибсан…”
Шарифжон муаллим ўзи туғилиб ўсган қишлоқдаги ҳозирги 61-ўрта мактабда (илгариги Ойбек номли 7-ўрта мактаб) 30 йил меҳнат қилди. Бу вақт ичида юзлаб ўқувчиларга сабоқ берди, илм сирларини ўргатди. Устоз қўлидан таълим-тарбия олганларнинг орасида бугун турли соҳа эгалари, хусусан, эл таниган инсонлар — ўқитувчилар, олимлар, журналистлар бор.
Комил Ҳайдаров, фалсафа фанлари доктори, профессор:
— Халқимизда: “Устоз кўрибсан — пирга йўлиқибсан”, деган нақл бор. Мен устоз деганда одамларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган инсонни тушунаман. Ёшларга таълим-тарбия бериш баробарида ўзининг одоби, хулқ-атвори, маданияти, маънавияти, ҳатто юриш-туриши, ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракатлари билан ибрат бўла оладиган киши ҳақиқий устоз бўла олади.
Шарифжон Қўзибоев тимсолида мен ана шундай устозни кўрганман. У киши Пайариқ туманидаги Ойбек номидаги 7-ўрта мактабнинг бошланғич синфида бизларни ўқитган, саводимизни чиқарган.
Ўша дамларда мактаб жону дилимиз эди. Мактабга боришни, ўқишни шунчалик яхши кўрар эдикки, тасаввур қилиш қийин… Бизларда мактабга бўлган шунчалик қайноқ меҳр-муҳаббатни Шарифжон Қўзибоев уйғотган. Шахсан менда келгусида олим бўламан, деган орзу-ниятнинг пайдо бўлишига шу устозим сабабчи.
Ким билади, агар ўша пайтлар бошқа муаллим ўқитганда бундай орзу пайдо бўлармиди, йўқми — билмадим. Шунинг учун устозимдан бир умр миннатдорман, ҳозир улуғ ёшда бўлсалар ҳам, устоз анча тетиклигини кўриб, хурсанд бўламан. Фарзандлари — Абдусами, Зокиржон, Шокиржон, Жасуржонлар ўз касбининг усталари бўлиб етишди, улар билан тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турамиз. Хуллас, бир инсоннинг умри, ҳаётининг мазмуни шунчалик бўлар. Бундай умр том маънода ибратли умрдир.
“Менинг кимлигимни эл билса бўлди…”
Шарифжон Қўзибоевнинг гапларини тинглай туриб, у кишининг самимияти, камтаринлиги, ички маданиятига тан бердим. Отахон ўзи ҳақида кўп гапирмади. Фақат қисқагина қилиб: “Одамлар, эл назаридан қолганимиз йўқ”, деди.
Бу гаплар бетакрор шоир Омон Матжоннинг “Менинг кимлигимни эл билса бўлди” деган мисраларини ёдга солди. Аслида, мактабда ишлаш билан бирга оилада 5 ўғил 3 қизни тарбиялагани, уларнинг барчасини олий маълумотли қилиб ўқитгани, бунинг учун рафиқаси Санталатхон ая билан қанча-қанча куну тунларни бедор ўтказгани ҳақида соатлаб гапирса бўларди. Келинг, шу ўринда лавҳамиз қаҳрамонининг дўстларидан бирининг дил сўзларига қулоқ тутайлик.
Облоқул Усмонқулов — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
— Шарифжон билан ҳозирги Фитрат (илгариги Чолмўйин) номли маҳалла ҳудудида жойлашган ўша пайтлардаги А.Макаренко номли 5-ўрта мактабда 7-синфгача бирга ўқиганмиз. У ёшлигиданоқ табиатан жуда камтар инсон. Ҳатто чумолига ҳам озор бермайди, ҳаммага яхшилик қилгиси келади. Одатда, муаллимлар сал асабийроқ, чўрткесарроқ бўлишади. Аммо менинг дўстим унақа эмас. Ҳар қандай вазиятда ҳам оғир, вазмин бўлишга интилади. У сизга ўзи ҳақида мақола ёзишингизга қандай қилиб рухсат берди, ҳайронман. Чунки шунча йил яшаб, бирор марта менга бундай имконият бермаган эди.
Аслида, бундай фидойи одамлар ҳақида, менимча, соатлаб гапириш мумкин, бир томонини айтсангиз, бошқа хислати қолиб кетгандай бўлаверади. Аммо бир ҳақиқатни айтмасам бўлмайди, шекилли. Ўта камтар, тортинчоқлиги туфайлими, билмадим, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган бўлса-да, Шарифжоннинг ҳатто бирорта медали ҳам йўқ. Менимча, туман ва вилоят, республикадаги соҳа мутасаддилари у кишининг меҳнатларини эътиборга олсалар, яхши бўларди. Буям нафақадаги устоз муаллимларга бир эътибор-да… Ахир бу ёшда улар фақат яхши сўз, эътиборга муҳтож бўлишади.
“Отам бизларга машина олиб бермади, аммо ўқитди…”
Шарифжон ота билан узоқ суҳбатлашдик. Суҳбат ниҳоясида отахон ёшликдаги ўқитувчилари Абдусалом Қозоқов, Умрзоқ Жонузоқов, талабалик давридаги устозлари Ботирхон Валихўжаев, Раҳим Муқимов, Нуриддин Шукуровларнинг номларини кўзда ёш билан эсга олди.
Юқорида қайд этилганидек, Шарифжон Қўзибоев турмуш ўртоғи Санталатхон ая билан беш ўғил, уч қизни тарбиялаб вояга етказди. Бугунги кунда улар турли соҳаларда меҳнат қилишади. Тўнғич ўғил Абдусами Қўзибоевни вилоятда барча ҳурмат қилади, камтар, жамоат ишларида ниҳоятда фаол, ота изидан бориб, ҳозирда устозлик мақомида, институтда домла, тўртинчи фарзанди Зокиржон Қўзибоев — “Шуҳрат” медали соҳиби, пойтахтда журналистика соҳасида фаолият юритади. Бошқалари ҳам ўз ўрнини топган.
— Отам бизларга чиройли машина ёки данғиллама уй қуриб бермади, аммо бизларнинг ҳаммамизни ўқитди, ҳунарли қилди, одоб-ахлоқни ўргатди, — дейди катта ўғил — айни пайтда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети доценти, ХДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Абдусами Қўзибоев. — Шу туфайли, укаларим Эркинжон, Зокиржон, Шокиржон, Жасурбек ва сингилларим Феруза, Нигора, Жамилалар — ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласи билан аҳил яшаяпти. Отам бугунги кунда 27 невара, 33 чеваранинг меҳрибон бобоси. Бир инсон учун невараю чеваралар ардоғида авлодлар камолини кўриш, уларга бош-қош бўлиб юриш қандай бахт? Ҳаммага шу каби бахт насиб этсин…
Хулоса ўрнида
Дарвоқе, қаҳрамонимизнинг невара-чеваралари ҳам кўп қиррали. Бир невараси Акбар айни пайтда Лондон шаҳрида компьютер йўналишида таҳсил олмоқда. Иккинчиси Дилшодбек — Тошкент давлат санъат ва маданият институтида ўқиса, яна бири Аброр — Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг, Маржона эса — Самарқанд давлат чет тиллар институтининг талабаси — булар бир неча тилларни билиши билан тенгдошлари эътиборида. Ҳа, Шарифжон Қўзибоевнинг оилада фарзандларига берган тарбияси зое кетгани йўқ. Бугун отахон бир-биридан билимли, зукко неваралар қуршовида. Фарзандларининг камолидан бугун у кишининг боши осмонда. Биз мақоламиз сўнгида устоз Шарифжон Қўзибоевга мустаҳкам соғлиқ, узоқ йиллар сулоланинг кайвониси бўлиб юришини тилаб қоламиз…
Ёрмамат РУСТАМОВ