Ўзбекистонлик 7-синф ўқувчиси Италияда ўтказилган халқаро инглиз тили олимпиадасида учинчи ўринни қўлга киритди

Жорий йилнинг 23-26 сентябрь кунлари Италиянинг Ассизи шаҳрида “Global Hippo Association” ташкилоти томонидан ташкил этилган 12-Халқаро инглиз тили фани олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танловнинг саралаш босқичларида 63 та давлатдан 88 минг нафардан зиёд ўқувчилар инглиз тили фани бўйича имтиҳонларда иштирок этди. Ўзбекистонда эса 4,5 минг нафар мактаб ўқувчилари мазкур танловларда қатнашди.
Ўзбекистондаги саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар жорий йил июнь ойида Истанбулда (Туркия) ўтказилган Осиё босқичида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 9 нафар мактаб ўқувчилари ўз гуруҳларида ғолиб бўлиб, олимпиаданинг якуний босқичига йўлланма олган эди.
Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги шафелигида ўтказилган якуний босқичда 250 нафар ўқувчи инглиз тилида ўз билимларини синаш учун турли гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзаро баҳслашди.
Гуруҳлар ўртасида кечган муросасиз имтиҳонларда сурхондарёлик 7-синф ўқувчиси Мираброр Ражаббоев “Hippo-2” гуруҳида халқаро олимпиаданинг фахрли 3-ўрин соҳибига айланди.
Ташкилотчилар барча иштирокчиларни халқаро инглиз тили сертификати, медаль ва турли қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.
Ушбу халқаро инглиз тили фани олимпиадасининг 2025 йилдаги Европа босқичи Венеция шаҳрида, Осиё босқичи эса Самарқанд шаҳрида ва якуний босқич Сицилия оролида бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар ва уларнинг устозларига мамлакатимиз элчихонаси номидан ташаккурномалар тақдим этилди.
“Дунё” АА,
Рим шаҳри.