Ўйнаб гапирсангиз ҳам…
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кўплаб публицистик мақолалари билан танилган ижодкор Ҳаким Сатторий ўзининг мақоласини “Тамерлан” — қўрқинчли эмас…” деб номлабди. “Hurriyat” газетасининг 18 сентябрь сонида чоп этилган ушбу мақоланинг номланишиёқ, назаримизда, беихтиёр ўқувчини бироз чўчитиб юборади.
Муаллиф мақоласини Мирзо Бобур асос солган салтанатни “Буюк мўғуллар империяси” деб атовчиларни фитна йўлидан борувчилар деб айтади ва фикрини шундай давом эттиради: “Бундай ғараз ниятни Соҳибқирон Амир Темур фаолиятига баҳо беришда ҳар қадамда учратиш мумкин”. Мақоланинг бошқа жойида эса улуғ бобокалонимиз Амир Темур ҳақида сўз юритиб, шундай дейди: “Маълумки, Соҳибқироннинг номи тарихий манбаларда турлича дарж этилган. Бу ҳолнинг сабаблари шундаки, у ё билиб, ё атайлаб қилинган бўлиши мумкин. Хусусан, дунёда кенг тарқалган китобларда “Тамерлан” атамаси қўлланилган”. Муаллиф бу атаманинг қандай пайдо бўлганлиги ва бу ғанимларнинг иши эканлиги, афсуски, бундай ғаламислик билан иш кўриш дўстнинг иши эмаслигини қайта-қайта ҳақли равишда таъкидлайди. Аммо мақоланинг то ярмидан кўпроғини ўқимагунингизча, муаллифнинг аниқ мақсадини англаш қийин. Англай бошлаганингизда эса беихтиёр ёқа ушлаб қолишингиз аниқ. Чунки айнан Соҳибқирон бобомиз таваллуд топган ҳудудда (қишлоқда) дунёга келган публицистнинг кенг муҳокамага тақдим этаётган фикрлари ўз миллий қадриятларини эъзозлайдиган кишиларнинг иззат-нафсига тегиши аниқ! Лекин муаллиф буни фаҳмламайди чоғи. Унинг мақоласидан яна бир иқтибос келтирамиз:
“Ғарбга, у орқали дунёга бу сўз “Танбурлан”, “Тамурлан”… ва ниҳоят “Тамерлан” шаклида тарқаб кетган. Катта-кичик, яхши-ёмон китобларда, қўлёзма манбаларда шу ҳолда қабул қилинган (?!) (қабул қилинган эмас, шундай ёзадилар, дейиш керак эди! — Ф.Р.). Айнан “Тамерлан” (худди шу шаклда, “Темирланг” ёки “Тамерланг эмас”) сўзининг ўзбек тилида нохуш маъноси йўқ. (?)” Энди бунисига нима дейсиз? Чор-атрофидагилар эмас, балки ўзини тарихчи ёзувчи, журналист деб юрган қаламкаш юзингда кўзинг демай, “ланг” қўшимчасининг “нохуш маъноси йўқ”, деб турса-я! Бу ҳам етмагандай, сал тепароқда сўздан заргарона фойдаланиш, сўз қадрига етиш ҳақида насиҳатомуз фикрларни ҳам билдириб ўтган муаллиф шу тариқа ўз фикрини давом эттирар экан: “…бу сўзга тоқат қилишга тўғри келади” (?!) — дейишдан ҳам тоймайди. Бу кишида чуқур таассуф туйғусини уйғотади. Бу қандай бедодлик? Муаллиф ўз фикрининг тўғрилигини исботлаш учун Абу Али ибн Синони — Авиценна (Авиценна ҳақорат сўз эмас! Фарқдан фарқни билиш керак! — Ф. Р.), Александр Македонскийни — Искандар Мақдуний тарзида ўз тилига мослаштириб олганларини таъкидлайди. Аммо ақли расо одам бу ўзгартиришларда ҳеч бир камситиш, эрмак қилиш ёки бошқа нуқсон кўрмайди, уларда ҳақорат оҳанглари йўқ.
Маълумки, “ланг” қўшимчаси форс тилида чўлоқ, оқсоқ маъносини қай даражада ифодаласа, ўзбек, умуман, туркий тилларнинг барчасида ҳам худди шу маънони ифодалайди.
Шундай экан, ҳеч замонда эътиқоди бут инсон ўзи улуғлаб келаётган бобокалонини “ланг”, яъни чўлоқ, оқсоқ, деб камситилган ҳолда тилга олишларига тоқат қилиб тура оладими? Бунга жавоб битта: “Албатта, йўқ!”
Мазкур мақолада, қозоғистонлик дўстлар “лан” қўшимчаси ўзларида салбий маъно ташимаслиги, аксинча, “ўхшаш”, “монанд”, “хос” сўзларига муқобил маънога эга эканлигини таъкидлашди, деб ёзилган. Ахир гап “лан” эмас, балки “ланг” қўшимчаси ҳақида кетаяпти-ку! Ҳолбуки, “ланг” қўшимчаси туркийлашиб кетган форсча сўз эканлиги, Европа аҳли эса уни янада ўзгартириб “лан” шаклига айлантириб олганлиги кундай равшан.
Табиийки, Соҳибқирон бобомизнинг асл исми “Темурбек”, “Амир Темур” эканини билган ҳолда, ул зотни куппа-кундузи “Темурланг” деб аталишига “кўникишимиз лозим”лигини бизга астойдил уқтираётган муаллифга кескин эътироз билдиришимиз табиий. Чунки бу мутлақо хато, қабул қилиб бўлмайдиган ноўрин фикр! Ахир улуғ бобокалонимизни “Темурланг” (ҳар инсоннинг Худо берган ўз исми билан аталишига ҳаққи бор! — Ф.Р.) деб камситишни ул зотнинг адолатпарвар сиёсатини ва жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини кўра олмаганлар айтгани аниқ-ку!
Мана, ниҳоят, мақоланинг охирига ҳам яқинлашдик, шу ерга келгандагина муаллифнинг мақолани ёзишдан асосий мақсади нима эканлигини англай бошлагандекмиз. Яъни мақола охирида: “Асосий гап эса буюк бобомизнинг чинакам шон-шуҳратини дунё аҳлига етказишдан иборат. Олти-етти асрдан бери муомалада бўлган бир сўзни янгилашдан кўра (?) тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш, Соҳибқирон ҳақидаги бир ёқлама тасаввурларни ўзгартириш муҳимроқ ҳисобланади”, дейилган. Савол туғилади: “буюк бобомизнинг чинакам шон-шуҳратини дунё аҳлига етказиш” энг аввало ул улуғ зотнинг исми шарифларининг бузиб қўлланилишини бартараф этишдан, тарих ҳақиқатини тиклашдан иборат бўлиши керак эмасми?..
Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳақида гапирганда, ниҳоятда ҳушёр туриб, ҳар бир сўзни тарозига солиб гапиришимиз, ёзишимиз лозим. Ҳаким Сатторийнинг мазкур мақоласи газетхонларни, ҳеч кимни ҳам чалғита олмайди, албатта. Бунга ишончимиз комил.
Умуман, яқинда “Jadid” газетасида ҳам Амир Темур бобомизнинг турли юртларда шу каби номлашларига эътибор қилиб ўтиришимиз шартми, деган маънода таниқли бир олимнинг мақоласи эълон қилинди. Унга жавобан муносабат ўрнида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқаро Амир Темур хайрия фондининг раҳбари Муҳаммад Алининг асосли мақоласи ушбу нашрда эълон қилинди.
Албатта, бугун матбуотимиз эркин. Унда ҳар ким ўз мустақил фикрини, мушоҳадасини билдириши мумкин. Шубҳасизки, эътиборли нашрларимиз юқоридаги каби мақолаларни айнан шу тамойил асосида чоп қилишган бўлса керак. Бироқ, ачинарли томони, қачонки юртимиз зиёлилари орасида ҳам буюк тарихимиз, улуғ зотларимиз тўғрисида юқоридаги каби юзаки тушунчалар бор экан, бу улар билан муроса қилиш мумкин деган маънони билдирмайди. Зеро, халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, деган пурҳикмат гап бор. Бу ҳикматни ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ.
Фаррух РАСУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.