Манфаатлар тўқнашувини чекловчи қонун

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, шу кунгача давлат идораларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш борасида бир қатор муаммолар сақланиб қолаётгани сир эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 5 июнь куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви борасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонунда манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган.

Жумладан, Қонуннинг 3-моддасида манфаатлар тўқнашуви тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият” ҳисобланади.

Қонунга кўра, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик шахсий манфаатдорлик сифатида баҳоланади ва бундай ҳолат юз берган тақдирда, ваколатли орган томонидан тезда вазият ўрганиб чиқилиб, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилади.

Хўш, манфаатлар тўқнашуви юз беришининг олдини олишни ким назорат қилади?

Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шунингдек, Қонуннинг 10-12-моддаларида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари, кадрлар бўлинмалари, одоб-ахлоқ комиссиялари ҳам манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида қайд этилган.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, махсус ваколатли давлат органи зудлик билан битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритиши ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритиши Қонунда алоҳида белгиланган.

Шунга мувофиқ, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

Мазкур Қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назоратининг амалга оширилишида, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун 2024 йил 6 декабрдан кучга киради.

Х. ИБРАГИМХОДЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

Учкўприк туман судининг судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =