Йўллар очилмоқда, кўнгиллар ҳам…

Шу кунларда димоғимиз анча баланд. Бу гап ўзи Қирғизистонда туғилиб, Ўзбекистонда ўқиб, ишлаб, умргузаронлик қилиб юрган юртдошларимизга айниқса тааллуқли. Ҳа, гап куни кеча Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бошлиқ катта делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида. Юқори даражадаги қабуллар бўлди, ўзаро ҳамкорлик доирасида оламшумул қарорлар имзоланди. Ташриф ва қабуллар, учрашувлар даражаси бўйича олий мақомда, ўта амалий ва икки томонлама самарали, умидбахш ўтди. Вазирлар, тармоқлар раҳбарлари, деярли барча соҳа мутасаддилари ўз касбдошлари билан учрашдилар, ҳамкорлик режалари имзоланди. Умуман, шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, Ўзбекистонга ташриф буюрган барча давлат раҳбарлари бу юртдан қуруқ қўл билан қайтишмаяпти.

Шу аснода жаҳон миқёсида Ўзбекистонга ишонч, амалий ҳамкор сифатида қараш кучаймоқда. Қирғиз биродарлар билан ҳам худди шундай бўлди, балки зиё­даси билан. Кечқурун Тошкентдаги муҳташам Анжуманлар саройида икки халқ санъат усталарининг концерти олқишлар, қарсаклар, эътирофлар остида ўтгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Тадбирдан кўтаринки кайфиятда қайтарканман, кўз олдимдан кўп воқеалар ўтди. Орада шундай даврлар бўлдики, икки ўртадаги муносабатлар таранг тортилиб, бундан, энг аввало, қондош-жондош, яқинлари, қариндош-­уруғлари, фарзандлари чегаранинг икки томонида бўлганлар кўп азият чекишди. Ўзимиз ҳам ўша таранг вазиятли кунларнинг кўп-кўп совуғини еганмиз. Наманган — Косонсойнинг шундоқ биқинидаги Қирғизистоннинг Ола-буқа туманига — она юртга бориб келиш азоби баъзан одамнинг хўрликларини келтириб юборарди.

Бундан ўн йиллар бурун Ола-буқанинг Сафед Булоқ деган муҳташам она қишлоғимда отамиз бандачиликни бажо келтирдилар. Совуқ хабар етиб келгач, йўлга тушдик.

Шу ўринда отамиз ҳақида икки оғиз сўз: падари бузрукворимизни водийда Аҳмадхўжа эшон деб эъзозлашарди. Ислом динига оташин муҳаббатли, тоза эътиқодли одам эдилар. Совуқ хабар етиб келгач, эртага бўладиган таъзия маросимига етиб бориш ташвиши ҳаммасидан ошиб тушди. Чунки чегара масаласи мутлақо муаммоли, деярли ўтиб бўлмайдиган даражада эди. Икки чегарада ҳам ўтаётганларга худди душмандек қаралар, иложи борича ҳужжатларидан хато топиб, қайтариб юбориш пайида бўлинарди.

Нима эмиш, ўлганлик ҳақида уни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, дод десангиз ҳам чегарадан ўтказилмас экан. Ўша ҳужжат расмий телеграммага илова қилиниб, почта орқали етиб келсагина чегарадан ўтиш мумкин экан…

Дод деб юборай дейсан… Лекин эшитадиган одам йўқ. Ака-укалар гаплашиб, район марказидан шу қоғозни олиб жўнатадиган бўлишди. Фақат шу телеграммага ўлимни тасдиқловчи тегишли ҳужжат ҳам илова қилиниши керак экан. Тошкентдаги “Главпоч­тамт”га келиб, бу қоғозларни кутиб ўтириш ўта аянч­­ли, одамнинг хўрлигини келтириб юборадиган ҳолат эди. 3-4 соат ўтирдим. Телеграмма йўқ. Эрталаб жаноза айтиб қўйилган. Бир хаёлим шартта йўлга чиқиб, чегаранинг овлоқроқ жойидан, сим тўрлар орасидан амаллаб ўтмоқчи бўлдим. Лекин кузатгани чиққан ёр-биродарлар қўйиб юборишмади. Кутиш эса азоб, ночорлик, ноиложлик азоби эди.

Шу орада бу воқеадан хабар топган андижонлик биродарлар таъзия изҳор этиб, телефон қилиб қолишди. Аҳволимни тушунтириб, “дод” деб йиғлаб юбордим. Улар кўнгил сўрагач, телеграммани Тошкентда кутиб ўтирмай, ҳозироқ Андижонга қараб жўнашни маслаҳат беришди. “Телеграммани Андижонга юборишсин, ҳарна йўл яқин бўлади”, де­йишди. Укаларимга телефон қилиб, Андижонга қараб жўнадим. Етиб келиб, телеграммани ҳам олгач, чегарага чопдим. Лекин олдимда яна бир тўсиқ кутиб турарди: чегара эрталаб соат 6:00 да очиларкан… Ноилож қолдим. Олдинда узоқ тун кутиб турса-да, шерикларимнинг қистовига қарамай, улар билан кетмадим, шу ерда қолдим. Хайрият, роса 6:00 да чегарадан биринчи бўлиб ўтиб олдим. Хурсанд бўлиб кетдим. Қаранг, ўзи таъзияга кетаяпман, лекин чегарадан ўтиб олганимга хурсанд эдим. Қизиқ, одам ҳатто таъзияга етиб бориш учун ҳам хурсанд бўлиб кетаркан?! Аслида, йиғлайдиган ҳолат…

Худога минг қатла шукурки, ҳозир чегарадан ўтиш илгаригидай ташвишли азоб эмас, аксинча, дийдор, хурсандчилик, салом-алик. Узоғи билан 5-6 дақиқада чегарадан ўтиб оласиз. Хизматдаги ҳарбий йигит пас­портингизга “тап” этиб муҳр уради-да, “оқ йўл” деб кузатиб қўяди. Икки чегарадагилар ҳам мени яхши танишади. Ҳазилакамми, қарийб 50 йилдан бери шу йўлларда умрим ўтаяпти. Шароитлар қулай, ортиқча сансалорлик йўқ. Бир қийинчилик бор эди, у ҳам, ҳар нечук, бартараф бўлибди. Намангандан Косонсой постига ўтиш анча тепаликда, бир чақиримча йўл. Юкингиз бўлса (табиийки, бўлади-да, ахир қиш­лоққа келаяпсиз-ку), юк билан юқорига чиқиб бориш қийин эди. Хайрият, яқиндан бери бир “Дамас” қўйилибди. Кексалар, юки борларнинг жонига ора кирди. Баъзан шанба куни йўлга чиқиб, душанба куни эрталаб ишхонада ҳамкасбларга йўлдаги машҳур нон бозоридан олган патирларим, айниқса, қурутлардан тарқатсам, “Нима, қариндошлар келишдими?” де­йишади. “Шанба эрталаб жўнаб, якшанба кечқурун қайт­дим”, — деб мақтаниб қўяман.

Шу кунларга ҳам етдиг-а, азизлар! Минг шукур…

Ҳа, дарвоқе, ишхонадаги касбдошим Ғуломжон Ҳакимов куни кеча Иссиқкўлдан телефон қилиб қолди. Ҳар йили улфатлари билан ёзда, таътил пайтида шу ерга бориб дам олишади.

— Яхши дам олаяпсизларми? Камчиликлар йўқми, ишқилиб? – дейман мезбонлигимга бориб, ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.

— Зўр! Маза қилаяпмиз. Бу ерлар йилдан-йилга ободонлашмоқда. Буни қаранг, Қирғизистон Президенти Ўзбекистонга борган кунлари шу ерда эдик. Қирғиз биродарларимиз ташрифни телевизорда томоша қилиб, хурсандчиликдан қўй сўйишди. “Лекин ошни ўзингиз дамлайсиз”, дейишди. Бажонидил рози бўлдим. Шунақа бир ош дамлабманки, ош чемпионатида биринчи ўринни оладиган паловхонтўра бўлди, – дедилар у киши қувониб. Яна: “Раҳмат, раҳмат!” деб қўйдилар.

Хурсанд бўлиб кетдим. Дарвоқе, раҳмат нимага?!

Назаримда, шу юртнинг фарзанди эканлигимга, шу юртга, унинг меҳмондўст халқига, элпарвар Президентимизга айтилган раҳмат эди бу!

Аҳрор АҲМЕДОВ,

“Шарқ” нашриёт-матбаа

акциядорлик компанияси бош муҳаррири,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 19 =