ЎЗБЕКИСТОН-ХИТОЙ: Ўзаро ҳамкорлик мамлакатлар тараққиётига хизмат қилади
Бугун глобаллашув жараёнлари кечаётган дунёда ҳеч бир давлат ўз қобиғида ривожлана олмайди. Бу асримизнинг олтин қоидасига айланиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиши бир қатор омиллар билан боғланган бўлиб, улар орасида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида таъкидланганидек: “Мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари барқарор, адолатли ва демократик давлат қуришга, унинг ташқи дунёга очиқлигини илгари суришга ҳамда минтақавий ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгандир”.
Маълумки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Хитой омили катта аҳамият касб этади. Ўзаро муносабатлар минг йилликларни ўз ичига олган бўлиб, улар савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа қатор йўналишларни ўз ичига олганлиги айни ҳақиқат. Тарихий далилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мазкур воқелик икки минг йилдан ортиқ даврни ўз ичига олади. Икки давлат ўртасидаги алоқалар бундан 2000 йил аввал, Буюк ипак йўли даврида вужудга келган. Бугунги кунда икки давлатнинг қарашлари ўзаро умумий муносабатларда акс этиб, ташқи сиёсатда ҳар икки давлат бошқа давлатларнинг суверенитетига дахл қилмаслик, мустақиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро манфаатдорлик тамойилларига амал қилган ҳолда, икки томонлама дўстона муносабатлар ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.
Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг Хитой билан дипломатик муносабатлари ўрнатилганидан буён барқарор йўналишда ривожланиб бормоқда. Иккала томон ҳам юқори даражадаги ташрифларда, йирик сиёсий-иқтисодий тузилма ҳисобланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги мулоқотларда минтақавий ва халқаро майдонда содир бўлаётган ихтилофларнинг олдини олиш борасида кенг ҳамкорлик ўрнатилган.
Шунингдек, Хитой томонидан таклиф этилган “Бир макон — бир йўл” сиёсатини амалга оширишнинг ўзаро манфаатли йўналишлари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланиб келаётгани ҳам диққатга сазовор.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг уни биринчилардан бўлиб тан олган ва дипломатик муносабатлар ўрнатиш ташаббуси билан чиққан давлатлардан бири ҳам Хитойдир. Шу боис икки мамлакат раҳбарларининг юқори даражадаги ташрифлари ўзаро дўстона, манфаатли дипломатик алоқалар давом этаётганига гувоҳлик беради. Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, унга тажовуз қилмаслик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосидаги дўстона ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келмоқда.
Ҳозирги даврда Ўзбекистоннинг Хитойга нисбатан ташқи сиёсатини қуйидагича умумлаштириш мумкин:
Биринчидан, икки давлат ўртасидаги муносабатлар тинч-тотув яшашнинг қуйидаги тамойилларига асосланади: ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш, тажовуз қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатли ва тинч-тотув яшашдир. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти Хитой билан фаол алоқалар ва яқин ҳамкорликни давом эттириб, нафақат жамият ривожига, балки фаолиятнинг турли соҳаларида ривожланиш импульсларини фаоллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб бормоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатида Хитой билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон учун Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг муҳим стратегик тамойиллардан бири ҳисобланади.
Иккинчидан, янги ресурсларни ўзлаштиришда, шунингдек, янги транспорт коридорларини яратишда Хитойдан кўмак ва ёрдам олиш ниятида савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш билан боғлиқ. Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистон-Хитой муносабатларини нафақат савдо-иқтисодий, балки стратегик шерикликнинг бошқа йўналишларида ҳам ривожлантиришга доимий эътибор қаратмоқда.
Хитой Марказий Осиёнинг бешта давлатини Хитойга қўшни ва “узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал” деб ҳисоблаши ушбу мамлакатга бўлган ижобий муносабат шаклланишини таъминловчи яна бир омилдир. Хитой Марказий Осиёдаги бешта давлатдан ҳар бирининг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, шунингдек, “Бой қўшнилар — тинч чегаралар” деган қадимги Хитой ҳикматига амал қилади. Хитой Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан ташқи сиёсатида ошкораликни намоён этади, бу эса дўстлик ва фаровонликка асосланган. Шунингдек, Хитой Марказий Осиё сиёсатига аралашмаслик, демократик эркинликларни ҳурмат қилиш, бир-бирини тўлдириш йўлини тан олади.
Икки давлат ўртасидаги дўстона ўзаро ташрифлар Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг бошланган. Ҳамкорликнинг дастлабки даврларидан ҳозирги кунга қадар мамлакатлар ўртасида дўстона алоқалар давом этмоқда, турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик муносабатлари чуқурлаштирилди, дипломатик алоқалар ўрнатилгандан сўнг икки давлат раҳбарлари тез-тез ташрифлар алмашиб келмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ХХРга бир неча марта ташриф буюрди. Яъни, 2017 йил 14-15 май кунлари “Бир макон — бир йўл” форумида иштирок этди, шунингдек, 2023 йилнинг ўзида 2 марта: 18-19 май кунлари Сиян шаҳрида ўтказилган Хитой-Марказий Осиё давлатлари учрашуви ва 17-18 октябрь кунлари Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир макон — бир йўл” форумидаги учрашувларини кўришимиз мумкин. Бунга жавобан ХХР раиси Ўзбекистонга 4 марта ташриф буюрди.
Шу билан бирга, икки давлат ўртасида Ҳукуматлараро қўмита тузилиб, ундан кўзланган асосий мақсад ҳар томонлама Ўзбекистон-Хитой муносабатларини мувофиқлаштириш ва мустаҳкамлашдан иборат эканлиги белгиланди. Ҳар икки томон савдо-иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, астронавтика, технология, таълим, маданият каби олтита асосий йўналишни ривожлантиришга келишиб олди.
2022 йилнинг 15-16 июнь кунлари Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича ривожланишни янада кучайтиришга қарор қилдилар. Томонлар “Бир макон — бир йўл” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ очишга, ишлаб чиқариш қуввати соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантиришга келишиб олдилар. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари икки мамлакат илмий-тадқиқот муассасаларининг яқин ҳамкорлиги орқали илм-фан ва технология соҳасини ривожлантиришни кенгайтириш, икки мамлакат халқлари ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш, тинимсиз ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистон — Хитой муносабатлари тарихдаги энг яхши даврни бошидан кечирмоқда.
Жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга расмий ташриф билан бориши ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берувчи асосий омил деб қаралмоқда. Бунинг асосий сабаби сифатида ҳамкорликнинг янги ва стратегик истиқболлари белгиланишини айтиш мумкин. Яъни, ўзаро ҳамкорлик йўналишларининг кенгайтирилиши, улар орасида фан-таълим, ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика тизимларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.
Ҳукуматлараро ҳамкорликнинг жадаллашуви мамлакатлар ўртасида барча тузилмаларнинг ўзаро муносабатлари чуқурлашувига сабаб бўлмоқда. Воқеликни транспорт соҳасида кузатадиган бўлсак, бир қатор келишувлар, ўзаро тажриба алмашиш ва бошқа йўналишлар қамраб олинганини кўриш мумкин. Жумладан, 2023 йил 13 сентябрь куни Хитой Халқ Республикаси Шенси провинциясининг “Хитой-Ўзбекистон таълим кўргазмаси” доирасида Тошкент давлат транспорт университети вакиллари иштирок этиб, Хитойнинг Чанган университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишув доирасида талабаларнинг академик алмашинуви, ўзаро амалий машғулотлар ўтказиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, шунингдек, келгусида қўшма дастур йўналишларини очиш режалаштирилди.
Тошкент давлат транспорт университети таълим жараёнига оид ўзаро манфаатдорлик, транспорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда ҳамкорлик платформасини яратиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини халқаро даражада олиб бориш мақсадида Чанган университети ташаббуси билан ташкил этилган “Транспорт инфратузилмаси соҳасида истеъдодларни тайёрлаш бўйича Хитой-Марказий Осиё альянси”га илк аъзо сифатида қўшилиш учун битим имзолашга эришди.
2023 йил 15 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ю Жун билан учрашув бўлиб ўтган эди. Учрашувда Тошкент давлат транспорт университети қошида ташкил этилган “Лубан устахонаси” (Luban Workshop) фаолиятини амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди. 2023 йил 9 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Шенси фан ва технологиялар университети раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Икки университет илмий лабораториялари ҳамкорлигини ва магистратура дастурларини йўлга қўйиш, докторантлар мобиллигини таъминлаш, ҳамкорликда илмий анжуманлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги ўқув йилидан Буюк Ипак йўли университетлари альянси таркибидаги 5 та ОТМда бир вақтнинг ўзида таҳсил олиш ва ўқиш якунида дипломлар олиш имкониятининг яратилишига алоҳида эътибор қаратилди.
2023 йил 19 октябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Хебей темир йўл транспорти институти ва “ZU Express China” корхонаси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Тошкент давлат транспорт университети, Хитой Халқ Республикасининг Хебей темир йўл транспорти институти ва “ZU Express China” корхонаси ўртасида уч томонлама илмий-амалий ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу ҳамкорлик натижасида университет битирувчи талабалари учун Хитойнинг транспорт ва логистика корхоналарида амалиёт ўташлари ҳамда иш фаолиятини олиб боришлари, Хебей темир йўл транспорти институтида “winter school” ва “summer school” дастурлари ҳамда грант асосида магистратурада ўқиш имконияти яратилади.
Шунингдек, профессор-ўқитувчиларни ҳамкорликда хорижий грант дастурлари ва илмий нашрлар чоп эттириш йўналишидаги ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
2023 йил 17-18 ноябрь кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида Чанган университети ташаббуси билан турли мамлакатлар делегациялари иштирокида Транспорт инфратузилмаси соҳасида Хитой-Марказий Осиё истеъдодлар тайёрлаш альянсининг илк конференцияси ҳамда халқаро академик форуми бўлиб ўтди. Транспорт инфратузилмаси соҳасида Хитой-Марказий Осиё истеъдодлар тайёрлаш альянсига аъзолик Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт инфратузилмаси соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган юқори сифатли таълимни таъминлаш, кадрлар тайёрлашда тажриба, ресурслар ва илғор тажриба алмашиш учун транспорт инфратузилмаси соҳасида самарали халқаро тармоқни шакллантиришга замин яратади.
2023 йил 21 ноябрь куни Хитойнинг Шеньян шаҳрида Шеньян технология университети ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасида тарихий учрашув бўлиб ўтди. Стратегик қадамлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўқитишдаги илғор тажрибаларни алмашишга қаратилди. Мулоқотнинг муҳим қисми икки диплом дастурини амалга ошириш бўйича музокаралар бўлди. Эндиликда ҳар иккала университет талабалари нафақат ўз дунёқарашини бойитиш, балки ўз тажрибасини тасдиқловчи иккита нуфузли диплом олиш имкониятига эга. Тез технологик ўзгаришлар фонида машинасозлик ва электротехникага янги йўналишларни жорий этиш муҳокама қилинди.
Ўтган йилнинг 19-20 ноябрь кунлари эса Хитойнинг Тянзин провинциясида “Лу Бан устахонаси”нинг ахборот технологиялари ва логистика лабораторияларида дарс бериладиган йўналишлар ҳамда “e-commerce” соҳасида талабаларни ўқитишни келишиш бўйича уч томонлама ҳамкорлик шартномаси Тошкент давлат транспорт университети, Хитойнинг Ўзбекистондаги савдо-саноат корхоналари палатаси ва Тянзинь давлат ҳокимияти вакиллари (Тянзинь денгиз профессионал коллежи) томонидан имзоланди. “Лу Бан устахонаси” доирасида имзоланган ушбу шартнома ахборот технологиялари ва логистика соҳасидаги таълим йўналишларини мувофиқлаштиришни ўз ичига олади. Бундан ташқари, талабалар электрон тижорат соҳасида ўқитилиши кўзда тутилган. Ушбу тарихий қадам ҳамкорлигимизни мустаҳкамлайди ва билим, тажриба ва инновацион ғоялар алмашиш учун янги истиқболларни очади. Келгусида лаборатарияларни кенгайтириш, ушбу лабораторияларда талабаларни ва изланувчиларни реал лойиҳаларга йўналтириш ҳамда “e-commerce” дастури доирасида транспорт соҳасига оид дастурларни ишлаб чиқиб, хорижга экспортини таъминлаш бўйича муҳокамалар олиб борилди.
2024 йилнинг 9 январь куни Хитойнинг жануби-ғарбий Жиаотун университети ва Тошкент давлат транспорт университетимиз ўртасида талабалар алмашинуви тўғрисидаги битим онлайн тарзда имзоланди. Жануби-ғарбий Жиаотун университети, Хитой ва Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон ўз талабаларига чет элда ўқиш тажрибасини тақдим этишни ва энг юқори сифатли таълимни таъминлаш бўйича умумий миссияни баҳам кўришни истайди. “UzXCMG” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси, Автойўл қўмитаси етакчи мутахассислари ва Тошкент давлат транспорт университети профессор ўқитувчилари билан Хитойнинг “XCMG” корпорациясида қурилиш ва йўл қурилиш техникаларини ишлаб чиқариш жараёнида инновацион технологиялар, корпорацияда йўл қурилиш техникаларини ишлаб чиқаришдаги янгиликлар билан ташкилотларни таништириш ва Ўзбекистонда амалиёт билан назарияни боғлаш мақсадида “XCMG” корпорациясининг таклифига биноан Сюйджоу шаҳрида 2024 йил 15 январда бошланган 5 кунлик тадбир ташкил этилди. Тадбирда Автомобилсозлик ва ишлаб чиқариш муҳандислиги кафедраси доценти А.Х.Сармонов қатнашди.
Келтирилаётган маълумотлардан шуни англаш мумкинки, икки мамлакат ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Президентимизнинг куни-кеча ХХРга қилган ташрифи ва ташриф чоғида имзоланган битимлар мазкур муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Абдулазиз ГУЛАМОВ,
Тошкент давлат транспорт
университети
проректори.