Устозлик бағрикенглик демакдир
Ҳақ гаплар. Ҳар сафар ҳаётда кимнингдир йўлини ёритган, ўз маслаҳати, йўл-йўриғи билан таянч, ибрат бўлиб келаётган меҳридарё устоз ва мураббийлар билан кўришсак, учрашсак, суҳбатидан баҳраманд бўлсак, бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз.
Айни кунларда юртимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ходимлари соҳада узоқ йиллар фаолият олиб борган устоз журналистлардан Жаббор Раззоқов ҳамда Тўлқин Қозоқбоевлар хонадонида бўлишди. Уларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х.Салимов 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан самимий қутлади.
– Президентимиз томонидан таълим-тарбияга, шу қаторда миллий журналистикамизга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун оила аъзоларим, набираларим билан уларнинг устоз ва мураббийларга йўллаган табригини эшитдик, эътиборларидан мамнун бўлдик. Давр ҳисобида узоқ бўлса-да, мен учун бир фурсатда ўтиб кетган фаолиятим давомида кўплаб жонкуяр, фидойи шогирдлар етишиб чиққанидан, мана шундай байрамлар арафасида йўқлаганларидан кўнглим тоғдек кўтарилади, – деди фахрий журналист Тўлқин Қозоқбоев.
– Журналистика фидойиликни, тинимсиз изланишни талаб этади. Умрингни шу соҳага бағишласанг, албатта, ижод завқи ҳеч қачон тарк этмайди. Бугун гарчи нафақада бўлсам-да, кўпгина республика нашрлари билан ижодий ҳамкорлик қилиб келаман. Биздек фахрий ижодкорлар ҳолидан Уюшмамизнинг доимий хабар олиб туриши эса, табиийки, ҳар биримизни қувонтиради, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов.
Бундай хайрли ишлар Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан давом этмоқда.
Расулжон НАФАСОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси етакчи мутахассиси.