Эстрада хонандаси бўлиш осонми?

 Етмиш ёш довони ҳазилакам эмас, ўтган йилларнинг қувонч-у ташвишлари бизни шу кунларга етказди, кўнгилда қониқиш ҳисси уйғонганидан шукурлар қиламан. Мактабдан сўнг олий ўқув юрти таълими, саҳналарни забт этиш, танловлардаги ҳаяжонлар ва ниҳоят, муносиб шогирдлар чиқариш…

Шогирдларим баъзида: “Неча йилдан бери куйлайсиз?” — деб сўрашади. “Ҳали тилим чиқмай туриб, ашула бошлаганман”, десам муболаға бўлмас, чунки оиламизда ҳар доим куй-қўшиқ янграган. Мен эса кичкинтойлигимда уларга жўр бўлишга ҳаракат қилган эканман. Ахир қуш уясида кўрганини қилади-да.

Менга айрим ёшлар: “Эстрада хонандаси бўлиш осонми?” ёки “Қўшиқ айтишдан олдин тухум ютасизми?” деб қизиқ саволлар беришади. Уларга жавобан: “Ёқимли иштаҳа”, дейман, холос. Агар овоз бўлмаса, куйлаш учун юзта тухумнинг ҳам кучи етмайди. Ҳар қандай соҳани эгаллашда осон йўл ахтариш ярамайди, чунки у кейинчалик пала-партиш ишлашга ўрганиб қолади. Эстрада хонандалигида ҳам ўзига яраша қоида, талаб ва қонунлар бўлиб, уларни ўзлаштириш учун анча машаққат чекиш лозим.

Кўпинча хонанданинг чиройли кийиниши, мухлисларнинг олқишлари остида саҳнага чиқиши, қизил йўлакчадан ўтиши ёшларнинг ҳавасини келтиради. Лекин улар саҳна ортидаги машаққатли меҳнатни тасаввур қилолмайди. Ҳатто қўшиқчининг саҳнага кўтарилиши ва ўзини рисоладагидай тутиши ҳам осон эмас. Томоша залида ўтирган юзлаб одамларнинг кўз ўнгида куйлаш нари турсин, ҳатто бир сўзни ёқимли айта олиш катта масъулият талаб қилади. Мен бир гал саҳнага чиққан ёш хонанда ҳаяжон зўридан юзи қизариб саҳнадан тушиб кетганига гувоҳ бўлганман.

Бўлажак эстрада хонандаси фаолияти фақат ҳаракатлар билангина эмас, балки табиий-физиологик талабларга ҳам боғлиқ. Яъни бу касб баъзи бир одатларни, жумладан, тамаки чекиш, спиртли ичимлик ичиш, айрим таомларни истеъмол қилишни чеклаши мумкин.

Хонанда куйлаётганида гавдасини ва ҳатто бошини тўғри тутиши муҳим. Чунки бош олдинга ё орқага эгилган, чап ё ўнг томон бурилган бўлса, овозни сиқиб қўйиши мумкин. Одатда, овоз ўпкадаги дам орқали тепа танглайга урилиб, ташқарига чиқади. Агар қўшиқчи гавдасини ножоиз тутса, овоз бўғиқ ёки хунук эшитилади.

Устозим биринчи дарсда машқларга ўтишдан олдин мен билан узоқ суҳбатлашиб, олдимга аллақанча талаблар қўйган эди. Масалан, неча соат ухлашим, кун тартибим, қандай жисмоний машқлар (фақат овоз учун эмас) бажаришим кераклигини тушунтирган. Ҳатто вокал дарсидан неча соат илгари тушлик қилишимгача айтган. Ахир жуда тўқ қорин билан қўшиқ айтиб бўлмайди-да.

Овоз, одатда, хонанда уйқудан уйғонганидан кейин уч соат ўтгач очилади. Вақти келмай куйлаш овоз пардаларига зиён келтириши мумкин. Шу боис наҳорги ошда куйлайдиган хонандаларга қойил қоламан. Устоз овозга зўр бермай суҳбатлашиш ва бақирмасликни алоҳида уқтирган.

Бўлажак хонанда ботиний эшитиш қобилиятига эга бўлмаса, унинг учун соҳага йўл ёпиқ деяверинг, чунки бундай камчиликни ҳеч бир нарса, ҳеч қандай машқ йўли билан тўғрилаб бўлмайди.

Қўшиқчи-шогирднинг ҳеч бўлмаганда кичик (бўлса ҳам) овози, усул, ритмни аниқ сеза олиш қобилияти бўлсин. Акс ҳолда, хонанда овози билан созанда чалаётган куй пойма-пой кетиб, уйғунлик яралмайди.

Яратганнинг мени уста ва моҳир, соҳанинг сир-асрорини яхши билган устоз Саид-Азим Муродхоновга рўпара қилганига шукур қиламан. У киши шогирдлар билан муносабатларда синчков, ғамхўр ва эҳтиёткор эди. Пианино ёрдамида овоз диапазонимни (даромад пардадан авж пардагача бўлган оралиқ) текшириб, овозимнинг қандай эканини таснифлаб (баритон ё тенор), сўнг шунга яраша имкониятимни авайлаб, аста пастки пардадан то юқори (жуда юқоримас) пардаларгача олиб чиқиб, сўнгра юқори пардадан яна пастки пардаларга йўналтирарди.

Устозим овозимни яхшилаб созлагандан сўнггина дарс дастуридаги ашулани куйлашга ўтардик. У киши ўқишнинг учинчи йили ўтмагунича мустақил куйлашга рухсат бермаган. Чунки шогирд дарсда ўзлаштирган кўникмаларни йўқотиши мумкин.

Ҳар бир вокал соҳасининг устози шогирднинг куйлашда қандай нафас олиш ва нафас чиқариш лозимлигини обдан тушунтиради, сўнг ижросини синчиклаб текширади. Чунки овоз ўпка ёрдамида ташқарига чиқади. Бундай овозни баъзан “қорин овоз” дейишади. Агар хонанда куйлаётганида нафас олиш йўли ва усулини яхши ўзлаштирмаган бўлса, овози ичида қолиб кетаверади. Мусиқа тарихидан маълумки, ҳатто баъзи буюк ижрочилар овоз кучининг эллик фоизигача ичида қолиб кетар экан. Жумладан, Беркинбой Файзиев, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Саттор Ярашев ва бошқа устозларимизнинг овозлари худди шундай кучли эканидан микрофоннинг кераги бўлмаган.

Бўлажак эстрада хонандаси миллий маданиятимизни, жумладан, унинг таркибидаги мусиқий меросни ўрганиши, ўзлаштириши керак. Мен учун болаликдан Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқовларнинг куйлаш усуллари намуна бўлиб келган.

Биринчи устозим отам — Ўзбекистон халқ артисти Ғанижон Тошматов эди. Касбимнинг кўплаб кўникмаларини улардан олганман, миллий маданиятимиз тарихини ўрганганман. Уларнинг маслаҳат ва ўгитларидан бугунги кунгача фойдаланиб келаман. Жумладан, ўзбек халқ қўшиқларидан терма ясаб, жаз оркестри жўрлигида ижро этганман.

Падари бузрукворим институтни битирмагунимгача мени вокал-чолғу ансамблда куйлашимга қарши бўлган. Чунки овозим ҳали яхши етилмаган эди, ансамблга қатнашиб, юқори пардани олганда овоз пардаларимга зарар етказишим мумкин эканини тушунтирган.

Одатда, ёш қўшиқчилар ўз фаолиятини қайсидир ҳофизга эргашиб, тақлид қилиб, вақти келганида ўз йўлини топади. Ёшлик давримиздаги тенгдошларимнинг аксарияти, уларнинг орасида мен ҳам, Ботир Зокировга ўхшаб куйлашга ҳаракат қилардик.

Ўша вақтларда эстрада санъатига енгил жанр сифатида қаралиб, жиддий эътибор берилмаган. Бугунги кунда ёшларни эстетик ва ахлоқий тарбиялашда эстрада санъатининг аҳамияти муносиб баҳоланиб, уни ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бунга биргина мисол сифатида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилишини кўрсатиш кифоя. Мен ушбу даргоҳда ёшларга сабоқ бериб, билим ва маҳоратимни шогирдларимга етказишга ҳаракат қилаяпман. Уларнинг ҳар бирига диққат-эътибор билан қарайман. Ёшларнинг овоз пардалари ўта нозик бўлгани сабабли озгина ножоиз тарбия уларнинг келажагига зарар етказиши ҳеч гап эмас.

Албатта, шогирдларимнинг муваффақияти мени қувонтирмай қўймайди. Собиқ шогирдларимнинг аксарияти ҳозир турли ўқув масканларида ёшларга сабоқ беришмоқда. Жумладан, истеъдодли шогирдим Севара Тўланова Чехиянинг Прага шаҳрида ўтказилган “Diamond voice” халқаро кўрик-танловида гран-при, Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бўлган Роза Багланова номидаги халқаро кўрик-танловда учинчи ўрин, Беларуснинг Витебск шаҳрида, халқаро “Славянский базар” фестивалида махсус мукофот, Ботир Зокиров номидаги Республика кўрик-танловида биринчи ўрин соҳиби бўлди. Энг муҳими, унинг Юртбошимизнинг қўлидан “Келажак бунёдкори” медалини олишга сазовор бўлгани ғоят қувонтирди.

Ҳозир яна бир неча шогирдларимни халқаро ва республика миқёсидаги танловларда иштирок этишга тайёрлаяпман.

Мансур ТОШМАТОВ,

Ўзбекистон халқ артисти,

Ўзбекистон давлат филармонияси

жаз оркестрининг бадиий раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 12 =