Ҳавойи шеър керакмас

Абдураззоқ ОБРЎЙ

Муаллиф ҳақида:

Абдураззоқ ОБРЎЕВ (Абдураззоқ ОБРЎЙ) — 1956 йил  Пастдарғом туманида туғилган. 1985 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА), “Муштум” журнали,  “Ватанпарвар” газетаси таҳририятларида ишлаган. Ҳарбий унвони подполковник.  Ҳозирги кунда нафақада.

Ҳажвчи шоирнинг “Ҳўплам-тўплам”, “Ҳиринг-ҳиринг”, “Бўйдоқ аскар”, “Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Рухсат этинг, шеър ўқийман”, “Сев, авайла, асра Ўзбекистонни”, “Уч нуқта”, “Мен ўша ўр, мен ўша зўрман”, “Ади-бади” сингари 15га яқин китоблари нашр этилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва “1- даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

ЭРТАГА БИР ГАП БЎЛАР

Ғалатироқ тақдирнинг иши,

Тушма сира ўртага, дўстим.

Тугармиди дунё ташвиши,

Бир гап бўлар эртага, дўстим!

 

Ўлмасбек САМАРҚАНДИЙнинг

“Эртага бир гап бўлар” шеъридан.

 

Хотинингиз тунда бўлак ётдими,

Маза қилиб ё носдан отдими,

Ё бошингиз роса қотдими?

Майли-да, эртага бир гап бўлар.

 

Биров сизга гап отса… нақароқ,

Бўлманг, дўстим, ҳеч  хафароқ,

Есангиз ҳамки ҳатто шапалоқ,

Майли-да, эртага бир гап бўлар.

 

Ичинг тўйиб хўп ёвғон шўрвани,

Бироқ ташламанг тешик тўрвани,

Тортолмасангиз ҳам ҳеч аравани,

Майли-да, эртага бир гап бўлар.

 

Манғлайдан артинг аччиқ терини,

Пайҳон қилманг ҳеч ўзга ерини,

Ўқинг Ўлмасбек ёзган шиғирини,

Майли-да, эртага бир гап бўлар.

 

СЕВГИЛИМНИНГ ТЎЙИГАЧА…

Йиғлаб-йиғлаб яшай олай,

Севгилимнинг тўйигача.

Сардор РАСУЛОВ қўшиғидан.

 

Сўнг роса изза қиламан,

Сўнг роса маза қиламан,

Мен шунақа ошиқ боламан.

Йиғлаб-йиғлаб яшаб олай,

Севгилимнинг тўйигача.

 

Бас, энди ўзим биламан,

Қўй, энди сўзинг бўламан,

Мажбурлаб бўса оламан.

Йиғлаб-йиғлаб яшаб олай,

Севгилимнинг тўйигача.

 

Улоқнинг зотин оламан,

Кейин-чи мошин оламан,

Кейин-чи хотин оламан,

Йиғлаб-йиғлаб яшаб олай,

Севгилимнинг тўйигача.

 

НИМА ЗЎР?

Бу дунёда нима зўр?

Шароб тўла кўза зўр.

Нози йўқ қиз боладан

Эрдан чиққан бева зўр.

Шамсиддин САДОИЙнинг

“Нима зўр?” шеъридан

 

Бу дунёда нима зўр?

Ҳар кун ичсанг бўза зўр,

Бу дунёда нима зўр?

Ҳар кун олсанг бўса зўр.

 

Бу дунёда нима зўр?

Тоғдан тушса кўчки зўр,

Гапдан қайтар эчки зўр,

Текин бўлса муччи зўр.

 

Бу дунёда нима зўр?

Маржа деган шўх қиз зўр,

Кўзин қисган кўк кўз зўр,

Ипин узган ҳўкиз зўр.

 

Бу дунёда нима зўр?

Тегса агар тошим зўр,

Наҳор еган ошим зўр,

Яна катта бошим зўр.

 

Бу дунёда нима зўр?

Кириллчадан лотин зўр,

Ушлаб кўрдим, олтин зўр,

Муштлаб кўрдим, хотин зўр.

 

Бу дунёда нима зўр?

Мен эрк бердим оғзимга,

Шира йўқдир шеъримда,

Бир кеп қолди ёздим-да.

 

 

ЭҲТИЁТ БЎЛ!

 Аёллар бор, йўқ нарсани бор қилар,

 Аёллар бор, борини ҳам йўқ қилар.

Ҳимматбахши МУСУЛМОНОВнинг

 “Аёллар бор” шеъридан

 

Аёллар бор: хоҳлаганча отади,

Аёллар бор: пул берганла ётади.

Аёллар бор: чет элларда юради,

Аёллар бор: ҳатто эрин уради.

Аёллар бор: тагларида мошина,

Аёллар бор: дейсиз мисли ажина.

Аёллар бор: ўқиб қолса шеърингни,

Ҳимматбахши шилиб олар  терингни!

 

САХИЙ ЭР

Берган бир бўсасига,

Мен бераман дунёни.

Абдул РАҲМОНнинг

“Мен ҳам дилдор васфида” шеъридан

Берган бир бўсасига,

Мошинимни бераман.

Берган бир бўсасига,

Олтинимни бераман.

 

Берган бир бўсасига,

Хотинимни бераман.

 

ЎЗИНГДИРСАН СЕВГИЛИМ

Сувга ташла, хоҳи ўтда ёқ,

Ўзингдирсан севгилим, иймоним.

Оқилжон ҲУСАНнинг

“Севги сатрлари” шеъридан.

 

Сочимдан торт, қулоғим чўз,

Муштла майли юзимга.

Қўлларингни бигиз қилиб,

Тиқиб олгин кўзимга.

 

Башарамга қум соч майли,

Кесак отгин, тош отгин.

Агар олма тополмасанг,

Картошка от, мош отгин.

 

Бир кам бўлиб юрмайин мен,

Сенсиз тўқсон тўққиздай.

Оёғимга арқон боғлаб,

Сўйиб ташла ҳўкиздай.

 

Сўнг қонимдан шароб қилгин,

Солиб катта бўчкага.

Ҳеч бўлмаса сиёҳ бўлсин,

Сенинг учун ручкага.

 

Қурбон қилай сен учун мен

Молу мулким, бор пулим.

Чидайман-да ҳаммасига,

Ўзингдирсан севгилим.

 

ИЧИМДА ИТ ЎЛГАН ЭКАН

Хаёлимга сен келганда,

Ичимда “қарс” этган надур?

Илҳом САЛИМОВнинг шеъридан.

 

Хаёлимга сен келганда,

Ичимда додлаган надур?

Хаёлимга сен келганда

Ичимда портлаган надур?

 

Хаёлимга сен келганда,

Нега ичим дамга тўлди?

Хаёлимда сен келганда

Эҳ, ичимда итим ўлди!

 

Мен бурнимни топиб олдим,

Тешигини ёпиб олдим,

 

Сотиб олиш учун пахта

Дорихона томон  бордим.

 

Ичим катта, зўр қаср экан,

Ўлик ёмон сасир экан.

Ҳеч  келмайсан, бир ёнимга,

Наҳотки ҳид таъсир этган!

 

ШЕЪРНИНГ ЁЗИЛИШИ

(Ўзимга ҳазил)

 

Эркинликка  ишонч йўқ,

Ичимда шеър ёздим мен.

Бошқа жойда илож йўқ,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Аммо-лекин, бироқ бор,

Ҳамма жойда қулоқ бор,

Ҳозир кимда юрак бор,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Қоғоз керак бўлмади,

Бирор кимса кўрмади,

Кўнглим унча тўлмади,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Баҳор ўтди, ёз ўтди,

Куз ўзига хос ўтди,

Ёлғон ўтди, рост ўтди,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Эътиқод  кетиб, рости,

Иштиёқ келиб, рости,

Эҳтиёт бўлиб, рости,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Калта қил сен ниятни,

Керакмас зиддиятни,

Қўявер “Hurriyat”ни,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Шеър ўзида нима бор,

Халқ  кўзида нима бор,

“Халқ сўзи”да нима бор,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Шеърият  инвалид-да,

Яшаяпман таҳдид-да.

Чиқмайди -ку, “Jadid”да,

Ичимда шеър ёздим мен.

 

Ҳосилсиз ер керакмас,

Хотинсиз эр керакмас,

Ҳавойи шеър керакмас,

Қачон ўзи ёздим мен?!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =