Абдураззоқ ОБРЎЙ пародиялари

Абдураззоқ ОБРЎЙ

 

Муаллиф ҳақида:

Абдураззоқ ОБРЎЙ — 1956 йилда Пастдарғом туманида туғилган.

Мо­с­­­­­­к­­­­­­­­­­ва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. ЎзА, “Муштум” журнали, “Ватанпарвар” газетаси таҳририятларида фаолият юритган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. Ўндан зиёд ҳазил шеърлар ва пародиялардан иборат китоб­лари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

        БИРГА ЁТАМАН

                           Сени ёмон кўраман, ёлғон,

                           Аммо энг кўп кўринувчи сен.

Мусфира МУНАВВАР,

“Бағримнинг эрк ери”

китобидан.

 

Сен ёмон кўраман, авғон,

Доим сендан чўчиб юраман.

Сени ёмон кўраман, ёвғон,

Аммо доим ичиб юраман.

Сен ёмон кўраман, қозон,

Бироқ ҳар кун сув қайнатаман.

Сени ёмон кўраман, сомон,

Лек молимга хўб чайнатаман.

Сен ёмон кўраман, мошин,

Газ йўқ ахир, бўлди, сотаман.

Сени ёмон кўраман, хотин,

Бироқ ҳар тун бирга ётаман!

 

НЕГА ЁЛҒИЗ АЁЛ УЙИГА КИРДИНГ?

                                     Уйқу келмай тўлғонасан,

                                     Кўз илинмай уйғонасан.

                                     Кундуз хаёл билан яшаб,

                                     Кечалари қийноласан.

Қаюмжон ИСМАТУЛЛАЕВ,

“Ёлғиз аёл”.

Бошқа ишинг йўқми, Қаюмжон,

Ёлғиз аёл уйига кирдинг!

Ёлғиз аёл эканми нимжон,

Ётганини қанақа кўрдинг?!

Яхшимас-да пойлаш бевани,

Соғиндингми ёки “лева”ни?!

Қўй, ёзмагин бундай темани,

Ўзга уйга нимага кирдинг?!

 

                ҲАММАСИ БИР

                                Битта бошқа-биттагина гўр,

Одил Икром,

“Хаёл мақбараси” китоби, 18-бет.

                                Оллоҳ ҳузури деб билмасман гўрни.

Ўша китоб, 20-бет.

                                Қўй, ёлғиз йиғласин қисмат гўрида

Ўша китоб, 24-бет.

                                Нигоҳинг гўрида сақлагайман жон

Ўша китоб, 37-бет.

                                Шунда чарақлайди нурга тўла гўр

Ўша китоб, 38-бет.

 

Бир сўзни чайнамоқ шунча бўлама,

Жиддийроқ ишласа, шоир ўлама?!

Семиз китобларни сув босиб кетган,

Мен шоирман деган қув босиб кетган.

Ишонма, дўстгинам, ўзинг ўқиб кўр,

Шоир ёзганларинг нега бунча ғўр?!

 

           ЎРГАТАЙМИ?

                               Қўлларим   тутмадинг, сени кутганда.

Ширина ЗИЁ.

Силамадинг сочларимни,

Кўрмадингда қошларимни,

Челак-челак ёшларимни,

Ўргатайми, ҳаммасини?

 

Майли, тўйиб ичиб олгин,

Кейин роса чекиб олгин,

Аста келиб қучиб олган,

Ўргатайми, ҳаммасини?!

 

Узоқ кутдим, қайтаяпман,

Ёлғиз ўзим ётаяпман,

Дардим шеър қиб айтаяпман,

Ўргатайми, ҳаммасини?!

 

                    БЎЛАК

                               Кўчаларда шод юрган менмас,

                               Ишхонада тер тўккан бўлак.

Зокир ХУДОЙШУКУР.

 

Кўчаларда маст юрган менмас,

Лойга ботиб ухлаган бўлак.

 

Сенга роса кўз қисган менмас,

Қўлин мушт қиб дўқ қилган бўлак.

 

Мендан қочиб юрган қиз сенмас,

Чўлпиллатиб ўпишган бўлак.

 

Менга боқмас ўша без сенмас,

Бир-бирила тепишган бўлак.

 

   КАЛЛАГА ЯРАША АЛЛА

                                 Чапдан борсанг, қиз бўлар,

                                 Ўнгдан ўғил тез бўлар.

                                 Ё, умуман бормасанг,

                                 Хотининг ҳам без бўлар.

                                 Алла болам алла-ла,

                                Бошқа гап йўқ каллада.

Мурод Али ЎТАМАЛИ,

“Эркакча алла”

Билмам нима ичгансан сен,

Нима ечсанг, ечгансан сен.

Бўлди, бас қил, алланг қурсин!

Шу гап чиққан калланг қурсин!

Хоҳласанг, хўп, гапдан келгил,

Менга деса, чапдан   келгил.

Аллоҳ иши қизми, ўғил,

Билмасанг гар, шуни билгил.

Бўлди, бас қил, алланг қурсин,

Шу гап чиққан калланг қурсин!

 

               ЧА-ЧА-ЧА

                                      Ватан ичра Ватан дегандек,

                                      Шаҳар ичра шаҳарчалар кўп.

Тўлқин ЭШБЕК,

“Олмазор қасидаси”

 

Эшик ичра эшик дегандек,

Дарча ичра дарчачалар кўп.

Тешик ичра тешик дегандек,

Парча ичра парчачалар кўп.

Қўшиқ ичра қўшиқ дегандек,

Ҳофиз ичра ҳофизчалар кўп.

Қизиқ ичра қизиқ дегандек,

Отарчилар эҳ, шунчалар кўп.

Тақлид ичра тақлид дегандек,

Кавказ юртда кавказчалар кўп.

Яхлит ичра яхлит дегандек,

Товуқлар оз, хўрозчалар кўп.

Калла ичра калла дегандек,

Дўппили кам, шапкачалар кўп.

Салла ичра салла дегандек,

Шиғир тўла папкачалар кўп.

Доир ичра доир дегандек,

Қанча ичра қанчачалар кўп.

Шоир ичра шоир дегандек,

Кўчирмачи чачачалар кўп!

 

                       КИМ БИЛАДИ?

                           Дилда дардим лиммо-лимдир, ким билур, ким билмагай,

                          Ишқ йўли-мангу йўлдимдир, ким билур, ким билмагай.

Зикрилло НЕЪМАТ ВАФОИЙ,

“Ким билур, ким билмагай”.

 

Қорним тўла норин, шашлик,   ким билур, ким билмагай,

Бирга бўлди қаламқошлик, ким билур, ким билмагай.

 

Уйга келсам бир пайпоқ йўқ, ким билур, ким билмагай,

Қарғалмаган хеш, аймоқ йўқ, ким билур, ким билмагай.

 

Бошга тушди роса кавуш, ким билур, ким билмагай,

Чиқармадим бирор товуш,   ким билур, ким билмагай.

 

Хотин менга ўқлов отди, ким билур, ким билмагай,

Шоир ерда ухловотди, ким билур, ким билмагай.

 

Зикрилла-чи роса озган, ким билур, ким билмагай,

Абдураззоқ, буни ёзган, ким билур, ким билмагай.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =