“Бўстон”даги қаровсиз хиёбон

Андижон томондан Қўқонга келаверишингизда йўлнинг ўнг томонида Бўстон (аввалги Бўз) тумани ҳокимияти биносига нигоҳингиз тушади. Бинога кираверишдаги майдонлар ободонлаштирилиб, атрофларига гуллар экилибди. Шу томондан чамаси икки юз қадам юрсангиз, хиёбонга ўхшаган кичик майдон бор. Майдон этагида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига лавҳа ҳам ўрнатилган.

Маълумотларга қараганда, бундан қирқ беш йилча аввал шу туманда раҳбар бўлиб ишлаган Мирзажон Иминов улуғ алломалар ҳамда таниқли адибларнинг бюстларини ўрнатишга бош-қош бўлган экан. Ёдгорликлар қандай хомашёдан тайёрлангани бизга қоронғи, аммо қаровсизликданми, табиий иқлим таъсириданми, ўнлаб бюстлар жуда хунук аҳволга келиб қолибди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бундай ачинарли ҳолат анча йиллардан бери давом этмоқда.

Бу ерда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Миртемир, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Нодира, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат каби улуғ зотлар хотирасига ёдгорликлар ўрнатилгани тарихий воқеа бўлган, албатта.

Бу ёдгорликлар ўрнатилган давр собиқ шўролар замони эди. Шундай бўлса-да, миллат ва маънавиятга, маданият ва адабиётга жонфидо инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, раҳматли Мирзажон Иминовнинг виждон амри, адибларга бўлган ҳурмат-эҳтироми туфайли ушбу ёдгорликлар қад ростлаган. Кекса отахонларнинг эслашларича, ўша йиллари Мирзажон Иминов туманга троллейбус ҳам олиб келиш учун йўлларни кенгайтириб, устунлар ўрнатган экан.

Эндиликда Бўстоннинг бугунги раҳбарлари ёдгорликларни сақлай олмаяпти. Маънавий қадриятлар қадрига етилмаяпти. Афсус, бугунги ҳолни кўрса, маймунлар ҳам йиғлаб юборса керак.

Ноябрнинг ёмғирли ва совуқ кунлари ҳам келди. Туманда пахта етиштириш режаси ҳам ўлда-жўлда. Бир ёқда камбағалликка қарши курашиш… Ҳокимнинг кўнглига ҳеч нарса сиғмайди. Англадикки, унинг ҳузурига буюклар бюстларининг қаровсиз ҳолатига оид муаммони кўтариб бориш бефойда!

Яқинда Қўқон шаҳрида Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатга янги ҳайкал ўрнатилди. Бу юксак санъат асари янглиғ ҳайкал ўрнатилгач, барча адабиёт ихлосмандлари қувонишди.

Аммо Бўстондаги “бўзлаётган” Фурқатнинг ҳолидан ким хабар олади?

Бу не кўргуликки, Бобур юртидаги “Бобур”нинг бюстига биров қарамаса, Бўстон туманида?

Айтишларича,  Ўзбекистон халқ шоири,  раҳматли Тўлан Низом бу ёдгорликларни авайлаб-асраб юрган.  Бугун Андижонда Тўлан Низом каби  адабиёт жонкуяри йўқми?

Наҳотки улуғ адиблар руҳини шод этиш маънавият эканлигини бўстонликлар ёдидан чиқарган бўлса? Чингиз Айтматов билан Мухтор Шохонов ҳаммуаллифликда ёзган “Чўққиларда қолган овчининг оҳи-зори” китобидаги шундай ибора ёдга тушади: “Маънавиятсиз киши товуққа ўхшайди,  қаноти бўлгани билан юксакларга парвоз қила олмайди…”

Умид қиламизки, Бўстон туманидаги бу хунук ҳолатни бартараф этишга қодир бўлган маънавиятли масъуллар топилиб қолар…

Муҳаммад КЕНЖА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =