“УВУЛДИРИҚ”нинг ўзбекчаси “ИКРА”ми?

Собиқ иттифоқ даврида русча сўзлар шу даражада сўзлашув нутқимизга сингиб кетган эдики, уларнинг асл ўзбекчаcи эсдан ҳам чиқиб кетганди.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлардим. Тошкент вилоятидаги “Дамачи” балиқчилик хўжалигидан ярим соатлик кўрсатув тай­ёрлаб келишди. Мен унга муҳаррирлик қилдим.

Матнда увулдириқ сўзи бир жойда балиқ тухумлари, яна бир жойда балиқ уруғлари, яна бир жойда икра деб ишлатилган эди. Уларни увулдириқ сўзига алмаштириб чиқдим. Бундан касбдошим хафа бўлди. Бош муҳаррир эса унинг ёнини олди. “Нега энди хоразмча лаҳжа ўзбек адабий тилига кириб келиши керак?” дея эътироз билдирди.

— Фикрингиз тўғри. Бу сўз Хоразмда ҳалиям ишлатилади. Бувиларимиз балиқ тозалаётганимизда: “Балиқнинг ўтини ёриб юборма, увулдириғи аччиқ бўлиб қолади”, дея ўргатиб турарди. Аслида, бу ўзбекча, яъни қадимий туркий сўз, — дея изоҳ бердим.

Ўшанда катта баҳслардан кейин икра сўзи увулдириқ сўзига алмаштирилди.

Ушбу мақолани ёзиш жараёнида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни очиб қарадим. Унга шундай изоҳ берилган экан: “УВУЛДИРИҚ — балиқ ва бошқа баъзи сувда яшовчи жониворларнинг тухумчалари, уруғи; икра”. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (2008 йил).

Қаранг, ўзбекча сўзнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш учун яна русча сўз қўлланилмоқда. Албатта, бу замонимиз садоси бўлиб, гоҳида ўзимиз ҳам невараларимизга бир сўзни изоҳлаш учун ана шундай тушунтириш берамиз.

Худди шундай русча сўзларни қўллаш ўтган асрда оддий ҳолга айланиб қолганини бадиий таржимачилик мисолида ҳам кўриш мумкин. Олесь Гончарнинг “Ҳаёт навоси” асарида Украина манзаралари, асар қаҳрамонлари образи замон билан уйғунликда меҳр-муҳаббат билан яратилган. Асарнинг ўзбек тилига таржимасида ҳам макон, замон, олам, миллий-маданий қадриятлар гўзал ифодасини топган. Ижодкорлар образларни тўлақонли тасвирлашда жонли нутқ билан бирга драматургияга хос бўлган паралингвистик ҳаракатларни ҳам моҳирона фаоллаштира олгани, айниқса, таҳсинга лойиқ.

Жаҳон адабиётидан ўрин олган украин ижодкорини ўзбек халқига таништириш йўлидаги таржимоннинг саъй-ҳаракатлари, халқлар дўстлигига қўшаётган муносиб ҳиссаси эътиборга лойиқ. Бироқ тил масаласида камчиликлардан холи эмас. Бу жуда ачинарли. Чунки бу асар ўтган асрнинг 70-йилларида таржима қилинган.

Олесь Гончарнинг “Тронка” — “Ҳаёт навоси” асарининг таржимони Лола Тожиева рус тилидаги кўпгина сўзларни ўзбек тилига ўгирмай, айнан ишлатган. Улар касбий атама ҳам эмас, байналмилал сўз ҳам эмас, балки ўзбек тилида муқобили бўлган оддий сўзлар. Масалан, путёвка — йўлланма; Эйфель башняси — Эйфель минораси; территория —ҳудуд, майдон; виставка — кўргазма; фуфайка — гуппи, пахтали қишки кийим; этажерка — жавон, токча; цивилизация — тараққиёт, юксалиш; гербицидлар — кимёвий ўғит; коридор — йўлак; ричаг — дастак; ключлар — калитлар; инструкция — йўриқнома; босоножка — аёлларнинг ёзги оёқ кийими, ёзлик оёқ кийим; лабиринт — мураккаб айланма жой; козирёк — бош кийимнинг соябони, шапканинг соябони. Кўриб турибсизки, таржимон “Ҳаёт навоси” асарида ишлатган сўзларнинг ўзбек тилида қўлланиладиган сўзлар мавжуд. Тўғри, таржимон қўллаган русча сўзларнинг бари мактабда рус тилини ўқиган кўпчиликка тушунарли бўлиши мумкин.

Аммо она тилига ҳурмат, эътибор – виждон, қалб ишига айланмоғи керак. Қачонки, элу халққа зиё, маърифат улашувчи қатлам ўзбек тилини эъзозламаса, бошқалардан нимани кутиш мумкин?!

Ушбу фикрларимни айтишимга сабаб, Ўзбекистон телевидениесида сухандонлар, кўрсатув бошловчилари ҳамон русча сўзларни кўп ишлатишади. Яна инглизча сўз ва ишоралардан ҳам фойдаланишади. Халқимизга маданият-маърифат тарқатаётган кишилар ҳар бир сўз ва жумлага эътиборли бўлиши лозим.

Айниқса, ёш журналистларнинг иш столида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бўлиши ва уни тез-тез очиб ўқиб туришларини тавсия қилардим. Зеро, халқимиз “Она тилим — жону дилим” иборасини бежиз ишлатмайди. Зеро, ўзбек тили мавжуд экан, миллатимиз ҳам бордир.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =