Ёлғонсиз яшаб бўладими?

Ёлғон… Бу сўз инсон дунёга  келибдики, у билан бирга. У йиллар ва  асрлар оша одамлар манфаати-ю ҳимоясининг қуролига айланиб, ҳаётига сингиб, кенг қулоч ёзиб борди. Ёлғон гоҳ “алдов”, гоҳ “ҳазил” кўринишида намоён бўлиб, бугунга қадар яшаб келмоқда. Баъзан у ширин ва аччиқ сўзлар ичида яшириниб олиб ҳам ўз мақсадига интилади.

Ўтмишдан маълумки, аждодларимиз ёлғондан ҳазар қилиб, “бўйнингда қилич турса ҳам ростини гапир” деган қоидага амал қилиб, ёлғонни зарур бўлганда фақат эзгулик, тинчлик ва адолат йўлида яхши ниятнинг амалга ошиши учун ишлатганлар.      Афсуски, инсон онги ўсиб, эҳтиёж доираси кенгайиб борган сари “ёлғон” деган иллат ҳаётига чуқурроқ кириб борди. Айниқса, бугунга келиб “ёлғон” ишлатиб кўзланган мақсадга эришиш, иш битириш, манфаатли бўлиш, ҳатто шу йўл билан бойишга интилиш бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёзаётганлигини кўриб, эшитиб турибмиз. Ҳатто мана шу иллатни дастак қилиб, дунёнинг бир қатор нуқталарида айрим давлатлар бир-бирини гижгижлаб, уруш оловини аланга олдиришга, шаҳар ва қишлоқларни вайрон, бегуноҳ одамларни қирғин қилишга уринмоқда. Шубҳасизки, бу ёвузликнинг мағзида битта нарса — нопок манфаат турганлигини англаш қийин эмас.

Хўш, ота-боболаримиз нима учун ёлғондан ҳазар қилганлар? Бу саволга улар шундай жавоб берганлар: “Ҳазил — ҳазилнинг таги зил”. Бу ёлғоннинг оқибати ёмон дегани. Шунинг учун ҳам оилада бола ёлғон гапириб қўйса, катталар “бундан кейин ёлғон гапирма, болам, уят бўлади” деб, уни рост сўзлашга даъват этганлар. Минг афсуски, кейинги йилларда мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам ёлғон авжига чиқиб, таълим-тарбиянинг сусайишига олиб келганлиги матбуотда тез-тез кўзга ташланиб турибди. Ўқувчи ва талабаларнинг дарсга кечикиб келиши ёки бир-икки кун келмаслиги эса одат тусига кирганлиги фикримизнинг яққол далили. Дарсга кечикканликнинг ёки келмаганликнинг сабаби сўралганда ўқувчи билан талаба ростини айтади деб ўйлайсизми? Асло! Униси ҳам, буниси ҳам кўзларини лўқ қилиб ёлғонни дўндириб, ўқитувчини алдайди.Ўз ота-онасидек меҳрибон бўлган азиз устозига ёлғон гапирган йигит-қиз ота-онасини алдамаслигига ким кафолат беради? Ачинарлиси шундаки, бундай ёшлар энг яқин сирдош дўстларини ҳам ўз ёлғонларига ишонтиришдан тоймайдилар. Лекин  бу ёлғонлар бир кунмас, бир кун фош бўлиши аниқ. Ўшанда ёлғон гапириб, дўстини қаттиқ ранжитган инсон худди чаён чаққандек узр сўраб тўлғанади, бош эгиб қасам ичади, ялиниб-ёлворади. Аммо дарз кетган ишончни ўз ҳолига келтириб бўлармиди?! Ёлғончига  алданиб юрган дўстнинг қалби совиган, олдинги меҳр-оқибат ва ишонч ўрнини қандайдир лоқайдлик эгаллагандек туюлади. Тўғри, қонунда ёлғон кўрсатма берган кишига жазо белгиланган. Бироқ, ота-онасини, ўқитувчисини, дўстини алдаган, уларга ёлғон гапирган ёшлар нари борса танбеҳ эшитиш билан қутулиб қолишмоқда. Жамоатчилик бу масалада ўз фикр-мулоҳазаси-ю таклифини ўртага ташласа, таълим муассасаларида давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар мунтазам ўтказилиб борилса, “Ёлғонсиз бир ой”, “Ростгўй ўқувчи”, “Ёлғондан нафратланадиган талаба” сингари танловлар ўтказилиб  турилса айни муддао бўлур эди. Хўш, қани айтинг-чи, умуман ёлғонсиз ўқиш, ишлаш, яшаш мумкинми?!

Бунга сиз нима дейсиз?

Маликахон МИРЖАЛОЛОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =