Кўлга қўл берган қўрғон
Бу жойлар билан батафсил танишишга илмий-амалий сафар давомида вақт етмади, уни фақат узоқдан кузатиш мумкин бўлди: ётиқ қияликдан тепага кетган (аниқроғи, тушган) из хас-хашаклар қоплаб олган бўлса ҳам аниқ билиниб турарди. Дунё кезган, шоҳ ва шоир Бобур изидан юриб, кўп сафарларда иштирок этган тажрибали журналист Фаррух Расулов ҳам гап нимадалигини ҳис этгач: “Бунда нимадир бор…” деди тагдор қилиб. Диққатни тортадиган жиҳат шундаки, баланд тепаликдан қуйига “ариқ” тушган, аммо тап-тақир дўнглик (халқ тилида у “Қўрғон” деб юритилган) дан қуйига ариқ туширишда мантиқ йўқ. Пастдаги Кўл (ҳақиқатан, унинг ўрни билиниб турибди, икки гектарча ерни эгаллаган, палахса-палахса ёрилиб ётибди) дан юқорига сув чиқмаслиги ҳам аниқ. Демак, Қўрғон ва Кўлни боғловчи сирли йўл бўлган. Агар изнинг ўрни ҳозир ҳам 2,5-3 метрлар чамаси эканлигини ҳисобга олсак, ер остида каттагина иншоот қурилгани маълум бўлади. Бу нима бўлиши мумкин?
Мабодо у ер ости йўли (тим) бўлмаганмикан?! Йиллар ўтган ва чўккан, ундан сиртда шу из пайдо бўлган! Биз ҳам ҳозирча шу тўхтамга келдик. Агар бу фараз рост бўлса, ушбу манзилда катта синоат яшириниб ётибди. Аввало, хилват тоғлар қуршовида бундай қурилманинг яратилиши ажабланарли. Оддий мантиқ шуки, Қўрғондан қуйига — Кўлга ер ости йўли тушириш фақат сув таъминоти учун зарур. Агар чамаси бир чақиримлар лаҳим қазиб, унинг устини ёпиб, зиналар билан таъминлашни ҳисобга олсак, бу анчагина катта юмуш ҳисобланади, уни қуришга йиллар кетган. Демак, бу масканда узоқ вақт (ўн йиллар) давомида яшаш кўзда тутилган бўлиб чиқади.
Маскан ва унинг стратегик мақсадларини тўла тасаввур қилиш учун Қўрғон ҳамда Кўлнинг жойлашиш манзарасига эътибор қаратайлик. Қуёш шарқдан, кўп марта таърифлаганимиз Амир Темур ғори жойлашган Шерлар қалъаси дарасини ўраб турган чўққилар ортидан юз кўрсатади. Тоғ 20-30 чақиримлар пастлаб боради, шимолдан келган Қизилдарё ва шарқдан келган Қалъа суви бир нуқтада туташади. Худди шу ўринда, дарёнинг бу бетида ярим чақиримлар юксакликда гўё улкан кема ястаниб ётибди. Унинг дум қисмида, қияликда Тошқўрғон қишлоғи жойлашган (эди). Кеманинг бош қисмида эса тепасида 2-3 футбол майдони кенглигида текислиги бўлган Қўрғон. Кеманинг ўртасида — Кўл. Бизни қизиқтираётган синоат ана шу жойда мавжуддир.
Яқин ўтмиш манзаралари шуни тасдиқлайдики, Қўрғоннинг тепасидаги кенг майдонда биноларнинг пойдеворлари сақланиб турарди. Улар тошлар тахланиб кўтарилгани аниқ эди. Қишлоқ одамлари тошларни қуйига думалатиб, қурилишга ишлатганлар. Ҳатто мактаб пойдевори, атрофидаги девор ва ҳовлидаги йўлаклар шу Қўрғоннинг ўқувчилар елкасида кўтариб келган тошларидан тикланган эди. Тошлар кавлаб олинар (уларнинг тагида илонлар кўп бўлган), ерда эса омоч билан деҳқончилик қилинарди. Баъзан ер ҳайдаётганда ул-бул ашёлар ҳам чиқиб қолган, табиийки, улар “эскилик сарқити” бўлганидан, одамлар қўрқиб кетганидан оғиз очмаган. Лекин аниқ эслайман, бир гал яқин ҳамсоямиз уста Ғаффорнинг олдидан метал коса чиқиб қолгани гап бўлган, аммо тезда “иси” йўқотилган. Хуллас, бу масканда одамлар муқим яшагани, Қўрғон устида эса сунъий равишда қўл кучи билан қалъа кўтарилгани аниқ. Энди навбатдаги савол туғилади: хўш, бу ерда кимлар яшаган? Қуйидаги Кўлдан тепадаги Қўрғонга ер ости йўли (агар у тасдиқланса) чиқаришнинг қандай зарурати бўлган (ёвгарчилик, қорли-қировли кунлар…) ва бундай катта ҳажмли қурилиш қай йўсинда амалга оширилган? Саволлар кўп.
Қўрғон қурилиши ҳақида бир ҳикоятни эшитганман. Менга уни мулла Раҳматулла (Худо раҳмат қилсин) айтиб берган: “Мошинчи момам бир қўшиқни хиргойи қиларди. Қизиқиб сўраганимда, уни қишлоқ хотинлари тўқиган, деб айтарди. Тарихи ҳам қизиқ эди: бир ҳукмдор қўрғон (қалъа) қурмоқчи бўлиб, жами йигитларни яқин-атрофдан тош ташишга жалб қилибди. Жуда қийнаб, кечаю кундуз ишлатибди. Ҳатто уйларига рухсат ҳам бермабди (сабаби, хотинларини кўрса, кучи кетиб қолади, деган экан). Бир кун ҳукмдор ишнинг боришини кузатгани келадиган бўлибди. Буни эшитган хотинлар жам бўлиб, даф чалиб қўшиқ билан унга пешвоз чиқишибди. Қўшиқда ҳукмдор, унинг бунёдкорлиги таърифланиб, охирида “Зулмингизнинг зўридан… тўшакларимиз рўза тутди (ундан ҳам очиқ)”, деб, ўз аҳволларини баён этишибди. Шунда ҳукмдор хатосини тушуниб, йигитларни вақти-вақти билан уйига қўядиган бўлибди”. “Мошинчи момо” — қишлоқда ягона “Зингер” тикув машинасига эга бўлган Бибисора ая (жойи жаннатда бўлсин!) бу қўшиқни неча авлодидан яқин кунларгача етказган — буниси Яратганга аён, аммо мулла ўша қўшиқни ёзиб олмаганидан жуда афсусланган эди (ҳа, кўп нарсалар бой берилганидан кейин қадри билинади). Шу кичкина далилнинг ўзи Қўрғон билан боғлиқ кўп нарсаларга ойдинлик киритади, унинг Кўлга нега “қўл бергани” эса жиддий тадқиқотларни талаб этади. Шундай эмасми?
Олис тарих ҳақиқатлари қанчалаб далиллар, тахминлар, фаразлар қобиғига ўраниб ётибди! Уларни бир-бир ечиб, ядродаги мояни кашф этиш нечоғлик юксак истеъдод, машаққатли меҳнатни талаб этади! Фақат оёқ босиб турганимиз шу заминни муқаддас билиб, унинг тупроғини тўтиё қилибгина, оташин меҳр билан заргарона назар ташлабгина унинг мағзига етиш мумкин. Бизнинг баён қиладиган баъзи мулоҳазаларимиз асло тайёр ҳақиқатликни даъво қилмайди, балки шундай саъй-ҳаракатга туртки бўлиши мумкин. Даврлар ўтди, замонлар ўзгарди, қанча ҳукмдор келиб кетди, аммо мўътабар манбаларда қайд этилган тупроқ жойида собит турибди-ку ахир! Унинг “таржимаи ҳоли”ни тиклаш борасидаги ҳаракатлар ҳам эзгу бир амал, яхшилик йўлидаги уриниш деб қабул қилинмоғи лозим.
Ҳурматли устозимиз, йирик тадқиқотчи олим Поён Равшанов “Қашқадарё тарихи” (“Фан” нашриёти, 1995 йил) деб номланган монографиясида шундай қайдларни келтирган эканлар: “Искандар Бохтар Заминнинг ўша вақтдаги энг мустаҳкам қўрғонларидан бири Тошқўрғонни ҳам забт этишга муваффақ бўлди. Ўша пайтда бу қалъа юнон тарихчиси (Арриан)га Аори деган номда маълум бўлган” (30-бет). Китобнинг бошқа бир жойида шундай маълумотлар баён этилади: “Ҳисор тоғи этакларида ҳам бир қанча кишилик манзиллари кашф этилган. Бу, шубҳасиз, Суғд ва Бохтарни боғлайдиган йўлларнинг Тошқўрғон ва Оқработ орқали ўтиши билан ҳам узвий боғлиқлиги важидан вужудга келган қишлоқ ва қасабалар бўлса керак… Курсий Руф ва Арриан Александр Македонскийнинг Навтакага Габаз (Тошқўрғон) орқали ўтиб келганлигини ёзиб қолдирганлар” (114-бет).
Эътибор беринг, гап бундан 2,5-3 минг йиллар олдинги воқеалар ҳақида кетаяпти. Бу орада дунё неча алвон айланган, цивилизациялар янгиланган, шаҳарлар пайдо бўлиб, ўрни яна тап-тақир бўлган, аммо воқеалар шарҳи бизгача етиб келган, унинг гувоҳлари — салобатли тоғлар собит, лекин, афсуски, улар гапира олмайди. Албатта, тарихнинг бу суронлари рўй берганидан кейинги йиллар давомида вақт шамоли, бўронлари қанча нарсани йўқотиб юборди, аммо улардан чумолининг изича нимадир қолган-ку! Энди мантиқ ўша унсурларга заррабин билан боқиб ўтмиш ҳақиқатини кашф этишдир. Кўлга ер ости йўли — бу, балки Оксиартнинг қизи Рухшона учун қурилган қасрга хизмат қилгандир, балки бу қаср Вахшивордадир. Аммо унинг шу заминда — Туронда барпо этилгани аниқ. Лекин қаерда, қани?
Биз асло ҳали ўрни ҳеч кимга маълум эмас, аммо тарихий манбаларда батафсил таърифланган маликанинг қасри айнан шу жойда, деган фикрдан йироқмиз. Аммо Алексадр Македонскийнинг тарихчилари қайд этган манзиллар айни шу ўрамда бўлса (олим Поён Равшанов бу маълумотларни “История Узбекистана в источниках”, Т., 1984 йил”, китобидан келтирган), демак, бу ҳудудлар йиллар давомида ўзига хос карвон йўллари ўтадиган ва туташадиган марказга айланган ҳамда вазият талаби билан йирик иншоотлар, бинолар қурилган. Шунга кўра Қўрғон устида аҳоли манзилгоҳи барпо этилгани ҳам мантиққа тўғри келади. Бу жойни биладиган одамлар тасдиқлаши мумкинки, манзил чиндан ҳам жўғрофий қулай ўринда, у атрофдан анча баланд ва унда теваракни бемалол кузатиш мумкин. Албатта, юнонлардан кейин ҳам тараққиёт давом этди, кейинги ҳукмдорлар замонида ҳам бу манзиллар қандайдир мақсадларга хизмат қилгани тайин.
Шундай муҳокамалар ўрамида фикр бир жойда тўхтайди: хўш, теваракда Амир Темур номи билан боғлиқ жойлар кўп учрар экан, бу масканнинг Соҳибқиронга дахли йўқмикан? Ахир “Зафар йўли” (1992) китобида “Йигирма икки ёшимда… Аррафот тоғида аскар тўпламоқчилигимни айтдим” (39-бет) тарзидаги гаплар бор ва Бовурчи (ҳозир унга “Титаник” деб ном қўйиб олишибди) чўққисидан шимолда арранинг тишларидек саф тортган чўққилар кўриниб турибди-ку! Бундан олдин ҳам бу жойлар Темурбекнинг отасига тегишли мулк бўлгандир.
Мазкур фаразларда қанчалик ҳақиқат бор, билмадик, лекин битта катта савол айланаверади: Темурбек ҳаётини гаровга тикиб, босқинчиларга қарши кураш майдонига чиқди. Уни гоҳ Самарқанд, гоҳ Бухоро атрофларида, гоҳ Муборак чўлларида-ю қорақалпоқ даштларида, ҳатто Амударёнинг нариги соҳилида кўрамиз. Ана шундай суронли ва талотўп кунларда унинг аҳли оиласи қаерда жон сақлаган ва мулки қандай муҳофаза қилинган? (Таъкид бизники. Ҳ. С.) Ҳолбуки, 1360 йилгача, яъни Мовароуннаҳр тахтини эгаллашга киришгунча унинг икки нафар ўғли, отасидан қолган мол-мулки, шунга яраша хизматкорлари-ю бошқа аъёнлари бўлган. Албатта, душман ўлжа илинжида изғиб юрган текисликларда кун кўриш жуда катта қийинчиликлар туғдирарди. Мўғуллар асосий душмани сифатида майдонга чиққан Темурбекнинг хонадонини йўқ қилиши аниқ эди, балки бундай ҳаракатлар ҳам бўлгандир. Ана шундай таҳликали вазиятда, мабодо Темурбекнинг оиласи чўққилар қуршовидаги шу ҳудудлардан паноҳ топмаганмикан? Қўрғон ҳам етарлича муҳофаза қилинган, ҳатто ер ости йўли барпо этилган, тирикчиликнинг узоқ даврига муносиб шароит таъминланмаганмикан? Ахир Амир Темур Турон мулкининг султони деб эълон қилингунча ўн йиллар (1370 йилгача) ўтиб кетди-ку!
Қўрғон жанубга томон қуйилаб кетади. Анча пастда Тошмаланг, Катта Ғаланг, Кичик Ғаланг (бу сўзларни бирор маъно таширмикан, деб келтираяпман) деган тепачалар бор. Одамлар бу жойлар қабристон бўлганини бот-бот эслатар, лекин ундан бирор асар қолмаган, тош бўлаклари билан қопланиб ётарди. Балки ер қаърида нимадир бордир, аммо бу жойларнинг бир метри ҳам ўрганилмаган, кўздан пана жойлар. Мутахассисларнинг айтишича, текисликда юмушлар тиқилиб ётибди, тоғ археологиясини ўрганишга ҳали навбат келмабди. Нима деймиз, ҳаммасини келажакка қолдириб, яна ёзма манбаларга мурожаат қиламиз.
Тарих синоатлари ва уларнинг бадиий (тарихий) талқини бўйича йўлда давом этамиз. Яна ҳазрат Алишер Навоийнинг шоҳ асарларидан бирини қўлга олайлик. Зеро, олдин қайд этганимиздек (“Ғорда ажиб воқе дурур” эссеси), буюк шоир “Сабъаи сайёр” достонида шу ҳудудларга муборак назарларини солганлар. Достоннинг 25-бобида Файлақус ҳаким ва шаҳзода Саъднинг ғор айвонидаги суҳбати жараёнида Каш (Шаҳрисабз) йўлидаги бир қасрни обдан таърифлайдилар. Шаҳрисабз шоҳининг қизини шавқ билан тасвирлаб:
Ул эрур шоҳи сабзпўш қизи,
Ки қуёш кўҳлидур оёғин изи… —
дея ул пари бир қалъада яшашини маълум қиладилар ва қалъани батафсил васф этадилар:
Шоҳға қалъаи дурур олий,
Рифъат ичра сипеҳр тимсоли.
Бир бийик қулла узра ул қўрғон,
Буржи кўк қалъасиға таън урғон.
Шоҳ қўрғон аро ясаб бир қаср,
Анда сокиндурур ул офати аср.
Қаср даврида уч ҳисор дурур,
Буржлари анда чархвор қурур.
Ҳар ҳисорида бир бийик дарбанд,
Рифъат ичра келиб фалак пайванд.
Лек дарбандлар очилмай ҳеч,
Ҳаддин ортуқ йўлида тоб ила печ…
Файлақус ҳаким Саъдга жуда мустаҳкам қўриқланаётган ана шу қалъа ичидаги уч ҳисорни қандай фатҳ этиш йўлларини миридан-сиригача тушунтиради, йўл-йўриқ кўрсатиб, олға чорлайди. Достоннинг давомида шаҳзоданинг ўз мақсадига етиш йўлидаги тадбирлари, уни сеҳр-жоду, девлар, “занги”ларни бартараф этиб, ҳисорни мусаххар қилгани баробарида қалъанинг гўзалликлари ҳам васф этилади. Саъд мақсадга етгач, бу ҳақда Шаҳрисабзга хабар етади…
Ботиний маъноларга тўйинган бу сатрларда қандай ҳикмат яширин? Ростдан, Шаҳрисабз билан боғлиқ ҳикоятни достонга киритиш фикри буюк шоирда қандай пайдо бўлган ва ул зоти киром бу жойлар ҳақида тасаввурга эга эдими? Ёки маълумотларни қайси манбалардан ўқиганлар, кимларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлганлар? Биз учун энг шарафлиси эса заррин қалам билан шундай шоҳ сатрларнинг битилгани!..
Кўриниб турибдики, мўътабар манбаларда қайд қилинган ва таърифланган жойлар айни пайтда ҳам тупроқлар остида, йиллар ғубори қуршовида боқий турибди ва олис мозийдан бизгача етиб келган хабарларни тасдиқламоқда. Неча йиллардан бери савлат тўкиб турган тепалик, ундан қуйига тушган из… аммо унинг сирини очишга навбат етмаган. Агар одамзод тарихининг 99 фоизи археологик тадқиқотлар билан ўрганилганини қайд этсак, ундаги кичкина артефакт ёки унсур жуда катта ҳақиқатларга йўл очади. Бу борада дунё археология фани етарлича тажриба тўплаган.
Оддийгина Троянинг очилиш тарихини эслайлик. Унинг асосчиси Генрих Шлиман (1822-1890)га кичкинагина унсур дастак бўлганди. Ҳолбуки, шунгача кўп тадқиқотчилар тарихий шаҳарнинг ўрнини бошқа жойдан белгилаб келганлар. Катта коммерсант, дунё кезган олим Шлиман масалага амалий ёндашади ва мақсадига эришади.
Қашқадарёнинг чекка бир тоғ қишлоғида эса тарих синоати ўзига йўл очиб турибди, унинг белгилари манаман деб, тадқиқотчиларни чорламоқда. Билганлар бу синоатни билаяпти, билмаганлар эса олдидан ғофил ўтиб кетаяпти, гоҳида унинг атрофида турли мантиқли фаразлар эълон қилинмоқда. Умид шулдирки, соҳа мутасаддилари бу масалага ўз муносабатларини билдирадилар. Мабодо барча фаразлар инкор этилганда ҳам бир йирик тадқиқот фанда қолади. Зеро, бу жойлар дунё нигоҳида турганлиги сир эмас. Албатта, миллий мутахассисларимиз уларга иш қолдирмайдилар.
Ҳаким САТТОРИЙ.