Ёшлар хатоси учун ким айбдор?

Турмушда хатоликлар рўй бериб туради, деб баъзан ўзимизни овутамиз. Аммо айрим хатолар борки, улар келажакка соя солади, эртанги кун учун ташвиш туғдиради…

Яқиндагина “Болам компьютер ўйинларига берилиб, дарсларини чала қилаяпти”, дея нолиб юрган оналар эндиликда ундан-да ёмонроқ балога дуч келишиб, нафақат мактабда ўқийдиган фарзандларини, балки ундан кичикроқларини ҳам телефондан айиролмай қолишди. Қайтага, ўзлари ҳам кун бўйи шу жажжи қутичага тикилиб ўтиришади.

Қозон бошида ҳам телефон, ишга кетаётиб ҳам, бекатда ҳам телефон, иш давомида, борингки, баъзан тун ярмигача телефон қўлларида туради. На газета-журнал ўқилади, на китобга қаралади, ҳатто дастурхон бошидаги оилавий суҳбатларга ҳам шу телефон мулоқоти мудом аралашиб, халақит бериб туради.

Бир қанча йиллар аввал телемухбир таниқлироқ кишидан: “Ижтимоий тармоқларга кириб турасизми?” деб сўраганида, “Гоҳ-гоҳида кириб тураман”, дер эди. Эндиликда ижтимоий тармоқларсиз бир қадам ҳам ташлолмайдиган даражага етдик. Айниқса, ёшлар орасида бу ўта оммалашиб кетди. Интернет мавзулари сал жиддийроқ бўлиб, болалар тарбиясига кўпроқ ҳисса қўшса, кошки эди-я. Шов-шув кўп, аниқлик кам, ёлғон кўп, ҳақиқат кам.

Уззукун телефон экранига тикилавериш саломатликка анча зиён етказишини мутахассислар аллақачон аниқлашган. Кореялик бир гуруҳ олимлар таъкидлашларича, “телефон касаллиги” туфайли қулоқларнинг оғриши, бош айланиши ва кўнгил айниши рўй бераркан. Мобиль телефондан чиқадиган нурланиш нерв ҳужайралари ва мия фаолиятига салбий таъсир этиб, кўпинча хотира йўқолишига олиб келиши ҳақидаги фикрлар бугунгача айтиб келинмоқда.

Яқинда яна бир тадқиқот ўтказилибди. Унинг натижасига кўра, мобиль телефонлар кишининг феъл-атворигаям таъсир кўрсатади!

“Уяли алоқа воситасидан кўп фойдаланиш оқибатида асабийлашиш, ланжлик, қатъият йўқолиши ва ҳафсаласизлик кузатилади, электромагнит тўлқинлар таъсири туфайли шундай ҳол рўй беради”, дейди тадқиқот раҳбари — Мельбурн университети профессори Кона Стоун. Олимнинг айтишича, телефондаги мулоқот вақтида унинг шовқини билан бирга кичик интенсивликдаги электрон магнит нурланиши бош суяги томон йўналтирилади ва у ерда ўзининг салбий асоратини қолдиради.

Интернет тармоқларидан доимий фойдаланиш чоғида телефондан тарқаладиган нур кўзлар ишини ёмонлаштириши ва бошқа аъзоларда ҳам хавфли хасталикларни келтириб чиқаришини аниқлаган олимлар мулоқот пайтида телефон зараридан сақланиш учун бир нечта маслаҳатлар ҳам беришган. Унга кўра, транспортда мобиль телефондан фойдаланмаган маъқул, сабаби, автомобилнинг металл қобиғи электромагнит нурланишни икки-уч баробар оширади. Рақамни тергач, алоқа ўрнатилгунига қадар телефонни қулоққа яқин тутмаслик керак, чунки зарур рақамни топиш учун телефон аппарати зўриқиб ишлайди ва бу жараёнда электромагнит тўлқинлар жуда кучли бўлади. Кун давомида телефондан 60 дақиқадан ортиқ фойдаланиш фақатгина зарар келтиради.

Бундай хабарларни катталар, албатта, у-бу жойдан эшитишган, тиббиётдан хабари борлар эса яхши билишади. Лекин аҳволни ўзгартиришга уриниб ҳам кўрилмайди. Ота кечқурун ишдан келгач, боласи ҳадеб саволга тутавермаслиги учун ё бошқа сабаб туфайли телефонини унинг қўлига тутқазади. Она ҳам ошхона юмуши ё кир-чирга улгуриш учун кичкинтойига телефонини бериб қўяди. Қарабсизки, бола мук тушганча соатлаб телефонда ўйин томоша қилади, ота ҳам, она ҳам уларнинг шўхлик қилмай, жимгина ўтиришганидан хурсанд.

Ота-оналарнинг хатоси қай бир кун фарзандларнинг бундан ҳам каттароқ хатоларига сабаб бўлиши мумкин. Биринчидан, телефон туфайли боланинг соғлиғига жиддий зиён етаяпти, иккинчидан, бола асосий машғулотлар (боғча ё мактабдан берилган вазифалар)ни юзаки бажариб, доимо телефон билан банд бўлмоқда. Ҳатто мактабдаги дарслардан қочиб, турли жойларда компьютер ўйинлари билан вақт ўтказаётганлар ҳам бор.

Бугунги кунда болалар ўртасида доимий телефон ўйинларини кўриш оқибатида аутизм (доим ўзи билан ўзи бўлиб, ён-атрофга бефарқлик билан кечадиган руҳий ўзгариш ҳолати), шунингдек, кўз касалликлари (масалан, оқибати кўрликкача олиб борадиган астигматизм нуқсони сингарилар) кўпайиб бораётган ва шифокорлар аҳолини бундан қайта-қайта огоҳлантираётган экан, демак, эндиликда ота-оналар болалари назоратини янада кучайтиришлари ва уларни телефонга мутеликдан асраб қолишлари керак.

ДОНОЛИК ЙЎЛИДАН БОРИЛСА

Халқимизнинг тийнати, фитрати ва зийнати жо бўлган инсонийлик фазилатларига дунё ҳавас қилади. Олимлар тадқиқотлари натижаларига кўра, ғарбликлар маданияти асосида ҳам Шарқ маданияти, маънавияти ва кўҳна ижтимоий турмушининг тамойиллари ётади. Ғарбда турли соҳада ном қозонган буюклар кўп, лекин Шарқда ундан-да зиёд, балки бир қанча ҳисса ошиқроқ. Уларнинг руҳларини шод қилиб, хотираларини абадийлаштириш йўлида юртимизда йирик ишлар қилинаётган бир пайтда шундай улуғ инсонлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишга қизиқувчилар унчалик кўп эмас. Қайси бир алломамиз қай ишлари билан тарихга киргани сўралса, деярли кўпчилик аниқ жавоб беролмайди.

Туркияда ишлаб келган дўстимизнинг гапларини эслайман:

— Истанбулда бекат атрофида бирор таниқли шахс йирикроқ хусусий корхона ё катта клиника очган бўлса, автобус тўхтаганда, албатта, бу овозкучайтиргич орқали алоҳида таъкидланаркан. “Сиз доктор профессор Холидун жаноблари клиникаси ёнидаги бекатга келдингиз” сингари… Шунда ҳар хил жойлардан келган йўловчилар Туркияда шундай клиника очган профессор борлигидан хабардор бўлишаркан. Японларда эса бирор киши илм йўлидан бориб, тарихий ишга қўл урса, кундалик ташвишларга чалғимаслиги учун ҳамма яқинлари унинг оиласига кўмак беришаркан. Нима бўлганда ҳам шу инсон Япония тараққиётига ҳисса қўшишдек улкан ишни охирига етказиши учун бараварига қўллаб-қувватлаб, зарур шароитни яратиб беришаркан.

Аслида, дунё биздан кўп-кўп ўрганмоқда, лекин маънавий-маърифий масалаларда бизнинг ҳам улардан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар бор…

Автобусда кетаётгандим. Пушкин майдони ёнидан ўтаётганда олдинги ўриндиқдаги кекса рус аёлдан ёнидаги беш-олти ёшлардаги набираси сўраб қолди:

— Анави киши ким?

— Бу Пушкиннинг ҳайкали.

— Пушкин ким?

Шунда буви набирага Пушкиннинг кимлиги, қандай тарбия топгани, ўқигани, ким бўлиб етишгани, ҳамма-ҳаммасини эринмасдан тушунтирди. Набира эса кўзларини катта-катта очиб, бувисининг гапларини бўлмасдан эшитиб ўтирди.

Ўшанда ўйладим. Биз фарзандларга гапириб беришимизга арзигулик буюк шахслар шу қадар кўпки, улар юртимизда яшаб ўтишган, илм йўлида қилган улуғ ишларидан эса бутун олам ҳамон ҳайратда.

Илмий манбаларда келтирилишича, жаҳон тамаддунига ўзининг кучли таъсирини кўрсатган олти нафар алломанинг бештаси Ватанимиздан етишиб чиққан. Булар — Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, олтинчиси испаниялик араб Ибн Рушд.

Юртимизда дастлабки Маъмун академиясига (Али ибн Маъмун —Хоразмшоҳ даврида) асос солинган. Шарқ қадимдан то ҳозирга қадар минглаб-миллионлаб илму урфон соҳибларининг макони бўлиб келмоқда.

Илм шундайки, у ақлга қувват беради, руҳни озиқлантиради, кишининг ҳаётда тўғри йўлдан боришига кўмаклашади. Илм жамики муаммоларнинг калити. Муқаддас китобимизда ҳам “илм” сўзи 754 жойда келтирилган. “Мужодала” сурасининг 11-оятида “Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илмли бўлганларнинг даражасини кўтаради”, дейилган. Илм олиш ибодатларнинг афзалидир деб кўрсатилган. Машҳур туркигўй адиб Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” (“Саодатга бошловчи билим”) асарида келтиради:

Болам тутсин десанг донолик йўлин,

Кичикликдан теккиз билимга қўлин.

Японияда болаларга ота-оналари: “Сен Япония келажаги учун нимадир қилишинг керак”, деб тинмай таъкидлаб туришаркан. Бу фикр миясига сингдирилган бола ана шу катта мақсад йўлидаги илмларга бутун куч-қувватини йўналтиради.

Кишиларимиз орасида юрт фидойилари жуда кўп. Лекин бор куч-қувватини кўпроқ пул ишлаб топиш, баланд уй-жойлар қуриш, ҳашаматли тўйлар қилиш, бой бўлиб яшаш истаги йўлида сарфлаётганлар ҳам анчагина. Бу яхши, албатта. Бизнингча, фарзандларини китоб ўқишга ундайдиган, уларга тез-тез китоблар сотиб олиб бериб, ўқишини мунтазам назорат қиладиганлар сафи янада кенгайса, фарзандлар онгу шуурига илмли бўлиш иштиёқини жо этсак, нур устига аъло нур бўларди.

Бахт-саодатга фақатгина илм орқали эришиш мумкин, деб таъкидлайлик уларга.

ЯНА ЎША “БАҚЛАЖОН”

Баъзи кичкинтойларнинг ота-оналари баъзида кулиб-кулиб айтадиган бир гап, кўп вақт бўлдики, тарқалиб кетган.

— Кичкинам боғчада кунига эрталаб “бақлажон”ни айтамиз, дейди.

Аввалига тушунмагандим. Кейин билсам, ҳар тонгда бутун юртимиз бўйлаб ғурур билан айтиладиган давлат мадҳиясининг биринчи қаторидаги “Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт-нажот” сатрларининг охирги сўзини кўплаб боғча болалари аслидай айтишолмас экан. Аянчлиси, буни боғча тарбиячиларининг ўзлари ҳам билишса-да, индашмайди. Бир куни тарбиячи билан суҳбатлашаётиб, шунга ишора қилдим:

— Болаларни тўплаб, шу сўзни машқ қилдирсангиз, тўғрилаб айтадиган бўлишади.

— Фойдаси йўқ. Болаларнинг тили келишмайди, шунинг учун ўзларига мослаштириб олган. Шу жойини сал бошқача қилиб ёзишса бўлар экан-а?

Ажабо, савияни қаранг!

Ўйлаб қаралса, боғча ёшидаги болалар ҳамма гапни бурро-бурро қилиб айта олишади. “Тили келишмайди” дейиш бир баҳона, қолаверса, тилимиздаги гўзал сўзларга катта ҳурматсизликдир. Ахир болаларимизга ўзбекча сўзларнинг маъно-мазмунини тушунтириб, аслидай айтишга ўргатишимиз зарур, негаки улар Ўзбекистонда яшашади, Япония ё Америкада эмас!

Дарвоқе, Америка… Анча йиллардан бери Америкада яшаётган танишларимиз ора-сира она юртга келиб туришади. Бир гал уларни меҳмонга чақирдик. Лагандаги ошдан тарелкасига солиб еяётган ўн беш ёшли ўғиллари нуқул бошини силкиб “о-о” дейди, оғзини тўлдириб “таом ширин бўпти” деёлмайди. “Раҳмат” сўзиниям базўр айтади. Қизиғи, ота ҳам, она ҳам ўғлига инглизча гапиради.

Ҳар жойда “миллати” дейиладиган жойга “ўзбек” деб ёзиладиган бу бола биттаям ўзбекча сўзни билмаса-я! Америкада туғилиб-ўсган, у ернинг боғча-мактабига қатнаган экан, нима бўпти? Фақат бугина эмас. Америка ё бошқа давлатларга бориб яшаётган кўплаб оилалар ўша жойларда шахсий бизнесини йўлга қўйиб, ишда ёки ўқишда катта ютуқларга эришаётгандир. Лекин уларнинг фарзандлари-чи? Ўзбекона қадриятларимиздан йироқда ўсаётган бу болаларнинг келажаги қандай бўларкин? Муҳими, чет элда яшаётган ота-оналар болаларининг ўзбекона урф-одатларимизни унутмасликларини ўзлари ҳам чин дилдан истаб, бунинг учун астойдил қайғурармикин, ҳамма гап шунда.

Тарихга назар ташласак, узоқ йиллар Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган бобурийлар ҳамиша ўзларининг тарихи, маданияти, маънавий мерослари ва она тилларига содиқ қолишган. Гарчи хизматида мўғуллар ва ҳиндлар саноқсиз бўлса-да, бирор марта уларнинг тилида сўзлашишмаган. Мажлислар, суҳбатлар доимо туркий тил (эски ўзбек тили)да ўтказилган, шу тилда девонлар тузилган. Фарзандларга туркий тил ва туркий маданият асослари ўргатиб борилган.

…Ўша куни танишимизнинг аёлидан: “Ўзбекистонга қачондир қайтиб келасизларми?” деб сўрадим. Кулимсираб “йўқ” дегандек бош чайқади. Меҳмонимизнинг дўстларидан бири — грин-карта ютиб олиб, оиласи билан беш-олти йилдан бери ўша ёқда яшаётган йигит менга ҳазиломуз гап қотди:

— Сиз кийимингизни тескари кийиб, сочларингизни ёйиб, ҳовлида баланд товушда қўшиқ айтиб юра оласизми?

— Йўғ-э, нима деяпсиз?

— Нимага шунақа юролмайсиз?

— Кўрганлар нима дейди, уят-ку!

— Мана шунақа-да, бошқаларни ўйлайсиз. Америкада шунақа юрсангиз, ҳеч ким ҳеч нарса демайди. У ерда биров билан бировнинг иши йўқ…

Бировнинг биров билан иши бўлмаслиги катта фожиа, манқуртларча яшашнинг бир кўриниши десаям бўлади.

“Бошқалар тақдири учун масъулмиз!” деган ҳаётий шиор бор бизда. “Ўзгалар бахти учун курашиб, ўз бахтимизни ҳам топамиз” деган ҳикматни айтиб кетган алломаларимиздан бири. Ён-атрофимиздагилар ғамга ботса, биз ҳам куюнамиз, ҳаётида яхшилик бўлса, бараварига суюнамиз.

“Эркин ҳаёт”нинг кимлар учундир яхши томонлари бордир, лекин ёмон томони ҳаддан зиёд кўп. Болаларга сал овозини қаттиқроқ кўтариб гапириш ҳам “жиноят” ҳисобланадиган бундай жойларда ёшларнинг турли номаъқул одатлари кўпайгандан-кўпайиб, “Киберпанк” тусида гавдаланмоқда. Жамоат жойларида ит ё мушук ниқобини тақиб, шу жониворлардек тўрт оёқлаб юриб, уларга ўхшаб увиллаётганларнинг видеотасвирини кўрибоқ даҳшатга тушасан киши. Ўша томонларда эса юзлаб-минглаб ўзбек оилаларининг болалари ҳам яшайди…

РАНЖИТИШ БОР, УЗР СЎРАШ ЙЎҚ…

Ҳадису шарифларда ҳам кишининг илиқ сўзли, мулойим табиатли бўлишига ишора қилинади. Лекин бу кун жамоат жойларида, айниқса, бозорларда бир-бирини ҳақоратлаш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Аслида, бозор ҳам тирикчилик учун бир йўлда юрганларнинг кичик бир мамлакати, лекин ундаги ўзаро муносабатларда дағаллик ва қўполлик кўп, одамшинавандалик ва аҳиллик кам.

Кўпинча сотувчи аёллар харидор талашиб ё бошқа сабабга кўра бир-бирига шунақа ёмон сўзларни айтишадики, эшитиб, қочишга жой излаб қоласан киши. Эркаклар феълида ҳам босиқлик йўқ, ғазаб кўп. Маршруткалар бекатида йўловчи талашиб ё автотураргоҳларда оддий бир ҳолат учун бир-бирини аямай сўкишади, ҳатто ён-атрофда аёллар борлигини ҳам унутишади.

Бировни ранжитгач, ундан узр сўраш қанчалик қийин бўлмасин, жуда ноёб ва нодир одатдир. Бу борада японлар ва кореяликларнинг одатларига ҳавас қиламиз. Ҳаммаси бир-бирига эгилиб, неча-неча марталаб узр сўрайверади. Кечиримлиликда кекса авлод ёшларга ўрнак бўлади. Япон мактабларида бошланғич синфлар болаларига бир-икки йил давомида фанлардан эмас, фақат ахлоқ-одобдан дарс ўтиларкан. Шу мавзуга оид мультфильмлар ва кўплаб видеороликлар ҳам ишланган.

Аждодларимиз жуда кечиримли бўлиб, ўзгаларнинг дилини оғритишни оғир гуноҳ ҳисоблашган. Эндиликда ўзларини замонавий ҳисоблаб, бу қадриятни унутаётганлар бор. Кўп ҳолларда мактабдан йиғлаб келган набирасини жанжаллашган тенгдоши билан яраштириш учун кечирим сўрашга ундаган кекса кишига, албатта, боланинг отаси ё онаси қарши чиқади:

— Қўрқоқ эмаслигингни кўрсатиб қўй, кейинги сафар сен ҳам уни боплаб калтакла! — дейди ота ўғлига.

— Юмшоқсупурги бўлма, ҳаққингни ажратиб ол, — дейди она ҳам.

Қарабсизки, болада кечиримлилик хислати эмас, ички исён ва нафрат ҳисси уйғонади!

Эндиликда ёшлар ўртасида оммавий муштлашувлар, самосуд қилишлар, ҳатто совуқ қурол билан қўрқитишлар бола феълидаги нафрат ва исённинг улғайиши туфайли эмасмикин?!

Қувайтда ўн йиллар ишлаб келган танишимизнинг айтишича, одамлар ҳар қандай вазиятда бир-бирини аяб сўзлашишаркан. Албатта, турли нохушликлар, йўлда машиналарнинг бир-бирига урилиб шикастланишлари у ерлардаям учрайди. Шундай вақтда ҳар икки томон йиғилишиб: “Аллоҳ бундан баттаридан сақлаб қолди-ку, бир-биримиздан рози бўлайлик”, деб очиқ кўнгиллик билан тарқалишаркан. Бақир-чақир қилиб савдолашиш йўқ, асабийлашиш йўқ, ҳаммани бошига йиғиш йўқ…

“Одам яхши гапларини бир-бировига айтиб қолиши керак”, дер эди кўп йиллик қадрдоним, ургутлик Роҳатой ҳожи она. Қайсидир йили меҳмон бўлиб келганларида шаҳарни айлантирдим. Шунда денг, Чорсу бозори ёнида жанжалнинг устидан чиқиб қолдик. Аямай ҳақоратлашлар, сўкинишлар… Меҳмоним олдида уялиб кетдим. Шаҳар жойларда батартиб, бамаъни одамлар яшайди, деган гапларни кўп айтадиган ҳожи онамнинг кўнглидан қандай ўй-хаёллар кечганикин ўшанда…

ПСИХОЛОГНИ ТАНЛАШ КЕРАК (МИ?)

Бу кун интернет орқали ўз маслаҳатларини бераётган психологлар шу қадар кўпки, улар бу борада гўё бир-бирлари билан мусобақалашаётгандай туюлади. Ҳатто илгарилари “психолог” билан “психиатр” сўзини бир-биридан фарқлолмай нуқул адаштирадиганлар ҳам эндиликда уларнинг каналларини топиб, турли масалаларда маслаҳатлар олиб туришибди. Бир жиҳатдан бу яхши бўлиб кўринади. Негаки, турмушда турли хил нохуш воқеа-ҳодисалар рўй берганда, баъзан психологга муҳтожлик сезамиз. Аммо танганинг иккинчи томони бор. Психолог мушкул вазиятдан чиқишимиз учун қандай йўлни қулай қилиб кўрсатади, ҳамма гап шунда…

“Бир қариндошим психологга қатнарди, унинг маслаҳатларига амал қиламан деб ахийри турмушидан ажрашди”, дейди кимдир.

Яна кимдир “Психологлар фақат қулоққа айтилиши керак бўлган интим муносабатлар хусусидаги маслаҳатларни интернетга қўйиши шартми, бу ўсмир ёшларга порнографик таъсир кўрсатиши мумкин, шу масалада маслаҳатга муҳтож шахсни қабулига чақириб, ўзига айтса бўлади-ку”, дейди.

Хуллас, психологни танлаш имконияти йўқ, кўплаб ёшларимиз эса интернет орқали учраган маслаҳатларни эшитиб ўтиришади.

Бахтга эришиш сири, руҳий тушкунликдан чиқиш, кечиримлиликка бағишланган дарслари билан танилган психологлар бор. Лекин айримлари “Ҳар бир нарсада ўзимни маъқуллайман деб такрорланг!”, “Ўзингизга юқори баҳо беринг, фақат ўзингизни севинг!”, “Ўзгаларнинг сиз ҳақингиздаги фикрлари билан асло қизиқманг!”, “Сиз билан боғлиқ ҳар қандай ёмон ишлар содир бўлганда ҳам ўзингизни айбламанг” қабилидаги тавсияларни уқтиришяпти. Интернетда, асосан, ёшлар ўтиришини ҳисобга олсак, бундай йўл-йўриқлар уларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатиб, ҳаётини бошқа ўзанларга буриб юбормасмикин, мана шуниси ташвишлироқ…

Бир вақтлардаги “кўк кит”га ўхшаб кетадиган ўйинлар ҳам борки, улар мияга турли босимлар ўтказиш усули билан руҳий аҳволни ўзгартиришга сабаб бўлади. Чет эллардан кириб келаётган “Қўзғалувчанлик” (ёки “мактаб ўқувчисини қўзғатиш” маъносида) ўйини даҳшатларидан бири бола руҳиятини хатарли ишга йўналтириш (масалан, ярим тунда бориб газ плитаси мурватини бураш, кейин ҳеч нарса бўлмагандек бориб ўринга ётиш ёки ўзининг қўрқмас ва довюраклигини исботлаш учун машина қатнаётган йўл ўртасида кўндаланг туриб олиш сингарилар)дан иборат. Бола ҳаётини фожиага айлантирадиган бу каби ўйинларга берилмаслиги учун ота-оналар фарзандларини қаттиқ назорат қилишлари керак бўлади.

Қадимги Хитой донишманди Конфуций айтади: “Икки киши билан бирга бўлсам, ҳар бири мен учун ўқитувчидир, уларда яхши хислатни кўрсам, тақлид қиламан, ёмон сифатни кўрсам, уни ўзимда тузатишга уринаман”. Аслида, ҳар биримиз атрофимиздагилар учун ўқитувчимиз. Бир-биримизга ўргатамиз, шу аснода бир-биримиздан ўрганамиз.

Ёшларни “интернет тарбияси”дан чалғитиб, унинг ўрнига китоб, газета-журналларни ўқишга қизиқтиришнинг турли йўллари излаб топилса, бу жамият келажаги учун ҳам арзигулик гўзал натижа бўларди. Зеро, ёшлар содир этган хатолар ортида катталарнинг масъулиятсизлиги турар экан, эндиликда тарбияга жиддий ёндашиш кўпроқ аҳамиятлидир.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 2 =