Нажоткор сўзли шоир

Компьютерни ёқсам, телеграмм Азамат Зариф навоийликдан хабар келганини билдирди:

“Ассалому алайкум!

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист Одил Ҳотамов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Одил Ҳотамов замондошлари хотирасида” китоби тайёрланмоқда. Шу боис устозимиз билан яқинлигингиз, ижодий ҳамкорлигингиз ва хотиралардан иборат мақола тайёрлаб берсангиз, хайрли иш бўлар эди.

22.10.2024 йил”.

“Ташаккур! Бир ҳафталарда жўнатаман”, — деб жавоб ёздим-у, кейин ўйланиб қолдим.

Курсдош-дўст ҳақида нима биламан?

 

…Эсласам, деярли жуда кам нарса билар эканман.

Одил Ҳотамовни 1973 йилнинг август ойи охирида университетга кириш имтиҳонларини топшириб, мандат комиссиясидан ўтаётганда “таниганман”. Комиссия раиси, университет ректори, академик С.Саримсоқов ҳужжатлар тўпламимни ўқиб, мактабни олтин медаль билан битирган, туман газетасида масъул котиб вазифасида ишлаган, армия хизматини ўтаган, имтиҳонлардан 23 балл тўплаган қабилидаги “талабаликка муносиблик” кўрсаткичларимни санаётганда, у кишининг чап томонида ўтирган кўзойнакли комиссия аъзоси (у кишининг факультет декани Анвар ака Шомақсудов эканини кейин билдим) ёнидаги киши билан гаплашиб, “Одил Ҳотамовга ёрдамчиликка, гуруҳ комсорглигига олсак бўлар экан”, деганини эшитиб қолдим.

Биринчи сентябрда машғулотлар бошланган куни танишиш баробарида Одил ака курс оқсоқоли сифатида қалин йўқлама дафтарига ҳар биримизнинг шахсимизга оид маълумотларни жамлаб, 25 қоракўзга етакчиликни бошлаб юбордилар.

Бошқа пайтда ҳаммамиз қатори университет талабаси бўлган Одил аканинг раҳбарлик хислати икки ҳолатда бўртиб кўзга ташланар эди. Биринчиси — стипендия олганда, иккинчиси — кераксиз мажлислар ва зерикарли лекцияларга кирмаганимизда. Одил ака КПСС аъзолигига номзод сифатида гуруҳда темир интизом бўлишига кўп тиришар, лекин ҳар бири ўзидан катта ижодкор, энг камида публицистика қироли ясаб олган жўшқин йигит-қизларни бошқариш осон бўлмаган.

Бир мавсум ётоқхона ва ижарахонада бирга яшадик. Пойтахтнинг Қорақамиш даҳасида икки хонали ижара уй топиб, кўчиб борганимизда, хонадон эгаси — кекса кампир Одил аканинг қоп-қоп китобларини кўриб: “Бу китоб жинниларини уйимга қўймайман”, деб бизни қувиб солган эди.

У кунларни Одил шоир “Талабалар шаҳарчаси” туркумига кирган “Жийроним” шеърида шундай тасвирлайди:

 

Тўлқин-тўлқин қирларни ташлаб,

Келган эди азим шаҳарга.

Кетарди гоҳ юрагим ғашлаб,

Боқмасдан ҳеч тунга, саҳарга.

 

Ижарада, ётоқхонада,

Бирга-бирга кўчиб юрарди.

Посбон кампир қўймаса агар,

Деразамдан учиб кирарди.

 

Университетдаги машғулотларнинг биринчи ҳафтасида курсимиз куратори, журналистика назариясидан лекция ўқийдиган домламиз Мухтор Худойқуловдан кейинги дарсгача иншо ёзиб келиш ҳақида топшириқ олдик. Мавзу ҳам, ижод жанри ҳам эркин. Бу биз учун университетдаги илк ижодий синов эди. Синов якунида паркентлик курсдошимиз Хайриддин Султоннинг битиклари биринчи ўринга муносиб топилди.

Чиндан ҳам Паркентдан Тошкентга келгунча тиқилинч автобусда унинг бошидан кечган машмашалар таъсирли битик қилинган эди. Йўловчилар билан тирбанд трамвай, троллейбусу автобусларда ўқишга қатновчи ҳар бир талабанинг бошидан кечган бу воқеани Хайриддин Султонов “кўра олган” ва “ҳам куласан, ҳам йиғлайсан” тарзида чиройли қилиб ёзган эди.

Иккинчи машғулотда менинг қишлоқ ҳақидаги шеърий лавҳаларим биринчи ўринга муносиб кўрилди. Навбат Одил Ҳотамовнинг иншосига келганда Мухтор ака ним табассум билан:

— Одилжон, иккаламизнинг ўхшаш томонимиз бор экан, — деб қолди. — Сиз рамз ва тимсоллар билан шеър ёзар зкансиз, мен эса масал қиламан, — деб ҳазилга ўтиб кетди.

Биринчи курсда “Ёшлик” номи билан журнал чиқарганмиз. Мен муҳаррирлик қилганман. Одил ака масъул котиб сифатида курсдош ёзарларнинг ижод намуналарини жамлаган. Уларни курсдошимиз Насиба Аҳмаджонова холаси шоира Гулчеҳра Нуриллаеванинг машинкасида уч нусха кўчириб келган. Журналнинг икки сони чиқиб, кейин газетага ўтиб кетганмиз. Факультетда энг узун (энли ватман қоғозда беш метрлик) деворий газетани биз чиқарганмиз. Унда ҳатто талабалар ҳаётидан олинган детектив ҳикоялар босилган. Талабалар шаҳарчасининг бошланишидаги биноларда жойлашган “Биофак”, “Физфак” талабалари келиб ўқиб кетишар эди. Газета безакларининг ранго-ранг бўлиши ва материалларнинг тўғри жойланишида масъул котибимиз Одил Ҳотамовнинг хизматлари катта бўлган (фаришталар “омин” деган эканми, кейинчалик Одил ака то нафақага чиққунига қадар “Кармана овози” газетасида масъул котиб вазифасида ишлади). Менимча, бу журнал ва газеталаримиз Одил аканинг архивида сақланаётган бўлиши мумкин. Чунки у киши ўзи ва дўстларига тегишли ҳар қандай ёзиқни авайлаб олиб қўйишга одатланган, айни пайтда ниҳоятда китобга ўч ўқирман эди. Унинг китобсеварлиги тақдирида оғир из қолдирган воқеаларга сабаб бўлган экан.

Бир суҳбатда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам: “Одилбой биз билан ўқир эди. Лекин нима учун ўқишни ташлаб армияга кетиб қолганини эслолмайман”, деган эди. Фотожурналистикамиз қироли Абдуғани Жуманинг айтишича, иккинчи курсда ўқиётганида пальто олишга уйдан берилган пулга Одил ака китоб сотиб олади ва 1969 йилги энг оғир келган қишни битта костюмда ўтказиб, қаттиқ шамоллаб қолади. Узоқ вақт шифохонада даволанади. Касаллик арийвермагач, академик таътил олиб қишлоғига кетади ва яна даволанади. Бу орада таътил муддати ўтиб кетади ва Одил Ҳотам талабаликдан ўчирилиб, уни пойлаб юрган ҳарбий комиссариатнинг қўлига тушади. Армиядан қайтиб, ўқишини тикламоқчи бўлганида, университет маъмурияти кўнмайди ва Одил Ҳотам қайтадан, энди биз билан ўқишга киришга мажбур бўлган экан.

…Эртакда айтилганидай, талабаликнинг олтин дамлари кўз очиб юмгунча ўтди-кетди.

Тўртинчи курсни тугатиб-тугатмай Ўзбекистон тарихи курсидан дарс берувчи домламиз Тоҳир ака Пидаев мени собиқ курсдош дўсти Маҳкам ака Рисқиев мудирлик қилаётган “Ватандош” радиостанциясига етаклаб борди. Бешинчи курсни тугатиб, диплом олганимиздан сўнг Одил акани Карманага кузатганмиз ва то уйигача китобларини кўтаришиб боришни у киши билан анча яқин бўлган курсдошимиз Бахтиёр Назаровга топширганмиз. Шундан кейин Тошкентда ишлаб қолганларни эътиборга олмаганда, вилоятлардаги собиқ курсдошлар билан онда-сонда хабарлашиб турганмиз. Чунки ҳамма ўзини намоён этиш билан банд бўлган. Уйланган, турмушга чиққан, бола-чақа қилган.

Собиқ курсдошлар ҳаётида табиий кечадиган бу узоқлашишни Одил Ҳотам оғриқли хотирот билан эслайди:

 

Узоқлашиб боравердик биз,

Дилдошликдан балки тўйди у.

Умр лойин қоравердик биз,

Тушларимга кирмай қўйди у.

 

…Асов ҳаёт оғриқларидан

Ҳуркиб, безиб қирга етдими?

Олтин, олмос туёқларидан

Тушовларни узиб кетдими?

 

Тирикчилик — ханжар дамидир,

Курашларда ошар ҳайроним.

Титроқ шабнам кўнгил ғамидир,

Қайга кетди азиз жийроним?

 

Кўзларида зангори осмон,

Ёлларига еллар қасида.

Юрибдими адашиб ҳамон,

Талабалар шаҳарчасида.

 

Одил Ҳотам бу шеърни “Ёшлик” баёзининг 1980 йилги сонида чоп этилган “Жийроним” шеъримга жавоб тариқасида ёзган. Мен уни 42 йилдан кейин Одил Ҳотамнинг “Хирмон” китобини варақлаб, кўзда ёш билан ўқиб ўтирибман…

Бизнинг талабалик давримизда ёш ижодкорларнинг илк тўплами Ёзувчилар уюшмасида муҳокамадан ўтказилиб, кейин нашр этишга тавсия қилинар эди. Масалан, ҳозирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва иқтидорли шоир Муҳаммад Раҳмоннинг илк тўпламлари Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилганини яхши эслайман. Одил Ҳотамнинг илк тўплами “Кечки майсалар” вилоятларда яшаётган аҳли қаламнинг ижод намуналарини ҳам пропаганда қилишга дохил юқорининг кўрсатмаси сабаб 1985 йилда нашр этилган. Бунгача карманалик шоир Одил Ҳотам шеърлари “Ёшлик” баёзи, “Гулистон” ва “Ёшлик” журналларида босилиб, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов каби оқсоқол ижодкорларнинг эътиборига тушган эди.

“Карманалик ўзига хос ижодкор”нинг (Асқад Мухтор таъбири) шуҳрати билан изма-из Одил Ҳотамов “Кармана овози” (“Коммунизм байроғи”) газетаси қошида ташкил эган ёш ижодкорларнинг “Чашма” тўгараги ҳақида ҳам Тошкентнинг адабий давраларида яхши гаплар айлана бошлади.

Бир суҳбатида атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров Москвада ишлаб юрганида Чингиз Айтматов унга ёзувчилик билан кун кўриш оғир кечишини, шунинг учун яна бир тирикчилик манбаи яратиб қўйишни маслаҳат берганини айтган эди. Пиримқул ака улуғ ёзувчининг маслаҳатига амал қилиб, адабий тил муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб боради ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, кўп йиллар Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим вазифасида ишлаган.

Журналистлик Одил Ҳотамовнинг шунчаки “хоббиси”, яъни тирикчилик манбаи эмас эди. У 40 йил “Кармана овози”нинг шоири бўлиб яшади; газетанинг мазмунан ўқишли, шаклан рисоладагидек чоп этилиб, ўз вақтида газетхонлар қўлига етиб бориши учун жон куйдирди.

Саксонинчи йилларнинг бошида Тошкентда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг мажлислар залида ўтган катта бир йиғинда Кармана туман газетаси мазмун-мундарижаси ва безатилиши жиҳатдан республикадаги энг намунали нашрларидан бири сифатида тилга олинганида, курсдош дўстим ишлаётган газетанинг ютуғидан ич-ичимдан қувонганман.

Ҳар қандай нашр ўзининг муаллифлари билан ўқишли бўлади. Одил Ҳотамов туман зиёлиларини газета атрофига жамлашга катта эътибор қаратади. Таҳририятга келаётган хат-хабарлар ва ёш ижодкорларнинг машқларини ойма-ой шарҳлаб, “пичоққа илинадиганлари”ни газетада чоп этди. Умидли бўлиб кўринган ёшларни тўгарагига чорлаб, йўл-йўриқ кўрсатиб борди.

Одил Ҳотам “Чашма” адабий тўгараги аъзоларига бағишланган шеърида:

 

Минг йилликлар заррин қатига

Сингдирганча буткул иймонни.

Улуғвор СЎЗ салтанатига,

Бошлагайсиз Ўзбекистонни, —

деб шогирдларига катта умидларини илинган эди.

Унинг тўгарагидан чиққан ижодкорларнинг кўпчилиги ҳозир вилоят ва республика нашрларида самарали меҳнат қилишмоқда. Бугун мамлакатимиз ўқирманларига номлари яхши таниш бўлган ҳассос шоир ва моҳир таржимон, бу йил муносиб равишда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган Вафо Файзуллоҳ, журналист Барноқул Эшпўлатовлар ўз вақтида шу “Чашма”нинг тингловчилари бўлишган. Яна мақоламиз бошида тилга олганимиз Азамат Зариф навоийлик, Феруз Неъматуллаевлар қаторида Одил Ҳотамовнинг айни давр адабиётимизда шиддат билан бўй кўрсатаётган муносиб шогирдлари рўйхатини анча давом эттириш мумкин.

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири ва олтмишинчи йиллари бошида пойтахт Тошкентда Эркин Воҳидов, Сайёр, Тўлқин каби шоирлар униб-ўсган домла Ғайратий тўгарагига дохил машҳурликни саксонинчи йиллардан Одил Ҳотамов Карманада давом эттирди.

Одил ака бир гал Тошкентга келганида, ишдан сўнг уйга олиб кетдим. Ҳовлида кечаси билан шеърхонлик қилдик, ўтган-кетганлардан мириқиб суҳбатлашдик. Гап орасида туман партия қўмитасида “Кармананинг қора тарихини оқлаб” туркум мақолалар ва шеърлар ёзаётгани учун уни муҳокама қилишганини ҳазил аралаш гапириб берган эди.

— Колхоз-совхоз ва қишлоқ кенгашлари қошидаги кутубхоналар кундузлари ёпиб қўйилганини танқид қилиб мақола ёзибсан, — дейди шу йиғилишда райкомнинг мафкура ишлари бўйича учинчи котиби, қоши-кўзи попукдек аёл ўдағайлаб. — Билмайсанми, кутубхоначилар пахта теримида. Бугундан бошлаб мактаб ва туман кутубхоналари ходимлари ҳам теримга чиқади. Улар қироатхонасини кечқурун, соат саккиздан кейин очишади. Ким бунга қарши бўлса, пахта душмани сифатида жавобгарликка тортилади.

Шу йиғилишда Одил ака мелисалар туғруқхонага кетаётган “тез ёрдам” машинасини тўхтатиб, пахта тердирмоқчи бўлганини айтганида, “котиба опай” эътибор бермайди ва аксинча, “масалангни партия мажлисига олиб чиқаман”, деб пўписа қилади.

“Пахта душмани” бўлиш оғир айблов эди. У замонлар арқонини узиб, пахта оралаб кетган бир сувчининг моли — гўштга, ўзи — судга топширилганини айтсам, ҳозирги ёшлар ишонмас. Лекин булар бўлган воқеа, ҳақиқат.

Буюклар қишлоқда туғилиб, Парижда ўладилар, деган гапни Бернард Шоу айтган.

Бизнинг Ўзбекистонда ҳам шундай эди.

Бир умр вилоят марказларида яшаб ижод қилган Ўзбекистон халқ шоирлари Тўра Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Ҳабиб Саъдулла, ҳассос ижодкорлар Абдулҳаким Матназар, Садриддин Салим Бухорий, Алишер Ибодинов, Ўрозбой Абдураҳмоновлар бу “анъанани бузган” эдилар.

Лекин ижодий ҳаёт маконини биринчи бўлиб туман қадар кенгайтирган шоир Одил Ҳотам бўлади.

У қаламкашликни энг катта амал билиб, 40 йил бир жойда ва бир вазифада сабот билан ишлади. Умрининг охирига қадар Карманани севди, яхши кўрди, содиқ фарзанд бўлиб унинг қадим тарихи, бетакрор карманигийлари, бугунги шиддатли ҳаётини шеърга солди, достон қилди. Олис Карманада туриб “Тириклик шами”, “Нигоҳлар”, “Дала йўли”, “Нафас”, “Юксакдаги дарахт”, Қуёш сиёҳдони” каби китоблари билан юртдошларимиз қалбига йўл солди.

— Бу китобни ҳаётда — Одил, меҳр-муҳаббатда Ҳотам бўлган шоирнинг ижод кредоси сифатида ўқимоқ ва уқмоқ керак, — деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, мунаққид Иброҳим Ғафуров “Хирмон” китобининг тақдимот маросимида.

— Адабиётимизда ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўхшаса — фақат ўзига ўхшайдиган шоирнинг катта “Хирмон”и билан шеърият мухлислари ва муҳибларини қутлайман! — деган эди таниқли адабиётшунос, профессор Қозоқбой Йўлдошев. — Китобдаги шеърлар рамзий маънода “Остона”, “Қалам”, “Камалак”, “Ишқнинг баҳор, қишлари”, “Қўналға”, “Хотира” ва “Ҳикмат” номи билан етти тимсолга иқлимлаштирилган. Шогирд Вафо Файзуллоҳнинг очқич сўзбошиси сизга қўлланма бўлади. Унинг кўмагида шу тилсимларни очсангиз, ҳаёт деб аталмиш жуда гўзал, айни пайтда жуда оғир, жуда узун ва жуда қисқа иқлимга кириб қоласиз — ўзингизни танийсиз. Аслида, Яратган томонидан ёзувчилик, шоирлик иқтидори билан сийланган яратиқнинг ижод қилишидан муроди ҳам шу. Одил Ҳотам бу китоби билан ўз мақсадига эришган, деб ҳисоблайман.

Тадбир 2023 йилнинг январида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта мажлислар залида бўлган эди.

Бутун ҳаёти давомидаги ижод маҳсулининг сараларини 700 бетлик “ХИРМОН” китобига жамлаб ўқувчиларига тақдим этган шоир осмонлардан қўл узатса ярашар эди. Лекин Одил ака ўша-ўша — камтар, камсуқум. Ҳатто қиш кунида шунча одамни овора қилиб қўйдим-да, дегандай хижолатда. Бир оёғини авайлаб босар, қандайдир титроқли ҳаяжонда эди. Кўпчилик олдида бу ҳақда гаплашишга имкон бўлмади. Энди ўқисам, ўзининг шу ҳолатини олдиндан шеър қилиб қўйган экан:

 

Даврон қоясида дол турар умрим,

Армон соясида қалтирар умрим.

Орзу қоясида ялтирар умрим,

…Кўксимга оғирлик қилар юрагим.

 

Бир кун ўтиб, Одил аканинг ўзи Карманадан қўнғироқ қилиб қолди:

— Узр-да! Сизларга яхши қаролмадим, одам кўп бўлди. Яхши етиб олдиларингизми?

Соғлиғини суриштирдим. Ўзим оёқ оғриғи деган бедаво дардни бошдан ўткарганим учун, “энди ўзимизни ҳам ўйлашимиз керак” қабилида маслаҳатлар бердим. Кунлар исиб кетганда учрашадиган бўлдик. Лекин бу охирги суҳбат бўлишини қаёқдан билибман?

Бугун Одил Ҳотам яқинларини, дўстларини, шеърсеварларни ташлаб кетган.

Аммо бир таскин бор.

Одил акадан унинг ўзи ёзганидай ЭҲТИЁЖ фарзанди бўлиб ЭЗГУЛИККА чорловчи НАЖОТКОР СЎЗ — ЯХШИ КИТОБлар қолди.

Абдухолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 15 =