Аёл зийнати ва жасорати

Аёллардаги бошқарувчанлик фазилати ҳақида эрамиздан аввалги замонларда ҳам кўп ёзишган. Шу маънода бошқарувчи аёллар хусусида сўз кетганда, матриархат даврини мисол сифатида келтириш мумкин. Вақт ўтиши билан вазифалар ўрни алмашди, лекин аёлнинг оиладаги ўрни пасаймади. Дунё фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган юзлаб мутафаккир олимларимиз қаторида Тўмарис, Қурбонжон Додхоҳ, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Зебунисобегим, Увайсий ва бошқалар илмий даража ва унвонлари бўлмасалар-да, ўз даврининг олима-ю фозила аёллари сифатида жамият тараққиётида ўз овозларига, муносиб ўринларига эга бўлганлар. Нотўғри хулосалар оқибатида хотин-қизларимизнинг билим олиши чекланаётган бир пайтда жадидчилик ҳаракатининг бошланиши айни муддао бўлди. Жадидлар отаси бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий бошчилигидаги бир гуруҳ аждодларимиз халқни фақат диний билим билан чекланмай, дунёвий билимларни ҳам ўрганишга даъват этди. Аҳамиятлиси шундаки, қизларнинг таълим олиши учун қаттиқ ҳаракат қилишди. Кўп қаршиликлар бўлишига қарамай, жонларидан кечиб бўлса ҳам маърифат улашишни мақсад қилган жадидларимиз асрий ниятларига эришдилар.
Ана шу жадидларимиз орасида Хайринисо Мажидхонова ҳам бўлган. Шундай қийин вазиятда Германиянинг Дармстард шаҳрида тиббиёт курсида ўқиб, немис тили ва адабиётини чуқур ўрганган. Германия тадқиқотларини ўз юртида қўллашни мақсад қилган Хайринисо бир қанча немис тилидаги илмий асарларни ўзбек тилига таржима қилишга киришган, аммо улар тугалланмасидан оловда кул бўлди. Отаси қизини шундай эслайди: “Эзилган миллатлар, қоронғиликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш”. Оталар қизларини ўқитиши бу миллатни тарбияловчи шахсни ўқитиши билан тенг эканлигини англашди.
Хайринисо Мажидхонова билан бирга бир шаҳарда ўқиган Марям Султонмуродова ўқитувчилик семинариясида таълим олган ҳамда “Фрауншул” аёллар мактабида амалиёт ўтаб, юртимизга қайтган ва университетда дарс бериб, бир нечта журналларда ишлаган. Германиядек давлатга бориб, у фақат шу билимлар билан чекланиб қолмади, Берлиндаги профессор Генрих Финкельштейннинг олти ойлик ҳамширалик курсини битириб келиб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш комиссарлигига қарашли болалик ва оналикни асраш институтида ҳамшира бўлиб ишлайди.
Яна бир мана шундай маърифатпарвар аёллардан бири Дилоро Юсуповадир. У биринчи ҳуқуқшунос ўзбек аёли бўлиб тарихда қолди. 24 ёшида Ўзбекистон Республикаси прокурори ёрдамчиси лавозимига тайинланган Дилоро Юсупова ҳам ҳамма жадид аёллар сингари туҳмат билан қамоққа олинган. Бошқалардан фарқли равишда, оқланган. Аслида, ўша вақтда уларнинг сафи янада кенгайиши мумкин эди. Аммо моддий таъминотнинг узилиб қолиши натижасида уларнинг имкониятлари чекланди. Бугун ҳамма шароит бор ва шу сабабли уларнинг ҳар соҳада илғор эканлигини кўриш мумкин.
Бугунги кунда ҳамма йўналишда илмий салоҳияти, ижодий фикрлаши билан етакчилик қилиб келаётган хотин-қизлар бор. Уларнинг сонини санасак, саноғига етолмай қоламиз. Ушбу мақолада жамоат орасида фаол бўлган тадқиқотчи аёлларнинг фаолиятлари ҳақида сўз юритилади.
Умуман олганда, дунё тарихида хотин-қизларнинг қилган кашфиётлари ҳам бугунги кун фарзандларининг нималарга қодирлигини белгилайди. Масалан, дунёдаги илк асар — “Генжи” ҳикояси япониялик адиба Мурасаки Шикибу томонидан милоднинг 1000 йилида ёзилган. Илк университет асосчиси ҳам мусулмон аёлдир. Фотима ал-Фихри 859 йилда Марокашда Ал-Карауин университетига асос солган. Бу университет ҳозирда ҳам фаолият юритади ва Гиннеснинг рекордлар китобида энг қадимий ўқув маскани деб тан олинган.
Мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб аёлларнинг илм олиши ҳақида шундай деган: “Яхши таҳсил кўрган ва илм нури билан хулқини яхшилаган аёл ҳар ерда иззат топади. Илм — аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан қутқарган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди”.
Бугунги кунда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг улуши тиббиётда 77 фоизни, таълим соҳасида 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда.
Аёллар ҳамма даврда ҳам билимли бўлишга ҳақли эди, аммо давр тақозоси билан оиласидан ортмаган ёки билим олиш учун имконият бўлмаган. Қизлар айнан мана шундай бир тақиқлар остида бўлган бир пайтда, бу қолипларни бузиб, илм йўлига кирганларни эътироф этиш керак. Тиббиёт соҳасида Зулфия Ибрагимовнанинг юрак-қон томир касалликларининг тарқалиш хусусиятларини ва Тошкентнинг иссиқ иқлимининг инсон юрак-қон томир тизимига таъсири ва миокард инфаркти клиникаси хусусиятларини биринчилардан бўлиб ўргангани аёлларнинг тиббиёт соҳасидаги фаоллигини белгилайди. Илмий фаолияти давомида доктор 80 та мақола ёзган, 32 та номзодлик ва 3 та докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилган. Биология соҳасида Зарина Муродова Ўрта Осиё экотизимларини ўрганиш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борган. У, хусусан, Ўзбекистоннинг табиий ресурслари ва уларнинг барқарор бошқарилиши масалаларига эътибор қаратган. Унинг “Ўзбекистоннинг ўсимлик дунёси ва унинг барқарорлиги” мавзусидаги диссертацияси халқаро миқёсда тан олинган ва шу орқали тарихга ўз номини муҳрлаб қўйди.
Абдулла Авлоний қизларнинг билим олиши қай даражада муҳимлигини бир сўзи орқали ифодалаган эди: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”.
Журналистика соҳасида илк профессионал журналист аёл Собира Холдорова бўлди. У оилавий муаммолар ва қаршиликларга қарамасдан, илм ва ижод йўлини тутиб, Россияда ҳам ўқиб келиб, юртимизда аёллар журналистика мактабининг шаклланишида пойдевор бўлди. Шу билан биргаликда Хадича Сулаймонова, Зарифа Саидносирова, Галина Пугаченкова, Суйима Ғаниева, Раъно Убайдуллаева, Сайёра Рашидова, Фозила Сулаймонова, Мазлума Асқарова, Сабоҳат Азимжонова каби олималар ҳар бир ўзбек аёлига ўрнак бўла олади. Суйима Ғаниеванинг адабиётимизга қўшган ҳиссалари катта. У Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида фанга номаълум бўлган “Муножот” асарини топди ва нашр этди, ўзбек мумтоз адабиёти ва унинг жаҳон маданиятидаги ўрни тўғрисида тадқиқотлар олиб борди. 14 та монография, 350 дан ортиқ илмий ва назарий мақолалар, 20 дан ортиқ ўқув қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.
Бу каби жамиятда ўз ўрнига эга аёлларнинг сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Бунга асосий сабаб — билим олишлари, тадқиқот қилишлари учун имконият бор. Яратилган шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда бугун ҳар бир хотин-қиз билим олиш ҳуқуқига эга. Айниқса, фарзандли аёлларга олий таълимда ўқиш учун яратилган қулайликлар айни муддао бўлди. Негаки бу қайсидир маънода олима аёл, билимли оналарнинг сафи кенгайиши йўлида ташланган катта қадам бўлиб хизмат қилади. Нафақат билим олишлари, балки тажриба алмашишлари учун турли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тиббиёт соҳасидаги тадқиқотчи ёш аёл-қизлар учун бепул ҳафталик “Илм-фан оромгоҳи” лойиҳаси уларнинг илмий тадқиқот ишларининг натижадорлигини ошириш, уларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли тадқиқотчи қизларни излаб топиш, рағбатлантириш, илмий-тадқиқот ишларига қизиқишларини орттириш, илм-фанга жалб қилиш мақсадида ташкил этилди ва муваффақиятли якун топди. Бу каби лойиҳаларнинг бугунги кунда сони кўп. Уларнинг илмий фаолияти жараёнида сезиларли даражада ўсиш бўлди, албатта. Маълумотларга қараганда, юртимизда 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан 37 фоизга етган.
Жумладан, юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 нафар аёл фан доктори, 7 нафар аёл академик меҳнат қилаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларида 3 минг нафарга яқин аёл-қиз тадқиқот олиб бормоқда. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга киритилаётган сармоя — бу миллатнинг тақдирига, келажагига қилинган сармоя. Зеро у ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Жадид бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, ўзбек хотин-қизлари — миллат оналаридир. Улар тарбия, илм олишлари лозим ҳамда ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур.
Зулҳаё МИНГБОЕВА