Амир Темур ва Тўхтамишхон
Тўлқин ҲАЙИТ
(эссе)
(Давоми. Боши ўтган сонда.)
XIV асрнинг 80-йиллари Соҳибқирон Амир Темур учун, чиндан ҳам, жуда оғир келди. 1387 йилда Тўхтамишхон Дарбанд дараси тарафдан юриш бошлади. Амир Темур унинг йўлини тўсмаса, ўз элу юрти тинчлигига хавф туғилишини англаб, зудлик билан зафарёр қўшини билан йўлга чиқиб, Эрон Озарбайжонига етиб, у ерларни тасарруфига олди ва қишни Қорабоғда ўтказди.
Очиғини айтганда, у мусулмон ўлкаларининг ва бу ерлик халқларнинг мўғул каллакесарлари зулмидан озор чекишларини истамасди. Аслида ҳам на Озарбайжон, на Эрон ва на бошқа мусулмон давлатларини тасарруф этиш унинг учун зарурат эмасди. Лекин ўша замон саййидлари уни ислом байроғини кўтарган ҳукмдор, дея эътироф этган эдилар ва шу боис ҳам Амир Темур бу ўлкалардаги тинчлик ва ислом равнақи учун ўзини масъул деб биларди. Мустамлакачилик йилларида бу ҳақиқатни очиқ ёзолмаган эдилар. Бугун эса биз ўз тарихимизнинг тақиқ нуқталаригача эътибор бериб, унинг шу жиҳатларини ҳам очиқ баён этиш имкониятига эга эканимиздан фахрланамиз.
Яна ҳақиқатни тан олиб айтиш керакки, буюк ҳукмдор Амир Темур ўзи кўтарган, қўллаган Тўхтамишхон билан жанг қилишни хоҳлаганмиди? Ўша замондаги ва муаррихлар битган барча битикларни титкилаб кўрганимизда, бу саволга “Йўқ!” деган жавоб чиқиб келаверди. Чиндан ҳам, орада ихтилоф чиққан заҳоти Амир Темур музокара олиб бориш учун Тўхтамишхон ҳузурига ўзининг энг ишончли доно кишиларини юборди. Аммо йўлда душман тараф уларга ҳужум уюштирди, катта фавж билан Мироншоҳ ёрдамга етиб келмаганида, элчиларга зиён етиши тайин эди. Шундай бўлса-да, Амир Темур музокарани давом эттирди, ҳатто Тўхтамишхоннинг қўлга тушган аскарларини от-улов, озиқ-овқат билан таъминлаб, ортларига қайтариб юборди. Бу ҳам етмагандай, уларнинг ортидан маъюс оҳангда ёзилган нома ҳам жўнатди ва унда Тўхтамишхонга “ота-бола” муносабатини яна бир карра эслатиб ўтди. Бироқ Тўхтамишхон бунга жавобан яна хиёнат йўлини тутди: Амир Темурнинг Эрон сари уч йиллик юришга чиққанидан фойдаланиб, Турон ҳудудига лак-лак қўшинни босқин учун жўнатди. Ҳатто Сулаймон сўфини ҳам исёнга чорлаб, Сирдарё бўйлаб ҳужумга ўтди. Бухоро вайрон қилинди, Қарши шаҳридан эса фақат култепа қолди. Бибихонимнинг суюкли макони Занжирсарой ҳам ёқиб юборилди. Шу жанглар пайтида амирзода Умаршайх мирзонинг қўшини Ўтрорда мағлубиятга учради ва ўзининг асир тушишига бир бахя қолди.
Бу таҳликали шум хабар Амир Темур қулоғига етганда, у Шероз шаҳрида эди. Вазиятни теран англагани учун ҳам, қўшинни зудлик билан ортга бурди. Ўз элу юртининг тинчлиги, осойишталиги унинг учун биринчи даражали иш деб биларди, акс ҳолда, у Шайх Нуриддин ёхуд Шоҳмаликка ўхшаган баҳодир бекларини душманни даф этишга жўнатиши ҳам мумкин эди.
Дастлаб Умаршайх мирзонинг Ўтрор ёнидаги мағлубиятини тафтиш қилиш учун махсус ҳайъат тайин қилинди. Амирзода қатъий сўзли, иродаси мустаҳкам саркарда эди. У нуфузли беклардан иборат ҳайъат олдида ўзини муносиб ҳимоя қилиб, номини оқлай олди. Шунингдек, уч юз нафар аскари билан Хўжанд ёнидаги жангда душманни ер тишлатган Куч Маликнинг жасорати муносиб баҳоланди. Ўз жасоратларини исботлаб беролмаган бошқа бекларнинг соқоли қириб ташланиб, юзларига қизил бўёқ суртилиб, бошларига улама соч кийгизилиб, сазойи қилиниб, Самарқанд шаҳри оралаб оёқ яланг ўтишга мажбур қилинди (3). Қудалик ришталарини унутиб, исён кўтарган Сулаймон сўфи эса жазодан қутулиш учун Тўхтамишхон ҳузурига қочди.
1389 йилнинг қиши қаттиқ келди. Ҳеч бир сулҳга, келишувга, илтифотларга кўнмаган Тўхтамишхон Дашти Қипчоқ, Волга бўйидаги Булғор ҳудудидан тўплаган улкан қўшини билан йил охирида яна ҳужумга зўр бера бошлади. Амир Темур қаттиқ қиш пайтида ўз қўшинини авайлаш учун Тўхтамишхонга чап бериб, унинг умидларини бирин-кетин пучга чиқара бошлади. Фарғонадан амирзода Умаршайх катта қўшин билан келиб, уларга қўшилди. Қиш ўтиб, ҳаво бироз исий бошлагач, Амир Темур қўшинни кечаси ҳаракатга келтириб, Сирдарё бўйида душман билан тўқнашди ва уни дарёнинг нариги соҳилига улоқтириб ташлашга эришди. Бироқ Тўхтамишхоннинг зарбдор кучлари Турон ҳудудига шимол тарафдан таҳлика солиб турар, Амир Темур ўтроқ аҳоли яшайдиган ўз ҳудуди харобага айланишини, яъни ўз халқига заҳмат етишини хоҳламасди. Бошқа томони, жуда кучайиб кетган Тўхтамишхонни даф этиш учун қўшимча куч керак эди. Ўз беклари орқали қўшин тўпласа бўлмасмиди, деган савол кўндаланг бўлиши мумкин. Бу ерда бошқа бир нозик масала бор эди. Шу боис у Шаҳрисабзга келиб, қурултой чақирди. Албатта, базми жамшид кутилганидан ҳам дабдабали ўтди, яъни ҳукмдор қурултойга келганларни жуда яхши сийлади. Билдиларки, унинг қандайдир талаби бор, дабдабали базму жамшид шунга ишора эди. Ўша пайтларда ҳам ҳукмдорни алдашга уринишлар бор эди. Буни дўқ-сиёсат билан бартараф этиб бўлмаслигини Амир Темур яхши тушунарди.
Гап шунда эдики, кўпгина беклар ўз бойликларини ишлатмаслик учун қўл остларидаги яроқли сипоҳийлар сонини иложи борича камайтириб кўрсатишга ҳаракат қилишарди. Чунки бу нарса сарф-харажатларининг ошишига сабаб бўлар, яъни тўпланган янги кучлар учун от, қурол-яроғ ва бошқа уруш анжомларини сотиб олишга тўғри келарди. Шу сабабларга кўра, туманлардаги сипоҳийлар сони бироз камайиб кетган эди.
Амир Темур ҳукмдорлик мавқеидан фойдаланиб, камчиликларга йўл қўйган бекларига зулм қилиб, уларни жазолаши мумкин эди. Инсон дегани калтакка чидайди, аммо зулмни кўтаролмайди. Ҳукмдор буни яхши билар, ўзи ҳам зулмдан кўра одамларга меҳр беришга ошиқ эди. Шу боис у қуюқ зиёфат уюштирди, яъни барча бекларини шоҳона тўйга чорлади. “Тўй дегани меҳрга, дийдорга тўй”, дегани. Бошқа томони, ўзингнинг яхши томонингни ҳам кўр, дегани! Ана шу тўйда бекларининг қалбини чоғ этган Амир Темур совға-саломлар билан бирга бекларининг ҳар бирига қўшини сафини кенгайтириш учун чиқарган фармонидан бир нусхадан қўшиб улашди ҳамда айтилган жойга, белгиланган миқдорда сипоҳий етказиб бериш ҳақида уларнинг ҳар биридан тилхат ёздириб олди. Бу қонуний асос эди. Тан бериш керакки, элу юрт тақдири ҳал бўлаётган мураккаб паллада ҳам Соҳибқирон Амир Темур зулм ўрнига инсоний йўлни тутди. Буни ёзмай ёхуд бугунги кунга намуна қилиб кўрсатмай бўладими?! Амир Темурни бунча мақтайсизлар, деган кимсаларга, бу асло мақтов эмас, бор ҳақиқат, дегимиз келади.
1390 йил кеч кузида Амир Темур пойтахт Самарқанддан чиқиб, Дашти Қипчоқ сари йўлга тушди. Хўжанд шаҳрида шайх Маслаҳат қабрини зиёрат қилиб, шаҳар аҳлига ўн минг кепакий динор садақа қилди (М.Абдураимов. Темур ва Тўхтамиш. Тошкент, Ғ.Ғулом, 2000, 24-б.), яъни урушга кетяпман, деб халқни қийнамади ёхуд ортиқча солиқлар солмади.
Тошкентга келгач, хасталикка чалиниб ётиб қолди, аммо шаҳарда ободончилик ишлари олиб боришни ва шу ерда туриб, турли давлат ишларини бажаришни канда қилмади. Бу орада ўғли Мироншоҳ мирзо бошлиқ қўшин ҳам сафга келиб қўшилди.
Амир Темур соғайгач, аввало, жамланган қўшинни кўрикдан ўтказди, ҳар бир аскарга улуфа, маош берди. Темур қутлуғ ўғлон, Кунчи ўғлон, Идигу Ўзбекни қўшинга йўлбошчи (қиловуз) этиб тайинлади. Чўлпон Малик оқадан бошқа барча малика ва бекзодаларни Самарқандга қайтариб юборди ва 1391 йил 22 январь куни йўлга чиқди. Энди пичоқ суякка етган, то Тўхтамишхонни синдирмагунча ўзига ҳам, юртига ҳам тинчлик, осойишталик бўлмаслигини англаган Амир Темур ўзи пиширган ош бошига бало бўлганини тушуниб етган эди.
ҚУНДУЗЧА ЖАНГИ
1391 йилнинг апрель ойида Амир Темур Улуғ Тоғга етиб борди. Тўхтамишхон бу сафар ҳам ёлғон ваъдалари билан Турон қўшинини ортга қайтармоқчи эди, аммо Амир Темур унинг ёлғонларига учмади. Чунки уни бир эмас, бир неча марта кечирди, ҳатто юртига икки марта босқин қилганда ҳам, кечирим мақомида туриб, иттифоқчилик учун номалар жўнатди, аммо қониқарли жавоб олиш ўрнига, яна унинг хиёнатларига дуч келди. Тахтдан мосуво бўлган бечораҳол ҳукмдорни кечириш мумкин, аммо сўзида турмайдиган кучли рақибнинг сўзига сира ишонч йўқ. Кучли рақиб сохтакор бўлади, қийин вазиятдан чиқиб олиш учун ёлғон ишлатишдан қайтмайди. Амир Темур узоқни кўрадиган ҳукмдор бўлгани учун ҳам, Тўхтамишхоннинг кучини қирқмаса, ўз туғилган юрти, халқи яна мўғуллар асоратига тушиб қолиши мумкинлигини теран англади. Мусулмон олами бўлмиш Туронни ҳам, Эронни ҳам ёвуз ва маккор душман қўлига бериб қўймайди. 1391 йил 28 апрелда Улуғ Тоғ чўққисига чиқиб, атрофни кузатар чоғида сангтарошларни чақириб, катта тошга бу ердан ўтган пайтдаги санани нақш этишни буюрди. Тошга: “Тарих етти юз тўқсон учда, қўй йили, кўкламнинг ўрта ойида Турон султони Темурбек уч юз минг аскар билан ислом дини учун Тўхтамишхоннинг хонлигига юрди. Шу ерга етиб, белги бўлсин, деб ушбу битикни ёздирди. Тангри нисфат бергай, иншоолло. Тангри эл кишига раҳм қилгай, (фуқаро) бизни дуо била ёд қилгай”, деб ёздирди.
Орадан уч ой вақт ўтиб, қўшиннинг захира озиқ-овқат кўчма омбори бўшади, ҳатто ортдан келаётган бозор пешталарининг ҳам “суяги” кўриниб қолди. Қўшин эса фақат атала билан кун кўра бошлади. Захира ун ҳам тугагач, бошбалмоқ ўти қўшиб пиширилган бир қозонча аталани олтмиш навкарга улашадиган бўлишди.
Қўшинни бундай қийин вазиятдан талафотсиз олиб чиқиш биринчи галда ҳукмдорнинг вазифаси саналади, албатта. Амир Темур иккиланиб ўтирмасдан катта шикор ўтказишга фармон берди. Фармонга мувофиқ жами қўшин кенг ҳудудда доира бўлган ҳаракат қилди. Икки кун деганда доиранинг ичи турли ҳайвонлар билан тўлиб-тошди. Ўлжа тушган ҳайвонларнинг кераклисини ажратиб олиб, баъзиларини, хусусан, болаларини қўйиб юбордилар. Шу билан ниҳоятда катта ўлжа қўлга киритилиб, қўшиннинг гўшт таъминоти яхшиланди.
Тўхтамишхон ҳам ичидан пишган сардор эди, айғоқчилари орқали Амир Темур қўшинининг озиқ-овқати тугаганини эшитиб, уларни ортидан эргаштириб, тамом ҳолдан тойдиргач, пистирмадан ҳужум қилиб, пароканда этишни кўзлади. Тутиб келинган асирлар, яъни “тил” ҳам буни тасдиқлайди.
Амир Темур 1391 йил 29 май кунида Ёйиқ (Ўрол) дарёси бўйига етиб келади. Ғажарчилар уч жойда кечув борлигини маълум қилишади. Булар Айғир Ёли, Бур кичид, Чампа кичид деб аталувчи қулай кечув жойлари эди. Аммо ҳарбий ишларда уқуви баланд ҳукмдор Амир Темур кўрнамак ва хоин, лафзсиз Тўхтамишхоннинг ҳийласини, маккор режасини олдиндан сеза олди ва олти кун давомида дарё бўйлаб ҳаракат қилди ва шу яхши тадбири билан Тўхтамишхоннинг пистирмадан туриб, қўққисдан зарба бериш режасини пучга чиқарди.
1391 йилнинг 18 июнь куни ҳаво очилиб, қуёш юз кўрсатди. Ғажарчилар иккала қўшиннинг қоровул фавжлари тўқнашгани ҳақида хабар қилганини етказгач, Амир Темур ҳарбий кўрикдан ўтказилган улкан қўшинга жанг бошлаш ҳақида фармон берди. Бироқ бу гал у қўшиннинг жанговар тартибини анъанавий жаронғор (сўл қанот), манғлай (марказ), баронғор (ўнг қанот) тартибда эмас, янги тактика — еттита мустақил қўлга ажратди. Тўғри, бу гал ҳам учта асосий қанот сақланиб қолди, аммо энди жаронғор, баронғор ҳам ўз илғор язакига (авангардига) эга бўлиб, манғлай эса, ҳам язак, ҳам захира фавжи билан кучайтирилди. Марказ салоҳиятли қўмондон Муҳаммад Султонга ишониб топширилди. Қўшиннинг орқа ва захира қисми Амир Темурнинг ўз қўмондонлиги остида қолди. Бу сара туман ва жангларда кўзи пишган тажрибали жангчилардан иборат йигирма фавж эди. Бу фавжлар манғлай ортида жойлашган бўлиб, жангнинг бирор жойида танглик содир бўлса, дарҳол ёрдамга шай турарди.
Умаршайх қўмондонлигидаги Андижон қўшини сўл қанотда жойлашган бўлиб, унинг жавонғорига Бердибек ва Худойдод Ҳусайнийлар бошчилик қилишди. Ўнг қанот — баронғорига Мироншоҳ мирзо қўмондон тайинланди, унинг язаки Хўжа Сайфиддинга берилди.
Тўхтамишхон ҳам жангга қаттиқ тайёргарлик кўрди, лекин у қўшинни бу гал ҳам эскича усул (ўнг ва чап қўл, марказ)да жойлаштирди. Қизиғи шунда эдики, Хивадан қочиб кетган Сулаймон сўфи ҳам унинг қўмондонларидан бири сифатида унга ёрдамга ошиқди. Бундан ташқари, жангларда кўзи қотган Тоштемир ўғлон, Бек Ёрлиқ ўғлон, Наврўз қўнғирот ҳам мўғул қўшинининг асосий зарбдор кучлари сафида турди.
Амир Темур жуда совуққон эди. Ҳатто бутун қўшинга чодир тикиб, дам олишга изн берди ва ҳар бир чодир ичида иккитадан чироқ ёқишни ҳам буюрди. Бу ҳам душманга ваҳима туғдириш учун бир усул эди.
Тўхтамишхоннинг бундан ҳайратга тушгани ҳам аниқ эди, шу боис илк жангда бутун кучини жанг майдонига ташлаб, ғалаба қилишга интилди ва бир қадар мақсадига ҳам эришди. Лекин бу устунлик Амир Темурга таъсир кўрсатолмади. Жанг олдидан отдан тушиб, икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан адолат ва ғалаба тилади. У барча қўмондонларига чин кўнгилдан ишонар ва улар ҳам нима учун жанг қилишаётганини яхши тушунишарди. Ҳар бир аскар унинг учун ҳам қадри юксаклигини теран англарди. Ва шундай бўлди ҳам: Турон қўшинининг ўнг қанбул қанотига қўмондонлик қилган амир Сайфиддин ҳожи биринчи бўлиб жангга кирди ва жавонмард аскарлари билан Тўхтамишхон кучларини парчалаб ташлади. Бу орада Муҳаммад Султон бошлиқ фавж ҳам жангга отилди ва Тўхтамишхон қўшинининг марказ ва ўнг қанотига зарба берди. Тўхтамишхон бошқа тактика қўллашга киришди, яъни бутун ҳарбий кучини Умаршайх мирзо етакчилик қилаётган чап қанотга ташлади ва бу гал Турон қўшинини мушкул аҳволга тушириб қўйди. Тўғрисини айтганда, жуда мураккаб вазият юзага келди. Ана шу ўринда, очиғи, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий даҳо қобилияти иш берди. У вазиятни теран англади ва бутун диққатини шу томонга қаратди ҳамда қўл остидаги 20 қисмдан иборат сара жанговар қўшинини ёрдамга ташлади. Бу ўз вақтида кўрилган қатъий ва жуда жиддий тактика эди. Ҳужум Амир Темур қўшинининг устунлиги билан бошланди. Тез орада Тўхтамишхон ўз кучларидан ажратиб ташланди. Унинг мулозимлари ҳам бу ҳолни зумда англаб, мағлубият яқинлигини сезиб, қочишга тушдилар. Бир қисм аскарлари унинг ҳалок бўлишига бир бахя қолганини сезиб, ваҳимага тушдилар. Али Яздий ёзганидек, Тўхтамишхоннинг ўзи ҳам: “…учқур отининг жиловини ортга бурди ва минг бир ҳийла билан қутулиб қолди. У қочишни афзал билган эди”.
ТЕРЕК БЎЙИДАГИ ЖАНГ
Дунёнинг ўз ҳисоб-китоби, биз англаб етмайдиган сирлари мавжудки, кўпинча ақли ҳаминқадар кишилар: “Биров билиб ўтирибдими, ҳамма ўз манфаати учун ҳар қандай кир ишга қўл уради, битта менманми?!” дея кўк чизиғидан чиқиб кетиб, ўзларига бало-қазони сотиб оладилар. Амир Темурнинг кетма-кет зарбаларидан Тўхтамишхоннинг кўр кўзлари очилиш ўрнига, ёпиқлигича қолди ва бу сафарги кўрнамаклиги унга қимматга тушди.
Амир Темур Қундузча жангида уни ер тишлатган бўлса-да, Олтин Ўрда давлати ҳали унга тенг қудратга эга эди: ички имкониятлардан фойдаланган Тўхтамишхон тезда ўзини ўнглаб, яна улкан қўшин тузишга эришди ва 1394 йилда Кавказорти вилоятларига ҳужум уюштириб, қўшини билан Дарбанддан ўтиб, Ширвоншоҳлар ҳудудига бостириб кириб, талон-торожликларни бошлаб юборди. Ширвоншоҳлар сулоласининг тўртинчи вакили Иброҳим Дарбандий (1382-1417) мазкур ўлкага ҳукмронлик қилар, Амир Темурга нисбатан дўстона муносабатда эди. Амир Темур ҳам уни қўллаб-қувватлашга мойил эди. Шу боис Турон баҳодирларини Кўра дарёси бўйлаб олиб юриб, мўғул қисмларини таъқиб этди. Икки марта мағлубият аламини тортган Тўхтамишхон улар билан юзма-юз келишдан чўчиди ва дарҳол ортга чекинди.
Амир Темур уни кўздан қочирмай, ҳар бир ҳаракатини кузатиб турди. Керак бўлса, абжир хуфияларини жўнатиб, унинг режаларидан ҳам воқиф бўлиб турди ва баҳор келиб, иссиқ кунлар бошланиши билан Олтин Ўрда ҳудудида қўшинни жангга тайёрлади. Жанг олдидан, ҳар доимгидек, аскарларга маош — улуфа улашди, номдор жангчиларига имтиёзлар бериб, қарияларга нафақалар ҳам тайинлади ва уларни маликалар карвонига қўшиб, ортга жўнатиб юборди.
1395 йил 28 февралда Қулзум (Каспий) денгизи бўйлаб Дарбанд сари юрди. Ширвоншоҳ Иброҳим Дарбандий унга пешвоз чиқиб, ўз итоатини изҳор этди. Амир Темур ҳам унинг ҳурматини ўрнига қўйиб, эгнига кимхоб чопон солди ҳамда тожу тахтини идора этиш учун ортига қайтариб юборди.
Шу орада Соҳибқирон ўзининг эзгу дипломатиясига мувофиқ иш тутиб, энг ишончли ва донишманд элчиси Шамсиддин Олмалиқий орқали Тўхтамишхонни инсофга чақиришга уринди, аммо бу гал ҳам у Турон султони Амир Темурга киноя ва масхараомуз жавоб қайтариб, кўрнамаклик қилди.
1395 йил 14 апрелида икки қўшин Терек дарёси бўйида юзма-юз келди. Ҳар эҳтимолга қарши Амир Темур ўз қароргоҳи олдида иккита ҳимоя чизиғини барпо этишни лозим кўрди, яъни чуқур ковланиб, атроф мустаҳкамланди. Ҳар бир жангчининг ўз маррасида туриши, кечаси олов ёқилмаслиги, овоз чиқарилмаслиги ҳам қаттиқ тайинланди.
Эртаси куни — 1395 йилнинг 15 апрелида икки қўшин ҳам ҳаракатга келди. Бу сафар Тўхтамишхон ўз сардорлари бўлмиш Кунчи ўғлон, Бек Ёрлиқ ўғлон, Оқтов, Довуд сўфи ва бошқа жангчилари билан Турон қўшинининг чап қанотига зарба беришни кўзлаб, бутун кучини шу ерга жамлади. Бундан кўзланган мақсад шу эдики, ҳийла билан ўзларини қочган кўрсатиб, Турон қўшинини бўлакларга бўлиб ташлаб, сўнг қаттиқ ҳужумга ўтиб, Амир Темур қароргоҳига келиб, уни маҳв этиш керак эди. Тўхтамишхоннинг бу режаси бошида иш бериб, унинг аскарлари Амир Темурнинг қароргоҳи олдида пайдо бўлиб, унинг ҳаётига таҳлика солди. Низомиддин Шомийнинг гувоҳлигига кўра, агар шу орада Шайх Нуриддин ҳаётини хавф остида қолдирганча, ёрдамга етиб келмаганда, Амир Темурнинг куни битиши аниқ эди.
Ҳар икки тараф учун ҳам ҳаёт-мамот кураши бошланди. Кучлар тенг эмасди. Агар туронликлар жиловни сал бўш қўйишганда, Тўхтамишхоннинг қўли баланд келиб, ғалаба қилиши аниқ эди. Аммо жангларда чиниққан Турон баҳодирлари, шерюрак жангчилари зумда душманнинг бир неча ҳарбий жанг араваларини қўлга киритиб, ўзларининг шавкатли отаси, Турон султони Амир Темур қароргоҳининг олдида кучли тўсиқ барпо эта олдилар. Ёрдамчи кучлар ҳам уларга мададга етиб келди. Суворийлари ҳам отларидан тушиб, жангга ташланишди. Аммо барибир Амир Темурнинг аҳволи мураккаблигича қолди. Чунки Тўхтамишхоннинг лак-лак аскарлари кетма-кет ҳужум уюштирди. Фақат Турон қўшинининг маркази ёрдамга келгач, вазият бироз юмшади, қолаверса, Амир Темурнинг сара жангчилари душман ҳар қанча зўр бериб уринмасин, барча қаттиқ ҳужумларини бартараф этишга куч топа олдилар. Уларнинг ҳар бири қаҳрамон эди. Ҳар бири Амир Темурнинг жонини ўз жонлари деб биларди. Айниқса, чап қанотдаги қанбул йўлбошчиси Худойдод Ҳусайн душман қисмларини ёриб кириб, Тўхтамишхоннинг Оқтов қўмондонлигидаги қисмнинг ортидан ҳужумга ўтиб, уни парчалаб, тумтарақай қилиб юборди. Шу орада Амир Темурнинг невараси, машҳур қўмондон Муҳаммад Султон ҳам марказ қисм билан жангга кирди ва чап қанотни кучайтиришга эришиб, улуғ ҳукмдор бобосининг жонини омон сақлаб қолди.
Турон қўшинининг ўнг қанот қанбули ҳамон ночор аҳволда эди. Тўхтамишхон қўшини Ҳожи Сайфиддиннинг ортига ўтиб олиб, унга таҳдид солаётган эди. Амир Темурнинг сара бекларидан бири Жаҳоншоҳ баҳодир қаҳрамонона жанг қилиб, Ҳожи Сайфиддин қўшинининг пароканда бўлишига йўл қўймади.
Кўрнамак Тўхтамишхон бу гал ҳам жангни бой берганини англагач, таёқ еган қашқирдай олди-ортига қарамай, бутун қўшини ва бойликларини ташлаб, қочиб қолди.
Турон қўшини ғалаба қозонди.
Амир Темур ғалаба шарафига барча бекларини, қўшин бошлиқларини, жангда жонбозлик кўрсатган жангчиларини саъй-ҳаракатларига яраша муносиб мукофотлади. Шайх Нуриддин тилла чопон, қимматбаҳо тошлар билан зийнатланган бебаҳо белбоғ, 100 минг кепакий динор пул ҳамда қимматбаҳо учқур, сара от билан сийланди. Жаҳоншоҳ баҳодир, Муҳаммад Султон ва бошқалар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Амир Темурнинг Тўхтамишхон устидан қозонган бу ғалабаси катта тарихий аҳамият касб этди: биринчи галда Турон давлати учун вайронкор куч-қудрат тамом синдирилди ва қолаверса, рус давлати, князликлари мўғул зулмидан узил-кесил қутулиб, турли солиқлардан озод бўлиб, ривожланиш йўлига кирди.
Аммо шуниси ҳам борки, 1405 йили Амир Темур Хитой сари йўлга чиқар экан, жангдан қайтгач, яна Тўхтамишхонни ўз тахтига қайтариш ҳақида ҳам сўз юритган эди. Ким билсин, балки ростдир: узоқни кўрувчи буюк ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темур келажакда шимолдан ўз юртига бирор бошқа бало-қазонинг ёпирилиб келишини сезганмикин?! Ҳар ҳолда, у зот бир нимани сезмаганда, бу гапни айтмаган бўларди.