Инсон қадри – устувор вазифа

Ҳар бир жамиятда инсон қадри ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий воситаларидан бири ижтимоий ҳимоя тизимидир. Ижтимоий ҳимоя нафақат моддий ёрдам беришни, балки инсоннинг шахсий манфаатлари, меҳнатга бўлган ҳуқуқлари, соғлиғини муҳофаза қилиш ва муносиб ҳаёт даражасини таъминлашни ҳам назарда тутади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар жамият тараққиёти ва адолатли муносабатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш ва инсон қадрини устувор мақсад сифатида белгилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2023 йилда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан бири бу сўзсиз Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу агентлик ижтимоий ҳимояни марказлаштириш, тизимни рақамлаштириш ва уни аҳоли эҳтиёжларига мослаштиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Аслида, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Юртимизда аҳолининг имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тўлақонли қамраб олиш, уларга кўрсатилаётган кўмак сифатини янги босқичга кўтариш масаласи ислоҳотлар негизини ташкил этмоқда.

Яқин йилларгача жамиятимизда имконияти чекланган кишиларга давлат идоралари, давлат хизматчиларининг муносабати аянчли ҳолатда эди, десак хато бўлмас. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги, эҳтиёжманд оилалардаги муҳитни, кайфиятни яхши билиши натижасида юқорида келтирилган ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам бутунлай янги тизим яратилди.

Хусусан, кам таъминланган оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб қўйилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ишга туширилиб, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бошланди. Очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиш вазифаси белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бу рақамлар нафақага муҳтож оилалар сони ортганини эмас, балки эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ҳимоя етиб бораётганини англатади. “Имконияти чекланган кишилар” деган тушунча давлат ва жамиятнинг ногиронларга бўлган тор, бир ёқлама муносабатини ифодалаб келган бўлса, янги ислоҳотлар даврида, аввало, қонунчилик ўзгариб, “ногиронлиги бўлган шахслар” деган тушунча юзага келди.

Шу асосда давлат ва жамият ногиронларга имконияти чекланганлар, деб эмас, балки шахс сифатида муносабатда бўлишга ўтди. Бу муносабат унинг ҳуқуқлари тан олингани ва рўёбга чиқиши учун имконият яратилаётганини англатади. Мана шу учта мисол мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масаласига муносабат, эътибор ва масъулият тубдан ўзгаргани, муаммоларни яшириш эмас, балки ҳал қилиш учун ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан изчил чоралар кўрилаётганининг исботидир.

Ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси янги босқичга олиб чиқилиб, ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилди.

Республиканинг 208 та туман (шаҳар)ларида “Инсон” марказлари ва ҳар бир маҳаллада  ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла даражасида 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизими яратилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 10 бараваргача оширилди.

Энг муҳими – инсонларга зарур воситаларни электрон тарзда ўзлари танлаб олиш имконияти яратилди. Бунда муҳтож шахсларга ваучердан (давлат томонидан қоплаб бериладиган маблағдан) фойдаланган ҳолда электрон тижорат (“ПОМ Маркет” платформаси ва “Узум маркет”) орқали  тегишли протез мосламаси ёки реабилитация воситасини ўз танловига кўра бевосита ўзи, қонуний вакили ёки ижтимоий ходимлар кўмагида харид қилиш имкони яратилди.

Республика бўйича 66 та ихтисослаштирилган мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида ногиронликнинг оғир турларига эга бўлган болалар учун “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил этилди. Мазкур гуруҳларга 500 дан ортиқ оғир турдаги ногиронлиги бўлган болалар йўналтирилган.

2021 йилдан ҳозирга қадар 2481 та етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жойлар билан таъминланди (418 млрд 988 млн сўм маблағ сарф этилган). Жорий йилда шу мақсадда давлат бюджетидан 140 млрд сўм, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан эса 42 млрд сўм, жами 182 млрд сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилда 775 нафар болалар уй-жой билан таъминланди ва йилнинг сўнггига қадар яна 15 нафар болани турар жойлар билан таъминланиши режалаштирилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти тубдан ўзгартирилди. Тазйиққа учраганларга уч босқичли “маҳалла-туман-вилоят” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. Эндиликда,  тазйиқ ҳолати доимий ўрганилиб, кузатиб борилади, ҳимоя ордери талаб қилмасдан ижтимоий хизматлар кўрсатилади, ариза талаб этмаган ҳолда бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

2024 йил 1 майдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой-коммунал хизматларга тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 648 минг сўмлик моддий ёрдам жорий этилди.

Албатта, такшил этилганига кўп бўлмаса-да ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги энг муҳим институтлардан бирига айланмоқда. Унинг фаолияти нафақат инсон қадрини эъзозлаш, балки жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Агентликнинг шаффоф ва самарали ишлаш тизими аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу эса мамлакатнинг умумий тараққиёти ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари таъминланишида катта аҳамиятга эга.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =