Самарали фаолият асоси

Бугун мамлакатимизда халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият каби кўплаб соҳаларда қарийб ўнг мингта нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Айни ташкилотларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш, эркин фаолият юритишига йўл очиб бериш мақсадида давлатимиз томонидан қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилган.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган замонавий демократик талабларга, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳуқуқий база яратилди. Айни йўналишда 20 дан зиёд қонун, Президент қарор-фармонлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Шу ўринда айтишни истардикки, айни пайтда мамлакатимизда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 652 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тармоқ фаолиятига янада кенг йўл очилаётганининг намунаси бўлди. Бу фикримизнинг ҳам сабаби бор, албатта. Чунки, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир бундай ҳужжат аввал қабул қилинмаган эди.

Асосий Қонунимизга мувофиқ, давлат зиммасига ННТларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор мажбуриятлар юкланган. Жумладан, “Ўзбекистон — 2030 стратегияси”да ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Мазкур фармон эса янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон — 2030 стратегияси” ва 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг узвий ижросини таъминлашга бевосита хизмат қилади.

Ушбу фармон асосида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш белгиланди. Биласизки, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамоатчилик билан бамаслаҳат қабул қилиниши тизими жорий қилинди. Шунинг замирида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар биринчи навбатда халқ манфаатларига асосланган ҳолда қабул қилинишига эришиш назарда тутилган. Маълумки, бу борадаги ишлар юртимизда анчайин илғорлаб кетди. Бош Қомусимиздан тортиб, Президент сайловларигача бўлган масалалар халқ муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Давлат, фуқаролар ва ННТлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришда нималарга эътибор қаратиш керак, деган ҳақли савол туғилади. Аввало, шуни айтиш керакки, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган.  Шунингдек, 2008 йилда Олий Мажлис ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилган, бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари (ҳудудий фондлар) тузилган.

Мазкур фондларнинг алоҳида фаолият юритиши, фонднинг ҳудудларда вакилликлари мавжуд эмаслиги фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона сиёсатини амалга ошириш, лойиҳаларнинг мониторингини олиб бориш ва самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилган. Бундан кўриниб турибдики, фуқаролик жамиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш эҳтиёжи бор эди. Фармон айни пайтда мана шу каби масалаларга ечим бўлди.

Унда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, эндиликда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига фуқаролик жамияти институти вакили раислик қилиши, фаол аъзолари моддий рағбатлантирилиши, “Юксалиш” ҳаракати уларнинг фаолиятини баҳолаб бориши киритилди.

Хўш, фармон асосида фуқаролик жамияти институтларига қандай имтиёзлар берилиши мумкин? Йўналишимиздан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи икки бараварга камайтирилди. Ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларига хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалда 15 миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача ошириладиган бўлди.

Хусусан, Карлар жамияти ҳам давлат ва парламент кўмаги доирасида фаолият юритиб, 2024 йилда эшитиш ва гапиришида  нуқсони бўлган инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган қатор тадбирлар ва дастурларни амалга оширди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди  молиявий кўмагида ижтимоий интеграция, жамият аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва имкониятларни ривожлантиришга қаратилган режалаштирилган вазифаларни бажариш янада осон бўлди.

Фармоннинг тегишли бандларига асосан, фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга эришилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, уларнинг 500 га яқин тизим ташкилотлари тўлиқ давлат ҳомийлигига олинди. Бунинг замирида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудда “Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйлари” ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, фармон асосида амалга оширилаётган ишлар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлардан бири, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятлар очилади.

Гўзал ШОДИЕВА,

Ўзбекистон карлар жамияти президенти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =