Расул Ҳамзатов “Танланган асарлар”

“Адабиёт” нашриёти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида атоқли авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Танланган асарлар” китобини чоп эттирди. Китоб Расул Ҳамзатовнинг халқимизга, тилимизга, ҳазрат Алишер Навоийга ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлган сўзлари билан бошланган: “Ўзбек халқига ҳавасим келади. Сизлар буюк шоир Алишер Навоийнинг ворисларисиз, улуғ миллатнинг фарзандларисиз, катта тилнинг эгаларисиз. Бу билан фахрланишингиз, халқингиз, тилингиз камолига хизмат қилишдан чарчамаслигингиз керак”. Ўқувчилар машҳур шоирнинг инсоният, адабиёт, халқи ва Ватани олдидаги буюк хизматларини теранроқ англашлари учун таниқли замондош адибларнинг Расул Ҳамзатов ҳақидаги эътирофларидан лавҳалар берилган.

Расул оға ёзгандилар: “Мени шеърларимда бургут сўзини кўп ишлатганим учун танқид қилишади. Нима қилай, менга бошқа қушлардан кўра бургут кўпроқ ёқади. Негаки, бургутлар баландроқ ва узоқроқ учишади”. Биламизки, бургутни юксакликларга қўш қаноти кўтаради. Қайси адабий даврада бўлмасин, Ватан, тил, миллат, қадриятларга бағишланган энг яхши асар ҳақида сўз борса, “Менинг Доғистоним” бадиаси, дунёдаги энг азиз зот — Онани улуғловчи асар тўғрисида фикр юритилса, “Оналарни асранг” достони тилга олинади. Дарҳақиқат, адабиёт осмонида бургут юксаклигига кўтарилган Расул Ҳамзатовнинг биринчи қаноти “Менинг Доғистоним” бадиаси бўлса, иккинчи қаноти “Оналарни асранг” достонидир. Шу боис бу асарлар жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима қилинган.

Шоирнинг қўш қаноти бўлган бадиаси ва достони она тилимизда чиққан “Танланган асарлар” китобидан муносиб ўринни эгаллади. 1971 йили рус тилида, 2011 йили она тилимизда чиққан “Менинг Доғистоним” бадиасида Ватанга муҳаббат, миллий урф-одатларга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, соф севгига садоқат ажиб ранг-бўёқларда тасвирланган. Беназир шоир бу асарида халқ ҳикматлари, иборалари, ҳикоятларидан унумли фойдаланган. Ўзининг қизиқарли кўрган-кечирганлари, эсдаликлари, асар руҳига йўғрилиб кетган пурмаъно шеърлари эса бадиага тароват бағишлаган. Шу боис севимли шоиримиз Абдулла Орипов бадиага ёзган сўзбошисида қуйидаги сўзларни меҳр билан битганди: “Китобда юзлаб, минглаб ёмби фикрларни, ҳикматларни учратиш мумкин. Уларнинг ҳеч бири атайин ўйлаб топилган эмас. Муаллиф аждодлар, замондошлар тажрибасига таянади. Ҳар қандай сиёсатнинг игна кўзидек тешигидан ҳам “туя”ни бемалол ўтказа олади. Мана буни маҳорат деса бўлади”.

Ҳассос шоирнинг иккинчи қаноти — “Оналарни асранг” достони 1951-1976 йиллар оралиғида авар тилида ёзилган, рус тилида 1978 йили, она тилимизда 2012 йили китоб ҳолида нашр қилинган. Кўпчилик Расул Ҳамзатовга омад роса кулиб боққан, қўлини қаёққа узатса етган, деб ўйлайди. Тарихдан маълумки, ҳақиқатни ёзган шоир ҳеч замонда фақат олқишларга кўмилмайди. Жаҳон адабиётининг жавоҳирларидан бири дея баҳоланган “Оналарни асранг” достонига бағишланган “Буюк туйғу” мақоласида шоир шундай ёзади: “Достон олам юзини кўриш учун осон йўлни босиб ўтмади. Ўзим ҳам достонни осон ёзган эмасман”.

Достон етакчи нашрлар қаторида тилга олинмайдиган “Знамя” журналида чоп қилинди. Бироқ асарнинг қайси нашрда чоп этилиши муҳим эмас экан. Достон нашр қилинган журнал қўлма-қўл ўқилди, кўплаб тилларга ўгирилди. Буни шоир достонга бағишланган ўша мақоласида шундай ифодалаган: “Достон турли ёшдаги, турли миллат кишилари, турли касбдаги, ҳатто ўзлари мактубларида иқрор бўлишича, илгари шеър ўқимаган, аввал менинг номимни эшитмаганлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. “Дўстларни асранг”, “Севги ҳақида китоб”, “Менинг Доғистоним” китобларим, “Турналар” қўшиғим машҳур бўлганда ҳам мухлислардан бунча кўп мактуб олмагандим”.

Достонда дунёдаги энг меҳрибон, энг меҳнаткаш ва энг азиз зот бўлган оналар тараннум этилган. Шоир фақат ўз онаси ҳақидагина эмас, жаҳондаги меҳрибонлик тимсоли бўлган барча оналар тўғрисида ёзгани учун достон барчада катта қизиқиш уйғотди, севиб ўқилди, ҳамон севиб ўқилмоқда ва бундан кейин ҳам севиб ўқилаверади. Чунки достондаги воқелик ҳаёт ҳақиқатининг ифодаси эмас, балки ҳаёт ҳақиқатининг ўзидир.

Ижодкор ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзиш энг қийин вазифа. Негаки, ижодкор ички кечинмаларини бошқалар билиши амримаҳол. Шу боис Расул Ҳамзатовнинг мухтасар тарзда ёзган “Ўзим ҳақимда уч оғиз сўз” сарлавҳали таржимаи ҳолининг китобга киритилгани айни муддао бўлган. Уни ўқир экансиз, беихтиёр ҳушёр тортасиз. Шоирнинг дил изҳори ҳар бир ўқувчини ундан ибрат олиб, чин юракдан Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ундайди. Шунингдек, ёш китобхонларга маълумот бериш мақсадида таржимон Асрор Мўминнинг Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижодига бағишланган мақоласи ҳам киритилган. Зеро, таржимон мақоласида таъкидлаганидай: “Расул Ҳамзатов асарларидаги ёмби фикрларни, умрбоқий ҳикматларни дилда такрорлаб туриш ҳар биримиз учун фойдалидир”.

Куни кеча нашрдан чиққан Расул Ҳамзатовнинг “Танланган асарлар” китоби адабиёт мухлислари учун ажойиб туҳфа бўлди.

Малика УБАЙДУЛЛАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 4 =