2024 йил давомида одамлар 2,5 ой вақтини телефонга сарфлаган
АҚШнинг “Reviews.org” таҳлил компанияси ўтказган тадқиқотга кўра, инсон йилига 2,5 ойни фақат смартфонга сарфлайди. Барчамиз тахминан ҳар 5 дақиқада телефонимизни қўлга оламиз, бу эса кунига 140 мартадан ошади. Статистик маълумотлар кўрсатишича, 2024 йилда фойдаланувчилар ўтган йилга нисбатан 42,3 фоиз кўпроқ вақтини экран олдида ўтказган.
Тадқиқотнинг асосий хулосалари:
80,6 фоиз одамлар уйқудан тургач, дастлабки 10 дақиқа давомида телефонларини текшириб кўради;
65,7 фоизи ҳожатхонада телефондан фойдаланади;
53,7 фоиз фойдаланувчилар бир хонада бўлишса ҳам шериклари билан шахсан гаплашиш ўрнига уларга хабар ёзади.
38,1 фоизи учрашув пайтида телефонига қарайди;
27 фоиз одам машина ҳайдаётганда телефонига қараб қўяди.
Мутахассисларни ташвишга солаётган нарса шуки, одамлар телефон ва интернетдан ҳаддан ташқари фойдаланишни муаммо деб ҳисобламай қўйишган. 2024 йилда одамларнинг телефондан фойдаланиш вақти 42,3 фоизга ошганига қарамай, буни қарамлик деб ҳисобловчилар сони ўтган йилга нисбатан 24 фоизга камайган.
Асилбек ИСЛОМОВ