“Атти-батти, ўтта-бўтта…”
ёки енгил-елпи, мазмунан ўта саёз, бачкана куй-қўшиқларнинг салбий таъсири хусусида
Бугун телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда айланаётган, кўз ва қулоқларимиз аллақачон кўниккан қўшиқлар мусулмон умматни қадриятларидан, демакки, ўзлигидан йироқлаштириш сиёсатига хизмат қилмоқда. Бизнинг давр — “юмшоқ куч” даври. “Юмшоқ куч”нинг хавфи шундаки, миллат ўз тилида сўзлашадиганлар қўли билан ўзлигидан мосуво этилади. Миллионлаб юртдошларимиз ўзга маданиятлар тарғиботчисига айланиб бораётганини, эски тузумни қўмсаш кампаниясига хайрихоҳлик қилаётганини англаб етганича йўқ.
Сиёсатшунослар мусиқани “юмшоқ куч”нинг энг таъсирчан воситаси деб таъкидлашади. Оммавий томоша ва тадбирларнинг авом руҳиятига таъсирини ўрганган мутахассислар замонавий эстрада вакилларининг оломонни “ягона фикр”га бирлаштириш кучи борлигини эътироф этишган. “Ширин оғу”дан маст оммани минг бир кўйга солиш мумкин.
Кундан-кун, ойдан-ой оммалашиб, онгу тафаккуримизга мўр-малахдай ёпирилаётган клиплар кимнинг ғоявий-сиёсий дастаги?
Таҳдид ҳамиша ҳам қаҳру ғазаб, адоват-у нафрат шаклида намоён бўлавермайди. У сизни сеҳр-у таровати ила ром этади, ипакдай майин бармоқлари, хуш бўйи билан ақлингизни олади, сўнг аста қўйнингизга киради. Таҳдидни маҳкам қучоқлаб, нодонларча тонг оттирганингизни сезмайсиз. Бундай “фараҳбахш” кунлар ойлаб давом этади. Қарабсизки, таҳдид содиқ ҳамдамингиз, улфату ошиғингиз бўлиб қолибди. Энди унинг ишва-ю нозларисиз куннинг ўтмоғи душвор!
Бугун ижтимоий тармоқлар ва баъзи телеканаллар орқали миллионлаб қалбларга жилмайиб туриб чанг солаётган ғанимой худди ана ўша бўлади.
Ўзингиздан қолар гап йўқ. Ҳаётимиз турли хит-парадлардан иборат. Онгсизлик, фикрсизлик тарғиботи ахлоқ тутумларини емиришдан баттар. Глобаллашган дунёда онгни бошқариш жуда-жуда муҳим. Миллионлаб одам онгига чип ўрнатиш учун ақча сарфлайдиган анойи йўқ. Сопини ўзидан чиқариш, деган синалган усул бор. Хизматга шай ҳожатбарорлар соққа учун жонини ҳам беришга шай. Бу қавмнинг илоҳи — пул! Пулини тўланг, минг йиллик қадриятингизни бирпасда нажасга қориштиради. Ажриқдай кўпайиб кетаётган бу шоввозлар турли махфий тизимларнинг “маданий лашкар”идир. Бу лашкарнинг фатвоси бор: “Халқ еяпти!..”
Тафаккурни ўлдиришнинг энг осон ва самарали йўли — қўшиқ!
Қўшиқ — энг кучли стратегия!
Шаҳват уфуриб турган клиплар мусулмон жамиятнинг энг бебаҳо хазинаси — оилани нишонга олган. Оиладан ҳаё кетгандан сўнг қилинадиган ҳар қандай чора-тадбир ҳайитдан кейин хина қўйишга ўхшайди.
Маданий қўпорувчилик шу даражада авж олдики, энди хавфни ташқаридан кутиш ақли салимнинг иши эмас. “Юмшоқ куч” ижтимоий тармоқлар, телеканаллар орқали нажот қалъамиз — ахлоқни емиришга шитоб билан киришган.
Хонанданинг ботиний олами қандай бўлса, шунга мос қўшиқ яратади.
Кўпчиликни бир савол қийнайди: ўзини санъаткор атайдиган “хит”чиларга ўзбек тилини хоҳлаганча бузиш ваколатини ким берган?!
Келинг, энди ана ўша “хит”ларнинг баъзилари ҳақида фикрлашсак.
Лиил Хурамов: “Бозе-бозе”.
Хонанданинг исми тушуниксизлиги етмагандай, фамилияси ҳам хато ёзилмоқда.
Қўшиқ матнига эътибор беринг:
“Гап бўвотти
Нима дивотти
Ҳамма жам
Ғийбат қивотти
Нима экан, Мунисга
Самарқанддан совчи кевотти
Ўртада холаси
Гап беради тоғаси
Гижгижлайди момаси
Ишонади ҳаммаси
Тўй бўлади тарақ
Тоғора тўла тухум барак
Қистир-қистир бўлади жарақ
Сарпасига битта қаранг
Кароччи, тўй бўлармуш
Ҳамма тўйга келармуш
Агар рози бўлмасам
Ўғирлабам кетармуш
Суст хотин, сузма хотин,
Кўланкаси майдон хотин
(2 марта такрорланади)
Нақарот
Бозе-бозе-бозей
Жамалаги мой дарозей
Бозе-бозе-бозей
Жўражон қиё бозе”…
Хуллас, уйланиш мавзусидаги қўшиқ ана шу каби олди-қочди сўзлардан иборат.
Хонанда бош қаҳрамон сифатида намоён бўлган клипда қишлоқ манзаралари, эски уйлар, кампирлар, қўзичоқ, бузоқ, қиз, унинг ота-онаси ва тўй воқеаси тасвирланган. Клип қаҳрамони қишлоқдоши Мунисани Самарқанддан совчи қўйган йигитга бермайди. Ори келган-да, дейсиз. Аммо, клипда намойиш этилган саҳналар реал ҳаётга мутлақо мос эмас. Аралаш-қуралаш воқеа тўйда ўйнаётган куёвнинг юзига самарқандлик йигитнинг мушт тушириши билан якунланади. Ёлғонга қурилган саҳналарни кўрган томошабиннинг энса қотириши табиий.
Ушбу ҳажвий клип ижодкорларнинг бадиий-эстетик олами қай даражадалигини кўрсатиб турибди.
“Бозе-бозе” “YouTube”да уч ойда етти юз минг марта кўрилган. Юзлаб изоҳ қолдирилган. Мана, улардан айримлари:
“Juda zõr musiqa ekan butun maktabda shu qõshiq yangraydi”.
“Liil aka iltimoos uz top chartga qayting”.
“Pryam tuybob bopti. Liil sizam samaeqandda toyda soqqani bosmoqchimisz deyman”.
“Огзига келган сузни айтиб кушик яратишибди. Койил”.
“Liiiil Hurramov ham qo‘shiqchimi qoil”.
“Zoʻr chiqibd”.
“Супер!”
“Hech qanday mano va mazmun yoʻq”.
“Qoʻshiq juda ham bemaʼni oʻzingizcha zoʻr qoʻshiq aytdim deb o’ylalyapsizmi shundoq ham qoʻshiq aytib boʻladimi Boze-Boze degan undan koʻra qoʻshiq aytmaganing yaxshi”.
Яқинда интернетда бир маълумот тарқалди. Эстонияда давлат тилини муҳофаза қилиш мақсадида “тил патрули” жорий этилибди. Бу хизмат ким, қаерда давлат тилини бузиб, ҳақорат қилаётганини аниқлаб, жазо берар экан. Балки бизда ҳам тил, маданият, санъат, ахлоқ бобида Эстония тажрибасини қўллаш керакдир?
Ёшлар орасида роса хит бўлган Муниса Ризаеванинг уйланиш ҳақидаги “Ака-макаси” қўшиғи матни мана шундай:
“Ҳолимни сўраб кўр
Бир нималар деб ўраб кўр
Атти-батти, ўтта-бўтта
Йўқ сўзни эйтма алфавитда
Бўлмагин бошимга бало
Юргин мандан сал нарироқ
Мани гапимни бўлмагин
Асабимга тегмагин, ундан кўра ўйнагин
Нақарот (2 марта)
Манга битта бола роса қаравотти
Қош-кўзини ёмон қоқвотти
Ака-мака-макаси ким десам
Мани ёмон ўраб ташавотти
Менга бўлган муҳаббатинг бўлмаса-чи
Бунга жавоб бериб менга айтгин ким
Хафа бўлма бу мени шахсий хаёлларим
Ростдан ҳам севарсан билмадим балким
Қараб-қараб кўп кулма
Гапларимни шунчаки билма
Яна бошқаларга гап отиб
Рашкимни келтирма
Нақарот (4 марта)
Манга битта бола роса қаравотти
Қош-кўзини ёмон қоқвотти
Ака-мака-макаси ким десам
Мани ёмон ўраб ташавотти”.
“Шеър”ни ўқиб, “Яшавор-ей, жўқи!” дедингизми?
Ана шунақа!
Энди буёғига нима дейсиз: “Ака-макаси” уч ойда “YouTube”да 35 миллион марта кўрилган. Клипмейкер — “Radjabov production”. Ёзилган минглаб изоҳдан айримларини қандай бўлса шундайлигича келтирамиз:
“Орзуим Муниса Ризаева билан учрашиш биздака кишлокилар билан учрашармиди. Омадини берсин мухлисингизман Опа”.
“Qo’shiq zo’r klipti kino qilib tashagansilar shuni qisqaroq qilib ko’rsatsa bo’ladiku qo’shiq boshlaguncha asablarim buzilib ketyapti shuni keyingi safar klip olyatganlarinda chetkiy yasniy qilib ko’rsatib berilar bu kino basku qo’shiqku Munis baribir Munisde”.
“2:39 сонияда тухтатдим. бир марта эшитишгаям ярамади. Кушик улик тугилди”.
“Уртоклар тентакликнинг олий даражаси булган мазкур кушик билан ижрочи ва бошка иштирокчиларни табриклаб куяйлик. Ана савия, ана даража…. “офарин”.
“Менинг кулогим яхши эшитмайдими. Вообще Галати эшитилар экан. Эхххх Муниса, хаккатан ижодингиздаги энг расво кушигингиз…”
“Узбекчиликни роса бузибсиз Мунисахон клип курган вактга ачиндим”.
“Jinnilikni eng baland nuqtasi. Munisaga yilning eng ahmoq qo’chiqchi nominatsiyasini berish kerak”.
“Munisani ijodidegi eng bemani va bir tiynga qimmat klip deganlar bitta laykcha”.
“Кушикларни охирги вактда шу кадар савияси паст узбек кушикларини шу кадар расво килиб юборишди бир Муниса эмас последний время Узбек эстрадный музикаси кушиклари улди”.
“Bir tiyinga qimmat chiqibdi. Nimasiga buncha prosmotr bilmayman”.
Яна баъзи бир изоҳларни келтиришга, очиғи, уялдик.
Клип онанинг ўғлига қўнғироғидан бошланади. Она келин бўлмишнинг манзилини беради. Суҳбатни эшитиб турган ота ўғли оила қуришга ҳали тайёр эмаслигини айтади, бироқ она “Сиз эплаганмисиз, ўғлимиз ҳам эплайди…” деб нозик масалага ишора қилади.
Клип давомида йигит Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган олис Арян қишлоғида яшовчи қизни берилган манзил бўйича топиб боради.
Сўнгги пайтларда яратилаётган клипларда қишлоқ одамлари устидан кулиш қандайдир урфга кирди. “Ака-макаси” қўшиғи ижодкорлари ҳам шу йўлни маъқул кўришган. Клипда қишлоқ ҳаёти, у ердаги йигитлар (бугуннинг блогерлари) билан тошкентлик куёвбола ўртасидаги келишмовчиликлар жуда бачкана, мавҳум. Клип якунида ота бешиккертти — қулоғи тишланган қизини тошкентлик йигитга бериб юборади.
“Uzum market” ва “18+” номли тетиклантирувчи ичимликни яширин реклама қилишни эплаган клипмейкер оддий мантиқ тополмаганига нима дейсиз?
Мулоҳазаларимизни Озода Нурсаидованинг “Лада”си билан давом эттирамиз.
Қўшиқни “YouTube”да бир ойда 46 миллиондан зиёд томошабин кўрган. Ўн минглаб изоҳ ёзилган. Улардан айримларини аслидагидай тақдим этамиз:
“Ozoda — Lada qushig’i ham Kuk jigulidek 300mln prosmotrdan oshib ketsin Inshaallah l”.
“Москвадан эшитябман кушик жуда хам зур чикибди. Бу кушик хам КУК ЖИГУЛИДАЙ ХИТ БУЛАДИ ИНШААЛЛОХ”.
“Америкалик узбеклардан саломлар Озодага омад тилаймиз боммба кушик клип гап йук”.
“Ispaniya Barselonadan salomlar. Ozodaopa doimo sog bólin. Omaaaad”.
“Одамларгаям хайронман бунака клиплар факат просмотр йейди лекин курьондан Бирон сура просмотр йемайди”.
“Ozodaxon Nursaidova 90 chi yillarni eslatadigan qoʻshiq boʻlipti, ijodlarga omad”.
“Олдинлари одамлар оддий, содда ок кунгил болишкан”.
“Гап йук ешлигим куз олдимдан утди Рахмат 90 йилларга кайтарганингизга озодахон”.
“Бизнесни осон йолини топвопти Лада Жигули ласети деб. Кошик бир тийинга киммат гап шуекан деб тутруксиз кошиклар чикараверареканда”.
“Jiguli boldi ladayam bopti endi nmaga navbat zaparojmi yo maskvich”.
Гувоҳи бўлганингиздек, аксар мухлиснинг қўшиққа ихлоси баланд. Мана шу чапакбозлигу миннатдорлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг талаб ва эҳтиёжлари ҳақида жуда кўп хулоса беради. Ўзи, умуман, ижтимоий тармоқлар вақти-вақти билан таҳлил этиб турилса, жамиятнинг маънавий-маърифий қиёфаси ҳақида аниқ ташхис қўйиш мумкин. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар жамоатчилик хоҳиш-иродаси, ўй-хаёллари, маданий савияси-ю саводига тутилган кўзгу ҳамдир.
Хонанданинг “Кўк жигули”си билан “Лада”си бир хил оҳанг, бир хил мазмунга эга. Баъзи актёрлар ҳар иккала клипда ҳам роль ўйнаган.
Ҳинд мусиқаларини эслатадиган “Лада” учун танланган асосий рақс майдончасида инглизча сўзлар қатор илиб қўйилган. Пойтахт кўчалари, ошхона, пардозхона, дўкон, тўйхона, ўқув маркази ва бошқа юзлаб бино пештоқида ўзбекча учратиш амримаҳол замонда яна хорижий тил тарғиботи одамга қаттиқ таъсир қилар экан.
Давлат тилидан ор қиладиганлар, имкон бўлган заҳоти оёқ ости қилишга тушиб кетадиганлар “Лада”дан ҳузурланиши тайин.
Давлат суверенитетини сақлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турган, ижтимоий тармоқларда совет даврини ёдга солувчи “Ёдингиздами?” деган роликлар карра-каррасига кўпайиб бораётган бир пайтда баъзи санъаткорлар кимнинг тегирмонига сув қуяётганини ўйлаб кўрсалар бўлармиди…
Бу ёқда жадидлар мероси тарғиботи, бу ёқда шўро тузумини қўмсашга йўналтирилган кампания…
Шу каби клипларни кўргандан сўнг “Қўшиқ — сиёсат! Энг катта тарғиботчи — бу санъаткор!” деган ақида нақадар тўғри эканига амин бўласиз.
Хўш, тўғрисини айтинг. Сиз ҳам Ҳамдам Собировнинг “Малоҳат”ига ошиқмисиз?
Клипмейкер “Radjabov production” томонидан тайёрланган клип кўпчиликни жинни қилди. Қўшиқ матни ва мусиқаси хонандага тегишли. Яна уйланиш мавзусига бағишланган клип “YouTube”да олти ой ичида 210 миллион мартадан кўпроқ кўрилган. Минглаб юртдошларимиз таассуротларини шундай баён этишган:
“Бизни туйимиз, 89 йил. Тоза туйгулар замони. Восход мотоциклда мени ишга олиб борардилар. Моттини овози шунака каттик, хамма бизга карарди. Самимий, бахтли кунлар куз олдимга келди. Кушик учун катта рахмат. Асосийси хеч кимни кулида телефон йук”.
“Барибир кишлок бошкачада. Мусофирчиликда юриб умримиз утиб кетяпти”.
“Ажойиб Хамдамжонни кушикларини эшитиб худди 90 йиллар едимга тушади. Хамма самимий содда. Шунака килиб турмуш курганлар борми”.
“90 йиллар даври барибир бошкача эди шунинг учун хам просмотр куп булаяпти!!!”
Клипнинг илк саҳнасиёқ ғалати таассурот қолдиради. Ўғил Бухоро шевасида гапиради, фарзандини кузатиб чиққан она ярим тошкентча, ярим адабий тилда дуо қилади.
“Малоҳат” сўзини тўғри талаффуз этолмаган қўшиқчининг кўпчиликни болаликка қайтарганига қойилмисиз?
Аксарият одам қийинчиликда вояга етган бўлса ҳам “Бахтли болалигим…” дейишни хуш кўради. Ҳамдам Собиров қўшиғи айнан ўша туйғуни қўзғатиб юборган. Шу маънода, кечаги кунини қўмсаб дил изҳори ёзаётганларни тушунса бўлади.
Кейинги пайтларда ошиғи олчи бўлаётган баъзи хонандаларни хит-мейкер — қўшиқчилик истиқболи деб аташ урфга киряпти.
Энди навбат Муҳаммадзиёнинг “Кайфиятим яхши” қўшиғига. “Radjabov production” суратга олган клипни кўриб, кайфиятингиз кўтарилар, балки. “YouTube”да уч ойда олти миллиондан зиёд кўрилган қўшиқ матнини бир ўқинг:
“Яхши, кайфиятим бугун яхши
Яхши, кайфиятим бугун яхши
Гули, гули, гули, гули, лоламсан
Боғлардаги очилган гули лоламсан
Гули, гули, гули, гули, лоламсан
Айтилмаган бир ноламсан.
Гули, гули, гули, гули, лоламсан
Боғлардаги очилган гули лоламсан
Гули, гули, гули, гули, лоламсан
Айтилмаган бир ноламсан.
Гул кўтариб борайми ё
Пул кўтариб борайми ё
Қўшиқ айтиб берайми ё
Кайфиятим жаааа яхши
Тайёр бўлиб тургин дилдор.
Бу севгимни қилай изҳор
Бўсаларга кўмай бир бор
Кайфиятим жаааа яхши
Гули, гули, гули, гули, лоламсан”.
“FTV”нинг “Uz top chart” дастурини безаётган қўшиқлар баъзиларни санъатдан бездираётгани ҳам бор гап.
Бу қўшиқ ҳам бошланишидан кимларнингдир мусиқаси ва қўшиғини эслатади. Ҳамдам Собиров “Жанзе”, Озода Нурсаидова “Кўк жигули”, “Лада”, Муҳаммадзиё “Кайфиятим яхши”…
Қизиқ, кейинги пайтларда яратилаётган қўшиқлар негадир бир хил услуб, бир хил мусиқа, бир хил манзаралардан иборат бўлиб қоляпти. Нега қўшиқларимизнинг аксарияти рақсбоп? Ўзбек қачондан бери ўйинчи халқ бўлиб қолди? Нега бизнинг куй-қўшиқларимизга асосий мезон тўй бўлиши керак?
Муҳаммадзиёни “YouTube”да тинглаган бир мухлис “Bemaza qoshiq bopti uzbek sanatini… tiqdinglar shunaqa qoshiqlar bilan” деб изоҳ ёзишдан ўзини тия олмаган. Яна биров “Бу канака кушик булди энди, БАНГИларни кушигими дейман (йетар энди, хамма олдинга юряпти, бизни санаткорлар ортга караб кетяптими, йетар энди)” деса, бошқа бири “Qani qoʻwiqqa ma’no… qaydaaa” дея эътироз билдирган. @behruzkhakimzhanov8686 деган қўшиқсевар “Санатда хам эплаб тирикчилик киладигон булиб колди, лекин шундай кушиклар инсонни онгига жуда ёмон тасир килади, кушикда хечам мано йук” дея фикр қолдирган. @azizumarov9365 эса “Кушика мано курмадим сила нима деб уйлайсилар” дея мурожаат этган бўлса, “@ToyirAlimov” “Шу хам ашулами?” дея савол берган.
Бемаъни қўшиқлар миллионлаб мухлиснинг бошини айлантириб ҳаяжонга солган бир пайтда яккам-дуккам одамнинг қўшиқдан маъно қидириши эриш туюлар экан.
Муҳаммадзиё ва Ҳамдам Собиров саҳнага чиқишдан бурун сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўрганиши керак экан.
Саёз, бемаъни қўшиқ ва клип омма дидини ўтмаслаштиради, ҳақиқий дардчил қўшиқларни қабул қилолмайдиган даражага тушириб қўяди.
Қўшиқнинг асоси — шеър. Бугун аксарият қўшиқларимизда ҳикматга қоришиқ шеър йўқ. Чин шеър четда қолиб, “шиғир” қўшиққа айланган замонда бадиий юксак асарларни кутиш шамолга суянишдай бир гап, аслида. Лекин ноумид — шайтон. Бемисл мерос вориси бўлган ўзбекка сийқа, чучмал тизмаларни қўшиқ деб тиқиштираётган ука-сингилларимизга инсоф берсин. Чапак чалиб вақтини хушлаётган мухлисда айб йўқ.
Зоҳиршоҳ Жўраевнинг “Жонидан” қўшиғи ҳам анча бозоргир чиқди. “YouTube”да уч ойда тўрт юз мингдан кўпроқ кўрилди. Ижтимоий тармоқ фаолларининг клип ҳақидаги баъзи фикрлари сизга ҳам қизиқ бўлса керак:
@shahnozaturgunova: “Эссиз кушик, ярим ялангоч кизни урнига чиройли узбек кизини миллийча ёпик киймда олса болмасмикан” деган. @ZarifaxonRahmonovna ҳам шу фикрда: “Кушик зур чикибтию барибир узбекона кийнса яхширок килибдаги кизимиз Зохиршох ижодизга омад”. @Дилфуза-ч7 кескинроқ фикр айтган: “Кушик хам клипи хам ёкмади ха инди шунча харкат Зоя кетмасин иштиб куйдик кизни кийми кичаси кийб ётадиган киймлиги учун ёкмади и кушикда яна бр бор кумсаябман деган суз икаласи брга шахвонига тортилган канишно бу мани шахси фикрим яна билмадим”. @ubaydullaahrorov4701: “Ёпиқ ҳаёли кийимда клип олса қўшиқ ўхшамай қолармиди? Бу клип ўзининг маш’уқасини ҳаммага кўз-кўз қилаётганга ўхшапти. Бу эса даюслик белгиси бўлади”. @begzodrozikulov9743 эса: “Газалларга купрок мурожат килинг” дея тилак билдирган. @Doniyorbek7779нинг хулосаси қисқа: “Behayolik”
Баъзи бир изоҳларни кўчиришга қалам хижолат.
Қолганларнинг фикри тахминан шундоқ: “Супер!”
“Z‘OR TV”нинг 28 октябрь кунги “Musiqiy tanaffus” дастурида Равшан Комилов ва Дилмурод Дадашевнинг “Божа бўламиз”, Баҳром Назаров ва Шаҳризод Ҳомидовнинг “Соғинаман” клиплари эфирга берилган.
Дастлаб “Божа бўламиз” қўшиғига тўхталсак.
“Ака-ука бўламиз
Божа-божа бўламиз.
Божа-божа-божа бўламиз.
Ака-ука бўламиз
Божа-божа бўламиз
Божа-божа-божа бўламиз”.
Бу қўшиқ ҳам уйланиш ҳақида.
Клип юқоридаги сатрларнинг кўп бор такрорланиши билан кўпчиликка маъқул бўлган.
@ЗарифаУсмонова деган мухлис клипни “YouTube”да кўриб, “Тоба кизга туйди харакатини килинг диди дада тоба бумапти” деса, @borimizshuVaqtkursatadi: “Шунчалар бачканасиларки силарниям уйга борсаларинг еркак дейдими” дея сўраган. @otabeksalimov328: “Ravshan aka, bu bola bilan obro’yezni yo’qotasiz klip nol bo’mapti” дея очиқ ёзган. @НулифарУтаметова: “Башкана клип тайини йоклар” дея ёзғирган.
Баъзи мухлисларнинг гажак-гажак ҳақоратларини ўқимадик деб ўзимизни алдаб қўйдик.
“Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик” деб ҳаммани оқибатга чорлаган таниқли ҳофизнинг, мухлислар айтганидек, бачканалашгани ачинарли. “Мўйловингизни ўрни қичийдими”, деган тутуриқсиз саволларга кулиб ўтирган қўшиқчига ҳайфингиз келади. “Ака-ука бўламиз, божа-божа бўламиз”, дея куйлаган ҳофизнинг совчи бўлиб келган масхарабозлар олдига қизига чой опкелтириши, кичик қизига тўйга тайёргарлик кўринглар дейиши афсусланарли ҳол. Совчилик қачондан бери масхарабозлик бўлиб қолди? Томошабинни кулдириш учун миллий қадриятларни беписанд қилиш ночорлик, аслида!
“FTV”да Чаманнинг тинимсиз айланаётган “Қани” қўшиғи ҳам танқиддан тубан. Ишонмасангиз, матнга бир кўз югуртинг:
“Ҳар куним — туғилган куним
Совға манга қани, қани?
Мани ҳайрон қолдиришга,
“cash”инг етмайди сани
Атиринг ҳам “Эгоист”
Столга марҳамат, тайёр бўлди “прайс-лист”
Манга фарқи йўқ, нақдми ёки пластик
Қалбим шунчалар совуқ худди Айс Те
Ёқтиради мани, ҳамма, ҳамма, ҳамма
Сўминг керакмас, фақат доллар-доллар
Хейтларинг манга, қани, қани, қани?
Ёндиради треким ҳали ҳали
Энди Хип-хоп
Юзим кўринади ҳатто Тик-Ток
Хафа қилмагин орқамда Биг Босс,
Чартда бўлганимда бергин овоз
Ҳаракатинг қани
Жавобларинг қани, қани?
Сенга ёқмасам агар — ҳаракатинг кам
Ўртоғинг ёқтиради мани
Ҳаракатинг қани
Жавобларинг қани, қани?
Сенга ёқмасам агар — ҳаракатинг кам
У олиб кетади мани…
“Қўшиқ”нинг анимацион клипи кўпчиликда қизиқиш уйғотган. Эътирофлар ҳам анча-мунча. Ҳатто “1,5-2 яшар қизим, ўғлим шу қўшиқни бир кунда ўн марталаб эшитиб ёдлаб олди”, деганлар ҳам бор. Мана шунақа “қўшиқ”ларни хиргойи қилиб вояга етаётган болалар кўпчиликми, ишқилиб!
Фарзандларни навниҳоллигида бемаъниликка кўниктириш — истиқболига суиқасд билан баробар.
Энди эътиборингизни “Эстрада” гуруҳининг “Mister Jimi” қўшиғига қаратамиз.
“Ёрнинг қовоғидан қор ёқади
Биламан ҳозир нимадир бўлади
Балки хафа қилиб қўйгандирман
десам яна кулади
Эгнида атлас куйлак кўрсам дейман
нимага джинси кияди
Ёқмаслигини билади-ку кейин хафа бўлади
Мендами дема кимларда дема
Мистер Жими Жими Жими Жими Жими
Демада мени бошқа Жими
Гапларимга кўнмасанг
Хафа бўламан сандан Уми
Мистер Жими Жими Жими Жими Жими
Дема-да мени бошқа Жими
Гапларимга кўнмасанг
Хафа бўламан сандан Уми
Менга бефарқсиз дема-да
Калта куйлак кийма-да
Гапларимни бўлма-да
Мени эшит Умида
Сани севишим биласан
Нега қовоғинг уясан
Барибир меники бўласан
Жаҳл қилма Умида
Мистер Жими Жими Жими Жими Жими…
“Шиғир”га қаранг, “шиғир”га!
Клип қаҳрамони (оти Jimi!) атлас киймаган қизни хуш кўрмас эмиш. Шу миллийликни улуғлашми? Ўзи тақлидчи одам миллийлик ҳимоячиси бўладими? Э, балли!
Клип ижодкорлари фикрсизлик тегирмонига сув қуяётганини билармикан? Мусиқа ва ижрода Жаҳонгир Позилжонов бўлишни орзулаган гуруҳ бачканаликни ўзига шиор қилган кўринади.
Яна шундайлардан бири “Ҳаёт” гуруҳи. Гуруҳнинг “Уйланаман” қўшиғи “хит”ликка даъвогар.
“Бўйдоқлигим жонга тегди-ей
Қишлоғимдан қиз топинг
Бўлди уйланаман-ей
Ўйламанг бу болани йўқ
Тунлари кўзларимда уйқу йўқ
Юрагим бўм-бўш
Энди манга умуман фарқи йўқ
Демадим бир оғиз сўз ҳам демадим
Ҳаттоки қизларга ҳам севишимни айтмадим
Уйланмаган битта ёлғиз ўзим деб
Жонга тегди укам уйланмайсизми деб
Бўйдоқлигим жонга тегди-ей
Қишлоғимдан қиз топинг
Бўлди уйланаман-ей
Ёшим ўттиздан ошди
Дадамга бориб айтинг
Кузда тўй қиламиз деб…
Клипни “YouTube”да томоша қилганлар фикрига бир қаранг: “Yigitning qizni oldida tiz choʻkiwi nmasibu yevropaga qarap ketyatkanimizmi?”, “Уят, эй уят, эй нармални кушик айт эй” дея изоҳ қолдиришган.
Қўшиқ юракда яралади. Бугун таралаётган яллалар, диққат қилиб тингласангиз, бўғиздан нари ўтмайди.
Кўрилган клипларнинг бирортасида мард, жасур, оркаш, олижаноб, илмли, давлат қурган, ҳусни хулқни бошга тож билган, салтанат соҳиби бўлган ўзбек эмас, бачкана, майда, масхарабоз, довдир, ғурури йўқ, орсиз халқ кўрсатилган.
Хўш, биз нимани тарғиб қиляпмиз?
Олис-яқин ўтмишда жамиятлар, давлатлар ҳаёти турли ғоялар, мафкуралар экспорти орқали издан чиқарилган, вайрон қилинган. Ҳар турли эпидемиялардан-да хавфли бўлган клипларга қарши вакцина борми?
“Юмшоқ куч” — ичимизда!
Жамиятнинг шоу-бизнес исканжасидан чиқиши душвор. Фақат битта ўтинч бор — мувозанат. Клиплардан маст бўлаётган ёшлар онгига илм-маърифат ҳам сингдирайлик! Табиий мувозанат бузилса, жамият инқирозга юз тутади.
Биз бор эътиборни шоу-бизнесга қаратаётганимиз учун “лик-лик”чиларнинг кетмони учяпти.
МТРК тизимида шундай бир ҳаётий нақл юради: қайси телеканал раҳбари бошида тошёнғоқ чақилган бўлса, сабаби ё қўшиқ, ё кино!
Ҳақрост, истиқлол йилларида энг кўп танқидга нишон бўлган соҳа бу — қўшиқчилик! Танқид бўлаверади, натижа “нол”лигича қолаверади. “Ўзбекконцерт” ҳузурида клиплар фаолиятини ташкил этиш бўйича бадиий кенгаш тузилиб, ҳар бир хонанда қўшиққа клип ишлашдан аввал унинг сценарийси бадиий кенгаш аъзолари назоратидан ўтказилиши, клип мазмун-моҳияти маъқул келсагина уни ишлашга рухсат берилиши ҳақидаги чиройли, жимжимадор гаплар ҳайҳотдай хоналарда қолиб кетаётгани боис бундай савиясиз яллачиларнинг маза-матрасиз бўтқалари миллатнинг маънавият дастурхонига тортилмоқда. Бўтқага бошқоронғилар беадад жамиятда “О, миллат!” дея айюҳаннос солаётган зиёлига ҳамдард топилармикан?!
Олим ТОШБОЕВ,
Шерзод ОЧИЛОВ,
“Маънавий экспертиза” гуруҳи аъзолари.