Журналистика – фидойилик демак, аммо…

Устоз ўгити

Болалик — орзулар фасли. Инчинин, унинг ўй-хаёллари, орзулари бисёр. Бир қарасанг ҳайдовчи, бир қарасанг адвокат бўламан деб юрардим. Кейинчалик “Журналист бўламан!” деган аҳд билан қўлга қалам олиб, қоғоз билан юзлашдим. Мактабда ўқиб юрган кезларим кичик-кичик мақолалар, ҳикоялар, туман газетасига хабарлар ёзиб турдим. Уни тамомлаб, академик лицейда ўқишни давом эттирдим. Журналистика бўйича илк маротаба сабоқ олиш учун Чуст туманида чоп этиладиган газета қошида ташкил этилган ижодий тўгаракка қатнай бошлаганман…

Мана шунга ҳам 14 йилдан ошибди. Устозимиз Замира Меҳмонованинг шундай гаплари бўларди: “Журналист! Бу сўз мағрур жаранглайди. Бу касб масъулиятли, машаққатли бўлиши билан бирга шарафли ҳамдир. Юксак зеҳн, сезгир нигоҳ, беҳаловат кўнгил ва ўткир қалами билан журналистлар сўзнинг юкини елкасига ортиб, халқнинг дардига дармон бўлишга, жамият ва давлат ўртасида кўприк бўлишга ҳаракат қилишади. Шу билан биргаликда тезкорлик, холислик, аниқлик бу — журналистиканинг қатъий шиорига айланган. Сиз ҳали ёшсиз. Агар ўзингизни шу соҳада кўрсангиз, унга қадам қўйинг. Қаршилигим йўқ. Ҳар ҳолда, қаламингиз, истеъдодингиз, саводингиз бор. Қолгани йиллар давомида тажрибалар, устозлар маслаҳатлари, ўгитлари билан пишиб боради. Бизнинг касб ана шундайдир. Кўзингиз етмаса… бошқа касб танлаганингиз маъқул. Ёдингизда тутинг, асло ва асло “Қўрасидан адашган сурув” сингари гангиб юрманг! Сўзнинг ўз юки бор. Унинг уволи эса ёмон. Ана шу уволдан қўрқинг…”

Йиллар ўтди. Устознинг бу сўзларини эса асло унутганим йўқ…

“Қодирийнинг “Сариқ девни миниб” асари”

Яқинда “Hurriyat” газетаси таҳририятига олий таълим даргоҳининг журналистика йўналишини тамомлаган бир ёш иқтидор иш қидириб келди. Айтишича, кўплаб таҳририятларга борибди. “Бўш жойлар йўқлиги боис” уни ишга олишмабди. Бироз суҳбатлашдим. Кўринишидан бинойидек…

— Охирги марта қайси китобни ўқидингиз? — деб сўрадим ёш иқтидордан.

— Ҳозир ўқишга вақт тополмаяпман, олдинлари ўқиб турардим…

— Хўп, ўша олдинлари ўқиган охирги китобингиз қайси унда?

— Қодирийнинг “Сариқ девни миниб” асари…

— А-а-а, улуғ адибнинг шунақа асари ҳам бор эканми?

— Қизиқ экансиз-ку, газетада ишлаб шуни ҳам билмайсизми? — деди у уддабуронлик билан ўзининг “ҳақ” эканлигини исботлашга уриниб…

“Аттанг!” дея бошимни сарак-сарак қилиб ўйланиб қолдим. “Бежиз биздан олдинги таҳририятлар рад жавобини беришмаган экан” деган хаёлда кўз ўнгимдан унинг тўрт йиллик умри, тўлов шартномаси учун сарфлаган неча миллионлари, ота-онасининг умидлари ва ўқитувчиларининг бесамар сабоқларини ўтказдим…

Амалиётчиларга “огоҳлантириш”

Ўтган йили пойтахтимиздаги бир қатор олий таълим даргоҳларининг журналистика факультетида таҳсил олаётган бўлажак журналистлар ўқув амалиётига келишди. 20, 25 кунлик амалиёт даврида улар билан республика матбуотида чоп этилаётган танқидий-таҳлилий мақолалар, мутолаа қилаётган китоблари, журналистик жанрлар ва соҳага керакли бўлган бир қатор мавзулар бўйича гаплашдик. Бироқ уларга амалиётдан кўра бошқа нарса муҳим эди. Бу ҳам бўлса “Деканат ёки амалиёт раҳбарининг икки ҳафталик ё уч ҳафталик амалиёт вақтида камида 3 та мақола чоп этиш керак” деган топшириғи. Йўқса, талабаларни якуний назоратдан четлатиш, курсдан-курсга қолдириш важлари билан “огоҳлантиришганмиш”. Эшитиб лол қолдим. Қандай қилиб, икки ҳафта ичида ҳали қўлидан эплаб таржимаи ҳол ёзиш ҳам келмайдиган амалиётчилардан бундай талабни уддалашни кутиш мумкин? У қандай декан, амалиёт раҳбари бўлди эканки, бундай талаб қўяди? Қолаверса, айнан амалиётга борганини исботлаш учун расм тушиш, уни “университет масъулларига” жўнатиб қўйиш ҳам асосий талаблардан бири экан.

— Устоз, камида 3 та мақола бўлиши керак. Майли, биттасини шу газетада чиқарсак, қолганини вақтинча бўлса ҳам сайтга жойлаб турсак бўладими, бирор ҳафтадан кейин ўчириб ташласангиз ҳам бўлаверади. Тўловини ҳам қиламан. Чиқса бўлди. Бўлмаса қийналамиз. Мана, ҳозир “тютер”имиз телефон қилиб яна огоҳлантирди, — дейди яна бир талаба кўзларини жовдиратиб.

Уларни кузата туриб, журналистика факультетларида ишлаётганлар тап тортмай кўзбўямачилик қилаётгани, “Куним ўтди, ойлигим ёнга қолди” деб вазиятга панжа ортидан қараётганини ҳис қилдим.

Соҳада адашиб юрганлар

Юқоридаги ҳолатларни кузатиш асносида устоз журналист Темур Убайдуллонинг ушбу сўзлари ёдимга тушди:

“Бугун журналистика факультетининг аксарият талабалари ҳаваскорлик билан бу соҳага кириб келган. Таҳрирга ва танқидга тоқати йўқ. Қўлида микрофонини тутганча ўзларидан даҳо журналист ясайди. Аксарияти эса пул топишга қизиқиб кетган… Касбни севмайди. Буюртма асосида қаҳрамон танлайди, асар ёзади ва ҳоказо… Булар аччиқ ҳақиқатлардир. Бугун умуман журналистик журъат, шахт ва ижодкорлик қобилияти бўлмаган кўплаб одамлар шу соҳада адашиб юрибди.

Яна бир нарса ачинарли. Аксарият журналистлар ўз касбини яхши кўрмайди. Журналистика даргоҳига бойиш учун қадам ташланмайди. Ўзбек журналистикаси бой ўтмишга эга, унга бойиш учун эмас, уни янада бойитиш учун қадам ташлаш керак. Журналист дегани касбни тасдиқловчи гувоҳномани кўтариб, уни ҳаммага кўз-кўз этадиган эмас, аввало, сўз юкини ҳис қиладиган одам бўлиши керак”.

Ҳақ гап. Устознинг гапларида жон бор. Шу ўринда сизларга яна бир мисолни келтириб ўтсам. Ўзим ҳам амалиётчи сифатида айнан журналистикада таҳсил олаётган талабалар билан суҳбатлашаман. Табиийки, нега айнан шу йўналишни танлашгани, келажакда соҳанинг қайси бирида ишлашни режа қилаётганини сўрайман. Афсус… минг афсуски, кўплари адашиб келишган.

— Дадам шунга кирасан деб туриб олдилар. Аслида, шифокор бўлмоқчи эдим…

— Бали пастроқ экан, қани ўқийверай-чи, диплом бўлса, иш ҳам топилиб қолар…

— Матбуот котиблари маза қилиб юрибди. Жа бўлмаса, ўша ёққа ўтиб кетаман…

— Ахборот хизматини ахборот технологиялари деб ўйлаган эканман. Бунинг хато эканини ўқишга киргандан кейин билдим…

— Умримиз фақат тадбирлар билан ўтяпти, мактабда форма, соч, давоматдан зериккан эдик. Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилибмиз…

— Тил ўрганяпман, барибир четга кетаман, қаерда, қайси бўлимда ўқидим — нима фарқи бор, домла?..

Ҳа, адашмадингиз. Булар айнан журналистикада таҳсил олаётган талабаларнинг фикрлари. Биласизми, уларнинг кўзларида олов йўқ, нур йўқ, шижоат йўқ. Тўғри, барчаси шундай дейишдан йироқман. Бу соҳани севган, қизиққан, қалам тебратаётган ёшлар ҳам бор.

Ҳа, “Журналист бўламан!” деган аҳд билан қўлга қалам олиб, қоғоз билан юзлашган эдим мен. Бироқ ўтган йиллар мобайнида шуни тушуниб етдимки, журналистика бир пиёла чой устида, кўк чойни хўриллатиб ичиб танланадиган касб эмас. Билъакс, соҳанинг ўзи, таъбир жоиз бўлса, тақдири азал одамни танлайди. Модомики шундай экан, журналистикага касб сифатида қараб, ундан турли манфаатлар кўзлаган муҳтарам талабалар вақтнинг борида яна бир мулоҳаза қилиб кўрсинлар. Эҳтимол, ҳали кеч бўлмагандир.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − seven =