Ижтимоий тармоқ

газета ва журналларнинг ўрнини ҳеч қачон боса олмайди!

Суҳбатдошларимиз — таниқли шоир, публицист, 23 йилдан буён “Янгиариқ овози” газетасига муҳаррирлик қилиб келаётган

Жуманазар ЮСУПОВ ҳамда “Hayot ko‘zgusi” газетаси муҳаррири, иқтидорли ижодкор Меҳрибон ТИЛЛАЕВА.

“Бугунги кунга келиб баъзи туман ва шаҳар ҳокимликлари нашри бўлган газеталарнинг йил бошидан буён бор-йўғи бир ёки иккита сони чиққанлиги матбуот нашрларининг таназзулга учраётганлигидан дарак бермайдими?” деган савол билан устоз журналистларга юзландик.

— Ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг ўзига хос янгилиги, ўзгаришлари, ривожланиш қирралари бўлади, – деди Жуманазар Юсупов. — Ана шу жараёнлар газетада босилиб, туман ҳаёти акс эттирилади. Бир туманда қанча тадбиркор, фермер, қўли гул усталар бор. Муаммолар ҳам талайгина. Туман газетаси ана шу мавзуларни қамраб олади. Менимча, одамларнинг газета-журнал мутолаа қилиши маънавиятли бўлишидан дарак беради. Одамзоднинг билимга ташналигини инкор қилмаслик керак. Китоб, газета, журнал инсоннинг руҳий, маънавий дунёсини ривожлантиради, маданиятини оширади. Ўқиш орқали фикрлаш қобилияти пайдо бўлади. Оғзаки нутқ ривожланади. Мутолаа туфайли руҳий юксалиш пайдо бўлади. Китоб, газета-журнал яхшиликка, эзгуликка ундайди. Китоб ўқиган авлод ёвузликдан, ёмонликдан ҳазар қилади. Мутолаанинг завқини сўз билан тушунтириб бериш қийин. Афсуски, “мажбурий обуна” деган баҳонада ўзимизни ҳам, фарзандларимизни ҳам телефонга боғлаб қўйиб, мутолаадан чалғидик. Ижтимоий тармоқ эса одамларни шундай ўраб ташладики, она фарзанди йиғласа, қўлига телефон бериб овутадиган бўлди. Мактаб ўқувчилари сал бўш қолса, телефон титкилашни одатга айлантиришди. Аммо бу телефон ёш авлод келажагига зарар эканлигини ҳеч ким ўйлаб кўрмаётир. Бугунги кун ўқувчиси дарслик ўқишдан кўра телефон титкилашни афзал билаётганлиги, саводсизлик урчиб бораётганлиги ачинарлидир!

Тўғри, 14-15 ёшдан сўнг телефондан фойдаланиш зарурати ҳам туғилади. Аммо унгача болани ўқиш санъатига ошно қилиш керак.

Афсуски, бугун газета-журналга обуна бўладиган аҳоли жуда камчиликни ташкил этади. Чунки нашрларнинг обуна нархи жуда қиммат. Туманимизда 300 дан зиёд фермер хўжаликлари бор. Аммо уларнинг ҳам аксарияти газета-журналларга обуна бўлишмайди.

Ҳар қандай тузумда, ҳар қандай жамиятда ҳам саводсизликнинг олдини олиш мақсадида газета-журнал-китоб мутолаасини биринчи ўринга қўйиш керак. Акс ҳолда, билимсизлик юқори поғонага чиқиб бораверади. Бугун ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, саводсизлик кўзгусига боққандек бўласиз.

— Жуда ўринли фикрларни айтдингиз. Мен болалигим ҳақида озгина айтиб ўтай, – дея суҳбатга қўшилди Меҳрибон Тиллаева. — Ақл-ҳушимни таниган пайтимда яхши эслайман, кекса почтальон отахон велосипедининг ортига ўрнатилган катта сумкасини газета ва журналлар билан тўлдириб келиб, бир даста матбуот нашрларини ташлаб кетарди. Отам ишдан келганидан сўнг ҳар бир газетани эринмай ўқиб чиқарди. Журналларни эса қалин муқовали “сумкача”сига солганича олиб қўярдилар. Менимча, мактабга олиб бориб ўқирдилар. Чунки отам — она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси эди. У киши бир чеккага қўйган газеталарни эса бошланғич синф ўқитувчиси бўлган онам ўқишга тутинарди. Биз шундай жараёнларни, ота-онамиз газета ва журнал, китоб ўқиганлигини кўриб улғайган авлодмиз. Демак, бизнинг онгу шууримизда билим олиш, ҳатто ёшимиз 50-60 га бориб қолганида ҳам мутолаадан бўшамаслик туйғуси шаклланган.

Бугунги авлоднинг баъзи вакиллари ота-оналаридан телефонга термулиб ўтиришни “мерос” қилиб олишиб, интернетга кириб, ҳар хил бўлар-бўлмас кино ва бошқа олди-қочди лавҳаларни кўришни ўрганишмоқда. Шу тахлит дангаса ва лоқайд ҳолда улғайишмоқда. Чунки бола оиладаги муҳит остида камолга етади.

Яна яхши эслайман, ўқувчилик пайтимизда соғинч билан кутадиган “Ғунча” ёки “Гулхан” журналлари ҳозирги вақтда мактабларга келмай қўйди ҳисоб. Келса ҳам битта мактабга битта-иккита келади. Хўш, бир синфдаги 30-35 ўқувчи журнални қачон ўқийди? Айрим мактаблар кутубхоналаридаги токчаларида ётадиган журналларни кўриб эса ачиниб кетаман. Вилоятдаги баъзи шаҳар ва туман газеталари йил бошидан буён аранг 4-5 сони чиққанлигини қандай изоҳлаш керак?

Одамлар мутолаа қилишни исташади, аммо юқорида айтилганидек, обунанинг қимматлиги халқнинг газета-журнал ўқишга бўлган иштиёқини сўндириб қўймоқда.

Анча йиллар олдин вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ҳузурига кирганимизда, қўлидаги телефонни айлантириб: “Мен мана шундан оламан ҳамма маълумотни, менга газета-журнал керак эмас”, деган эди. Энди шу раҳбар масъул бўлган мактабларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Қизиқ, ўқитувчи газета ўқимаса, у таълим берадиган ўқувчиларнинг фикрлаши ва дунёқараши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

*  *  *

Газета-журнал мутолааси ҳақидаги сўровларимизга жавоблар муҳтасар бўлди:

— Газета-журналлар обунаси нархи арзон бўлса, бажонидил обуна бўлиб ўқир эдик…

— 6 ойда бир марта чиқадиган туман газеталарини кундалик матбуот нашри деб айтиб бўладими?

— Ҳақли ва ўринли эътирозлар. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, қишлоқларда газета-журнал деган нарсани одамлар мутлақо унутиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас!

— Шундай экан, матбуотни қандай жонлантириш мумкин? Аҳолининг  кўпчилик вакиллари айтганидек, обуналар нархини қай тарзда арзонлатиш мумкин?

— Тожикистон давлатида газеталар учун бюджетдан “дотация” берилар экан, – деди Меҳрибон Тиллаева. — Бизда ҳам шундай қилинса, газеталарнинг нархи у қадар қиммат бўлмасди. Қолаверса, матбуот нашрларини давлат ҳисобидан қўллаб-қувватлаш керак. Ҳатто Франция давлатида ҳам газеталар қўллаб-қувватланар экан. Туркияга саёҳатга борганимда, “Янги кун” газетаси эрталаб тушликкача бир неча миллион нусхада, тушликдан кейин ҳам миллионлаб нусхада чоп этилишини кўрдик. Бир кунда икки марта босилиб чиқадиган газета қўлма-қўл бўларкан. Одамлар йўлакларда ўтиришиб, кўзойнаклар билан газеталарни варақлаганлигига гувоҳ бўлдик. Эрталабдан Истанбулдаги янгиликлар, ҳатто саёҳатчилар ҳақида, нарх-наволар ҳамда қайси дўкондан қайси маҳсулотларни харид қилиш мумкинлигигача аниқ маълумотлар бериб борилар экан. Туркия ҳақида, саёҳатбоп ҳудудлар ҳақида қизиқ-қизиқ мақолалар берилади. Энг қувончлиси, барча саёҳатчиларга газеталар бепул тарқатиб кетилади. Бундан мақсад — Туркиянинг ҳаёти, ўсиш-ўзгаришлар билан янада яқинроқ таништириш. Бу мамлакатда кўчаларда, автобусларда, ҳиёбонларда газета ўқиб кетаётган катта ва ўрта ёшдаги минглаб одамларни учратасиз. Албатта, шу тариқа ёшлар ҳам катталардан ўрганиб газета ўқишга меҳр қўйишади. Ҳатто Ҳиндистонда ҳам газеталар бепул тарқатилар экан. Саёҳатчиларга бир финжон қаҳва билан биргаликда битта газета берилаётганлигидан ҳайратга тушасиз. Ўзларининг давлатини, ишлаб чиқариш ва корхоналарини реклама қилишнинг гўзал намунасидир бу, аслида. Биласизми, Америкада атиги минг нафар аҳолиси яшайдиган маҳалласининг ҳам ўз газетаси борлиги биз учун, албатта, таажжубланарли ҳодисадир. Аммо билим сари йўл газета ўқишдан бошланишини унутмаслик лозим.

Ҳокимиятлар томонидан бюджетдан, яъни солиқ тушумларидан орттирилган маблағларнинг маълум бир қисми нашрларга йўналтирилса бўлмайдими? Бу маънавиятимиз учун катта эзгулик қилинган бўларди. Агар дотация бериладиган бўлса, яъни газеталар қўллаб-қувватланса, обуналар нархи бирмунча арзон бўлиши, юртдошларимиз ўзлари истаган газета-журналларга обуна бўлиб, мунтазам ўқиб боришлари учун имконият туғиларди. Бу эса маънавиятимизнинг, маданиятимизнинг янада юксалишига катта ҳисса бўлиб қўшилган бўларди.

Ҳозирда Хоразм вилоятида бир неча туман ва шаҳар ҳокимликларининг нашрлари ёпилиб қолиш арафасида.

Туман аҳолисига туман газетаси кераклигини унутмаслик зарур. Газеталар тарихимизни ёритиб берадиган ўчмас чироқлардир.

Газета-журнал, китоб ўқимаслик — маданиятсиз, ориятсиз авлодни шакллантириши кундек равшан.

Кейинги пайтларда вилоятдаги бир қатор газеталар таҳририятининг ўз биноси йўқлиги, кўпчилиги ижарада ўтирганлиги жуда аянчли. Туман газеталари таҳририяти ходимлари биргина ижара хонада тиқилишиб ўтирганлиги сир эмас. Бу ҳол журналистнинг ва газетанинг обрўсига салбий таъсир қилади, албатта.

Ўзбекистонда матбуот нашрларини ўз ҳолига ташлаб қўйиш — лоқайдлик ва бепарволикдан бошқа нарса эмас, дейди суҳбатдошларимиз.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − seventeen =