Уйғоқ қалблар, бирлашайлик!

Бугун ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ҳаёсизлик, маънавий таҳдидларга қарши чора излаб…

Ижтимоий тармоққа қўйилган бир постда 4-5 ёшлардаги хорижлик қизча китоб ўқиб ўтирибди. Бунданам ғаройиб жиҳати: у ўзи каби қизалоққа устозлик қилиб, китоб сўзларини дона-дона ўқийди, уни такрорлаётган “шогирдча” талаффузидаги хатоликларни таъкид­лаб-таъкидлаб тузатади. Шу ёшида китоб ва унинг ҳар ҳарфига бунчалар меҳру ихлос қўйган қизалоққа, ғойибдан унинг ота-онасига, ҳаётдаги юзлаб воқеа-ҳодисалар орасидан айни мана шу лавҳани танлаб ижтимоий тармоққа қўйган инсонга ва унда шундай танлов фаросатию салоҳиятини тарбиялаганларга ҳавасим келди.

Беназир шоир Тўра Сулаймон бир шеърида “Шамол шамолни тебратар” дегандек, яна шунга ўхшаган видеолавҳалар кўргим келди. Айниқса, ўзимизга, ўз халқимиз ҳаётига тааллуқли бўлса, деган илинжда эдим. Ижтимоий тармоқларга кириб юрмаганингдан кейин билмайсан, балки бундан-да маъно-моҳияти чиройли постлар бордир. Шундай қизиқиш, умид билан кузатувни бошладим.

…Карнай-сурнайнинг тўй базмида бўладиган наволари янграйди, қишлоқ кўчасига нимагадир узундан-узун матолар пойандоз каби солинган, унинг икки томонида одамлар қатор тизилган.

“Келин-куёвни катта кўчадан уйигача шунақа тантана билан олиб киришармикин?” — деб ўйлаб тургандим, йўқ, бу Умра зиёратидан қайтиб келаётган отахонни кутиб олиш маросими экан. Отахон важанг наволар остида катта кўча ёқасидан бошланган узун йўлни, кейин бурилиб ҳовлисига олиб келадиган кўчани босиб ўтди. Худди расмий бир вакилдек. Кўзинг очиқ бўлса, хилма-хилини кўраверар экансан. Бунгача Ҳаж ибодати, Умра зиёратига бориб келган айрим кишилар хонадонидаги дастурхонларга тўлиб тошган неъматлар, зиёфатларни кўриб ҳайрон бўлардим, ахир ибодатнинг махфий бўлиши афзал, мўмин-мусулмонга камтарлик, камсуқумлик муносиб-ку.

Марғилондаги жоме масжиди қурилишининг илк ғиштини қўяётган уч уламонинг ноёб сурати сақланиб қолган. Улар орасида она томондан бобом Қозоқвойҳожи ҳам борлар. Ўтган асрнинг 20-йилларида кўп илму маърифатли инсонлар қаторида еру сувлари шўро томонидан тортиб олинган раҳматли Қозоқвойҳожи бобом пойи пиё­­да уч марта Ҳаж сафарига бориб келган эканлар. Юз ёшдан ўтиб яшаган бобомиз умрларининг охиригача кимдир ёнларига келиб тавозе кўрсатиши, қўлтиқлаб олишига йўл қўймас эканлар: “Ўзидан бошқа ҳеч ким мақтов, таъзимга лойиқ эмас!” Шу бобомнинг Ғарибий тахаллуси билан ёзган ғазаллари жамланган кичкина девон қолган. Онам уни ҳар гал ўқиганда: “Шунча тоат-ибодатда ўтган дадам гуноҳлар юкидан бу қадар қўрққан эканлар, биз нима қиламиз?” — деб йиғлайверардилар.

Кейинги йилларда Ҳаж, Умрага борувчилар сони йилдан йилга ортмоқда; сафар давомида яратилган шароитлар яхшиланиб бораётганини кўриб, эшитиб турибмиз, бу хайрли ишларга бош бўлиб турганлар мартабасини Аллоҳ янада баланд қилсин. Лекин “тўқликка шўхлик” дегандек, муборак сафар насиб этганлар орасида ибодатлари қабул бўлишини умиду илтижо билан сўраш ўрнига, ўзларини “ҳожи ота”, “ҳожи она” сайлаб олиб, буни ҳар жиҳатдан намойиш қилишга ўчлик касали урчиб бормоқда. Қўни-қўшнилар, қариндошлар, шаҳар-қишлоқлар аҳолиси орасида куни нону шакар билан ўтаётган миллатдошларинг, юртдошларинг оз эмаслигини кўриб-билиб туриб, қорни тўқларга зиёфат улашмоқ ва уни намойиш этмоқ уят, гуноҳ эмасмикин?..

…Яна бир постда санъаткорликка даъвогар бир қиз блогернинг саволларига жавобан узу­лари, бўйнидаги занжири, сирғаси, соати, кўйлагу этиги, сумкаси… кечирасизу, иштонигача қанча нархда олганини яйраб-яшнаб туриб айтиб берди. Умумий нарх 25 минг АҚШ долларига етди. Тўғриси, мен унинг бирорта қўшиғини эслолмадим. Қаранг, тўқсон тўққиз фоизимиз қизимизни узатиш, ўғлимизни уйлаш учун сепу сарупо режасини тузганда, янги ёш оилага эру хотинлик масъулияти, ахлоқ-одоби ҳақида ёзилган уч-тўртта китоб олишни хаёлга ҳам келтирмаймиз-у, маънавий савияси кийимларининг нархини минглаб одамларга овоза қилиш даражасида бўлган “санъатчи” бир сидра кийимига 25 минг доллар сарфлаб қўйилибди! Биз киммиз?

“Онамни, иншааллоҳ, деб ният қилган кунларига алҳамдулиллаҳ деб айтаман… хурсанд бўлиб юрайлик…” — яна бир постда бир жувон бу сўзлари билан нима демоқчилигини ҳарчанд уриндим, англолмадим. Онаси ҳақига дуо қил­япти десам, қўлидаги рюмкада сувми, бошқа нарсами чайқалиб турибди…

Лекин булар кейинги постлардаги томошаларнинг чангида қолиб кетди. Ҳамма нарса қўш-қўш келади, дегандек, тўйлар, ҳар хил давралардаги ўйин-кулгилардан олинган видеолавҳалар қаторлашиб чиқиб келди-ёв! Уларнинг ўзига хос жиҳатидан кўра умумий ўхшашликлари кўп: гумбурақарс мусиқа остида даврани “гуллатаётган” қизу аёлларнинг деярли ҳаммаси бошдан-оёқ танасини сириб турган либослар кийган; яратилишда ўзига хос бўлган қиёфаларнинг аксари замонавий косметологнинг қолипидан чиққан — қоп-қора қошлар, керилган қабоқлар, ажралиб турган ёноқлар, катталикда мусобақалашаётган лаблар… (шуларни кузатиб, ҳақиқий гўзалликни ҳамма ўзига хос бўлгандагина ажратиш мумкинлигини англадим). Нафақат қиёфалар, рақслар ҳам эгизакдек: аёллар тору танқис либосларда ўзи бўртиб, ажралиб тургани камдек, ибо-ҳаё билан яшириш лозим бўлган жойларини қўллари, ҳаракатлари билан кўрсатадилар. Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним, Гулчеҳра Исмоилова, Дилафрўз Жабборова каби раққосалар қўлу қадамларининг мусиқага уйғун нозик-нафис ҳаракатларига, юз-кўзларидаги ҳаё, жилвага мафтун бўлган бўлсак, мана бу видеолардаги хатти-ҳаракатларни кўраётганингдан уялиб кетасан. Лекин менинг бу гапим устидан куладиганлар, замондан орқада қолганимни юзимга айтадиганлар, “кўрмай қўя қолинг” деб маслаҳат берадиганлар кўп. Улар орасида оппоқ соқолли чоллар (ана, видеода биттаси ёшгина қизни қувлагандек ўртада югуриб ўйнаб юрибди), невара-чеварали хотинлар (ёш қизу аёлларнинг белдан пастини силкитиб ўйинга тушишларини хурсанд кузатиб ўтиришибди), зиммасига орият посбони бўлмоқлик ҳам юкланган йигитлар бор. Бир постни кузатаркан, “Асл йигитлар, қаердасиз? Қаерга қараяпсиз?” деб баланд минбардан чақиргим келди. Яъни йигирма-ўттиз эркак ўртасида йигит билан қиз бир-бирига қараб ўйнаяпти. Қизнинг ҳаракатлари қуюшқондан чиқиб кетган, унинг йигитга яқинлашиб келишдаги шиддатини кўриб, беихтиёр “Қоч!” деворибман, аммо йигит эшитсаям, улгурмасди… Қиз унга бақамти келиб шунақа бешарм ҳаракат қилдики, бунинг таърифида “шармандалик” сўзи қочмоққа кунжак излаб қолади.

Хуллас, тушундим: юртдошларимиз орасида ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар қўйган постларда китоб ўқиш, фарзанд тарбияси, бирор бадиий ёки санъат асаридан олинган таассурот, қариндош-қўшничилигу қуда-андачилик одоб­лари, ёшлигу кексаликка оид сабоқлар… – бу каби муҳим ва керакли мавзулар анқонинг уруғи экан.

“Момоларимиз, оналаримиз ундоқ бўлгандилар, бундоқ бўлгандилар”, — деб нолалар қилишдан фойда йўқ энди. Ҳис-ҳаяжонларга берилиб, кўнгилнинг ҳою ҳавас кўчаларида адашиб юрганларни инсофга чақириш, ўз наздимизда таъсирчан гаплар айтиш, насиҳатлар қилиш — фурсатни бой бериш. Зеро, бугун миллат юзини ерга қаратадиган гапларию қилиқлари билан ўзини намойиш этаётганларни томчига қиёсласак, томоша қилиб ўтирганлар дарё, денгизга монанд. Тарбияси, ҳаёт тажрибаси, савияси турлича бўлган одамларнинг, айниқса, ёшларнинг қай бирига уларнинг енгил-елпиликлари, беодобликлари, беҳаёликлари, ташқи ялтир-юлтир-у умрни бекорга совурадиган ўйин-кулгиларга ўчликлари юқмайдими?

Бозорларда телефон савдоси қизигандан-қизиган; оқ-қорани ажрата олиши ҳақида-ку гап йўқ, ҳали юз-қўлини тузукроқ ювишниям билмаган боласига ота-оналар: “кўпдан ажралмасин”, “бошқа иложим қолмади”, “шундай қилмасам ўқимасмиш, гапимга қулоқ солмаяпти” деган ўйда еб-ичарларидан тежаб бўлса-да, телефон олиб беряптилар. Кўчада, уйда, кундузию кечаси телефонга термилган болаларимизнинг неча фоизи илм, фан, маданият, маънавиятга тааллуқли постларни кузатадилар-у, неча фоизи ур-сур мультфильм ва кинолар кўрадилар, шафқатсизликлару бахтсиз ҳодисaлар қурбонларининг томошабинлари сафига қўшиладилар, уятсиз давраларга “меҳмон бўладилар”? — ҳисобини чиқариб олиш учун ҳаммамизда далиллар етарли.

Яқинда Чеченистонда бир бола PUBG ўйинида компютерь ўйинчасида “ўлдириб қўйгани” учун ўз дўстини шафқатсизларча пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. “Даҳшат, бунақасидан Худо сақласин”, — деймиз. Аммо ақлу идрок кўзларини қўрқмай очиб қарайлик: ўқувчининг ўқитувчисига қўл кўтаргани (гап қайтариши, масхаралаши, лақаб қўйиши) унда устоз зотига ва илму фанга муҳаббат ўлгани эмасми? Эрнинг фарзандлари олдида хотинини ваҳшийларча пичоқлагани унда инсонийликнинг қуриб битгани эмасми? Ўн бир-ўн икки ёшида қиз боланинг туққани ён-атрофидагиларнинг ундан юз ўгиргани, қизалоқ келажагига… қўйгани эмасми? Пул топиш учун хорижга биргалашиб кетган эру хотиннинг қариндошда қолдирган мурғак болалари хор бўлиб, зулм остида жон бериши қай бир қалбларнинг бир парча қора гўштга айланганидан дарак эмасми?.. Аччиқ мисолларнинг ни­ҳояси йўқ!

Бир саҳна асаридан хотирамга ёзилиб қолганидек:

Кўнгил йиғлайди-ю, кўзларда нам йўқ…

Журналистлар, жамоатчиликнинг жонкуяр вакиллари бу мавзуда босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилган мақола, суҳбатларини адади мингдан бошланиб, ўн мингдан ҳам ошмайдиган ўша газета ёки журналларнинг обуначилари ўқийдилар, холос. Агарда шуни ҳам ўқисалар?! Шу ўринда босма оммавий ахборот воситаларида чиққан материаллар ҳақида ҳамкасблар, бошқа ўқувчилар фикр-мулоҳаза билдириши ва улар эълон қилиниши, муаммолар ҳал этилиши учун масъул ташкилотларга расман мурожаат этилиши оддий қоида. Аммо ижтимоий тармоқ эгаларининг ҳаммаси ўзига хон, ўзига бек. Ҳаммаси ўзининг шон-шуҳратини ва мухлисларини ошириш ғамида. Миллийлик, шарму ҳаё, ахлоқ-одоб ҳақида ривоятлар айтиб гурунглар берган блогерлардан биронтаси (мисол учун): “Ҳой фалончи, халқнинг эътиборига кийими, машиналари, сайру саёҳатларини санаб кариллайдиган мақтанчоқни олиб чиқишни бас қил!” — деганини эшитмадик.

Бугун халқ билан кундалик мулоқот, жамият қалбига йўл топишнинг энг қулай бир воситаси бор, бу — деярли ҳамма хонадонда мавжуд бўлган телеэкранлар. Телевизор катта авлод вакиллари жуда кўпчилиги ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб қолган. Бу имконият тележурналист ҳамкасбларимиз, телеканаллар масъулларига ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ вазифа юклайди, десак, бизни тушунсалар керак. Ҳар хил шоулар, санъат, маданиятга тариқчалик фойдаси йўқ ўткинчи қўшиқлардан иборат концерт дастурлари, ахлоқсизликни очиқ-ошкор тарғиб этадиган сериаллару видеофильмлар, беҳаё рекламалар ўрнига жамият маънавияти, маданияти, савиясини тарбиялайдиган, юксалтирадиган тишли-тирноқли дастурлар керак. Телевизор кўришни фақат дам олиш, роҳатланиш деб билганларга “тишли-тирноқли” ибораси жуда қўпол, хунук кўриниши мумкин. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, бугун кесиб ташланмаган яра эртага газак олади… Ҳа, ижтимоий тармоқлардаги умуминсоний, миллий қонун-қоидалар, қадриятларни менсимасдан уларнинг оёқ ости қилиниши жамоатчиликнинг қатъий, доимий назоратига олинмас экан, кўпчиликнинг кўз ўнгида, эътиборида бўлган телеканаллар орқали таҳлил этилиб, келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар рўй-рост айтилиб, уларнинг олдини олиш чоралари умумхалқ ишига айланмас экан, сўз ва шахс эркинлигини “оммавий маданият”га восита қилиб оладиганлар кўпаяверади.

Халқимизнинг лўнда ибораси бор: “Битта калла — битта, ўнта калла — ўнта…” Юқорида шахсий мулоҳазаларим, таклифларимни ёздим. Улар тўғри, нотўғри бўлиши мумкин. Аммо ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам таъкидлаганларидек, бугун минг-минглаб “болаларимизни телефон тарбия қилаётгани” — бор гап. Бу тарбия бераётган аччиқ мевалар ҳар бир оиладан тортиб мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасида режалаштирилган, кутилаётган юксалиш, эзгуликларга салбий таъсир кўрсатиши — олдимизда турган катта муаммо. Бу ҳақда юраги ёниб ўйлаётган, сўзлаётган, таклиф-мулоҳазалар билдираётган юртдошларимиз юзлаб, минглаб топилади.

Муҳтасар қилиб, демоқчиманки, маҳалла оқсоқоллари, зиёлилар, тажрибали отахону онахонлар, устозлар, хотин-қизлар фаоллари… бир ибора билан айтганда, барча уйғоқ қалблар бирлашиб, бу масала-муаммонинг ечимини топиш ҳаракатини бошламасак, моддий ва маънавий йўқотишларимиз ҳар лаҳза ортиб бораверади.

Муҳтарама УЛУҒОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 19 =