“Ҳам тасвирчи, ҳам мухбир, ҳам режиссёр, ҳам журналист”

Юқоридаги фикр Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида фахрий телерадио журналисти Абдусамад Иброҳимовнинг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Умримнинг ярми телевидение билан” деб номланган учрашувда бот-бот такрорланди.

Вилоят телевидениесида бўлиб ўтган бу ижодий учрашувда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев, фахрий тележурналист Дилбар Восеева, Дилмурод Исматов ижодкорнинг чорак асрдан кўпроқ умрини журналистикага бағишлагани ҳақида сўзлаб, иш жараёнидаги унутилмас воқеаларни ҳам эслашди.

— Абдусамад ака билан йигирма йилдан кўпроқ ҳамкорликда фаолият олиб боряпман, — деди Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Д.Исматов. — У кишини ҳақиқий замонавий ижодкор, касбининг профессионали деймиз. Негаки, у ўзи тайёрлайдиган материалларни тасвирчи бўлиб суратга олади, мухбир ва муаллиф бўлиб маълумотлар тўплайди ва матнни ёзади, бу ишлар жараёнида режиссёрлик ҳам қилади. Турли соҳаларга оид тадбирларни моҳирона тасвирга олади, дастурини жонли интервьюлар билан бойитади. Бунақа ҳолат телевидениеда камдан-кам бўлади. Бу маҳоратлари касб сирларини ўрганиб келаётган шогирдларига ибрат мактаби бўлмоқда.

Учрашувда иштирок этган устозлар, ҳамкасблари, яқинлари, дўстлари Абдусамад Иброҳимовнинг меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги, камтарлигини ҳам алоҳида таъкидладилар. Ижодкорга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг ташаккурномаси, совғалари топширилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =